close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Аччиқ бўлса-да, ҳақиқатни айтиш

Дунё яратилганидан буён ҳақ билан ноҳақлик ўртасида мужодала бор. Инсонлар ҳақни ноҳақликдан ажратиб олишлари учун Аллоҳ таоло пайғамбарларни юборган.

Дунё яратилганидан буён ҳақ билан ноҳақлик ўртасида мужодала бор. Инсонлар ҳақни ноҳақликдан ажратиб олишлари учун Аллоҳ таоло пайғамбарларни юборган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло мендан аввал юборган ҳар бир пайғамбарнинг фидойи ёрдамчилари ва саҳобалари бўлган. Улар ўз пайғамбарларининг суннатини ушлаб, айтганига юрган. Улар кетидан кейинги авлод келади. Улар ўзлари қилмайдиган ишларни гапиради. Буюрилмаган ишларни қилишади. Ким уларга қарши қўли билан курашса, у мўминдир! Ким уларга қарши тили билан курашса, у мўминдир! Ким уларга қарши дили билан курашса, у мўминдир! Бундан кейин хардал уруғичалик ҳам имон йўқ!” дея, (Имом Муслим ривояти) аввалги ҳақ фидойилари ҳамда кейинги умматларнинг ҳолатларини баён қилганлар.
Ҳар бир мусулмон яхши-ёмонни фарқлаши ва ёмонлиқцан сақланиши, унинг олдини олиши вожибдир. Қалбида яхшини яхши, ёмонни ёмон деб билмаган кимсадан яхшилик кутилмайди. Киши имкон қадар ноҳақликнинг олдини олиши, уни ўзгартириши лозим. Ҳақиқий мўминлар қурблари етганича қўл, тил ва дил билан ноҳақликка қарши курашади.
Мусулмон киши ўзи тоқат қила оладиган моддий-маънавий зарар-азиятлардан, одамларнинг маломат қилишлари, яккалаб қў-йишлари ва масхараларидан чўчимай, қаршисидаги банданинг обрў-эътибори, мансаби ёки бойлигидан саросимага тушмай, ҳик-мат билан муиосиб сўзларни топиб, ўрни келганида ҳақ сўзни айтиши керак.
Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутбаларида бундай дедилар: “Ёдда тутинглар! Одамларнинг ҳайбати ҳақни билган кишини ҳақни айтишдан тўсмасин!”
Бу ҳадис ровийси Абу Саид (розияллоҳу анҳу) йиғлаб: “Биз қанча нарсаларни кўриб, гапиришга ботинолмадик!” деган экан.
Аллоҳ таоло тақдир этиб қўйган фойда ёхуд зиёндан ўзга ҳеч нарса содир бўлмаслигини ва киши бошига тушадиган ҳар бир иш аввалдан белгилаб қўйилганини ҳаммамиз билишимиз, бировларнинг маломатидан чўчиб ўтирмай, ҳақни сўзлашимиз лозим. Мўмин ўлимдан қўрқиб ёки узоқроқ яшашдан умидвор бўлиб, орқага чекинишни эмас, аксинча, шижоат ва баҳодирлик мақомида мустаҳкам туришни ўйлаши керак. У ўзи тиловат қиладиган мана бу оятга чин дилдан имон келтирганини исбот қилиши зарур:
«Айтинг: “Бизга Аллоҳнинг ёзиб қўйганидан ўзга нарса етмайди. У Хожамиздир. Мўминлар Аллоҳга таваккул этсинлар!”» (Тавба, 51).
Имом Аҳмад “Муснад”ида қуйидаги ривоятни келтиради: “Ҳақнинг айтилиши ёки улкан нарсанинг зикр этилиши билан ажал яқинлашиб ҳам қолмайди, ризқ узоқлашиб ҳам кетмайди!”
Бу дунёда инсон ҳақ сўзни ўз ўрнида айтмай, бошқаларнинг маломатидан сақланиб қолиши мумкин. Лекин охиратда Аллоҳ таолонинг маломатидан қутулолмайди.
Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга:
- Ҳеч ким ўзини камситмасин! - дедилар.
- Ё Расулуллоҳ, қандай қилиб биз ўзимизни камситишимиз мумкин? - дейишди саҳобалар.
- Сизлардан бирингиз Аллоҳнинг кўрсатмаларини бажаришда ноҳақликни кўриб, уни ўзгартириш учун гапирмаса, Аллоҳ таоло ундан: “Фалон-фалон ўринда сени гапиришдан нима тўсди?” деб сўрайди. “Одамлардан қўрқдим”, дейди у. Аллоҳ таоло унга маломат қилиб: “Сен Мендан қўрқишинг керак эди!” дейди.
Уламолар ушбу ҳадисни қуйидагича шарҳлайди: “Бу ерда қуруқ қўрқув-ваҳима назарда тутилган. Чунки мусулмон киши ин-сон тоқат қила олмайдиган молиявий ёхуд маънавий зарар туфайли ёмонликни инкор қилолмаса, узрли саналади”.
Дарҳақиқат, инсон ноҳақликнинг олдини олишга қодир бўлса ҳам, айни ноҳақликдан каттароқ ёмонлик келиб чиқишидан қўрқса, “Икки зарарнинг енгилроғи танланади” деган аслий қоидага биноан, зиммасидан вожиб соқит бўлади. Лекин бунинг ортидан келадиган ёмонлик киши наздида аниқ бўлиши шарт. Арзимас гап-сўзлар ёки турли ваҳима-васвасалар вожибни тарк қилишга сабаб бўлолмайди. Ўз назарида деярли аниқ бўлган улкан зараргина шаръий узр ўрнига ўтади. Бу ҳолатда ўзи ёки молига нисбатан унинг бардоши етмайдиган даражада зарар тегишидан хавф бўлгани учун ожиз саналади. Лекин инсон тили билан айта олмаган ҳақиқатни дили билан тасдиқлаб, зиммасидаги масъулиятдан қутулиши керак. Яъни, ноҳақликни ҳеч бўлмаганда дилдан ёмон кўриши лозим. Ноҳақликни дилдан ёмон кўрмаслиги унинг ўша ноҳақлик тарафида эканини билдиради. Шу сабабли, ноҳақликни ҳеч бўлмаса қалбдан ёмон кўриш ҳар бир кишининг зиммасидаги фарз ҳисобланади.
Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қай бирингиз бирон ёмон ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Бунга кучи етмаса, тили билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, дили билан ўзгартирсин. Буниси эса имоннинг энг заифидир”, деганлар.
Бирон ноҳақликни мусулмонларнинг бир жамоаси кўрса ёхуд эшитса, уни инкор этиш уларга бирдек вожиб бўлади. Агар улардан бир киши шу ишни амалга ошириб, ҳақиқатни айтса, қолганлар устидан масъулият соқит бўлади. Аммо ушбу ноҳақликнинг олдини олиш ёки ўзгартиришга уларнинг ҳеч бири ҳеч қандай сабабсиз эътибор бермаса, барчалари бирдек гуноҳкор бўлади.
Агар ҳақиқатлар айтилиб, ёмон ишлар олди олинмаса, ер юзида фасод-бузғунчилик авж олиб, зулм тантана қилади. Яхшилар хор, ёмонлар азиз бўлади. Фазилату эзгулик барҳам топиб, жабру разолат кенг қулоч ёяди. Оқибатда ҳамманинг устига Аллоҳ таолонинг ғазаби келади! Аллоҳтаоло бу хусусда бундай огоҳлантиради:
«Исроил авлодидан кофир бўлганлар Довуд ва Исо ибн Марям тили билан лаънатланди. Бунга итоатсизликлари ва тажовузкор бўлишлари сабаб (бўлди). (Яна улар) қилиб юрган мункар (ношаръий) ишлардан бир-бирларини қайтармас эди. Қилиб юрган ишлари нақадар ёмон!» (Моида, 78-79).
Ушбу мавзуни лўнда ва мукаммал ёритиб берадиган мана бу ажойиб масалага эътибор қаратинг. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Аллоҳнинг қайтарганларидан қайтувчига ва қайтмайдиган кишилар мисоли кемага чиққан қавмга ўхшатилади. Уларнинг баъзилари кеманинг юқори қисмига, баъзилари эса пастки қисмига жойлашишган. Кеманинг пастки қисмидагилар сув ичмоқчи бўлса, юқоридагиларнинг олдидан ўтар эди. Шунда пастдагилар агар ўзимизга шу ердан тешик тешиб олсак, юқоридагиларга азият бермас эдик, дейишди... Шу вазиятда агар тепадагилар пастдагиларни кеманинг тагини тешишларига эътиборсиз бўлишса, барчалари ҳалок бўлади. Ва агар уларни бу ишдан қайтаришса, барчалари нажот топади”.
Кўплар ноҳақликка қарши турмасликларини турли баҳоналар билан оқлашга уринади. Улар ўзларича Моида сурасининг 105-оятини ҳужжат сифатида келтиришади:
«Эй имон келтирганлар! Ўзингизга қарангиз. Модомики ҳидоят топган экансиз, адашганларнинг сизларга зарари йўқ...» (Моида, 105).
Аслида, тўғри фаҳмланса, ушбу оят ноҳақликни инкор қилишга буюраётгани аён бўлади. Ушбу оятнинг тафсири борасида Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) бундай деган: «Эй одамлар, сизлар ушбу оятни ўқиб, уни нотўғри талқин қиласизлар. Биз Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидаги сўзларини эшитганмиз: “Одамлар золимни кўриб туриб, унинг қўлидан тутмаса, Аллоҳ таоло ҳаммаларини азобга гирифтор қилишига сал қолади!”»
“Саҳиҳи Муслим” шарҳида Имом Нававий ёзади: «Муҳаққиқ олимлар наздида, ушбу оятнинг тўғри маъноси қуйидагича: Модомики сизлар ўз устларингиздаги вазифани адо этаркансизлар, ўзгаларнинг камчиликлари сизларга зарар бермайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг: «Ҳеч бир кўтарувчи ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармайди» (Исро, 15) деган сўзига мувофиқдир».
Киши ҳақиқат қабул қилиниши ёки қилинмаслигидан қатъи назар, уни айтиши лозим. Олимлар, шунда инсон ўз зиммасидаги вожибни адо этган бўлади, дейди. Чунки ундан ҳақиқатни қабул қилдириш эмас, фақат етказиб қўйиш талаб этилган.
Ҳаддан ошган қавм Аллоҳ таоло ман этган шанба кунида балиқ овларди. Золим қавм насиҳатга қулоқ солмаслигини билса-да, солиҳ инсонлар уларга насиҳат қилди. «Улардан бир гуруҳи: “Нима учун Аллоҳ ҳалок этмоқчи бўлган қавмга насиҳат қиляпсизлар?” деганида, (насиҳатгўйлар): «“Раббингизга (“Айтдик, лекин итоат қилишмади”, деб) узр айтишар ва тақво қилишар деган умидда (насиҳат қилдик)”, дедилар» (Аъроф, 164).
Убода бин Сомит (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қилган байъатини қуйидагича ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қийинчилик ва енгилликда ҳам, яхши ёки ёмон ҳолимизда ҳам эшитиб, итоат этишга ва ўзимиздан у зотни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ортиқ кўришга ва бир ишнинг аҳлида очиқ куфрни кўриб, бунга Аллоҳ таолодан ҳузуримизда ҳужжат бўлмаса, улар билан талашмасликка ва қаерда бўлсак-да, ҳақни айтиб, Аллоҳ йўлида маломат қилувчининг маломатидан қўрқмасликка ваъда бердик”.
Ушбу ҳадисда ҳақиқатни айтиш барчамизнинг зиммамиздаги масъулият экани очиқ баён этилган. Бироқ ҳақиқат ҳар доим ҳам, ҳар жойда ҳам айтилмаслигини билишимиз керак. Қош қўяман деб кўз чиқариб қўйишдан эҳтиёт бўлишимиз лозим.
Ҳақиқатни ҳикмат билан етказиш киши ақл-идроки ва фаросатининг юксаклигини билдиради. Айтилаётган ҳақиқатнинг да-ражасига қараб, у юмшоқ ёки қаттиқроқ тарзда етказилади. Яъни, қайси услуб кўзланган мақсадга тезроқ ва яхшироқ етказса, ўша йўл маъқул топилади. Аллоҳ таоло биз бандаларига ҳақиқатни ҳикмат ва чиройли насиҳат билан етказишни буюрган. Наҳл сурасининг 125-оятида бундай марҳамат қилинади:
«(Эй Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг. Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!..» (Наҳл, 125).
Кўзланган мақсадни аниқ ифодалайдиган, тингловчиларнинг қулоқларидан кириб бориб, қалбларига ўрнашадиган тушунарли ва чиройли сўзлардан фойдаланиб насиҳат қилиш ҳамда насиҳат қилинаётган одамнинг ижтимоий, маданий савияси ва бошқа омилларни эътиборга олиш айни ҳикматдандир. Зеро, одамлар ҳикмат ва чиройли мавъиза билан насиҳат қилувчи кишининг сўзига кўпроқ қулоқ солади.
Инсон кўриниб турган ноҳақликнигина тузатишга масъул-дир. Яъни, гумон қилинган ёмонлик хусусида жосуслик қилмайди. Жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бировларнинг яширин айбларини атай қидириб юриб, одамлар ўртасида ошкор қилишдан қайтарганлар. Балки мана шу иш билан шуғулланиб юрадиган одамларнинг ўзларини Аллоҳ таоло қиёмат кунида бутун инсонлар олдида шарманда қилишини айтганлар. Абдуллоҳ ибн Масъудга (розияллоҳу анҳу) “Фалончининг соқолидан ароқ томчилайди!” дейишганида,“Аллоҳ таоло бизни гап ташишдан қайтарган!” деди.
Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасдан, ҳақиқатни айтиш, албатта, қийин. Бунга инсондан бақувват имон ва юксак ирода талаб қилинади. Етадиган озгина азиятни деб, ҳақиқатни тарк қиладиган бўлсак, жамиятда кўплаб ноҳақликларнинг вужудга келишига сабаб бўлиб қолишимиз мумкин.
Бугунги кунда баъзи ёшларимизнинг диний эътиқодда бошқа оқимларга кириб қолаётгани ёки ахлоқий меъёрларда миллийлигимизга ёт бўлган маданиятларга ўзларини ураётгани, эҳтимол, мана шу сабабдандир. Уларга динимизнинг асл моҳияти ва ҳақиқатини ўз вақтида тўғри етказа олсак ҳамда миллий урф-одатларимизни намуна сифатида чиройли кўрсата олсак, кўплаб нохушликларнинг олдини олган бўламиз. Албатта, ушбу вазифани амалга оширишда диёримиз масжидларида фаолият юритаётган имомлармизнинг ўрни беқиёсдир.
Ушбу фикрларимизнинг тасдиғи сифатида муҳтарам Юртбо-шимизнинг имом-хатибларга билдирган юксак ишончларини яна бир бор эслаб ўтиш фойдадан холи бўлмайди. Президентимиз 2010 йил 3 сентябр куни Имом Бухорий халқаро марказига ташриф буюриб, тингловчилар билан самимий суҳбат ўтказдилар. Республикамизнинг барча вилоятларидан келган ва бу ерда малака ошираётган имом-хатиблар билан учрашиб турганларидан ғоятда мамнун эканларини билдириб, жумладан, бундай дедилар:
“Биламиз, сиз имомлар ҳар доим халқ ичида бўлиб, буюк аждодларимизнинг бой илмий ва маънавий меросларини, муборак Ислом динимизнинг асл мазмун-моҳиятини, Қуръони каримдаги юксак ғояларни, айниқса, ақидавий масалаларни чин маънода кенг халқ оммаси онги ва қалбига тўғри ҳолда етказадиган, уларни ҳидоят йўлларига бошлайдиган масъул кишиларсиз. Бу хизматингизни халқимиз чексиз қадрлайди”.
Юртбошимиз имомлар билан суҳбатни давом эттириб, уларнинг асосий вазифаларидан бири турли адашган, бузғунчи оқимларга қарши кураш эканини таъкидладилар: “Сизларнинг яна бир муҳим вазифангиз шуки, динни ниқоб қилиб олиб, ундан ғаразли мақсадларда фойдаланишга уринаётган ғаламис кимсалар жаҳолатига қарши маърифат билан курашишдир. Фурсатдан фойдаланиб, мустақиллигимизнинг 19 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқимда айтган бир фикрни яна такрор айтмоқчиман: “Бу гўзал, Аллоҳнинг назари тушган муқаддас Ватанимиз барчамизники, бинобарин, унинг ташвишлари ҳам, қувончлари ҳам барчамизники бўлиши табиий. Шу нуқтаи назардан, бу масалани халқимиз, айниқса, ёшларимиз қалбига ва онгига сингдиришда сиз имомларнинг ўрнингиз алоҳида деб ҳисоблайман ва умид қиламанки, Марказдаги ўқувларингизни муваффақиятли якунлаб, янги куч-қувват, янги билимлар билан мана шу масалаларни самарали ҳал қилишда муносиб ҳиссангизни қўшасиз...”
Дарҳақиқат, асл Ислом таълимотидан анчагина йироқлашган турли оқимлар кечани кеча, кундузни кундуз демай, кимларнингдир ноғорасига ўйнаб, юртимиз тинчлигига рахна солиб турибди. Ёшларимизни йўлдан оздириб, ҳаётдан бевақт кетишларига, боз устига ота-она ва яқинларига “Ватан хоинининг отаси ёки онаси” деган иснодни “мерос” қилиб кетмоқдалар. Уларни тўғри йўлга чақириш, ҳидоятга чорлаш, залолатдан қайтаришда ҳам, аввало, ҳақгўйлик ва жасорат керак бўлади.
Муҳтарам Президентимиз барча тингловчиларни Ватанни севишга, уни ардоқлашга, тинчлигимиз бардавом бўлишига ҳисса қўшишга чақириб: “Шу азиз Ватан, муқаддас замин барчамизники. Бинобарин, шу мамлакатда тинчлик, хотиржамлик, халқимизнинг фаровонлиги йўлида барчамиз қўлни-қўлга бериб, масъулият ҳисси билан тинмай меҳнат қилишимиз зарур. Бизнинг мустақил давлатимиз учун мана шу масалаларнинг амалга оширилишида барча халқимизнинг бирлиги, ҳаракати, айниқса, ҳозирги даври-миз учун, жамиятимиз учун муҳим бўлган замонавий билимларни эгаллаётган сиз имом-хатибларнинг ҳиссангиз салмоқли бўлишига ишонаман”, деб сўзларини якунладилар.
Бу илҳомбахш сўзлар биз - дин ходимларини янада улкан зафарлар сари руҳлантиради. Президентимизни имом-хатибларга билдирган ишончларини бутун дин аҳлига юксак ишонч, деб биламиз. Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, тинчликсевар элимизга Ислом динининг асл эзгу моҳиятини сингдириш йўлида, ин-шааллоҳ, фидокорона хизмат қиламиз.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳақиқат аччиқ, уни айтиш жуда мушкул, бироқ огоҳлик - муқаддас бурч. Шундай экан, бир-биримизнинг хатоларимизни тўғрилаш, ҳаёт кўчаларидан адашиб қолган биродаримизга тўғри йўлни кўрсатиш барчамизнинг вазифамиздир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Мўмин мўминнинг кўзгусидир”, деб марҳамат қилганлар. Ушбу сўзлари билан у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминлар бир-бирларида кўрган камчилик ва хатоларини ўз вақтида тузатиб, тўғрилаб ту-ришлари зарурлигига урғу берганлар.

Усмонхон Алимовнинг
"Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак васиятлари" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase