- “Абу Ҳанифа ҳадисни билмайди. Унинг мазҳаби фақат раъй ва қиёсга (айниқса, истеҳсонга) асосланган”;
- “Абу Ҳанифа ва асҳоблари ҳадисга хилоф равишда раъй ва қиёсни оладилар, ҳадисни эса тарк қиладилар”;
- “Ҳанафий мазҳабини қувватлаш ва масалаларини далиллаш учун келтирган ҳадисларининг ҳаммаси заифдир”.
Мазкур таъналарга ҳанафий мазҳабини ёқлаб чиқувчи тадқиқотчилар қуйидагича жавоб берганлар:
Биринчи жавоб. Абу Муҳаммад Ҳасан Ромаҳурмузийнинг (ваф. 360/970) айтишича, Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) яшаган даврларда Куфа шаҳрининг ўзида тўрт минг нафар киши ҳадис илми билан, тўрт юз нафар кимса эса фиқҳ билан машғул бўлган(Қаранг: Муҳаммад Зоҳид Кавсарий.Тақаддума “Насбур-раъя”//Жамолиддин Зайлаъий. Насбур-раъя ли-аҳодисил ҳидоя". I жилд. - Ҳиндистон, 1357,- Б. 35.). Ҳеч бир шаҳарда бунчалик кўп ҳадис билан шуғулланган уламоларни учратиш мумкин эмасди.
Шундай шаҳарда ўсиб-улғайган фақиҳга нисбатан ҳадис билмайди, дейиш тўғри эмас. Ибн Шоҳин (909-995), Дорақутний (919-995), Абул Муайяд Хоразмий (1197-1257) каби муҳаддислар Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг ривоят қилган ҳадислардан иборат муснадни тузган. Шунингдек, Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг “ал-Асор” (Асарлар) асарлари, хусусан, ҳанафий мазҳабининг энг эътиборли манбаларидан бири “Ал-Ҳидоя”да келтирилган ҳадисларнинг тахриж-ларига бағишланган қуйидаги асарларнинг ўзиёқ “Абу Ҳанифа ҳадис билмайди”, деган таънанинг нотўғрилигини исботлайди:
Ҳофиз Абдулқодир Қурашийнинг “Ал-Иноя фий тахрижи аҳодисил ҳидоя”, Ҳофиз Алоуддин Али ибн Усмон Мординийнинг “Ал-Кифоя фий маърифати аҳодисил ҳидоя”, Жамолидцин Абдуллоҳ Зайлаийнинг “Насбур раъяли аҳодисил ҳидоя”, Ҳофиз Қосим ибн Қутлубғо Ҳанафийнинг “Мунийятул алмаий”, Муслиҳиддин Мустафо Сурурийнинг “Ат-Танбеҳ ъала аҳодисил ҳидоя” ва Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоиийнииг “Ад-Дироя фий талхиси аҳодисил ҳидоя” асарлари.
Иккинчи жавоб. Мужтаҳид ўлароқ саҳиҳ ҳадисни кўра ва била туриб, унга хилоф равишда фатво бериш айрим ҳолларда ҳадисни ҳеч ким хаёлига ҳам келтира олмаган фикр билан чиройли ва гўзал таъвил қилинганидан келиб чиққан. Гоҳида ҳадиснинг саҳиҳлиги аниқ бўлмагани учуи ёки бошқа саҳиҳ ҳадис унга қарши келганида ёхуд ундан кучлироқ бошқа далил чиққани учун ҳам ҳадис тарк этилади. Гоҳо ҳадис саҳиҳ бўлса ҳам, унинг ҳукми бекор (мансух) қилингани равшан бўлиб қолади. Бу нарсалар ижтиҳоддаги ихтилоф бўлиб, унга асло ҳадисга мухолиф бўлди, дейилмайди. Заҳабийнинг (1274-1348) айтишига қараганда, Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий (767-820) бундай деган: “Муҳаммад ибн Ҳасаннинг китобларига 60 динор сарфладим. Кейин роса ҳаракат қилиб (тадаббур би-лан), унинг келтирган ҳар бир масаласи ёнига ҳадис ёзиб чиқдим!”(Заҳабий.Тарихул Ислом //Ал-Мактабат аш-шомила, 2006. 3/406.).
Учинчи жавоб. Ҳанафий мазҳаби далиллари заиф ҳадисларга асосланади, дейиш ҳам тўғри эмас. Ҳадисларнинг саҳиҳ ва заифлигини белгилашнинг ўзи ижтиҳодий иш ва муҳаддисларнинг ўз илмига яраша ишлаб чиққан назарияларидир. Бу эса замон ва макон ҳамда шахсларга боғлиқ иш ҳисобланади. Абу Ҳанифа саҳиҳ деб билган ҳадис, бошқалар наздида заиф бўлиши ёки аксинча ҳолатни ҳам кўриш мумкин. Муқаллидларнинг келтирган далиллари, бирон масалага айтган жавоблари мужтаҳиднинг далили ёки жавоби эканини билдирмайди. Шунинг учун мужтаҳиднинг фикри ва ғояси қаердан келиб чиққанини излаш керак бўлади. “Абу Ҳанифа фалон масалада саҳиҳ ҳадисга хилоф фатво берибди”, дейдиганлардан ўша ҳадиснинг саҳиҳ эканини қаердан билгани сўралса, “Фалон муҳаддис саҳиҳ деган”, деб жавоб беришди. Ҳолбуки, Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг гапига далил сифатида “саҳиҳ” деб ривоят қилган ҳадис мавжуд! Шу ерда: “Нима учун Абу Ҳанифага ишонмай, ундан анча кейин ўтган муҳаддисга ишониш керак?! Нима учун Абу Ҳанифа тобеин ва ижтиҳод даврининг олими бўла туриб, ҳадиснинг саҳиҳ ёки заифлиги борасида замондоши ёки ўзидан кейин ўтган кимсага эргашиши керак?! Абу Ҳанифа даврида саҳиҳ бўлган ҳадис кейинги даврда яшаган муҳаддисгача ровийлар сабабидан заиф бўлиб етиб келиши мумкин-ку!” деган савол ўртага ташланган. Ҳанафий мазҳаби масалалари далилларига бағишланган асарлар - Абу Жаъфар Таҳовийнинг (853-933) “Шарҳу маонил асор” (Осарлар маъноларининг шарҳи) ва “Мушкулул асор” (Осорлар мушкули), Ибн Ҳумомнинг (1386-1456) “Фатҳул қадир шарҳул ҳидоя”, Али Қорининг (ваф. 1014/1605) “Шарҳун ниқоя”, Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавийнинг (1892-1975) “Эълоус сунан” (Суннатларни олий қилиш) каби асарлар ҳанафийлик фатволари асло заиф ҳадисларга асосланмаганини исботлайди.
Ҳамидулла Аминов ва Соатмурод Примовнинг
"Ҳанафий фиқҳи тарихи, мансаблари ва истилоҳлари" китобидан