- Қандай иш экан? (кўз олдимга 4 йил тўлаган шартнома пулим келди)
- Аъзо бўласиз – бўлди! Пул топаверасиз. Ишингиз қийин эмас, алсо қийин эмас. - Қандай иш? – саволимни такрорладим мен.
- Қонуний, расман тасдиқланган иш. Сизга тўғри келадиган, рисоладагидек иш. Аъзоларимиз ҳам, мижозларимиз ҳам кўп. Анчадан бери фаолият юритамиз, чиройли офисимиз бор.
“Оббо, мен бундан нима иш қилишим кераклигини сўраяпману, бошқа нарсаларни гапириб оғзи тинмайди-я!”
- Кетингиздан бир яхши одамни қўйсангиз бас, сиз ҳеч нарса қилмасдан пул топаверасиз. Давлат ишида юрасизми ойликни кутиб?!
Шунда бу иш тармоқли маркетинг эканлигини тушундим. Автобус ойнасидан кўчага қараб, озимни чалғитишга, тўғрироғи бу аёлга ўзимни чалғигандек кўрсатишга уриндим. У пинагини бузмай, бир нималарни гапиришда давом этарди.
- Хўш, компаниянгиз қанақа? Нимани реклама қилиш керак?
- Вой, реклама қилиб юрмайсиз. Таниган-билган одамларингизга маълумот берсангиз бўлди. Йўл ҳаққи тўлаш учун кўзини бизлардан олиб қочганидан фойдаланиб, шеригимга қарадим: - Бу аёлни танийсизми?
- Йўқ, бемалол гаплашиб кетганидан сенинг танишинг деб ўйлагандим.
“Oriflame”, “Faberlic”, “Mary Key”, “TIENS” (Tyan-shi”), “quest.net”
Бу номлар сизга нотаниш бўлмаса керак. Ёки маҳсулотидан фойдалангансиз, ёки компания аъзоси бўлгансиз. Ўтган бир неча йиллар давомида тармоқли маркетинг компаниялари ҳам, мижозлари ҳам кўпайди. Бир қарасангиз, ҳамма ўзини шу компанияларга ураётгандек туюлади. Кимнингдир қўлида “Oriflame” каталоги, кимдир “quest.net”дан олган совғасини кўз-кўз қилса, бошқаси “Тян-ши” орқали чет эл саёҳатига бориб келганини оғзидан бол томиб гапиради. Тармоқли бизнес орқасидан уй, машина, бойликка эга бўлганлар, миллионерга айланганларни эшитиб, сизни ҳам бу янги бизнес озига оҳанграбодек торта бошлайди, осонлик билан миллионер бўлиш истагида ёнасиз. Аслида қандай? Бу ишга кирганларнинг ҳаммаси ҳам муваффақиятга эриша оладими? Миллионлар топаман деб қўлидаги пулини ҳам йўқотганлар нима қиларкин?
“Oriflame” компанияси
Дунё бўйича тарқатадиган маҳсулотларининг 90,2 фоизни Швеция косметика маҳсулотлари, 6,2 фоизни уй учун керакли буюмлар, шунингдек кийим-кечаклар, маиший ва совғабоп товарлар ташкил қилади. Йилига 17 та каталог, 3 ҳафтада бир янги маҳсулот тақдим этади. 7 ярим минг балл билан “менеджер”, кейинги 7 та каталог давомида шу кўрсаткични сақлаб туриш билан “директор”, қўл остидагилардан иккита директорни чиқариш билан “олтин директор” унвонини олади.
Компаниянинг “Сотувчи бўлма – каталогнинг ўзи сотади” деган гапи бор. Инсонларга оддий ва осон йўл билан пул топишни таклиф қилади. Барча тармоқли маркетинг компаниялари каби “пирамида” усулида бизнес даромадини ташкил қилган, яъни бир аъзо кимнидир бизнесга жалб қилса, янги аъзонинг фаолиятидан (маҳсулотларни сотиб олиши, аъзо таклиф қилиши) у одамга ҳам балл қўшилаверади.
Шаҳноза Одилзода, талаба: Бир аёл “Oriflame” маҳсулотларини сотиб, 100 балл тўпласам, сумка совға қилинишини айтиб қизиқтирди. Айтганини қилдим. Лекин турли баҳоналар қилиб, сумкани бергани йўқ. 100 балл тўплаган меҳнатим бир пул бўлди. “Oriflame”га аъзо бўлиб фойда кўрмадим.
Севиля Расулова, харидор: “Oriflame”га тез-тез буюртма берардим. Лекин маҳсулотларнинг айнан мен танлаган ранги келмас, ё умуман ололмай қолардим. Бир марта кремга буюртма бердим, озгина отмай, компания аъзосидан буюртмани бекор қилишни сўрадим. Крем харид қилиш фикридан қайтгандим. У эса “Маҳсулотни олмаслигингиз мумкин, лекин пулингиз қайтарилмайди, банк ҳисобига тушириб бўлганмиз” деди. Бозордан харид қилган нарсангизни қайтариб олиб боришингиз мумкин-у, тармоқли маркетинг маҳсулотини қайтара олмас экансиз-да!
Азиза Усмонова, “Oriflame” компанияси аъзоси: “Аъзо бўлганимга 7-8 ойча бўлиб қолди. 2800 сўм тўлагандим, ҳозир 300 сўмга ҳам аъзо бўлишаётган экан. Ҳали қўлимга даромад пулимни олганим йўқ. Менга фойдали томони ҳар ой каталог келиши ва ундан чегирма билан нарсаларга буюртма беришим. Пул топмайман. Чунки ҳозир ёш болам бўлгани учун дарсларига боролмаяпман, кўчага чиқиб одамларга таклиф қилолмаяпман.
Демак, “уйда ўтириб пул топасиз” деб ишонтиришлари мантиққа тоғри келмайди. Компания хизматида юқори “юлдуз”ларга эга бўлиш учун тинмай ҳаракат қилишингиз, керак бўлса кўчада дуч келган инсонга компания маҳсулотлари ва аъзо болишни таклиф қилиб юришингиз керак. Шундай экан, рекламаларидаги “оддий уй бекасидан миллионерга айланиш” иборасини олиб ташлашлари (сиз учун эса ишонмаслик) тўғри бўлади.
Январ ойида “Oriflame” компаниясининг “Тож маҳал” кинотеатридаги тантанали йиғилишида қатнашгандим. Унда кўп балл тўплаб, тизим доирасида юқори лавозимлардан бирига эришган 60-70 ёшлар орасидаги кишига сўз беришди. Отахон бу бизнес орқали Хаж сафарига етарли маблағ тўплабдилар. Яна бир келинчак эса Умра зиёратига шу ишдан тўплаган пули билан бориб келганини айтди. Бу ёш аёлни тушуниш мумкин, ҳар ой ўзига керакли косметик маҳсулотларни сотиб олса ҳам анча-мунча балл йиғиб олади, катта ёшли, бунинг устига эркак кишининг бунчалик муваффақият қозонгани ҳақида сенсацион мақола ёзгим келди. Ҳар холда чойхонага каталог кўтариб бормасалар керак. Билмадим, балки тармоқли маркетингнинг “пирамида” қоидаси қўл келгандир, улар ҳақида ортиқча гумонга бориш ниятим йўқ, нима бўлганда ҳам омадларини берсин!
“Faberlic” компанияси
Турли хил косметика, атторлик молларини тақдим этувчи компания. 10 йил олдин Россияда фаолият бошлаган. 600 000 дан ортиқ консультантлари, 4000 дан ортиқ активлари бор. 1 балл учун 855 сом, 3000 балл учун “директор” даражаси берилади.
Нозима, “Faberlic” компаниясида “директор” даражасига етганлардан: Бизнинг ишимиз қонуний, маҳсулотни буюртма берган кунингизоқ оласиз.
Ўзингиз учун буюртма берсангиз, 35 фоиз чегирма бор. Яна, … (гапини бўлдим)
- Бир ойда қанча пул топишим мумкин?
- Ҳаммаси сизнинг қўлингизда. Масалан, бир ойда 100 минг, 200 минг, 1 миллион…
- Лекин ҳамма ҳам бундай натижага эришавермайдику. Масалан, мен танишларимни аъзоликка кўндиролмасам, маҳсулотларни сотиб ололмасам, компаниядан қандай фойда кораман?
- Бунда ҳам фойда олаверасиз. Мана менинг жамоамда 500 та одам бор. Шулардан 20 тачасини шахсан таклиф қилган бўлсам керак. Қўл остингиздаги одамлар яхши ишласа бўлди, ўз-ўзидан сизга пул келаверади, ишламасангиз ҳам.
Компания аъзолари сизни ўз қаторларига қўшиш мақсадида (сизни ҳам миллионер қилиш учун эмас, сиз туфайли балл олиб, миллионер бўлиш учун) турли психологик йўллардан фойдаланишади, бу ишга муккасидан кетган инсон учун “қариндош”, “хамкасб”, “дўст” йўқ, уларнинг ҳаммаси “мижоз” бўлиб қолган. Фикру зикри – тармоқли маркетинг орқали пул ишлаш, балл тўплаш.
Тармоқли маркетингга аъзо бўлганларга бир нарса деб гап уқтиришимга кўзим етмайди. Биламан, сизларни жуда кўп ўқитишди, ўз ғояларини сингдиришди, мийянгизга эътирозлардан ҳимояланувчи “механизм” ўрнатилган. Айтмоқчи бўлганим ҳали бу бизнесни татиб кўрмаганларга. Олдингизда икки йўл бор. Биринчисига кўра тармоқли маркетинг компаниясига аъзо бўлинг ва чиндан ҳам миллионер бўлишни хоҳласангиз, бундан бошқа нарсани ўйламанг. Оила аъзоларингиздан тортиб юз кўрмас бўлиб кетган танишларингизгача бизнесни таклиф қилинг, керак бўлса-бўлмаса маҳсулотларини сотиб олинг – балл тўплайсиз, пулини чиқариб олишингизни ўйлаб ўтирмасдан газеталарга эълонлар беринг. Балки бир кун келиб орзуингиздаги даромадни оларсиз, балки бирон йилдан сўнг директор ҳам бўларсиз… Иккинчи йўл – ортиқча нарсаларга вақтингиз ва пулингизни сарфламасдан ҳар куни ўз ишингизга бориб, масъулиятдаги вазифаларингизни бажаринг, хотиржам ҳаёт кечиринг ва реал маошни кутинг!
Сўнги сўз
Тармоқли маркетинг ҳақида биринчи бўлиб биз ёзмаяпмиз. Турли оммавий ахборот воситаларида акс эттирилган танқидий фикрлар компания бошида турганларга етиб боргач, улар буни “буюртмали мақола”, яъни бир тармоқли маркетинг компаниясининг иккинчисига бўлган носоғлом рақобати, деб баҳолабдилар. Огоҳлантираман, менинг ҳеч бир тармоқли маркетинг тизимига алоқам йўқ. Улардан на куйиб қолганман ва на бойиб...
Дурдона Алимова мақоласи асосида