Ибн Абу Довуд Абу Жуҳайфа(Ваҳб ибн Абдуллоҳ ибн Муслим Сувоий. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умрларининг охирида келиб саҳобий бўлган. У зотдан кейин Али (розияллоҳу анҳу) билан бирга бўлган. У киши халифалик вақтларида Куфа соқчиларига волий бўлган. Али (розияллоҳу анҳу) у кишини “Ваҳбул хайр”деб номлаган. Ҳижрий 74 йили вафотэтган.) (розияллоҳу анҳу)дан саҳобалар Қуръон билан дам солишни кароҳатли эканини ривоят қилган. Лекин ихтиёр этилган ҳукм шуки, бундай қилиш макруҳ эмас, балки суннатдир. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қачон уйқуга кетмоқчи бўлсалар, икки кафтларини жуфтлаб, Ихлос, Фалақ, Нос сураларини ўқиб, унга дам урардилар. Сўнг уларни бошлари, юзлари ва баданларининг олди томонидан бошлаб имконлари етгунича суртардилар. Буни уч маротаба қилардилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Икки саҳиҳ тўпламда келган бошқа ривоятда Ойша (розияллоху анҳо): “Касал бўлиб қолганларида бу ишни мен қилиб қўйишимни буюрар эдилар”, деганлар.
Яна бошқа ривоятда: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларига сабаб бўлган касаллик пайтларида “Муаввизот”(“Муаввизот” - Фалақ ва Нос суралари.)билан ўзларига дам урардилар”, деб келган.
Ойша (розияллоху анҳо) айтадилар: “Оғирлашиб қолган вақтларида мен у зотга у (“Муаввизот”)ларни ўқиб дам солардим ва баракотли бўлгани туфайли ўзларининг қўллари билан силар эдим”.
Жалолиддин Ҳамроқуов
"Тиловат одоблари" китобидан