close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Маййитнинг қарзини адо қилиш масаласи

Савол: Халқимизда маййитга жаноза ўқишдан олдин унинг яқинларидан “Агар марҳумнинг бандалардан қарзлари бўлса адо этасизми?”, деб сўраш, сўнг тасдиқ жавобини олгач жаноза намози ўқилиши одати бор. Бу ишнинг шариатимизда ҳукми қандай?

Жавоб: Ушбу ҳолатни шаръий нуқтаи назардан баҳолашдан олдин ислом фиқҳидаги “Кафолат” ва “Ҳаволат” мавзуларига қисқача мурожаат қилишга тўғри келади.
Кафолат – талаб этишда зиммани зиммага қўшиш. Яъни, қарзни талаб қилишда кафилнинг зиммасини қарздорнинг зиммасига қўшишдир. Бу билан қарз кафилнинг зиммасида собит, қарздорнинг зиммасидан эса соқит бўлмайди.
Ҳаволат – талаб этишни қарздор зиммасидан мултазим (тўлаш мажбуриятини олган)нинг зиммасига кўчиришдир.  Кафолатда талаб этишда зиммани қўшиш эди, кўчириш эмас. Унда қарзни қарздордан ҳам, кафилдан ҳам талаб этса бўларди. Аммо ҳаволатда эса кейин қарздордан қарзни талаб этилмайди.
Шуларни мулоҳаза қилганда бизнинг мавзумиз кафолат масалаларига тегишлидир. Чунки маййитнинг ўз моли бўлса қарзини ундан адо этилади, кафилдан эмас. Агар моли бўлмаса шунда кафилдан талаб этилади. Қарздорнинг вафоти қарзни кафилдан соқит этмайди. Ҳаволатда эса қарзни фақат мултазимдан талаб этиларди. Демак маййитдан қарзни адо этиш масаласини баҳс этишдан олдин қисқача кафолат мавзусига тўхталамиз.
Юқорида кафолатнинг таърифини келтирдик. Унинг машруъ бўлиши Қуръон, суннат ва ижмоъ бидан собитдир.
Аллоҳ таоло Юсуф сурасининг 72-оятида: “Уни топиб келтирган кишига бир туя юк (мукофотдир). Мен шунга вакилман», дейди. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу вакилманни кафилман дея тафсир қилганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кафил бурчлидир”, дедилар. Абу Довуд, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоятлари.
Одамларнинг эҳтиёжи борлиги ва қарздордан зарарни кеткизиш учун мусулмонлар кафолатнинг жоизлигига ижмоъ қилишган. Воқеъликда “Кафилликнинг боши маломат, ўртаси надомат ва охири ғаромат (қарздорлик)” , бўлишига қарамай, яхши ният билан кафил бўлган киши  ибодат қилган даражадаги савоб олади.
Кафолатнинг машруъ бўлиш ҳикматига келсак, у ҳақларни мустаҳкамлаш, одамлар ўртасида ўзаро ёрдамни юзага келтириш, қарз олиш ва иора битимларида енгиллик пайдо қилиш ва одамлардан қийинчиликни олишдир.
Унинг рукни кафилдан ийжоб ва қарздордан қабулдир. Урф-одатда кафолатга далолат қиладиган кафилман, жавоб бераман, тўлаб қўяман каби лафзлар билан боғланади.
Кафолатнинг кафил оқил, болиғ ва озод киши бўлишлиги, қарздор эса кафолатланган нарсага қодир, кафилга таниш бўлиши, ҳамда ҳақдор битим қилинаётганда ҳозир бўлиши каби шартлари мавжудки, уларнинг ва кафолатнинг бошқа ҳукмалари тафсилоти учун фиқҳий китобларга мурожаат қилинади.
Энди мавзумиз – маййитнинг зиммасидаги қарзга кафил бўлишининг шаръийлиги масаласига қайтсак. Мулла Али Қори айтадилар: “Синган (яъни мол ва кафил қолдирмаган, лекин қарзи бор) маййит номидан кафил бўлиш дуруст эмас. Кафил хоҳ бегона бўлсин, хоҳ меросхўр бўлсин фарқи йўқ. Бу имом Абу Ҳанифа наздларида. Аммо Абу Юсуф, Муҳаммад, Молик, Шофеъий ва Аҳмадлар бу кафиллик дуруст дейишади. Улар ўз ҳукмларига қуйидагини далил қилишади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир ансорий жанозаси келтирилганда: “Соҳибингизнинг қарзи борми?”, дедилар. Шунда: “Ҳа, икки дирҳам ёки икки динор”, дейишди. Айтдилар: “Соҳибингизга (ўзингиз) намоз ўқинг”. Шунда Абу Қатода (р.а.): “Улар менинг зиммамга”, деганларида, унга намоз ўқидилар”. Агар кафиллик дуруст бўлмаганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан кейин намоз ўқимаган бўлардилар. Чунки у тўланиши вожиб бўлган қарзга кафилликдир. Шундай бўлгач тириклик чоғида бўлганидек ҳозир ҳам дурустдир. Чунки қарз тўлаш, ё кечиш ёки вожиб бўлиш сабаби фасх бўлгандагина соқит бўлади. Ўлим туфайли бу ишларнинг бирортаси юзага келмайди. Шунинг учун ҳам қарз туфайли охиратда жазоланади. Тириклигида кафил бўлган ҳам унинг ўлими туфайли кафилликдан қутулмайди. Агар бирор инсон ихтиёри билан уни адо қилмоқчи бўлса дурустдир”.
Имом Абу Ҳанифанинг далиллари шуки, синган маййитга кафиллик қилиш зиммадан соқит бўлган қарзга қафолат беришдир. Соқит бўлган қарзга кафил бўлиш ботилдир. Чунки кафолатнинг дуруст бўлиши дунё ҳукмлари ҳаққида қарз мавжуд бўлишини тақозо қилади. Шунда “Талаб этишда зиммани зиммага қўшиш” деган кафиллик маъноси юзага келади. Тириклигидаги кафилнинг қарздор ўлганда қарздан қутилмаслигининг сабаби эса, уни тўлаб беришда қарздордан ўринбосар бўлгани учундир. Шу туфайли унинг (кафилнинг) ҳаққида қарз боқийдир. Бу маййитнинг моли бўлган холга ўхшайди. Ихтиёрий равишда қарзни тўлаб бериш эса дуруст. Чунки бировни мулкдор қилишнинг саҳиҳ бўлиши қарз мавжуд бўлишига тааллуқли эмасдир.
Жумҳур ўзига далил қилган ҳадисга шундай жавоб қилинади: “Ҳадис олдин юзага келган кафолатни эътироф этилганини эҳтимол қилади. Зеро кафолатда олдинги иқрор ва кейинги эътирофлар баробар “кафилман” лафзи билан ифодаланаверади. Бу ўринда кафолат эмас, ваъда бўлгани ҳам эҳтимолдан холимас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламмнинг унга жаноза ўқишдан бош тортишлари эса маййит зиммасидаги қарзни адо этиш йўлини кўрсатиб қўйиш учундир. Ваъда бўлгандан кейин эса унга жаноза ўқидилар”.  
Баъзилар имом Абу Ҳанифа ҳадисга хилоф қилганликларини, у ҳадис у кишига қарши ҳужжат бўлишини айтганларида, уларга имом Бадриддин Айний ўзларининг “Саҳиҳ Бухорий” қилган шарҳларида шундай раддия берганлар: “Кирмоний Абу Ҳанифанинг маййитдан кафил бўлиш дурустмас, деган сўзларига қарши ҳадис ҳужжат бўлади, дейди. Ибн Мунзир эса Абу Ҳанифа ҳадисга хилоф қилдилар, дейди. Бу одобсизликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит ҳадисга Абу Ҳанифининг хилоф қилишлари мутлақо мумкинмас. Балки бу ҳадисга амални тарк қилдилар, дейиш одобдан бўларди. Сўнг ул зотнинг ўша ўринда ҳадисга амални тарк этишларининг сабаби; ё ҳадис наздларида собит бўлмаган, ё насх бўлгани кўринган. Тўрт бобдан кейин келадиган Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис унинг насх бўлганига далолат қилади. У ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарздор бўлиб вафот этган киши келтирилса: “Қарзидан ортиқ нарса қолдирибдими?”, деб сўрардилар. Агар қарзига тўлайдиган нарса қолдирибди, дейилса унга намоз ўқирдилар. Акс ҳолда мусулмонларга: “Соҳибингизга (ўзингиз) намоз ўқингиз”, дердилар. Вақтики Аллоҳ таоло фатҳларни насиб қилганда:  “Мўминларга ўзлариданам мен яқинроқман. Мўминлардан ким вафот этиб, қарз қолдирса, уни тўлаш менгадир. Ким мол қолдирган бўлса меросхўрларигадир”, дедилар. Бухорий ва Муслим ривоятлари.    
Абу Башр Юнус ибн Ҳабиб айтадилар: Абу Валиднинг шундай деганини эшитдим: “Қарзи бор кишига намоз ўқимаганлари тўғрисидаги ҳадисларни бу ҳадис насх қилувчидир” .  
Лекин Аллома Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавий юқорида зикр қилинган раддияларга қўшилмайдилар ва ўзларининг “Эълоус сунан” китобларида шундай дейдилар:“Тўғри жавоб шул: “Бу ерда хилоф қилинаётган иш қарз берганга кафилллик масаласи бўлиб, ҳақдорга берган қарзини маҳкамланиши, яширишдан муҳофаза этилишига кафолат берилиши ва унга талаб қилиш ҳаққини берилиши масаласидир. Ҳукм шу; зиммаси соқит бўлгани учун қарз маййитдан талаб этилмайди. Чунки соқит бўлган зиммага бошқа зиммани қўшиш дуруст эмасдир.
Аммо ухровий талаб этилишида унинг зиммаси соқит бўлмагани учун маййитнинг қарзини адо этишга кафилликни Абу Ҳанифа инкор қилмаганлар. Ҳадис иккинчи ишнинг жоизлигига далолат қилади, биринчисига эмас. Абу Ҳанифанинг ҳадисга хилоф қилганлари собит бўлмаган. Икки кафолатнинг ўртасидаги фарқ шуки; биринчисида зиммани зиммага қўшилмоқда. Бу эса зимма мавжуд бўлишини тақозо қилади. Иккинчиси бундай эмас. Чунки унда зиммани маййит зиммасига қўшиш йўқ. Балки унда ихтиёрий равишда унинг қарзини бўйинга олиш билан, унинг зиммасини ухровий талаб этилишидан халос этиш бор. Шунинг учун ҳам бу кафолат дуруст бўлиши учун қарз берганнинг қабул этиши шарт қилинмайди. Биринчисидан фарқли ўлароқ унинг рад этиши билан ҳам рад бўлиб қолмайди. Шунинг учун биринчиси эмас, иккинчи кафолат дуруст бўлади” .   
Қисқача хулоса қиладиган бўлсак, мухолиф томон ўзига далил қилган ҳадисни “насх бўлган” ёки ундаги кафолат “оддий ваъда бўлган” дея жавобдан қониқмаган Аллома Таҳонавий ҳадисни қуйидагича изоҳламоқдалар:
Ҳукм қазоан ва диёнатан бўлади. Имом Абу Ҳанифа маййитнинг қарзига кафолат қазоан эмас, балки диёнатан дуруст дейдилар. Яъни бу кафолатнинг дунё ҳукмларида ўрни йўқ, балки қарздорни қиёматдаги жавобгарликдан қутилтиради. Шундан имом Абу Ҳанифа бу ҳадисни инкор қилмаётганлари маълум бўлади.
Таҳонавий қарздорнинг синиши ва ҳукман зиммаси фосид бўлишига имом Муслим Абу Саид Худрийдан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни далил қиладилар: “Расулуллоҳ замонларида бир кишининг сотиб олган мевасига касаллик етди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга садақа қилинглар”, дедилар. Одамлар унга садақа қилишди, аммо бу унинг қарзини тўлиқ тўлашга етмади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақдорларига: “Топганингизни олинглар. Бундан бошқасига ҳаққингиз йўқ”, дедилар.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг: “Топганингизни олинглар. Бундан бошқасига ҳаққингиз йўқ”, деган сўзлари тўлашга нарсаси йўқ кишидан қарз соқит бўлишига далолат қилади. Мол келади, кетади, ҳаётлик чоғда яна бойиб кетиш эҳтимоли бўла туриб, синганнинг тириклигидаги ҳукм шундай бўлгач, ўлганидан кейин авло тариқада шундай бўлади.
Бу синганликка ҳукм қилиш дурустлигини ифода этади, дейилмайди. Абу Ҳанифа бунақа демаганлар. Балки мухолиф шундай дейди. Ҳадис унга қарши ҳужжатдир. Абу Ҳанифанинг наздларида ҳадиснинг маъноси шундай: “Сизларнинг ҳозир бундан бошқага ҳаққингиз йўқ. Қолганини эса имкони бўлгунча кутганингиздан кейин оласиз. Чунки синган тирик экан, мол келади, кетади. Аммо вафот этгач қарзни ундан умид қилинмайди. Зеро, унинг зиммаси бундан кейин тузалмас бўлиб бузилади. Шундай бўлгач, ўлганидан кейин қарзига кафил бўлиш ҳукман дуруст бўлмайди, диёнатан саҳиҳдир. Буни яхшилаб англаб олинг. Абу Ҳанифа ҳадисга хилоф қилдилар, деб ўйламанг. Мазҳабларининг усулидан хабардор одамга махфиймаски, у зот асарга эргашишда одамларнинг энг олдидирлар. Усулларига кўра заиф бўлса ҳам ҳадис қиёсга муқаддам қилинади. Алҳамдулиллаҳки, мазҳабларида ҳадисга хилоф бўладиган сўз йўқ. Агар бўлса айтганларини қўллайдиган бошқа ҳадисга эгадирлар. Ҳадис зоҳирига хилоф қилганларида эса, унга хилоф бўлмаган таъвиллари бор. Имомларнинг барчалари ва асҳоблари ҳам шундай қиладилар”
Юқоридаги баҳслардан шундай хулоса қилсак бўлади: Маййитнинг қарзига қариндоши ёки бегона киши кафолат бериб, бўйнига олиши мумкин. У қарзни адо этса маййитни ухровий жавобгарликдан қутқазган бўлади. Аммо қазоан бу кафолат дуруст эмас, шундан ҳақдор кафилдан тўлаб берасан, деб талаб этиши жоиз ҳисобланмайди. Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад

Мақола жойлаштирилган бўлим: Фатво
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase