Таассуфлар бўлсинки, ҳозирда айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва ҳассос масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига раҳна солиш билан шуғулланмоқдалар. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўлдир. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
"Такфир" тушунчаси "бировни кофирга чиқариш", "кофир деб ҳисоблаш" маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан туриб, "кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
"Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар" (Нисо сураси 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошма-шошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқариб, иш кўришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши имон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол уни кофирликка ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам "Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ" деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
"Уч нарса имоннинг аслидандир. "Ла илаҳа иллаллоҳ" деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли унга "мўмин эмас" деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
"Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади" (Имом Бухорий ривоят қилган).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: "Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни "кофир" деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади”, деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган:
"Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлаб қўйгандир (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
"Агар киши ўз биродарига: "Эй кофир" деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади" (Имом Муслим ривоят қилган).
Бу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни "кофир" дейишдан қаттиқ ўзларини эҳтиёт қилганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли "кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар "Хавориж” фирқаси бўлди. Улар: "Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, исломдан чиқади”, - деди. Бора-бора "Хавориж"ларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик исломга катта зарар етказган куч бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам "Хавориж" фирқасининг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан "ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа "ғам"лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар. Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта "фатвоси"нинг пуч экани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги яъни: "Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз" деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: "Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир" (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган).
Машҳур саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: "Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У зот: "Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз", дедилар” (Мажмаъуз завоид ва манбаъул фавоид).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар. Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг "Фиқҳул акбар” китобларида шундай деганлар:
"Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўишни ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз".
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий ал-Ҳанафий ҳам ўзининг "Ал-Ақида ат-таҳовия” асарида шундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
“Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (Шарҳуш-шифо).
Аммо ҳозирги кундаги адашганлар бу масалада: "Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизини қўйиб, ўша бир далилни олиш керак", - дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига тамомила зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари - динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар:
"Менга шукр қилингиз, ношукрлик қилмангиз!" (Бақара сураси, 152-оят) оятидаги деган жойини "Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар. Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни "куфр" деб тафсир қилмаган, балки, "ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: яъни, "бу жойдаги "куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш - ношукрлик қилишдир”, деганлар.
Бу каби мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин. Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда "куфр" сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар. Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан, уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозимдир.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан