close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бирорта мазҳабга боғлиқ бўлмасдан амал қилишнинг ҳукми

Савол: Билими йўқ бир кимса имомлардан бирортасига тақлид қилишни ўзига лозим тутмайди. Балки ўз эътиқодича, ҳар бир олимни муқтадо ва пешво деб билади. У ўз давридаги тақводор ва диндор олимнинг айтганига қараб амал қилади. Бирорта мазҳабга боғлиқ бўлмасдан, бирортасига тақлид қилмасдан бу хилда амал қилишнинг ҳукми нима?  

Жавоб: Қадимги ва ҳозирги уламолар муайян мазҳабга боғлиқ бўлиш лозимлиги борасида ихтилоф қилиб келадилар. Айрим олимлар муайян мазҳабга тақлид қилиш вожиблигини айтганлар. Аллома Маҳаллий Шофеъий «Жамъул жавомеъ» номли шарҳида ёзганлар:
«Оми одамга ва ижтиҳод мартабасига етмаган кишига мужтаҳидларнинг мазҳаблари ичидан ўзи бошқасидан кўра устунроқ ёки тенг деб эътиқод қилган бирорта муайян мазҳабни лозим тутиши вожиб бўлади. Амалда ўша мазҳаб устун бўлмаса ҳам майли. Ихтиёр қилинган гап мана шудир».
Имом Камолиддин ибн Ҳумом «Таҳрирул усул» асарида бундай деган:
«Имом (муаллиф) авомларнинг таниқли саҳобалар ва улардан кейинги илмларни ажратиб, тартиб бериб чиққанларга эргашишдан ман қилинганлиги тўғрисида ижмоъни нақл қилган. Айрим кейинги давр уламолари тўрт имомдан бошқасига тақлид қилишни ман қилганлари зикр қилинган. Бу уларнинг мазҳаб тузишлари, масалаларни қайд қилишлари ҳозиргача бирорта бошқа мазҳабларда содир бўлмагани учундир».
Айрим уламоларнинг ихтиёр қилгани эса – муайян мазҳабга тақлид қилиш зарур эмас. Ҳар кимнинг ўзи хоҳлаган мазҳабига амал қилиши ихтиёрийдир. Бироқ шарт шуки, бирор мазҳабни паст санамасин, ўзи амал қилаётган мазҳабга таассуб қилмасин. Агар тўрт мазҳабдан бирортасига таассуб қилса ёки бирортасини ҳақорат қилса, унга таъзир бериш вожибдир.
Зулманосиб шайх Ибн Ҳожиб «Мухтасарул Усул»да бундай деб келтиради:
«Уламоларнинг иттифоқига кўра, мужтаҳидга тақлид қилгандан сўнг унинг гапидан қайтиб бўлмайди. Бошқа ҳукмга кўра эса, унинг жоизлиги ихтиёр қилинган. Бизнингча, бундай воқеанинг юз бериши қатъийдир, буни ҳеч ким инкор қилмаган. Агар бирорта муайян мазҳабни, масалан, Моликий ёки Шофеъий мазҳаби кабини ўзига лозим тутса, учинчи мазҳаб аввалгиси каби бўлади». ???
Дин имомларининг суянчиғи Қози Иззул милла вад-дин (миллат ва диннинг иззати) мазкур асарнинг шарҳида ёзади:
«Агар оми одам бир масаланинг ҳукмида бирор мужтаҳиднинг гапига амал қилса, ундан бошқа ҳукмга қайтиши тўғри эмас. Бунга уламолар иттифоқ қилганлар. Аммо бошқа бир масаланинг ҳукмида бошқа мазҳаб ҳукмига тақлид қилиши жоиз бўлади, дейилган. Саҳобалар ва бошқалар даврида бундай воқеа юз бергани учун бунинг жоизлиги ихтиёр қилинган. Чунки одамлар ҳар бир асрда ўзлари хоҳлаган муфтийларидан фатво сўраб келганлар. Ҳаммалари бир муайян муфтийни лозим тутмаганлар. Бу ҳолат кенг тарқаб, авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда.
Муайян бир мазҳабни лозим тутиш ёки лозим тутмаслик борасида уч хил қараш бор:
қатъий бировини лозим тутиш;
қатъий бировини лозим тутмаслик
худди ўзи лозим тутмаган биринчиси кабидир.
Агар бирор воқеа юз берса, бу борада бир мазҳабнинг ҳукмига эргашса, ундан қайтиб, (бошқа мазҳабга эргашиб) бўлмайди. Бундан бошқа масалаларда эса хоҳлаганига эргашиши мумкин».
Муҳиббуллоҳ ибн Абдушшакур Ҳиндийнинг «Мусалламус-субут» китобида ва унинг шарҳида Валиюллоҳ Лакнавий бундай деб ёзганлар:
«Кўпчилик олимларнинг фикрича, илмда афзалроқ олим бор бўлса-да, ундан афзал бўлмаган олимга ҳам тақлид қилиш жоиздир. Бу фикрни аксар ҳанбалийлар ёқлаганлар. Уни Ибн Ҳожиб ихтиёр қилган, муаллиф ҳам уларга эргашган. Имом Аҳмаддан ҳикоя қилинишича, у киши «Устун фикрга назар солиш вожиб бўлади», деган. Имомийлар мазҳаби ҳам шуни ихтиёр қилгандир. Муқаллид (бирор масала бўйича) ўзи тақлид қилмаётган мазҳабга тақлид қила оладими? Амал қилмаётган масаласида ёки ўзи ихтиёр қилган ҳукмдан бошқасида тақлид қила олади, агар ўзи фатво сўраган олимнинг фатвосига қаноатланадиган бўлса. Саҳобалар даврининг барчасида фатво сўровчилар бир сафар бирор мужтаҳидга эргашса, бошқа сафар бошқа мужтаҳиднинг сўзига амал қилаверганлар.
«Муайян бир мазҳабни лозим тутган одам унда доим қолиши керакми?» деган саволга «Қолиши керак», деб жавоб берилган. Ҳатто айрим такаллуф қилувчилар: «Ҳанафий одам ўз имомининг мазҳабини тарк қилса, унга таъзир берилади», деганлар. Ҳақиқат шуки, ушбу гапнинг асло далили йўқ. Бу ҳолда одам ўзича шариат қилиб олган бўлади. Мазҳабида доим қолиши шарт эмас, дейилган. «Тайсир шарҳут-таҳрир»да буни энг тўғри фикр дейилган. Чунки фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи вожиб қилган нарсаларгина вожиб бўлади. Хуллас, муайян мазҳабга тақлид қилиш вожиб бўлмайди, бошқасига ўтиш жоиз бўлади. Лекин унинг бу иши улуғ мужтаҳидларни менсимаслик ёки ҳою ҳаваси учун бўлмаслиги лозим».
Шунингдек, баҳрул улум (илмлар денгизи) Мавлоно Абдулвалий «Мусалламус-субут»нинг ва «Таҳрир»нинг шарҳида муайян мазҳабга тақлид қилиш шаръан вожиб эмаслигини ҳақиқат, деганлар.
Бу бобдаги таҳқиқ шуки, авомларни бу хилдаги масалалардан узоқ тутиш лозим. Хусусан, бизнинг замондаги авомларга билдирмаслик керак. Уларнинг бирор мазҳабга тақлид қилишдан ўзга чоралари йўқ. Агар фаразан, улар ўз хоҳишларича турли мазҳабларни ихтиёр қилаверадиган бўлсалар, динда фитналар юз беради, тил таъналарни чиқаради, улуғ имомларни ҳақорат қилишлар пайдо бўлади. Айниқса имоми Аъзам Абу Ҳанифа ва бошқалар ҳақида шундай дейдилар: «Бизнинг мазҳаблар билан ишимиз йўқ. Бизга Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари кифоядир».
Улар мазҳабларга тақлид қилиш далилларга тақлид қилишнинг айнан ўзи эканини билмайдилар. Аллоҳ жалла ва аълонинг мана бу ояти каримаси бунга адолатли шоҳиддир:
«Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўранг» (Наҳл сураси, 43-оят).
Бир одам билимсиз бир олимни муқтадо қилиб, унга суянадиган бўлса, гарчи ўтган имомлар ундан кўра тақводорроқ бўлса ҳам, унинг учун шу олим афзал ҳисобланади. Демак, ўтган имомларга тақлид қилиш ўрнига ўша олимга тақлид қилишни афзал деб ҳисоблайдиган бўлса, бу яхши бўлмаган устунликдир.
Аллома Фахриддин Зайлаъий «Шарҳу Канзуд-дақоиқ»да, шайхул ислом Бадриддин Айний ва бошқалар аниқ қилиб ёзганлар:
«Ҳукмлар замонлар ўзгариши ила алмашиб боради».
Бунга гувоҳ сифатиди Абу Довуд ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган қуйидаги жумла келтирилган:
«Агар хотинлар пайдо қилган нарсаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрганларида эди, худди Бану Исроилнинг хотинлари ман қилинганидек, уларни масжидлардан ман қилган бўлардилар».
Шу сабабдан «Ҳидоя»нинг соҳиби ва Шамсул аимма (Имомлар қуёши) Сарахсий, балки жумла ҳанафий ва шофеъий фақиҳлар бир неча ўринда масалаларни ёритганларидан сўнг бундай деб ёзганлар:
«Лекин бу одамларга фатво берилмайдиган масалалардандир!»
Фиқҳ китобларига назар солиб юрувчига бу иш махфий эмас. Демак, муҳаққиқ олимлар наздида муайян мазҳабни ихтиёр қилишнинг вожиб эмаслиги ҳақидаги равшан фикр бўлса-да, бироқ замонамиздаги авомлар учун ихтиёр қилинган фатво – «Муайян мазҳабга тақлид қилиш вожиб ёки мустаҳсан», дейишдир. Чунончи, бу айрим олимларнинг фикри ҳамдир. Авомларни ушбу мазҳаб борасида ихтиёрли бўлиш ишидан ҳаргиз, ҳаргиз хабардор қилмаслик керак. Моҳир олим, мутаассибликдан холи диндор ва тақводор бўлса, ўзининг ихтиёридаги мазҳабни тутавериши албатта афзал ва яхшироқдир.
Орифи раббоний Абдулваҳҳоб Шаҳроний «Мезон»да ёзадилар:
«Бирор инсон Саййидим Али Хавоссдан ҳозирда муайян мазҳабга тақлид қилиш борасида, унинг вожиб ёки вожиб эмаслиги ҳақида сўрайдиган бўлса, унга айтар эдилар: «Шариатнинг айни шоҳидликларига етмасанг, сенга бирорта мазҳабга тақлид қилиш вожиб бўлади. Жами мазҳабларнинг бир-бирига муттасил (узвий боғлиқ) эканини кўрадиган бўлганингда эса, сенга тақлид вожиб бўлмайди».
Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий «Ҳужжатуллоҳул болиға»да шундай ёзади:
«Албатта, ушбу девон тузилиб, таҳрир қилинган тўрт мазҳабга эргашиш жоиз эканига уммат ёки унинг эътимод қилинадиганлари шу кунгача ижмоъ қилиб келишмоқда. Албатта, бунинг фойдаси очиқ-ойдиндир. Хусусан, ҳимматларимиз сустлашган, нафслар ҳавога берилган ва ҳар бир раъй эгаси ўз раъйига маҳлиё бўлган ушбу кунларимизда. Ибн Ҳазмнинг «тақлид ҳаром» деган гапи хатодир».
Яна Самҳудийнинг «Иқдул фарийд фий аҳкомит-тақлид»да қайд қилган:
«Билгинки, ушбу тўрт мазҳабни ушлашда катта масолиҳил мурсала бор. Улардан юз ўгиришда эса катта фасод – бузуқликлар бор. Биз сенга бунинг бир неча жиҳатларини баён қиламиз:
Биринчидан, уммат шариатни танишда ўтган олимларга суянишга ижмоъ қилиб келганлар. Демак, тобеъинлар саҳобаларга суянганлар, табаъа тобеъинлар эса тобеъинларга суянганлар. Шунингдек, ҳар бир табақадаги олимлар ўзларидан олдингиларга суянганлар. Қабул қилиш мана шу ишнинг яхши эканига далолат қилади. ??? Агар ўтган олимларнинг гапларига суяниш аниқ бўлса, уларнинг суянилаётган гаплари саҳиҳ иснод билан ривоят қилинган бўлмоғи лозим ёки машҳур китобларда битилган бўлмоғи керак. Ушбу тўртта мазҳабдан бошқа ҳеч бир мазҳаб бу хилда эмас.
Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Ўзингизга катта жамоани – саводи аъзамни лозим тутинг!»
Ҳақ мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, демак, уларга эргашиш саводи аъзамга эргашиш демакдир».
Яна «Инсоф фий баяни сабабил ихтилоф»да шундай дейилган:
«Одамлар аввалги ва иккинчи юз йилликларда муайян мазҳабга тақлид қилишда жамланмаган эдилар. Иккинчи юз йилликдан сўнг одамлардан мазҳаблашув юз берди. Муайян мужтаҳиднинг мазҳабига суянмайдиган кимсалар жуда оз эди. Бу нарса ушбу даврда вожиб бўлганди.
Агар «Қандай қилиб бирор нарса бир замонда вожиб бўлади-ю, бошқа бир замонда вожиб бўлмайди? Ахир шариат битта бўлса», деб сўралса, мен жавоб бераман:
«Аслида тафсилий далиллардан фаръий ҳукмларни таниб, чиқара оладиган кимсага тақлид қилиш вожибдир. Бунга ҳақиқат аҳли ижмоъ қилган. Агар турли йўллар вожиб бўладиган бўлса, тайин қилмасдан, йўллардан бирини таҳсил қилиш вожиб бўлиб қолади. Агар битта йўл бўлса, ўша йўлни махсус муайян қилинади. Чунончи, салафи солиҳлар ҳадисларни ёзмас эдилар. Сўнг бизнинг давримизда ҳадисларни ёзиб олиш вожиб бўлиб қолди. Чунки ҳадис ривоятида ушбу китобларни танишдан бошқа йўл қолмади. Ўтганлар наҳв-сарф ва луғат билан ҳам машғул бўлмаганлар. Чунки уларнинг тиллари арабча эди. Сўнг бизнинг кунларга келиб, уларни ўрганиш вожиб бўлди. Демак, Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр шаҳарларида шофеъийларнинг ҳам, ҳанбалийларнинг ҳам, моликийларнинг ҳам мазҳаби йўқ, ушбу мазҳаб китоблари ҳам топилмайди. Шунинг учун ушбу шаҳарларда яшовчи билимсиз инсонга Абу Ҳанифа мазҳабига тақлид қилмоғи вожиб бўлади. Унга ўз мазҳабидан чиқиши ҳаром бўлади. Ҳарамайнда яшаган кимсага ундай эмас. Чунки у ерда жами мазҳабларни топиш имконияти бор».
Гапнинг хулосаси шуки, билимсиз кимса бирор мазҳабни лозим тутмайдиган бўлса, тақводор бир олимнинг гапига амал қилсин. Шарт шуки, ўша билимсиз динни енгил санашдан, мужтаҳид имомларга таъна қилишдан ва бошқа шунга ўхшаш беодобликлардан холи бўлиши керак. Шунингдек, у суянаётган олимнинг масалаларни таҳқиқ қилиш бобида тўлиқ маҳорати бўлсин. Унда ҳам таассуб асари бўлмасин, унинг тилидан мужтаҳид олимларга таъна қилиш содир бўлмасин. Шу суратда ўша кимса муайян мазҳабни лозим тутмаслик бобида ихтиёрлидир. Лекин бизнинг давримизда на бундай диндор олим ва на бундай билимсиз тақводор учрайди. Иншааллоҳ, бундайлар ҳам учраб қолар...

Валлоҳу аълам бис-савоб ва ҳува аъламу бил-Китоб!    

Абдулҳай Лакнавий. «Мажмуатул фатово». 1-жилд. – Лакнав: Юсуфий, 1907. – Б. 22-25.
Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний

Илова: Ушбу савол-жавоб матнида келган «Муайян мазҳабга тақлид қилиш зарур эмас» деган маънодаги гапларнинг барчасида «ижтиҳод даражасига етган киши учун» деган шарт бор. Чунки мазкур фиқҳда мужтаҳидлик даражасига етган кишилар ўзлари ижтиҳод қилишлари зарурлиги борасида ҳеч ким ихтилоф қилмаган. Аммо бемазҳаблар ушбу қайдни доимо «эсдан чиқариб» қўядилар.
Шайх Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳининг давридан бизнинг давримизгача кўп вақт ўтди. Бу вақт ичида одамларнинг диний илмлари яна ҳам саёзлашди. Юқори савиядаги олимлар яна ҳам озайди. Араб бўлмаган мусулмонларнинг, айниқса омма мусулмонларнинг диний илмни ўзлаштириши яна ҳам қийинлашди. Кўпчилик ҳатто Фотиҳа сурасининг маъносини ҳам тўлиқроқ билмайдиган даражага тушди. Ана шундай вазиятда, фиқҳий мазҳаблар бидъатдир, ҳар ким ўзи ижтиҳод қилиши керак, деган гапни айтиш заррача ақли бор одамга тўғри келмай қолди. Аммо минг афсуски, айни шу гапни тинмай такрорлайдиган, ёзадиган, интернетда жар соладиган «ақллилар» топилиб турибди. Уларнинг «ақли»га қойил қолмай иложимиз йўқ. 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Фатво
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase