close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Хорижда ишламоқчимисиз?

«Москвада Богратионе номи билан аталадиган метро бекати бор. Ҳар сафар ўша бекатдан ўтганимда кўзимга ёш келади. Бу ғурурланиш кўз ёшлари ва мен грузин эканимдан ғурурланаман. Ҳозир ҳам қора курсига қарар эканман, кўзимга ёш келаяпти. Аммо бу бошқача кўз ёш, уялиш кўз ёшлари ва мен грузин эканимдан уялиб кўз ёш тўкаяпман».

Барчамизга таниш «Мимино» фильмидаги машҳур жумлани эслаган бўлсангиз керак. Аммо нима учун мақолани бу жумла билан бошлади, деб ажабланманг. Ҳозир мен бу жумлани бироз ўзгартириб, сизга бошқатдан айтиб бермоқчиман.
«Хорижда Руслан Чагаев ҳақида жуда кўп ёза бошлашди. Ҳар сафар хориж нашрларида ўзимиздан чиққан жаҳон чемпиони ҳақида мақола ўқир эканман, кўзимга ёш келади. Бу ғурурланиш кўз ёшлари ва мен ўзбек эканимдан ғурурланаман. Аммо хорижда фоҳишалик билан шуғулланаётган, танасини сотаётган ўзбеклар ҳақида, уларнинг қўлга олингани, қамалгани ҳақида ўқиганимда яна кўзимга ёш келади. Аммо бу бошқача кўз ёш ва мен ўзбек эканимдан уялиб кўз ёш тўкаман».
Йўқ, ўша Папиашвили «Мимино» киносида бу гапларни қанчалик холис айтган бўлса, менинг холислигим ҳам ўша даражада. Руслан Чагаевнинг жангини жонли эфирда кўрдим. Аммо жанг якунланганидан кейин ҳам кўзимга ёш келмади. Тўғри, ичимда бироз ғурурланиш сездим ва кейин тинчгина кириб ухладим. Хориждаги фоҳишалар ҳақида ўқиганимда ҳам йиғламайман, ҳатто хориж сафарларида уларнинг кўча-куйда турганини кўрганимда ҳам кўзимга ёш келмайди, шунчаки алам қилади, бироз жаҳлим чиқади.
Мимино фильмидагилар ўзи жуда ҳис-туйғуга берилган актёрлар эди. Замон ҳам ўзгарди ўша фильмдан бери -ҳозир унча-мунчага кўзимиздан ёш чиқмайди. Аммо бу мақола ҳозир кўз ёши ҳақида ҳам эмас, балки «Мимино» фильми тасвирга олинган даврдан бери рўй берган бошқа ўзгариш - хорижга чиқишнинг осонлашгани ҳақида!
Хорижга бориш, чет мамлакатларга саёҳат қилиш, таҳсил олиш ва ишлаш ҳозирги кунда кўпчилик ёшларнинг асосий қизиқишларидан бирига айланган. Уйда туппа-тузук касби, оиласи ва ҳаёти бўлгани ҳолда, хорижда озгина бўлса ҳам яшаб, ўқиб, ишлаб кўришни орзу қиладиганлар, яширмаймиз, орамизда жуда кўп. Ростини айтганда, бунинг ҳеч қандай ёмон жойи ҳам йўқ, аксинча, 70 йилдан зиёд вақт мобайнида ёпиқ тузумда яшаган одамларда бундай қизиқишнинг бўлиши табиий ҳол сифатида қаралиши керак. Аммо биз ёритмоқчи бўлган мавзу - хорижга чиқиш жараёнидаги баъзи бир салбий ҳолатлардан сиз азиз ватандошларимизни огоҳ этиш. Токи агар бошқа юртда ўз миллатимиз номи-ни эшитиб кўз ёш тўкадиган бўлсак, Богратионе каби метроларда фахрланиб кўз ёш тўкайлик, қора курсига қараб уялиб эмас!
Хорижга йўл оларкан, Ўзбекистон фуқароси нафақат ўз шаъни, балки бутун бир миллат, мамлакат шаъни ва обрўси га муносиб тарзда кириб бориши керак ўзга юртларга. Аммо «муносиб» кириб бориш аслида қандай бўлиши керак? Тўғри, ҳаммамиз ҳам Руслан Чагаев каби жасорат кўрсатишга қодир эмасмиз, аммо бу биздан талаб ҳам қилинмайди! Фақат муайян қоидаларга бўйсунсак бас.
Биласиз, хорижий мамлакатга бир қанча мақсадларда сафар қилиш мумкин: саёҳат, таҳсил олиш ёки иш топиш. Нафақат Ўзбекистон, жаҳоннинг барча мамлакатлари аҳолиси ҳам асосан мана шу уч мақсадда бошқа мамлакатларга сафар қилади. Давлатлараро келишувларга кўра бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга кириш визаси ҳам сафар мақсадига кўра ҳар хил бўлади ва энг қийини, сезиб турибсиз, ишлаш учун виза олиш. Бу жуда ҳам мураккаб жараён бўлиб, ишлаш ҳуқуқини берувчи виза ҳар кимга ҳам берилавермайди. Виза бераётган давлат вакиллари бўлажак ишчининг чиндан ҳам ишлаб кетишига, бунга имконияти, қобилияти ва сабри чи-дашига амин бўлмай туриб, масалани ижобий ҳал қилишмайди.
Саёҳат қилиш ёки таҳсил олиш учун бериладиган визалар иш визасига нисбатан осонроқ ҳал этилгани учун, бу турдаги визалар кенгроқ тарқалган ва осонроқ ҳал этилади. Тўғри, саёҳат ёки таълим олиш мақсадида виза олиб, маълум бир мамлакатга кўчиб борганингиздан кейин ҳам иш топишингиз мумкин. Аммо кўплаб мамлакатлар ўз фуқаролари ва иқтисодиёти манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда бу икки тоифадаги мусофирларга ўз мамлакатлари ҳудудида ишлашга рухсат бермайдилар, рухсат берилса ҳам, бир қанча чекловларни юклаб ташлашади.
Хорижда таҳсил олиш арзон эмас, шунинг учун ҳам ишлаб, ҳам ўқишимга пул тўлайман ва сармоя йиғиб келаман деб режа тузиб хомтама бўлманг! У ерда ишлаб топилган пул, бизнинг ўлчамда қанча кўп туюлмасин, кўп ҳолларда ўқиш пулини тўлашга ҳам етмайди. Чунки ўқиш учун ижозат берадиган виза аввало сизнинг ишлаш ҳуқуқингизни чегаралайди ёки бутунлай таъқиқлаб қўяди. Ноқонуний тарзда ишлаб топган пулингиз эса қорин тўйғазишдан ортмаслиги аниқ. Бу ерда сизнинг яхши маош тўланадиган иш топа олиш ёки топа олмаслигингиз ҳақида гап бораётгани йўқ. Балки яхши маош тўланадиган иш топишга ҳақ-ҳуқуқингиз бўлиш ёки бўлмаслиги ҳақида бормоқда. Яхши маош тўлаш истагидаги ташкилот, табиийки, ҳамма нарсанинг қонуний бўлишини истайди. Ноқонуний иш берадиганлардан эса яхши маошга умид қилиш бефойда. Шундай экан, агар сиз сайёҳ ёки талаба визаси билан бирон хорижий мамлакатда ишлаб пул топаман деб ўйласангиз янглиш фикр юритаётган бўласиз.
Биринчидан, саёҳат визасининг ҳам ўз даҳмазалари бор - ўша мамлакат элчихонаси (консуллиги) сизга виза беришдан аввал юртингизга ўз вақтида қайтиб келишингиз, молиявий жиҳатдан яхши таъминланганлигингиз, банкда жамғарилган пулларингиз миқдори, ойлик маошингиз, мерос ҳуқуқлари, турли шакл-даги мулклар ва бошқалар ҳақида маълумот сўрайди. Бунга қўшимча тарзда ижтимоий аҳволингиз - оила, яхши иш, фуқаролик бурчлари ва мамлакатингизга боғлаб турган яна бир қанча маълу-мотларни ўрганиб чиқади. Шуларнинг исботини кўрсатмагунингизча сайёҳлик визаси билан ҳам хайрлашдим деб ҳисоблайверинг.
Таҳсил олиш ҳуқуқини берадиган талабалик визасига келсак, бунинг учун сиз ўша мамлакат олийгоҳига ўқишга кирганингиз ҳақидаги ҳужжатлар ва ўқиш пулини тўлай олиш имкониятингиз ҳақидаги молиявий маълумотнома тақдим этишингиз керак. Бунинг устига ўша мамлакат тилини яхши билишингиз ва буни талабалик визасини олиш учун элчихона ёки консулликка суҳбатга кирганингизда кўрсатиб беришингиз зарур! Чет тилини билмаган ҳолда тил ўрганиш курсларига бориш учун виза олиш масаласига келсак, мутахассисларнинг фикрини айтишиимиз мумкин, бунинг эҳтимоли ҳозирги кунда жуда-жуда паст!
Хўш, виза масаласи ва унинг асосий турлари билан танишиб олдик. Энди асосий мавзуга ўтсак - нима учун шунча тўсиқларга қарамасдан ҳозирда хорижда тил ўрганиш курсларига, саёҳатга ва ҳатто ишга юборувчи воситачи фирмалар сони кўпайиб кетди? Ўйлаб кўринг-чи!
Ҳозир биз воситачи фирмалар, улар-нинг рекламаси ёки антирекламаси билан шуғулланиш истагида эмасмиз. Шунинг учун мақолани тайёрлаш жараёнида мухбирларимиз мурожаат қилган фирмаларнинг номини келтирмаймиз. Фақат «Виза бизнесидан ким манфаат кўради» мақоласи нима учун бир ой илгари «келгуси сонда» деб эълон қилиниб энди газета юзини кўрганини тўғри қабул қилишингизни сўраймиз, буни муштарийларимизга тушунтиришдан олдин ўзимиз яхшилаб тушуниб олишга ҳаракат қилдик. Бу эса кўп меҳнат, кўп даҳмаза ва, табиийки, кўп вақт талаб қилди.
Ўзбекистондан хорижга юбориш билан шуғулланувчи фирмаларни ҳозирги кунда асосан икки гуруҳга ажратиш мумкин: одам овловчи ва пул шилувчи. Бу фарқланишга қарамасдан ҳар иккаласининг ҳам мақсади бир: содда ёшларни алдаб пул ишлаш!
Адолат нуқтаи назаридан айтиш лозим, фирмаларнинг иккинчи тури биринчисига нисбатан «беозорроқ», яъни улар асосан молингизни талаш билан чекланишади. Бу тоифа сизни ўқишга/ишга юборишга ваъда бериб, эвазига сиздан пул сўрайди. Улар билан суҳбатлашсангиз, хорижга жўнатиш жараёни шу қадар осон ва содда тушунтириладики, беихтиёр бир оёғингизни хорижда деб ҳис қиласиз, ҳаёлан ишлаб топажак пулларингизни тўйга, битмай қолган уйга, машина сотиб олишга сарфлай бошлайсиз. Айнан мана шу ерда сизга асосий зарба берилади, тушунарли қилиб айтсак, «гол уришади», яъни бундай «имкониятни яратиб бераётганлари» учун сиздан «арзимаган» депозит пулни олдиндан тўлаб қўйишни ва шартномага имзо чекишни сўрашади. Диққат! Мана шу ерда ҳушёр бўлинг!
Хорижга ишга олиб кетишни таклиф қилаётган фирма вакиллари билан мухбиримиз учрашди ва ўзини шу ишга қизи-қаётган қилиб кўрсатди. Ўртада «гол уриш ўйини» бошланди!
Пул тўлаш ва шартномаларга имзо чекишдан аввал «виза олишимга кафолат бера оласизми?» деб сўранг ва ижобий жавоб кутманг. Одатда улар бу каби саволга «бу нарса ўзингизга боғлиқ, биз сизга керакли маслаҳатларни берамиз» деб жавоб қайтаришади, чунки бу нарсага ўша мамлакат консулидан бошқа ҳеч ким кафолат бера олмайди (1:0).
«Сизга мурожаат қилганларнинг қанча фоизи виза олишга муваффақ бўлади?» деб сўранг. Улар бундай статистик маълумотни сизга бермайдилар ва беришини истамайдилар ҳам (2:0).
Яна «Агар виза берилмайдиган бўлса, пулимни қайтариб оламанми?» деб сўранг. Одатда улар сиздан камида 500 АҚШ доллари атрофида депозит пули талаб қилишади ва виза ола билмаган тақдирингизда 30 фоизгача бўлган миқдорнинг «ташкилий масалаларга» ишлатилганини рўкач қилиб қайтариб беришмайди. Алам қиладигани, бу нарса шартномада кўрсатилганини айтишади (3:0)!
Худди мана шу «ташкилий масалаларга» олиб қолинадиган пул буларнинг асосий фойда манбаи ҳисобланади. «Биз ҳамма нарсани: уй, жой, иш, танишлар ва бошқа шароитларни тайёрладик, аммо сиз виза ола билмадингиз. Биз ҳам бундан жуда афсусдамиз» дейдилар ва тамом. Битта шу гапни тўтиқушга ўхшаб такрорлаб ўтирганлари учун 500 АҚШ долларининг 30 фоизгача бўлган микдорини ҳар бир мижоздан олиб қолаверишади. Бунақа мижозлар қанчалигини, Ўзбекистонда ёшлар кўплигини ва бу қизиққон ёшлар то ўзи бошидан ўтказиб, оғзи куймагунича бошқаларнинг маслаҳатларига ишонмаслигини тасаввур қилсангиз, оддий туристик фирманинг виза бермасдан ҳам қанча даромад ишлашини хомчўт қилишингиз мумкин! Мабодо элчихона виза бериб юборадиган бўлса ҳам, туристик фирма учун битта чипта олиб сизни биронта тил марказига ўқишга жўнатиб юбориш унчалик ҳам қийин масала эмас. Чунки улар аслида шу мақсадда ишлашлари керак, хориждаги бир қанча ўқув марказларининг Ўзбекистондаги «вакили» бўлиб иш бошлашган, аммо виза муаммоси чиқиб, ҳозир бошқача даромад манбаини топиб олишди. Хориждаги тил марказларидан нима кетди, тайёр одам жўнатишса, пули тўланса ёмонми?
Нариги тоифа фирмаларнинг фаоли-яти асосан ёш қиз-жувонларга хорижда «юқори даромадли иш» таклиф қилишдан иборат. Тўғри, агар ёш йигитлар келишса ҳам, фирмалар уларни қайтариб юборишмайди, сирлари очилиб қолмаслиги учун «фақат қизларни олиб кета-миз» деб эълон ҳам беришмайди, аммо асосан қиз-жувонларни ахтаришади ва эҳтиёт сифатида йилига бир-икки маротаба биронта йигитни ҳам хорижга жўнатиб туришади. Биринчи тоифа тур фирмаларидан фарқли равишда бу гуруҳ ўз хиз-матлари учун арзимас пул сўрайдилар. Мухбиримиз мана шундай марказлардан бирида ҳам бўлди ва дастлабки тўловни амалга ошириб, улардан баъзи бир маълумотларни олишга уриниб кўрди.
Бу каби фирмалар асосан Бирлашган Араб Амирликлари, Ғарбий Европа ва Шарқий Осиё мамлакатларида «яхши иш» таклиф қилишади. Мухбиримиз 5000 (беш минг) сўм миқдорида пул тўлаганидан кейин, унга махсус анкетани тўлдириш таклиф қилинди. Фирма вакилларининг айтишича, бу анкета хориждаги иш билан таъминлаш агентликларига юборилар, улар анкетадаги маълумотлар асосида ўзларида мавжуд ишларга мос одамларни танлаб олишар ва ҳар 3 ойда Узбекистонга келиб суҳбат ўтказишар эмиш. Агар сизни танлаб олишса ва суҳбатдан ўтсангиз, хорижга чиқиб ишлар эмишсиз.
Мухбиримиз анкетани тўлдирар экан, ёш, вазн, бўй ва бошқа тана ҳолатига боғлиқ саволларни кўриб ажабланди ва бунинг ишга нима алоқаси борлиги билан қизиқди. Жавоб қуйидагича бўлди: «Биласизми, ишларнинг қийинлик даражаси турлича бўлиши мумкин, агар танангиз заиф бўлса, сиз баъзи оғир ишларга ярамаслигингиз мумкин. Шунинг учун анкетада бундай маълумотлар сўралган». Ушбу жавобни бериб мухбиримизга «ишондимикан-а?» дея синовчан термулиб турган фирма вакилини яна саволга тутдик: «Фараз қилайлик, мен суҳбатдан ўтдим, виза олиш жараёни қандай бўлади?» Жавоб қуйидагича бўлди: «У ерларда ишчи кучи етишмайди, биздаги малака ва кўникмалар билан осонгина сотувчи, меҳмонхона ходими ва ҳоказо ишларни топиш жуда осон. Бизнинг ҳамкорларимиз келиб сиз билан суҳбат ўтказишади ва сизни айнан сизга мос иш билан сизни таъминлашади, ойликлари эса 3000 (уч минг!) доллардан кам бўлмайди одатда...» Таассуфки, бу сўзлар орасидан мухбиримизнинг саволига жавоб кўринмасди...
Қайсар мухбиримиз бошқатдан сўрашга мажбур бўлди: «Билишимча БААнинг Ўзбекистонда элчихонаси йўқ, визани қаердан оламан? Виза олиш учун бошқа мамлакатга боришим керакми ёки паспортимни сизларга топширишим кифоя қиладими?» Жавоб ўрнига сукунат ва нафратли боқиш. Кўринишидан 60 ёшлардан ошган хоним мухбиримиз илмоқли гаплар қилаётганига энди амин бўлди ва у билан ортиқ суҳбатлашишдан бош тортди.
Ҳамма гап шундаки, булар одамнинг паспортини қўлга киритсалар ниятларига деярли эришадилар. Алдабми, пул берибми, қўрқитибми, нима қилиб бўлса ҳам хорижга олиб боришади, «Мана паспортинг, виза олиб қўйдик, чипта сотиб олдик, энди йўқ демочимисан, унда сарфлаган пулларимизни тўла!» деб пўписа қилишади ёки то хорижга боргунингизгача асл ҳақиқатни сиздан сир тутишади ва у ердаги исловатхона, тунги клублар, бошқа жирканч жойларда ишлашга мажбур қиладилар. Албатта бундай таклифлар баъзи бирлар учун айни муддао бўлиши мумкин, яъни бу ерда қилиб юрган ишларини бошқа ерларга бориб ҳам бемалол давом эттиришлари мумкин. Аммо ҳар сафар хориж матбуотида фоҳишалик қилаётганда қўлга тушиб Узбекистонга қайтарилаётганлар ҳақидаги хабарларни ўқиганимда ичим оғрийди, нафратга тўлади, спортчиларимиз ёки олимларимизнинг ютуқлари ҳақидаги янгиликларни эшитганда қанчалик фахрланганимдек бу хабарларни ўқиганда шунчалик эзиламан.. «Мимино» киноси яна эсимга тушади.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Иқтисод
Калит сўзлар
Бу бўлимдаги бошқа мақолалар: « Тармоқли маркетинг: Oriflame, Faberlic Қарз юки »
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase