close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Шайх Мансур Шишоний

«Шимолий Кавказ мусулмонларининг руҳан ва сиёсий жиҳатдан тикланишига чеченларнинг Ади овулидан чиққан Ушурма(Ушурма - шайх Мансур Шишонийнинг исми.) сабабчи бўлган. Аллох унга турли-туман маънавий ва жисмоний азилатларни ато этган».

«Шимолий Кавказ мусулмонларининг руҳан ва сиёсий жиҳатдан тикланишига чеченларнинг Ади овулидан чиққан Ушурма(Ушурма - шайх Мансур Шишонийнинг исми.) сабабчи бўлган. Аллох унга турли-туман маънавий ва жисмоний азилатларни ато этган».Имом Шомил Догистоний
Кавказ ҳақида фикр юритар эканмиз, бунда Осиё билан Европа ўртасида жойлашган, ғарб томони Қора денгиз, шарқ томони эса Каспий денгизи билан чекланган тоғли минтақани назарда тутамиз. Ушбу ҳудуд бугунги кунда тўртта давлат, хусусан, Россия Федерацияси, Озарбайжон, Арманистон ва Грузия республикалари ўртасида бўлинган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган Исломий даъват Кавказга жуда эрта - чорёрлар ва бошқа саҳобалар даврида етиб келган. Ислом маҳаллий халқ орасида, одамлар ушбу диннинг онг ва қалбни бирдай қондирадиган тамойиллари билан танишиб чиққач, жуда кенг тарқалди. Бунда мусулмонлар ушбу заминда яшаётган насронийларнинг диний эътиқодларини ҳимоя қилиб, ибодат амалларини бажаришга тўсқинлик қилишмаган. Кавказдан Ислом уммати тарихида жиддий роль ўйнаган бир қатор атоқли шахслар чиққанидан кўпчилик мусулмонлар бехабар қолган бўлиши мумкин. Динимиз тарихининг барча даврларида ўзини намоён этган кўпчилик саркарда ва уламолар айнан Кавказдан чиқишган. Бир замонлар кавказликлар ўз даврида буюк қудратга эга бўлган мамлуқлар Исломий давлатини бошқаришган. Тасарруфига бир вақтнинг ўзида Макка, Мадина ва Қуддус шаҳарлари кирган мамлуқлар давлатига аввал бошдан турклар ва келиб чиқиши кавказлик бўлган ҳукмдорлару саркардалар асос солишган. Аксарият кавказлик саркардалар Исломни, умуман айтганда, бутун дунёни салиб юришчиларининг зулмидан ҳимоя қилиб, мўғул-ларга ҳам қарши туришган. Усмонийлар халифалиги даврида эса кавказлик ўғлонларнинг кўпчилиги жанг майдонида қўшин бошқаришган. Ушбу минтақа аҳолисининг муайян қисми араб ўлкаларига кўчиб ўтишган. Бугунги даврда ўзларини Ироқ, Иордания, Миср, Шимолий Африка давлатлари ва бошқа араб ўлкаларида намоён этган уламолар, адиблар, сиёсатчилар, вазирлар ва бош вазирларнинг кўпчилиги ҳам кавказлик муҳожирлар орасидан келиб чиқишган. Араб тилида ижод қилиб, «шоирлар амири» номига сазовор бўлган бугунги даврнинг ажойиб шоири Аҳмад Шаукийнинг насл-насаби аслида кавказликлар (черкеслар), курд ва турклардан келиб чиққанидан хабар топишса айримлар ҳайрон бўлишса керак. Унинг устози, юз йилларга чўзилган турғунликдан сўнг бизнинг давримизда «Тикланиш ва юксалиш мак-таби»га(«Тикланиш ва юксалиш мактаби» (Мадрасату ал-Ихя ва ал-Баас) - Мисрда, унинг янги тарихи бошида пайдо бўлган шоирлар ҳаракатининг номланиши.) раҳбарлик қилиб, араб шеъриятини тиклаган Маҳмуд Сами Борудий ҳам келиб чиқиши черкеслардан бўлган. Агар Ислом ҳақида кенг маънода - барча пайғамбарлар олиб келган муваҳҳидлик дини сифатида фикр юритиладиган бўлса, таъкидлаб ўтмоқ жоизки, Кавказ тарихи Исломнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик рисолати ҳали бошланмаган тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Мазкур асарнинг олдинги бобларида Аллоҳнинг элчиси Исо алайҳиссаломнинг арийчилар деб аталиб, Ягона Аллоҳга эътиқод қилган мусулмон издошларининг баён этилган тарихидан билиб олганимиздек, Шимолий Африка ва Ўрта денгиз оролларида қисқача вандаллар давлати деб аталадиган қудратли давлат пайдо бўлган. Ўша давлатнинг тўлиқ номи - Вандаллар ва аланлар давлати деб аталади. Олдинги бобларда таъкидлаб ўтканимиздек, вандаллар Европа шимолидан кўчиб ўтган герман қабилаларидан келиб чиқишган, уларнинг иттифоқчилари аланлар эса Кавказдан кўчиб ўтишган. Аланлар вандаллар сингари мусулмон бўлиб, Исо алайҳиссаломнинг динига эътиқод қилишган. Вандаллар ва аланлар давлати Рум подшолигининг қўшинларини кўплаб жангларда мағлубиятга учратган, 455 йили эса ҳатто Римни ҳам забт этишга муваффақ бўлган. Демак, Кавказ минтақаси халқлари Исломга аввал бошдан алоқадор бўлиб, ушбу дахлдорликни, уларни идора қилган давлатлар ўзгариб боришидан қатъи назар, авлоддан авлодга топширганча кўз қорачиғидай асраб келишган.
Кавказнинг Осиё билан Европа ўртасидаги жойлашуви ҳамиша стратегик жиҳатдан жиддий аҳамиятга эга бўлиб келган. Шу боис, ушбу минтақа турли подшоликлару империялар ўртасида ўтган, айниқса, Форс ва Рум империялари орасида кўп кечган ҳарбий ҳаракатлар (уруш) майдонига айланган. Ун олтинчи асрдан буён эса Иван Грозний бошқарувидаги Россия Кавказ минтақасига кўз олайтириб, бевосита бостириб кириш амалларини бошлаган. Ўрис қўшинларининг босқинчилик ҳаракатлари айниқса, Шимолий Кавказда фаол кечгани кузатилади. Айни вақтда Ислом дини минтақанинг турли қабилалари орасида кенг оммалашди.
Ўрис қўшинлари Шимолий Кавказга ичкарилаб борган сари маҳаллий аҳолининг ўрисга бўлган нафрати ҳам ошиб бораверган. Ниҳоят, минтақа халқи Россия империясининг ўз ҳудудини кенгайтиришга қаратилган босқинчилик сиёсатига қуролли қаршилик кўрсатиш миқёсини оширишга ахд қилди. Аммо Кавказ қабилаларининг тарқоқлиги ўрисга бир ёқадан бош чиқариб қаршилик кўрсатишга монелик қилаётган эди. Ҳамма қандайдир раҳнамо пайдо бўлишини, уруғ ва қабилаларни бирлаштириб, босқинчи ўрисга қарши курашга даъват этишини кутди. Дарҳақиқат, ўн саккизинчи аср ўртасига келиб қисматига ўрис босмачиларига қарши курашни бошқариш ёзилган раҳнамо туғилди. Бунда гап, Ислом умматининг буюк қаҳрамони шайх Мансур Шишоний ҳақида боради.
Асл исми Муҳаммад бўлган шайх Мансур 1760 йили Чеченистонда туғилган. Ота-онаси уни болалигидан Қуръони карим ва Суннатга асосланган тақводорлик руҳида тарбиялаган. Диний билимни ёш Мансур Чеченистонга нисбатан кенгроқ тарқаган Доғистонда эгаллади. Юртига қайтгач, чечен уруғлари орасида юриб, мажусийлик таъсиридан халос бўлган ҳақ динга ўргатиб борди. Ўша даврда маҳаллий аҳоли орасида марҳумларнинг руҳларига ёлвориб, улардан ризқ-насиба сўраш удуми кенг тарқалган эди. Чеченлар Кавказ қабилалари орасида оммалашиб, ўрисларни ташвишга солаётган диний ислоҳотлар атрофида жипслаша бошлашди. Қабилаларнинг бирлашуви Кавказ минтақасини босиб олишга тўсқинлик қилишини босқинчилар яхши билишар эди. Ваҳший ўрислар шайх Мансур Шишоний ҳозиргина тарк этиб чиққан кичик қишлоққа ҳарбий бўлинма юбориб, одамларнинг иморатларини вайрон қилгач, ҳеч нарса қолдирмай қишлоқни тагтуги билан ёндириб кетишди. Бундан хабар топган шайх Мансур Шишоний ўрис босмачиларига қарши кураш олиб бориш учун чечен уруғлари орасида умумий сафарбарлик эълон қилди. У бақувват чечен кўнгиллиларидан ташкил топган армия тузди. Ушбу армия 1785 йили полковник Де Пиери қўмондонлиги остидаги Россия империяси армияси билан Сунжа дарёси бўйида рўбару келди. Ўша жангда мусулмонлар ўрисларни мағлубиятга учратди. Командири ер тишлаган ўрис армиясининг 600 нафар жангчиси ҳар томон тумтарақай бўлиб кетди. Уларнинг кўпчилиги шайх Мансур Шишонийнинг армияси томонидан қўлга олинди. Бир нечта ўрисдан ташқари ҳеч ким омон қолмади.
Бундай йирик миқёсли жангдан кейин шайх Мансур Шишонийнинг обрўйи кескин ошиб кетди. Ўрис босқинчиларига қарши курашда заифлик кўрсатишларининг сабаби - тарқоқ, асл Исломий тамойиллардан йироқ яшашларида эканлигини Кавказ қабилалари энди аник англаб етишди. Минтақанинг турли бурчакларида яшаётган мусулмонлар шайх Мансур Шишонийнинг армиясига келиб қўшилишди. Натижада шайхнинг армияси йириклашиб, ўрис оккупантларига зарба кетидан зарба бера бошлади. Ўриснинг ҳоқон аёли Екатерина II шайх Мансур Шишонийнинг қўзғалонига барҳам бериш учун Кавказ минтақасига кўшимча ҳарбий куч йўллашга мажбур бўлди. Кўпдан-кўп талафот кўрган ўрис армияси 1791 йили мунофиқлик ва хоинлик қурбонига айланган шайх Мансур Шишонийни қўлга олишга муваффақ бўлди. Уни ўрис юртининг пойтахти Санкт-Петербургга олиб кетишиб, ўша ерда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилишди. Шайх Мансур Шишоний 1794 йили 33 ёшда ўрис қамоғида вафот топди.
Шайх Мансур Шишоний вафот топганига қарамай, унинг умри ситамгарларнинг умридан узоқ кечди. Зеро, ушбу қаҳрамон раҳнамо ҳакидаги хотира узоқ йиллар давомида чечен халқи ва Кавказ минтақасининг бошқа халқлари қалбида сақланиб, жамики жаҳоннинг эрксевар курашчиларини руҳлантириб келди.Шайх Мансур Шишонийнинг вафотидан сўнг, орадан ўн йил ўтмай Мисрда ўзини қурбон қилишдек юксак тушунчанинг асл маъносини француз босқинчиларига яхшилаб уқтириб қўйган, ўзи Шомдан келиб чиққан Ислом умматининг янги қаҳрамони пайдо бўлди.
Наполеон Бонапартнинг Ислом оламини забт этишга бел боғлаган француз армиясидаги ноибини йўқ қилиш операцияни амалга ошира билган ўша Шомлик курд қаҳрамони ким эди ўзи?
Бу ҳакда кейин ҳикоя қиламиз...

Ат-Турбонинйниг
"Ислом умматининг 100 буюк шахси


Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase