Шу билан гуноҳ ишлар қилмаслик, ёмонликлардан узоқ бўлишга тарғиб этади. Солиҳ амалларга қанчалик тарғиб, ёмонликларни не қадар таҳқиқ этмасин, яхшига савоб, ёмонга гуноҳ ваъда қилмасин, гуноҳкорнинг дунёдаги жазосини ҳад ёки таъзир тимсолида белгиламасин, шариатимиз жиноятчининг гуноҳини исбот этишда, унга ҳукм қилишда ўзига хос йўл тутади, услуб қўллайди. Бу ҳукмлар билан танишган инсон Исломнинг нақадар инсонпарвар дин экани, Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайлайҳи васаллам) оламларга раҳмат қилиб юборилганига эса жонли ва ҳаётий намуналарни кўради.
Бу ҳукмлар тааллуқли мавзу шариатимизда “сатр” дейилади. Луғатда сатр – бир нарсани ўраш, ёпиш маъноларини англатади. Ҳадиси шарифда “Аллоҳ ҳаёли ва ёпувчидир, ҳаёли ва ёпувчини севади.”, дейилади (Имом Абу Довуд ривояти). Ундаги ёпувчилик “сатр” сўзидан олингандир. Бу калиманинг истилоҳий маҳноси луғавий маъноси далолатидан ташқарига чиқмайди.
МЎМИННИНГ АЙБИНИ САТР ЭТИШ
Уламолар мўминдан содир бўлган айб, гуноҳ ёки фужурга гувоҳ бўлиб қолган кишига уни яшириш, яҳни сатр этиш мустаҳаблигига ижмоъ қилишган. Хусусан, бундай ножўя ишлар обрўли, ёмонлиги кузатилмаган, бузуқлик билан танилмаган ва унга тарғиб этмайдиган кишидан содир бўлса, буни оммага ҳам, хосга ҳам, ҳокимга ҳам, қозига ҳам ошкор қилмаслик керак. Мусулмоннинг айбини яшириш, тойишини пойлашдан қайтариш хусусида кўп ҳадислар ворид бўлган: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: "Ким мўминнинг айбини яширса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини яширади" (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Бошқа бир ривоятда: "Алллоҳ унинг айбини дунё ва охиратда яширади", дейилади (Имом Термизий ривояти). Яна Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Яхшиларингизнинг адашишларидан кўз юмингиз" дейдилар. (Имом Абу Довуд ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: "Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, уни ҳатто ўз уйида ҳам шарманда қилади", дейилади (Ибн Можа ривояти).
Чунки айбларни ошкор қилиш, бир мўминдан содир бўлган ишни сўзлаш ҳаром этилган ғийбатга олиб боради, фаҳшни ёйиш ҳисобланади. Уламолардан бири шундай деган: "Осийларнинг айбини яширишга ҳаракат қил, чунки улар айбининг ошкор бўлиши аҳли Исломга айбдир. Ишларнинг аълоси айбларни яширишдир". Фузайл ибн Иёз айтадилар: "Мўмин яширади ва насиҳат қилади. Фожир эса ошкор қилади ва айблайди".
Аммо киши озор, фасод, ошкора фосиқлик ва гуноҳга бепарволик билан танилган бўлса, унинг ҳолини одамларга очиб, уларга маълум қилиш лозим бўлади, токи одамлар ундан ҳазар қилишсин, ёмонлигидан эҳтиёт бўлишсин. Балки агар катта муаммолардан қўрқилмаса, унинг ишлари ҳокимга олиб чиқилиши лозим. Чунки бундаги сатр унинг озор, фасод ва гуноҳларга янада журъатли бўлишига умидвор этади ва бошқаларда у каби бўлишга жасорат пайдо қилади. Унинг фисқи кучайиб, одамлардан ҳайиқмайдиган бўлиб қолса, жиноятини яширмаслик, буни валийуламрга кўтариб чиқиш энди вожиб бўлиб қолади. То у осийга одоб берсин, бузғунчилигига яраша шариатда кўрсатилган ҳад ёки таъзирни ижро қилсин.
Бу ҳукмларнинг барчаси мозийда бўлиб ўтган гуноҳларни яширишга тегишли. Аммо киши гуноҳ устида ушланса, уни бундан имкони борича тезликда қайтариш вожиб бўлади. Кечиктириш ва сукут этиш ҳалол эмас. Қайтаришдан якка ўзи ожиз бўлса, арзиҳоли бундан ортиқ муаммога сабаб бўлмаса, ҳокимият вакилига арз қилиши керак бўлади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Сизлардан бирингиз мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса тили билан, агар бунга ҳам кучи етмаса, қалби билан ўзгартирсин. Бу эса иймоннинг энг заифидир." деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу бобга тегишли уламоларнинг яна бир сўзи бор. Яъни, ҳеч кимга мусулмонлардан бировининг айбини пойлаш, жосуслик қилиш мумкин эмас. Аллоҳ таоло: "Ўзганинг айбини пойламанглар", дейди. (Ҳужурот сураси, 12-оят). Жосусликдан қайтарилган ҳадиси шарифлар ҳам мавжуд. Бундан қуйидаги ҳолатлар мустасно: ровийларни, гувоҳларни, садақа, вақфлар ва етимларга мутасаддиларни текширишга ҳожат бўлганида уларнинг лаёқатига путур етказадиган айбини яшириш ҳалол бўлмайди. Бу айбларни ошкор қилиш ҳаром этилган ғийбат эмас, балки вожиб насиҳатдан саналади.
МЎМИННИНГ ЎЗ АЙБИНИ САТР ЭТИШИ
Мусулмоннинг ўзидан хато ёки тойилиш содир бўлса уни яшириши, Аллоҳга тавба қилиши, ишини султонга ҳавола қилмаслиги керак. Ким бўлишидан қатъи назар, айбини бировга очмасин. Чунки бундай қилса, Аллоҳ таолонинг қуйидаги ваъидига кириб қолади: "Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз" (Нур сураси, 19-оят). Чунки бу Аллоҳ яширган нарсани ошкор қилишдир. Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: “Бу бемаъни ишлардан эҳтиёт бўлинг. Ким унга яқинлашган бўлса, Аллоҳнинг пардаси билан ўзини тўссин ва Аллоҳга тавба қилсин. Чунки ким бизга унинг юзини очса, унга Аллоҳнинг китобини қоим қиламиз (яъни жазолаймиз)” (Ҳоким ривояти).
СУЛТОННИНГ ОСИЙНИ САТР ЭТИШИ
Ҳоким ва раҳбарлар агар осий (гуноҳкор) тавба қилиб, ҳад ёки таъзирни вожиб этадиган ишини унга арз қилиб келса, ўзини билмасликка солиши ва изоҳ сўрамаслиги мустаҳабдир. Балки унинг ўзига гуноҳини яширишга амр этиши, бошқаларни ҳам бунга буюриши ва уни айбига иқрор бўлишдан буришга ҳаракат қилиши керак. Хусусан бу солиҳ, истиқоматли ва аҳволи бошқалардан яширин кишиларда қўлланиши жуда муҳим. Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: "Бир одам Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдиларига келиб: “Эй Расулаллоҳ, мен ҳадга лойиқ иш қилиб қўйдим, уни менга жорий қилинг”, деди. Намоз вақти бўлиб қолган эди, у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан намозни ўқиди. Намоз ўқиб бўлингач, "Эй Расулаллоҳ, мен ҳадга лойиқ иш қилиб қўйдим, энди Аллоҳнинг китобидаги (жазо)ни жорий қилинг", деди. Расулуллоҳ: "Биз билан намозда ҳозир бўлдингми?" деганларида, у «ҳа» дея жавоб қилди. “Унда сени кечирилди”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Гуноҳ ва жиноятдан қаттиқ ҳазар қиладиган, бундай ишларга дунё ва охиратда қатъий жазо белгилаб, уни ижро қилишга кучли ҳарис бўлган Ислом динининг жиноятчи айбини исботлашда тутган бундай инсонпарвар йўли ҳар қанча таҳсинга лойиқ!
СИРЛАРНИ ЯШИРИШ
Мусулмонга мўмин биродари тўғрисидаги фақат ўзи билган сирларини яширмоғи керак. Кимга бўлишидан қатъи назар, ҳатто буни талаб қилинганда ҳам фош қилмаслиги керак. Чунки сирни очиш омонатга хиёнат ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: "Аҳдга вафо қилинглар. Зеро, аҳд-паймон (қиёмат куни) масъул бўлинадиган ишдир" (Исро сураси, 34-оят).
Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Умарга (розияллоҳу анҳу) шундай дегандилар: "Назаримда сиз Ҳафсани менга таклиф этганингизда бирон нарса демаганим учун мендан хафа бўлган бўлсангиз керак". Умар (розияллоҳу анҳу): “Ҳа”, дея жавоб қилдилар. Абу Бакр: "Менга қилган таклифингизда жавоб қилмаслигимга фақат Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уни (Ҳафсани) зикр қилганларини билишимгина ман этди. Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сирларини оча олмас эдим. Агар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уни тарк қилганларида мен қабул этардим", дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: "Мен болалар билан ўйнаб турганимда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдимга келдилар ва бизга салом бердилар, сўнг мени бир ишга жўнатдилар. Шундан онам олдиларига кечикиб бордим. Келган пайтимда онам: "Нимага ушланиб қолдинг?" дедилар. “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мени бир иш билан юбордилар", дедим. “Нима иш экан?” дея сўрадилар онам. “Бу сир”, дедим. Онам айтдилар: "Расулуллоҳнинг сирларини ҳеч кимга сўзламагин".
Саййида Фотимадан (розияллоҳу анҳо) уммул-мўминин Оиша (розияллоҳу анҳо): "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нима дедилар?" деб сўраган пайтларида: "Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сирларини фош қилмаган бўлардим", деб жавоб қилгандилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Яна бир ҳадисда келишича: "Агар киши бир сўзни сўзласа ва у ёқ-бу ёққа алангласа, бу гапи омонатдир" (Имом Термизий Жобир ибн Абуллоҳдан қилган ривоят).
Бу бобга эр-хотинлик сирларини муҳофаза қилиш ҳам киради. Бунда эр-хотинлик муносабатлари бўлсин ёки хонадон сирлари бўлсин, эр-хотиннинг икковига баробар уларни яшириш вожибдир. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Албатта қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида одамларнинг ёмони шундай кишики, у хотинидан ва хотини ундан лаззатланади, сўнг аёлининг сирини ошкор қилади” (Имом Муслим ривояти).
Сатр ҳукмларига “Сатри аврат”, “Сутра” каби мавзулар ҳам тегишлики, улар алоҳида мақолаларнинг мавзуидир.