Бирор нарсани сотишга ёки харид қилишга вакил бўлган одамнинг ўша молни ўз фойдасига (яъни, вакилнинг фойдасига) гувоҳлик беришлари ман қилинган қариндошларига сотиш ёки улардан харид қилиши мумкин эмас. Бу ҳукм вакил қилувчида шубҳа уйғотмаслик учун жорий қилинган.
Вакилнинг молни бозордагидан оз ёки кўп нархга сотишга, уни бошқа молга алмаштиришга, насияга беришга, насия сотганда гаровга бирор нарса олишга ва молнинг пулини тўлаш учун харидордан кафил талаб қилишга ҳақи бор.
Вакил харид қилган нарсанинг баҳоси унинг одатдаги қиймати, яъни бозор нархига сотиб олиши керак. Мисол учун, одатда бозорда 100 сўмдан 110 сўмгача сотиладиган нарсани вакил ҳам 100 сўмдан 110 сўмгача бўлган нархга сотиб олиш мумкин. Одатдаги нарх-наводан ортиқ нархда сотиб олишга ҳақи йўқ.
Вакил молни насияга сотгач, вакил қилувчи «сенга нақдга сотгин дегандим» деса, вакил эса «хоҳлаганингдек сот дегансиз” деса, вакил қилувчиниг сўзи қасами билан қабул қилинади. Чунки одатда моллар нақд со-тишга берилади.
Агар икки киши бир ишга вакил қилинган бўлсалар, улардан бири иккинчисисиз ҳаракат қилиши мумкин эмас. Чунки вакил қилувчи уларни ўзаро маслаҳатлашиб ҳаракат қилишсин деган ниятда вакил қилгандир.
Лекин ҳақ-ҳуқуқ даъвосида, олинган омонатни қайтаришда, қарзни тўлашда, эвазига нарса олинмаган талоқ ва қул озод этиш ишларида вакил қилинган икки кишининг бири ёлғиз ҳаракат қилиши мумкин. Чунки бу ишларда вакилларнинг маслаҳатлашувига ҳожат йўқ.
Вакил қилувчи вакилга сотиб олиш лозим бўлган молнинг жинсини, масалан, от ёки туя деб тайин қилган ҳолда сифатини ҳам, масалан, араб оти, туркман туяси эканини маълум қилиш ёки жинси ва нархини, масалан, юз минг сўмлик туя деб айтиши керак.
Вакил «вакил қилувчи учун сотиб олинган туя ўлиб қолди» деса, аммо вакил қилувчи «туяни ўзинг учун сотиб олгансан» деб даъво қилса, қаралади: агар вакил қилувчи вакилга пул берган бўлса, вакилнинг гапи қабул қилинади. Агар пул бермаган бўлса, вакил қилувчининг гапи қабул қилинади.
Аниқ бир нарсани сотиб олишга буюрилган вакилнинг шу нарсани (масалан, фалончининг фалон машинасини каби) ўзи учун сотиб олиши мумкин эмас, сотиб олган тақдирда ҳам вакил қилувчиники бўлади. Аммо вакил қилувчи «фалон пул бирлигига сотиб ол» деганида, вакил у нарсани ўзи учун бошқа пул бирлигида ёки бирор буюм эвазига савдо қилса, вакилники бўлади.
Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг
"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан