close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳей, бақалоқ! Уйғон!

Рамазони шариф мукаррам ой. Ундан унумли фойдаланиб қолиш керак. Рамазондан фойда кўрмасдан чиқиш катта надомат ва улкан йўқотиш бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қуйидаги гапларига қаранг: "Кимки бу ойнинг яхшиликларидан маҳрум қолса, ҳақиқатдан ҳам маҳрум қолгандир!” (Насоий, Аҳмад, Байҳақий ривоятлари).

Рамазон келганида Расулуллоҳ (с.а.в.) жуда катта эҳтимом билан ибодатларга киришиб кетар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда ибодатга жуда қаттиқ киришишлари саҳиҳ ҳадиси шарифларда алоҳида таъкидланган. Қаранг:
كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يجتهد فى رمضان ما لا يجتهد فى غيره
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ (ибодатга) жидду жаҳд қилар эдилар” (Муслим, Термизий, Аҳмад ривоятлари).
كان النبى صلى الله عليه وسلم اذا دخل العشر (الأخير) شدّ مئزره و أحيى ليلته و أيقظ أهله
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон охирги ўн кунлик кирса, белбоғларини боғлар, кечаларини тирилтирар, аҳлини (ибодат учун) уйғотар эдилар” (Бухорий, Муслим, Насоий, Ибн Можжа, Аҳмад ривоятлари).
Кечаларни ўн бир ракъат билан тирилтириш қийин, қиём ўта чўзилиб кетиши мумкин. Зоҳиран, кечаларни ракъатларни кўпайтириш билан тирилтирганлар:
كان اذا دخل شهر رمضان شد مئزره ثمّ لم يأت فراشه حتى ينسلخ
“Рамазон ойи кирса, белбоғини боғлар эдилар. Сўнг то ойнинг охиригача тўшакларига келмас эдилар” (Байҳақий ривояти).
كان اذا دخل رمضان تغير لونه و كثرت صلاته و ابتهل فى الدهاء و أشفق لونه
“Рамазон кирса ранглар ўзгарар, намозлари кўпаяр эди. Дуода илтижолар қилар ва ранглари қизариб кетарди” (Деҳлавий ривояти).
Маълумки, энг афзал амал қиёми узун бўлган намоз эканлиги башорат қилинган:
انّ النيى صلى الله عليه وسلم سئل أىّ الأعمال أفضل؟ قال: طول القيام
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Амалларнинг қайсиниси афзал?” деб сўралди. Ул зоти шариф: “Қиёми узунидир!” деб жавоб бердилар (Абу Довуд, Байҳақий, Таҳовий ривоятлари).
Таровеҳда қироатнинг миқдори ҳақида гапирадиган бўлсак, Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечалари ўн бир ракъат намоз (шундан учтаси витр) ўқиганлари кўплаб ривоят қилинади. Ана шу намозларида ул зоти шариф қироатни узун-узун қилар эдилар. Ҳатто ул зоти шариф бир марта бир ракъатда тартил ва тажвид билан Қуръоннинг беш порасини ўқиган эдилар.
Ҳузайфа разийаллоҳу анҳунинг айтишига қараганда, Пайғамбаримиз бир кеча тўрт ракъат намоз ўқиганлар. Унда Қуръондан Бақара, Оли Имрон, Нисо ва Моида ёки Анъом сураларини қироат қилганлар. 
Пайғамбаримиз ўша намозларида намоз арконларини ҳам, яъни рукуъ ва саждаларини ҳам узун-узун қилар эдилар. Ойша онамиз разийаллоҳу анҳунинг айтишига қараганда, Расули акрам кечки намозларида рукуъ ва саждаларини биз эллик оятлар ўқигунимиз миқдорича қилар эканлар. Буни Имом Муслим ривоят қилган.
Саҳобаи киромлар ҳам Рамазонда ибодатга қаттиқ киришар эдилар. Қаранг:
Ҳазрати Умар таровеҳни жамоат бўлиб ўқишни жорий қилганларида бир Рамазонда уч марта хатми Қуръон қилинар эди. Ўша пайтда у зот ҳар ракъатда тезроқ ўқийдиган қорига ўттиз оятдан, ўртача ўқийдиганга эса йигирма беш оятдан, секин ўқийдиганга эса йигирма оятдан ўқишни тавсия қилган (Абдурраззоқ, Байҳақий ривоятлари).
Имом Молик “Муватто” асарида ас-Сойиб ибн Язиддан нақл қилишича, таровеҳда қори икки юз оятни ўқиганда, қиёмнинг узунлигидан одамлар ҳассага суяниб қолар эканлар. Уйларига одамлар саҳардан сал олдин қайтар эканлар ва шошилиб саҳарлик еб олар эканлар.
Яна Имом Молик ал-Аъраждан ривоят қилган. Унинг айтишича, қори Сураи Бақарани саккиз ракъатда ўқиган, агар ўн икки ракъатда ўқиса, одамлар қироатни енгил ўқиди, деб ҳисоблашар экан.
Рамазон ибодат ойи. Намозларни, ракъатларни, қироатларни кўпайтирадиган ой. Шошилмайдиган, ибодатлардан зерикмайдиган ой. Ғанимат ойи!
Шунинг учун ҳам, саҳобаларнинг таровеҳларга катта эҳтимом билан қараганлари боис қироати оз, енгил бўлганда таровеҳ ракъатларини кўпайтиришни барча мазҳаб уламолари таъкидлайдилар.
Таровеҳ йигирма олти ракъат бўлган ривоятларни жамълаб, Имом Моликнинг айтган гапларидан бири. Кечанинг аввалида ҳамма билан масжидда йигирма ракъат ўқийди, кечанинг охирида витрдан бошқа олти ракъат ўқийди.
Таровеҳ витрдан ташқари ўттиз олти ракъат бўлган. Ривоятларни жамълаб, Имом Молик таровеҳ ўттиз олти ракъат, дейдилар. Кечанинг аввалида йигирма ракъат ўқилади, кечанинг охирида эса ўн олти ракъат ўқилади. Кўпчилик саҳобалар шу йўлни танлаган эканлар. Жумладан, тобиъийнлардан Нофиъ разийаллоҳу анҳу: “Мен одамларни рамазонда ўттиз тўққиз ракъат ўқишларини топдим, шундан уч ракъатини витр қилар эдилар”. Қадимда Мадина аҳли ҳам Маккаликларга ўхшаб шу тарзда таровеҳ ўқиган вақтлари бўлган. Маккаликлар ҳар саккиз ракъатда Каъбаи муаззамани бир марта тавоф қилар ва икки ракъат тавоф намози ўқир эканлар. Бешинчи тарвиҳадан сўнг тавоф қилмас эканлар. Мадиналиклар эса тавоф ўрнига тўрт ракъат намоз ўқишни жорий қилишибди. Таровеҳни ўттиз олти ракъат қилиб ўқиш ҳижрий биринчи юз йилликнинг охирларида пайдо бўлиб, шуҳрат қозонган экан. Уни ҳеч ким инкор қилмаган, демак, ижмоъи сукутий бўлган.
Таровеҳ ўттиз саккиз ракъат бўлган. Бу витр билан биргадир. Буни Ибн Наср “Қиём ал-лайл” асарида Ибн Аймандан Имом Моликнинг гапи сифатида ривоят қилган.
Таровеҳ қирқ бир ракъат бўлган. Охирги ракъати витрдир. Буни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал маъқул топганлар. Тобиъинлардан ал-Асвад ибн Язид разийалллоҳу анҳу витрдан ташқари қирқ ракъат ўқир эканлар. Унинг витрни етти ракъат қилиб ўқишини Ибн Абдулбарр “ал-Истизкор”да нақл қилган. Табъа тобиъинлардан Солиҳнинг ривоятида эса қирқ бир ракъат ўқилганда, шундан беши витр бўлган. Демак, бу ўттиз олти ракъат таровеҳдир, деган ривоятга тўғри келади.
Албонийнинг айтишига қараганда, таровеҳ ракъатлар ададида яна 24 ракъат, 28 ракъат, 34 ракъат дейилган ривоятлар ҳам бўлган экан. Зурора ибн Авфо рамазоннинг охирги ўн кунлигида ўттиз тўрт ракъат ўқир, аввалида эса йигирма саккиз ракъат ўқир эди. Саид ибн Жубайр эса йигирма тўрт ракъат ўқир эди.
Агар таровеҳ ракъатларининг ададини кўпайтириш мумкин бўлмаганда эди, ўша пайтлардаёқ парҳезгор уламолар (аниқроғи, саҳоба ва тобиъинлар) унга қарши чиқишган бўлар эди.
Жамоатда имом билан таровеҳни охиригача ўқиш барча мазҳаблар, жумла уламолар иттифоғига кўра афзалдир. Рамазонда таровеҳни чала қолдириб қаерга кетасиз!  Зотан, имомни кутиб ўтириб, у билан жамоат бўлиб намоз ўқиш ўзи намоз ўқиб ухлагандан кўра савоби улуғроқдир:
و الذى ينتظر الصلاة حتى يصليها مع الامام فى جماعة أعظم أجرا ممّن يصليها ثمّ ينام
“Намозни интизорлик билан кутиб ўтирган кимса ҳатто имом билан бирга жамоатда намоз ўқиса, намозини ўқиб ухлаган кимсадан кўра савоби улуғроқдир!” (Бухорий, Муслим, Байҳақий ривоятлари).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқиган таровеҳларида қироатнинг узунлигидан ибодат саҳарликкача давом этганлиги саҳиҳ ривоятларда зикр этилган.
Демак, юқоридагилардан маълум бўладики, "Рамазонда рўзадорнинг уйқуси ҳам ибодатдир", дея бу муборак ойни ухлаш билан ўтказиш керак эмас. Таровеҳлар ўқилиб, уйга келганда, саҳарликка бир-икки соат қолган бўлади. Бу ҳолатда ухлаб ўтказиш яхши эмас. Яхшиси, уни ибодат билан ўтказинг. Кундузи бирров ухлаб оларсиз. Кундузини ҳам куни билан ухлаб ўтказиш яхши эмас. Яхшиси, уни ибодат билан ўтказинг. Тўғри, Сизга бу жуда қийин бўлади. Бироқ, бир ой рамазон ўтади, кетади. Унинг яхшиликларидан маҳрум бўлиб қолманг. Бир ой нафсингизни қийнасангиз ҳеч нарса бўлмайди. Нафсга насиҳат қилинг. Китоб ўқинг, намоз ўқинг, зикрлар айтинг, нафллар ўқинг. Рамазонни ҳақиқатдан ҳам муборак қилиб ўтказинг. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан тортиб, то Сизгача бўлган умматнинг яхшиси рамазонни ухламасдан, ибодат билан ўтказганлар. Сиз ҳам улар қаторига қўшилинг, илтимос...

Ҳамидуллоҳ Беруний

Мақола жойлаштирилган бўлим: Ислом
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase