close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Жаҳон иқтисодиёти етакчиларини биламан деб ўйлайсизми? ЯИМ таҳлили сизни ҳайрон қолдириши мумкин

Номинал ЯИМ аввалгидек, турли мамлакатлар иқтисодий қудратини халқаро таққослаш кўрсаткичи бўлиб қолавермоқда, лекин унинг ишончлиги барибир саволлар уйғотмоқда. Лоран Шалар "Атлантико"га берган интервьюда қайд этишича, халқаро геосиёсатдаги иккита асосий мамлакат - Хитой ва Россиядаги ҳолат айниқса муаммоли бўлиб кўринади. Расмий статистика маълумотлари объектив эканлиги борасида шубҳалар мавжуд.

Атлантико»: Тома Пикетти (Thomas Piketty) Россия ҳақида ва Майкл Петтис (Michael Pettis) Хитой ҳақида қайд этганларидек, айрим мамлакатларда ЯИМни баҳолаш саволлар юзага келтиради, чунки бойликлар даражасини ошириб ёки пасайтириб кўрсатишга олиб келади. ЯИМ миллатлар фаровонлигининг ҳақиқий ҳолатини акс эттиришга имкон берадими?
Лоран Шалар: Номинал ЯИМ аввалгидек, турли мамлакатлар иқтисодий қудратини халқаро таққослаш кўрсаткичи бўлиб қолавермоқда, лекин унинг ишончлиги барибир саволлар уйғотмоқда, боз устига, ҳозирги куннинг ҳақиқий «худоси», иқтисодиётнинг йиллик ўсиши айнан унинг асосида ҳисоблаб чиқилади. Давлатлар бойлик даражасини баҳолаш барча кўрсаткичлари орасида номинал ЯИМ кўплаб иқтисодчилар томонидан энг ишончли деб тан олинади, чунки у бирон-бир давлатда белгиланган вақтдаги реал иқтисодий ишлаб чиқаришга тааллуқли. Бошқача қилиб айтганда, бу миллий ишлаб чиқариш бутун ҳажмини пул шаклида ифодалашдир. Ваҳоланки, кейинроқ бошқа кўрсаткичлар ҳам таклиф этилган. Лекин улардан биронтаси, афтидан, берилган вақт даврида давлатларнинг иқтисодий қудратини таққослаш учун кўпроқ мос келадиган асос бўлиб хизмат қила олмайди.
Лекин шунга қарамай, ҳар қандай кўрсаткич каби, номинал ЯИМ ҳам мукаммалликдан йироқ. Унинг ҳам ўз камчиликлари бор. Энг аввало, у фақат пулга айирбошлаш мумкин бўлган неъматларни ҳисобга олади. Бошқача қилиб айтганда, пулга алоқадор бўлмаган ишлаб чиқариш (масалан, волонтерлик ёки таълим соҳасида) эътиборсиз қолади. Бироқ мамлакатларга қараб, буларнинг ҳаммаси миллий бойликнинг у ёки бу қисмини ташкил қилиши мумкин. Кейин, номинал ЯИМ камдан-кам ҳолларни истисно қилганда норасмий секторни ҳисобга олмайди, у статистикада сезиларли даражада акс этитирлмайди. Буларнинг барчаси камбағал мамлакатларда, хусусан, Латин Америкаси каби гиёҳвандлик воситалари иқтисодиёти катта роль ўйнайдиган мамлакатларда ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳажмини баҳолашни қийинлаштиради. Бундан ташқари, номинал ЯИМ валюта курслари йиллик ўзгариб туришларига жуда сезувчан бўлади: валюта котировкасининг кескин тушиб кетиши автоматик равишда ЯИМ пасайишига олиб келади, унинг ўсиши эса бу кўрсаткични оширади. Масалан, сўнгги 30 йил давомида Франция ва Буюк Британияда ЯИМ ўртасидаги фарқ турли иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари билан бир хил даражада уларнинг валюталари курси ўзгариб туриши билан изоҳланади. Ниҳоят, худди демография бўйича маълумотлар билан бўлгани каби, номинал ЯИМ миллий статистика институтлари маълумотлари сифатига жуда кучли боғлиқ бўлади. Ривожланган мамлакатлар бу маълумотлар жуда ишончли, бироқ статистика маълумотлари тўплаш самарали тизими билан ажралиб турмайдиган қолоқ давлатлар бўйича маълумотларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш лозим.
— Қайси ҳолатлар энг муаммоли?
— Ялпи ички маҳсулот бўйича расмий маълумотларнинг ишончлилиги ҳақида саволлар туғдирадиган кўплаб мисолларда, халқаро геосиёсатдаги иккита асосий давлатнинг ҳолатлари айниқса муаммоли ҳисобланади.
Бу давлатларнинг биринчиси – Хитой. Унинг ЯИМ ортиқча баҳо берилган кўринади, бундан йилдан-йилга қайд этилаётган ўсиш кўрсаткичлари ҳаддан ортиқ чизиқли кўринишга эга эканлиги ҳам далолат беради. Бу ўзгаришлар, жумладан, фаол ўсиш даврларида ҳам бир текисда бўлмайдиган дунёнинг бошқа мамлакатлари кўрсаткичларига мос келмайди. 2000-йилларда айрим экспертлар Хитой ЯИМга ортиқча баҳо бериб юборилганини кўрсатган эди, охирги пайтларда эса бундай шубҳалар Хитойдаги вазиятни диққат билан кузатиб бораётган ҳамда ЯИМ ўсиш кўрсаткичлари ва реал иқтисодиётнинг ҳис қилинадиган ривожланиши ўртасидаги фарқни кўраётган иқтисодчилар орасида кенг тарқалди. Майкл Петтиснинг сўзларига қараганда, Хитой ЯИМ ортиқча баҳо берилганидан далолат берадиган иккита кўрсаткич мавжуд. Биринчидан, ЯИМда ноишлаб чиқариш соҳасига кўплаб инвестициялар ҳисобга олинади, ваҳоланки улар миллий ишлаб чиқариш ҳажмини оширмайди. Кейин, жойларда ҳалигача мамлакат ҳукуматига ўзини кўрсатиш, Компартия қўйган мақсадлар бажарилаётган ва ҳатто ортиғи билан (худди СССРда 1980-йиллардаги каби) бажарилаётганини намойиш этиш учун маҳаллий ишлаб чиқариш кўрсаткичлари максимал даражада ошириб кўрсатиладиган мамлакатда расмий статистика маълумотларининг тўғрилиги шубҳа уйғотади. Буларнинг барчаси ишлаб чиқариш кўрсаткичларини ошириб кўрсатади ва иқтисодиёт аслидагидан кўра яхшироқ ҳолатда деган тасаввур уйғотади. Коммунистик мамлакатлар аллақачон у ёки бу даражада қалбакилаштирилган маълумотларга кўниктириб қўйган ва шу сабабли уларнинг расмий кўрсаткичларини ҳақиқат деб тан олмаслик керак. Хитой унинг иқтисодий қудрати ҳақиқатдагидан кучлироқ бўлиб кўринишидан манфаатдор, чунки ҳозирги пайтда унинг халқаро майдондаги таъсири кўпинча айнан шу далилга таянади.
Бундай муаммога дуч келган иккинчи мамлакат бу – Россия, бироқ, бу ерда қарама-қарши йўналишдаги ўзгаришни кўриш мумкин: унинг номинал ЯИМ Хитойдан фарқли ўлароқ, анча камайтириб баҳоланади. Исталган эътиборли кузатувчи қайта қуролланиш (у жуда катта харажатларни кўзда тутади) кўлами ва расмий мудофаа бюджети кичиклиги ўртасидаги тафовутни, шунингдек, Саудия Арабистони каби мамлакатлар билан таққослаганда дунёда биринчи ўринда турадиган нефть ишлаб чиқарувчи мамлакат бойликлари кўрсаткичининг нисбатан пастлигини (айниқса, у нефтдан бошқа ҳеч нарса сотмаслиги, Россия Федерацияси эса Ғарбий Европадан ортда қолсада, улкан саноат қувватларига эга эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак) сезмаслиги мумкин эмас. Хусусан, Тома Пикетти буни шу билан изоҳлайдики, Россия элитаси миллий ишлаб чиқариш бйликларининг катта қисмини (энг аввало, хом ашё соҳасида) хорижда оффшорларда жойлаштиради ва бу расмий статистикага киритилмайди. Бунга айрим экспертлар томонидан дунёдаги энг кучли (ва энг бой) саналган рус мафиясининг маблағларини ҳам қўшиш керак. Россиянинг кучи кўпроқ энергетика ва ҳарбий кучга таянар экан, номинал ЯИМ кўрсаткичлари нисбатан суст эканлиги Россия ҳукумати учун хитойликлардан кўра кўпроқ муаммоли ҳисобланади: мамлакат таъсири ушбу далилга таянмайди.
— Расмий статистика маълумотларини ошириб ёки пасайтириб кўрсатишга одатда қандай сабаблар олиб келади?
— Номинал ЯИМ бўйича қониқарсиз маълумотлар пайдо бўлишининг бир нечта кўп учрайдиган сабаблари мавжуд. Бундан ташқари, бу маълумотлар кўп жиҳатдан юқори даражада баҳоланмаганига қарамасдан, унда дунё бойлиги даражаси, тахмин қилиш мумкин бўлганидан юқори. Хусусан, бу (ҳеч бўлмаганда қисман) бир неча миллиард одам бундай расмий даромадларда қандай қилиб омон қолиши мумкинлигини тушунтиради.
Биринчи ва асосий сабаб хуфёна иқтисодиёт кўлами билан боғлиқ. давлат қанчалик камбағал бўлса, норасмий ишлаб чиқариш улуши шунчалик катта бўлади. Бу, энг аввало, гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқариладиган ва/ёки мафия гуруҳлари фаол ишлайдиган мамлакатларга тааллуқли. Натижада кўплаб давлатларда номинал ЯИМ пасайтириб кўрсатилади ва хуфёна секторни ҳисобга олган ҳолда статистикага тузатиш киритиш ЯИМ кўрсаткичларида жиддий акс эттиши мумкин. Масалан, 1990-йлларда хуфёна иқтисодиёт ҳисобга олинганидан сўнг Британия даражасига етгач, Италияда шундай бўлди ва бу британияликлар учун ҳақиқий «шок» бўлди.
Иккинчи сабаб айрим давлатлар элитаси маблағларни талон-тарож қилиш билан боғлиқ. Раҳбарият талон-тарож билан шуғулланадиган ҳолатларда (айсуски, дунёда бундай ҳолатар жуда кўп учрайди) миллий бойликларнинг бир қисми хорижга офшорларга олиб чиқиб кетилади ва расмий маълумотларда ҳисобга олинмайди. Хусусан, элита томонидан маблағларнинг талон-тарож қилиниши асосан хом ашёдан даромад оладиган Марказий Африка давлатларида кенг тарқалган.
Учинчи сабаб миллий статистика идоралари тақдим этадиган маълумотлар сифати бир хил эмаслигидан иборат. Бу бутун миллий ишлаб чиқаришни қамраб олиш учун маблағлар етишмаслиги ёки миллий даражада маълумотлар тақдим этадиган ҳалол эмаслиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Натижада ЯИМ мамлакатдаги вазиятдан келиб чиқиб, ощириб ёки камайтириб кўрсатилиши мумкин. Бундан ташқари, иккала ҳолат бир-бири билан боғланиб кетиши мумкин ва пировардида уларнинг қайси бири ғолиб чиқишини айтиш қийин бўлади.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Иқтисод
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase