close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ишда «ёниш»

Барчамиз у ёки бу усул билан кун кўриш учун пул ишлаб топишимиз керак. Баъзилар буни куннинг катта қисмини офисда ёки савдо залида ўтказиб бажаради, бошқалари ўз бизнесини юритади. Ҳар иккиси ҳам нормал ҳолат, чунки ҳар қандай рухсат этилган даромад, шунингдек, ўзингизни ва оилангизни таъминлаш каби, барокатлидир.

Аммо оғир иш одамни жуда чарчатади, инсон "ёқилғи"сини йўқотади, агар шундай деб айтиш мумкин бўлса, бу иш сифати ва самарадорликнинг пасайишига олиб келади. Бу ҳам ишчи, ҳам иш берувчи учун ёмон, бизнесга салбий таъсир кўрсатади.
Ишда соатлаб вақт ўтказиш – бу ерда ҳеч қандай ёмон нарса йўқ, лекин агар ишга бориб-келиш учун кетадиган жуда кўп вақтни қўшсангиз, бу иш кунининг катта қисмини «еб» қўяди. Бунинг устига, у бизни уйда ҳам тинч қўймайди, ахир гоҳи-гоҳида электрон почтани текширамиз ёки вазифа/лойиҳани якунлаймиз – чунки "муддат ёнмоқда" ёки вазиятдан ҳар доим хабардор бўлиб туриш керак. Кимгадир қўшимча иш юки компания штатларни қисқартириш орқали харажатларни кесганда ва қолганларнинг ўрнини босиши керак бўлганда тўғри келади.
Тунги конференц-алоқа сеанслари, айниқса, халқаро компаниялар ходимларида бўлиши мумкин. Глобал бизнесда банд бўлган ҳар бир киши яхши билдики, ётишдан олдин почта қутисини тозалаб қўйиб, эртаси эрталаб уни яна тўлиқ топишингиз мумкин - бу замонавий корпоратив амалиётдир.
Ўз ишини чиндан ҳам севадиган киши кун бўйи ички энергияни ҳис қилади, чунки у ишдан ҳақиқий завқ олади. Бироқ, лавозимдан жуда мамнун бўлган, лекин иш столида тунашни истамайдиган ўртача одам, "ёниш"ни олдини олиш учун ҳаёт ва иш ўртасидаги соғлом мувозанатни сақлаб қолиш муҳимдир. Бунинг ҳақиқатда имкони борми? Бир томондан, компания бундай мувозанатнинг аҳамиятини ҳар томонлама реклама қилиши мумкин, бошқа томондан, бу ходимларини электрон почта хабарлари ва тезкор хабарлардан кечалари ва ҳатто дам олиш кунлари ҳам қутқармайди.
Шу билан бирга," ёниш " эмоционал ёки психологик стрессга олиб келади, бу эса ҳамкасблар ва қариндошлар билан муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ортиқча ишлаш ва стресс самарадорликнинг пасайишига олиб келиши мумкин. Бу самарадорлик ва сифатга зарар етказишни англатади ва натижада иш берувчининг обрўсини туширади ва мижозларнинг норозилигини кучайтиради. Бунга мотивация етишмаслиги ва ишдан норозиликни ҳам қўшинг. Бундан ташқари, толиқиш ташвиш, уйқусизлик ва соғлиқ муаммоларига олиб келиши мумкин. Олимлар стресс, аслини олганда, юрак-қон томир ва ошқозон-ичак касалликлари, семизлик ва ҳатто Алцгеймер касаллиги билан бевосита боғлиқлигини исботлаган.
Ишда «ёниш» рискини минимал ҳолатга келтиришга ёрдам берадиган амалий тавсиялар қуйидагилардан иборат:
1. Ишни қачон тугатиш кераклигини билинг
Иш ва шахсий ҳаёт ўртасида аниқ чегара бўлиши керак. Мен уйга келганимда, дарҳол почта қутисига кириш - фақат уни ўз вақтида кераксиз хабарлардан тозалаш ва фавқулодда масалаларни ҳал қилиш учун - ёмон одатим борлигини тан оламан. Агар эрингиз/хотинингиз бўлса, эсда тутингки, бу уларга нисбатан адолатли эмас. Мен ҳозир почта хабарларини тезда текширишга ва браузерни ёпишга ҳаракат қиламан. Бир вақтда почта қутисидан чиқиб, компьютердан туриш керак. Иш хабарларини ишдан ташқари вақтда юборишнинг ҳожати йўқ.
2. Парето қонуни
Парето қонунига кўра, 20% ҳаракат 80% натижани беради (баъзан у 20/80 тамойили деб аталади). Агар бир кунда ҳамма нарсани қила олмасангиз – бунинг қўрқинчли жойи йўқ. Бунинг ўрнига, биринчи навбатда натижага таъсир қиладиган нарсаларга эътибор беринг. Устуворликни белгиланг ва режа тузинг. Агар сиз муҳим нарсани унутиб қўйсангиз, Outlook ёки Google Calendar эслатмалари ёки Google Keep каби дастурдан фойдаланинг.
3. Бирлаштиринг ва/ёки топширинг
Иложи бўлса, вазифаларни бирлаштиринг. Мисол учун, битта ҳисобот бизнеснинг турли эҳтиёжларини қондириши ва бир вақтнинг ўзида бир нечта топшириқларни бажариши мумкин. Ишни бошқа бировга, уни амалга ошириш учун кўпроқ мос келадиган шахсга топшириш мумкинлигини текширинг. Баъзан сиз фақат "йўқ" деб айтишингиз керак, чунки бу бир киши учун жуда кўплик қилади. Бошқа томондан, баъзилари "қўйиб юбориш" қийин. Агар назорат фақат сизнинг элементингиз бўлса, шуни ёдда тутингки, унда сизнинг ҳамкасбларингиз бу ишни қилиш қобилиятидан шубҳаланаётган каби ҳис қилиш орқали норози бўлиши мумкин.
4. Мажлисларни суистеъмол қилманг
Узоқ, самарасиз ва маъносиз учрашувларни олдини олиш учун аниқ кун тартиби ва вақт оралиғига қатъий риоя қилиш ташвишини қилинг. Бошқаларнинг вақтини ҳурмат қилинг ва сизнинг вақтингизни ҳурмат қилишларини талаб қилинг. Агар сиз ёки бошқа бирор киши мажлисда интизомга риоя қилмаса, бу бошқаларга ўрнак бўлади  ва бундан ҳам ёмони бўлади.
5. Масофадан туриб ишланг
Раҳбариятдан ҳафтада камида бир марта уйда ишлаш имконияти бор ёки йўқлигини билиб олинг. Бу сизга ҳар куни ишга бориб-келишдан қочиш имконини беради, вақтни тежайди ва эҳтимол камроқ стрессни бошдан кечирасиз. Уйда ишлаш иш жойидан қониқиш ва самарадорликни оширишга, шунингдек, йўлларда автомобиллар сонини камайтириш орқали атроф-муҳит юкини камайтиришга қодир. Фақат уйда ишлаш вақтида қачон тўхташ ва оилага ўтишни билишингиз кераклигини унутманг.
6. Танаффус қилинг
Иш куни давомида баъзан туриш, қўл-оёғни чўзиш, йўлакка чиқиш учун танаффуслар қилинг. Жисмоний ҳаракатлар чарчоқни камайтиришга ва меҳнат унумдорлигини оширишга ёрдам беради, чунки улар қон айланишини яхшилайди ва мияда кислород таркибини оширади. Компьютерда кун бўйи ўтириш соғлиқ учун зарарли. Бу нафақат кўриш органларига юкни ҳаддан ташқари ошириб юборади ва гавда тутишнинг ёмонлашишига олиб келади – тадқиқотлар шуни кўрсатадики, жуда узоқ вақт давомида ўтириш юрак-қон томир касаллигига олиб келиши ва қон таркибидаги қанд миқдорини ошириши мумкин.
7. Таътил олинг
Буни қилишдан кўра айтиш осон, айниқса, пули тўланадиган таътилларнинг камдан-кам эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, лекин ҳар бир нарсадан бироз узоқлашса, бу жуда енгиллик ҳадя этади! Дам олиш вақтида сиз иш хабарларини қабул қилмаслик ва барча гаджетларни бутунлай ўчириб қўйиш имконига эга бўласиз. Ахир биз робот эмасмиз. Ҳар бир инсон вақти-вақти билан дам олиши ва "қувватланиши" учун вақт керак. Бу кайфиятни сезиларли даражада яхшилайди ва ишга қайтишда самарадорликни оширади. Агар сиз узоқ сафарга боролмасангиз ҳам, сиз бир неча кунга мамлакатни тарк этишингиз, сафар уюштиришингиз мумкин ва ҳ.к.
8. Ўзингизга хобби топинг
Сизни ишдан ташқарида хурсанд қиладиган бирор нарса бўлиши керак. Уйга ёки ҳафта охири қайтишини кутиб, завқ олишингиз керак: бу ўқиш ёки тоза ҳавода баъзи машғулотлар бўлиши мумкин. Хобби энергияни ишдан кўра кўпроқ ёқимли ва камроқ стрессли нарсага йўналтиришга имкон беради. Агар сизда ҳеч қандай севимли машғулотингиз бўлмаса, энг яқин масжидга қаранг, эҳтимол, у ерда сизга ёқадиган машғулотлар ёки дарслар мавжуддир.
9. Қалб учун озуқа
Ибодат ёки бир нечта чуқур нафас олиш-чиқариш онгни, танани ва руҳни тинчлантиришга ёрдам беради. Биз, мусулмонлар, ҳар куни беш маҳал намоз ўқишимиз керак, шунинг учун бизнинг кунимиз "маънавий" танаффусларга эга. Намоз учун сарфланган вақт сиз ишингиздан дам олишга, онгингизни янгилашга ва иш учун кучни тиклашга имкон беради. Жисмоний ва маънавий қувват олиш учун пешин намози билан тушлик учун танаффусни бирлаштиришга ҳаракат қилинг.
10. Тана учун озуқа
Рационингизга эътибор беринг. Доимий иш билан бандлик натижасиа кафе ва фаст-фуд хизматларидан фойдаланиш осон ва қулайдир, лекин аслида тез пишадиган ва қуруқ нарсалар ейиш тезда чарчоқ ва бефарқлик тўпланишига олиб келади, самарадорликни пасайтиради. Шунинг учун, соғлом озиқ-овқат – ёнғоқ, писта, резаворлар билан тамадди қилиб олишга ҳаракат қилинг. Ҳар душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш суннатини ўйлаб кўринг: рўза тутиш соғлиқ учун фойдалидир, у танани тозалайди ва ақлнинг равшанлигини оширади.
11. Жисмоний юклама
Спорт залига ташриф буюриш имкониятингиз бор-йўқлигидан қатъий назар, уйда ўтириб-туриш, тўп ўйнаш, сайр қилиш мумкин. Машқлар стрессни камайтиришга ёрдам беради ва эндорфин даражасини оширади, бу эса кайфиятни яхшилайди. Узоқ иш кунидан кейин жисмоний машқлар учун куч топиш қийин бўлиши мумкин, шунинг учун ишдан олдин, куннинг ўртасида ёки ҳафта охирида вақт топишга ҳаракат қилишингиз мумкин. Ёшга қарамасдан, жисмоний фаолиятнинг муайян даражасини сақлаб қолиш муҳимдир. Шу билан бирга, овқатланиш ва уйқуни эътиборсиз қолдирманг – бу икки нарса жисмоний машқлар билан биргаликда "ёниш"дан олдин барқарорликни оширишга ёрдам беради.
12. Кулгу – энг яхши дори
Юмор стрессни камайтиришга ёрдам беради, мулоқот пайтида музни эритади, кайфиятни яхшилайди. Кулги умумий фаровонликни яхшилашга ёрдам беради, шунинг учун ҳар бир киши "Мушуклар ҳақида" кулгили видеоларда ёки жоиз ҳазилда кулиш учун бир оз вақт ажратишдан уялманг.
13. Сайр
Телефонни ўчириб қўйинг ва истироҳат боғида сайр қилинг. Табиатда қўйнида тоза ҳаводан баҳра олинг, иш ҳақида бир муддат умуман ёддан чиқаринг. Чуқур нафас олинг, юзингизда енгил шамол эсишини ҳис қилинг, қуёш нурларини ҳис қилинг. Аллоҳ бизга берган табиат гўзаллигини қадрланг.
14. Сўнгги бошпана
Агар энг ёмон нарса юз берса ва сизнинг бутунлай ҳолдан тойганликни ҳис қилсангиз, раҳбарият билан гаплашинг. Охир-оқибат, бошлиқлар ҳам одамлардир, эҳтимол улар тушунишади. Улар сизнинг ишингизда юклама қандай эканлигини билишмайди ва ёрдам беришни ўрганишади.
15. Руҳий йўл-йўриқ ва ёрдам
Ишда чарчаш оқибатларини бартараф этишнинг Исломий усуллари мавжудлигини унутманг. Биз юқорида ибодат ва рўза ҳақида гаплашган эдик. Бундан ташқари, дуо қилинг ва сабрни машқ қилинг, чунки қийинчиликлар абадий давом эта олмайди. Иншааллоҳ, улар сизни фақат кучлироқ қилади.
Шунингдек, зикр қилинг, чунки Аллоҳ Таолони ёдга олиш қалбни овутади: «Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?» (Раъд сураси, 28).
«Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳой Абдуллоҳ! Менга хабар берилишича, сен кечани бедор ўтказиб, кундузнинг рўзасини тутар эмишсан?» – дедилар.
«Албатта, мен ўшандоқ қилурман» – дедим.
«Ундоқ қилма! Рўза ҳам тут. Оғзинг очиқ ҳам юр. Бедор ҳам бўл. Ухлаб ҳам ёт. Албатта, сенда жасадингнинг ҳам ҳаққи бор, аҳлингнинг ҳам ҳаққи бор, меҳмонингнинг ҳам ҳаққи бор...» – дедилар». (Бухорий ва Муслим)
Гарчи ушбу ҳадис биринчи навбатда рўза ва хуфтон намозига тааллуқли бўлса-да, у асосийси – ҳамма нарсада мўътадиллидир.
Биз ер юзида нафақат ишлаш ва харажатларни тўлаш учун яратилганмиз. Ҳар биримиз Аллоҳга, унга ва оилага ҳамду сано айтамиз. Иш ҳаётнинг бир қисмидир, лекин бутун ҳаёт эмас. Ахир, бу фақат иш. Ўзингизнинг даромадингиз учун имкон қадар кўпроқ ҳаракат қилинг ва миннатдор бўлинг, лекин соғлиғингизни ва фаровонлигингизни ишингизга қурбон қилишдан олдин икки марта ўйлаб кўринг.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase