close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ақидавий масалаларда оҳод хабарни қабул қилиш

Маълумки, Қуръони карим оятларининг барчаси мутавотир ҳисобланади. Бу Оламлар Роббисининг китобида собит бўлган ҳар бир ҳарф, ҳар бир сўз, ҳар бир оят ўта ишончли равишда бизгача етиб келган дегани бўлади. Ақида илмидан биламизки, Қуръони каримда собит бўлган нарсани инкор қилган одам Ислом доирасидан чиқади.

Маълумки, Қуръони карим оятларининг барчаси мутавотир ҳисобланади. Бу Оламлар Роббисининг китобида собит бўлган ҳар бир ҳарф, ҳар бир сўз, ҳар бир оят ўта ишончли равишда бизгача етиб келган дегани бўлади. Ақида илмидан биламизки, Қуръони каримда собит бўлган нарсани инкор қилган одам Ислом доирасидан чиқади.
Қуръони каримдан сўнг мутавотир ҳадислар туради. Мутавотир ҳадислар билан собит бўлган ҳақиқатларни инкор қилган шахс ҳам Ислом доирасидан чиқади.
Шу ўринда бир ҳақиқатни айтишимиз керакки, баъзи тоифалар "ақийда борасида келган хабарларнинг ичида мутавотир эмаслари, оҳод деб аталадиганлари ҳам бор. Оҳод хабарлар ила эътиқод масалалари собит бўлмайди” дейдилар.
Муҳаққиқ уламолар эътиқод масалалари қатъий ва мутавотир хабарлар билан собит бўлганидек, оҳод хабарлар билан ҳам собит бўлади. Жумладан қабр азоби ва неъматлари, мункар накир фаришталарнинг сўроқ саволи, амалларнинг тарозида ўлчаниши, қиёмат аломатлари ва сиротдан ўтиш каби масалаларнинг далиллари оҳод хабарлар эканини таъкидлаганлар (Шарҳ Аҳидаи Таҳовия Ибн Абилизз Ҳанафий, 30-бет).
Аммо ҳукм жиҳатидан иккисининг орасида фарқ бўлади. Қуръони каримда қатъий собит бўлган ва ҳадиси шарифларда мутавотир равишда келган эътиқод масалаларини инкор қилган киши юқорида айтганимиздек Ислом доирасидан чиқиб, кофир бўлади.
Оҳод ҳадислар билан собит бўлган эътиқодий масалаларни рад қилган одам эса, кофир бўлиб исломдан чиқиб кетмайди, аммо фосиқ бўлади. (Шарҳ Аҳидаи Таҳовия Ибн Абилизз Ҳанафии)
Қолаверса, уламолар оҳод ҳадислар қатъий ва зонни ифода қилишлигида ихтилоф қилганлар. Худди шунингдек унга амал қилиш вожиб ёки вожиб эмаслигида ҳам ихтилоф бўлган. Оҳод хабар “зонн”ни, яъни бирон кишидан нақл қилинган хабар унга нисбат берилиши ишончга жуда яқин эканлигини ифода этади. Ушбу ишонч оҳод ҳадиснинг даражаларига нисбатан ўзгариб, ҳолат ва аломатлар далолат қилса, илмни ҳам ифода этади.
"Қатъий хабар" илмни ифода қилиши борасида ҳам уламолар икки тоифага бўлинганлар. Биринчи тоифа уламолар: Қатъийнинг мартабаси битта бўлиб, унда тафовут бўлмайди. Бу фикрни имом Шофеий, имом Ғаззолий, Иззъ ибн Абдуссалом, имом Субкий, Ҳанафийлардан имом Самарқандий, Моликийлардан ал-Қороний ва Ҳанбалийлардан Абул Хаттоблар айтишган бўлса, иккинчи тоифа уламолар қатъий хабарнинг мартабаси битта бўлмайди, балки у бир нечтага бўлинади деганлар. Бу тоифа уламоларга Ҳанафийлардан имом Насафий, Аҳмад ибн Саъид ал-Майҳавий, Абдулазиз ал-Бухорий, Шофеийлардан имом Асфаҳоний, имом Заркаший ва Қаффол Шоший, Моликийлардан Имом ал-Мозарий ва Ҳанбалийлардан имом Ибн Таймиялар киради. Албатта, ҳар икки тоифа уламоларнинг ўз фикрларини қувватловчи далиллари бўлсада биз уларни бу жойда келтирмадик.
Шу ўринда яна бир мулоҳазани айтиб ўтамиз. Баъзи тоифалар оҳод хабарлар "зонни" ифода қилади деганда кўпчилик тушунадиган гумон, тахмин маъносидаги "зонн" эмаслигини ҳам эслатиб ўтиш зарур. Бу ҳақда Имом Ибн Салоҳ шундай деган: "Аммо усул олимлари истеъмол қиладиган ушбу "зонн" иборасини баъзилар нотўғри тушуниб: "зонни ифода этувчи оҳод ҳадис ақидада олинмайди, лекин унга амал қилинади" дейишади. Лекин саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлар ва дин имомларидан ҳеч ким бу гапни айтмаган. Саҳобалар давридан бошлаб мусулмонлар оҳод хабарга - унинг ақида ёки аҳкомга оид эканидан қатъи назар эрга-шиб келганлар ва уни исботлашни тўхтатмаганлар". (Ал-қатъий ва зонний фис-субути вад-далалати индал-усулийин 138-бепт)
Аллоҳ таоло оятларда мушрикларни: "Улар фақат зоннга эргашадилар" деб қоралашига келсак, бу шак-шубҳа маъносидаги зонн бўлиб, усулий олимлар ишлатадиган "ҳақиқатга яқин бўлган зонн" эмас. Чунки Қуръонда зонн икки хил маънода: илм ва шак-шубҳа маъноларида келган. Илм маъносидаги зоннга мисол: "Упар (итоатлилар) Раббиларига (охиратда) юзма-юз бўлишларини ва Унинг ҳузурига қайтажакларини (ҳақ деб) билурлар" [Бақара сураси, 46-оят). Бу ерда зонн сўзи қатъий ишонч маъносида келган. [Ал-қатъий ва зонний фис-субути вад-далалати индал-усулийин 138-бет).
Замондош уламолардан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ўзларининг "Сунний ақидалар" номли китобларида шундай келтирадилар: "Баъзи оҳод ҳадислар ақоиддан бир қисмини ўз ичига олгандир. Уларни Ислом уммати ўзининг аввалги асрларида ҳеч қандай инкорсиз қабул қилиб олгандир. Бас, шу сабабдан ўшал ҳадислар мутавотир мартабасига қўтарилгандир. Мусулмонлар уларнинг маъносини ҳеч бир инкорсиз қабул қилгани учун уларни “маънавий мутавотир" дейилади. У эса, лафзи мутавотир бўлган хабар ифода этган нарсанинг худдиўзини ифода этади".
Имом Таҳовий шундай дейди:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шариат ва баёндан иборат нимаики саҳиҳ тарзда келган бўлса, барчаси ҳақдир". (Муҳаммад Шафе Усмоний роҳимаҳуллоҳнинг “Таржимату Таҳовий"китоби, 34-бет)
Шу ўринда юқоридаги "оҳод хабар”лар борасидаги фикрларни қувватловчи ҳадисларни ҳам келтириб ўтишимиз керак бўлади.
Имом Абу Довуд Миқдом ибн Маъдикариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагича келган:
Яъни: Миқдом ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Яқинда юмшоқ ўриндиғига суяниб менинг ҳадисларимни сўзлайдиган киши чиқади ва "Мен сизларга Аллоҳнинг китобини баён қилиб бераман. Нима нарсани унда ҳалол деб топган бўлсангиз, уни ҳалол деб билинг. Нима нарсани ҳаром деб топсангиз, ҳаром деб билинг дейди". Огоҳ бўлинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром қилган нарсалар ҳам худди Аллоҳ таоло ҳаром қилганидекдир" дедилар. (“Хобарул воҳид ва ҳужжиятуҳу" китоби, 218-бет)
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам атрофдаги мамлакатларга ўз элчиларини турли мақсадларда мактублар ёзиб жўнатардилар. Мактубни олган кишиларнинг ҳеч бири "Биз буни қабул қилмаймиз. Чунки, бу бир киши томонидан келтирилди" демаганлар". (Шарҳ Аҳидаи Таҳовия Ибн Абилъизз Ҳанафий 637-бет).
Имом Шофеий: "Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор саҳиҳ ҳадисни ривоят қилиб (ақида ёки амалда бўлсин) уни ҳаётимга татбиқ этмасам, сизларга гувоҳлик бериб айтаманки, ақлим зоил бўла бошлайди" деганлар. (Маноқибу Шофеий, 1-жилд, 474-бет).
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳиҳ ҳадисларини инкор қилган, уни қабул қилмаган кимсанинг ҳалокати яқиндир" (Маноқибу Имом Аҳмад, 182-бет)
Ҳанафий уламолардан Абдулҳай Лакнавий роҳимаҳуллоҳ Қуръони Каримни саҳиҳ бўлган оҳод хабар билан хослаш тўрт мазҳаб имомларининг наздида ҳам жоиз эканлигини таъкидлаганлар. (Ғойсул ғумам, 277-бет)
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, аслида ақийда масалалари Қуръон оятлари ва мутавотир ҳадислар билангина собит бўлади. Оҳод хабарларга келсак, уларни қабул қилиш вожиблигини таъкидлаш билан биргаликда улар орқали ақийда қатъий равишда собит бўлмаслигини, яъни оҳод хабарларда келган ақийда масалаларини инкор қилган кишини "кофир бўлди"деб, ҳукм қилинмайди балки фосиқликка ҳукм қилинади. Бир сўз билан айтганда, оҳод хабарларда ақийдага оид келган масалаларни қабул қиламиз, рад қилмаймиз. Шу билан бирга кимдир уни инкор қилса, кофирга чиқармаймиз. Тавфиқ Аллохдан.

Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase