close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Абдураҳмон Сумайт

 

 

 

«Биз эса у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни (хор-бечораликдан чиқариб, барчага) пешво зотларга айлантиришни ва уларни (Фиръ-авн мулкининг) ворислари қилишни истаймиз».
Қувайт фотиҳи

«Биз эса у ерда хорланган кишиларга марҳамат қилишни, уларни (хор-бечораликдан чиқариб, барчага) пешво зотларга айлантиришни ва уларни (Фиръ-авн мулкининг) ворислари қилишни истаймиз».
Қувайт фотиҳи

«Дарҳақиқат, сизлардан кейин шундай бир давр келадики, у кунларда динда собит турганлар сизларнинг эллик кишингиз олган ажрни олишади!» Шунда саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, ўзларининг эллик кишисидек эмасми?» У зот айтади: «Йўқ, сизларни».
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам

Ислом уммати - инсоният тарихидаги деярли барча империялар томонидан доимий равишда ҳарбий ҳужумларга учраган ягона уммат. Ажабланарлиси шундаки, ўша империяларнинг ҳаммаси қулаб, Ислом дини ғолиб бўлиб, даврлар оша яшаб келмокда. Ислом умматига барҳам бериш учун турли хил тажовузлар энг хавфли тарзда олиб борилган. Бироқ Ислом уммати уларга таслим бўлмай, аксинча аввалгидан ҳам кучлироқ бўлиб чиққани ҳикмат соҳиби бўлган Аллоҳ таолонинг Қудратидан ўзга нарса эмас. Дин душманлари ўтган асрда Ислом оламига барҳам бериш учун, янги бир жирканчли усул ўйлаб топадилар. Яъни ҳеч қандай ҳарбий ҳаракатларсиз умматни ичидан хоинларни чиқариш. Тажовузкорлар илк бор Абу Бакр Сиддиқ халифалик даврида Исломга тегишли барча нарсани халққа хунук кўрсатиш учун «маданиятлилар» номи остида чиққанлар. Ҳақиқатан, аксарият мусулмон аҳолиси Исломдан тоя бошлаган. Масжидлар бўш қолиб, фақат ёши улуғ одамларгина борар, кўпчилик мусулмон ўлкаларда аёллар ҳижобни ташлаган. Баъзи мусулмон ёшлари либерал, яна баъзилари коммунист бўлиб кетишган. Шундай қилиб, Ислом уммати таназзулга юз тута бошлаб, ҳалокат ёқасида қоладилар.
Ўша пайтда ҳайратомуз ўзгариш рўй беради!
Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллар охири етмишинчи йиллар бошида, бутун мусулмон ўлкаларини ҳайратга солган Ислом умматининг аввалги шон-шаърафини тиклайдиган янги авлод пайдо бўлади. Бу «Қайта яралиш авлоди» деб аталган. Бу авлод орасида Форс қўлтиғининг шимоли-ғарбий соҳилидаги бир ўлканинг ёшлари чиқиб, улар сабабли бу ўлка хайрия жамиятига бош бўладилар. Бу - Қувайт ўлкаси бўлиб, Ислом оламида саховат кўрсатишда пешқадамлик қилади. Бу ўлканинг масжидлари баҳодирларни тарбиялаш марказига айланган. Қувайт ўғлонлари орасидан Ислом умматини ўйлаган ёшлар етишиб чиққан. Улар орасида Аллоҳнинг динини етказиш учун даъватга чиқиб, бутун дунёни кезганлар бор. Шунингдек, улар орасидан мазмунли шеърлар битган ижодкор ёшлар, олимлар ва ислоҳотчилар ҳам чиққан. Бу нефтга бой ўлканинг бойлари Ислом ва мусулмонларга ёрдам бериш учун миллионлаб хайр-эҳсонлар қилганлар. Харитада аранг кўринган Қувайт ўлкаси ўша йилларда мусулмонларга саҳоват кўрсатишда етакчилик қилган. Менинг болалик кезларим Қувайтнинг Салмия шаҳрида ўтган. У пайтларда Қувайтнинг масжидлари одамларга лиқ тўла эди. Ўша масжидда ўтказилган Қуръон мусобақалари ҳали-ҳамон ёдимда. Мен ўз халқига, айниқса, ёш болаларга чиройли муносабатда бўлган олимларини ҳеч қачон унутмайман. Ёш бўлганимга қарамай, қўлингиздаги китобни ёзишим учун менга ҳарф ўргатган Қувайтлик устозларимни ҳамиша қадрлайман. Аллоҳ Қувайт халқига мен ва жамики Ислом уммати номидан яхшиликлар ато этсин (муаллиф).
Худди шу ўлкадан умрини Аллоҳ йўлига сарф қилган бир баҳодир чиққан. У Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг динини Африкага кенг тарғиб қилиш мақсадида, Африка чакалакзорлари, шарқираб оқувчи дарёлари, қовжираган чўллари ва юриш қийин бўлган тоғларини босиб ўтган. Бу Ислом тарғиботчиси - Абдураҳмон Сумайт. Унинг қўлида кўплаб африкаликлар Исломга келганлиги учун уни Абдураҳмон Фотиҳ атаганлар. У Африка минтақасида даъват йўлида 30 йил умрини сарфлаган.
Абдураҳмон Сумайт 1947 йили (ҳ. 1366 й.) Қувайтда таваллуд топган. Онаси уни оғир босиқ, тиришқоқ ва илмга муҳаббат қўйган дея таърифлаган. У камгап инсон бўлиб, жамоат намозини тарк қилмас эди. Олти ёшидан бошлаб, жамоат намозларини, айниқса, бомдод намозини фақат жамоат билан бирга ўқиган. У болалик чоғларида қўлига бир таёқ олиб, ўзини худди Африканинг ўрмонларида ажойиб саргузаштларни бошдан кечираётгандек тасаввур қилиб, кулиб қўярди. Лекин Абдураҳмон у таёғини Қувайт чўлларидаги заҳарли илонларни тутишга фойдаланар эди. Бу ёш болакай ўзини Африка ўрмонлари бўйлаб, бўлажак саёҳатга тайёрлаб юрганга ўхшарди. Абдураҳмон Сумайт мусулмонларни тарбиялашда зарур бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг асҳоблари ҳамда кейинги буюк шахсларнинг ҳаётига доир кўплаб ҳикояларни эшитган. Бу ҳикоялар ёш Сумайтнинг қалбига Исломнинг буюклик руҳини жо этган. Шунингдек, уни болалигидан бошлаб, кўп китоб ўқиганини таъкидлаб ўтишади. Абдураҳмон газета ва журналларни кўриб қолгудек бўлса, олиб йўлда кетаётганда ҳам ўқиб, кўп бора одамларга уриниб кетганлиги учун, отаси уни қайтиб бозорга олиб бормайман деган экан.
Мактабда ўқиб юрган кезлари Қувайтнинг иссиқларида давлатга қарашли транспортларни кутиб турган қўлида йўқ ишчиларни кўриб, дўстлари билан пул йиғишиб, улар учун ҳар куни ишга бориб келувчи эски бир машина сотиб олишган.
Сумайт Ироқ, Британия ва Канада университетларида медицина соҳаси бўйича таҳсил олган. Ўқишни тамомлаб, Қувайтга қайтиб келади. Лекин унинг турмуш ўртоғи Умму Суҳайб Нурия Муҳаммад Баддоҳ Аллоҳнинг динини тарғиб қилиш учун Шарқий Осиёга кетишини таклиф қилади. Бу ўринда куёвини яхшиликка бошлаган солиҳа аёл сиймосини кўришимиз мумкин. Шундай қилиб, иккаласи Осиёга кўчиб бормоқчи бўладилар. Лекин ҳикмат соҳиби бўлган Аллоҳ таоло уларнинг тақдирига ғарбга боришни битиб қўйган эди.
Шундай қилиб, Сумайтнинг Африкага сайёҳати бошланди...
Қувайтнинг собиқ амири Жобир Аҳмадий Сабаҳнинг аёли Абдураҳмон Сумайтга Африкага бориб, унинг номидан масжид қуриб келишни таклиф қилганда, у буни қабул қилиб, Малави ўлкасига жўнаб кетади. Шайх у ерга бориб Исломдан хабари йўқ мусулмонларни кўриб, ҳайрон қолади. Улар ҳатто таҳоратни ҳам тўғри олишни билмас эканлар. Ўша пайтда Европадан келган христианлар, кўплаб бутпарастлар ва баъзи мусулмонларни ҳам христиан динига ўтказишга эришибдилар. Бу ўлкада даъват ишлари бўлмагани яққол кўзга ташланиб, ҳатто ўлкадаги имомлар Фотиҳа сурасини ҳам тўғри ўқий олмайдиган даражага етган экан. Бу кўринишлар Абдураҳмон Сумайтни қийин аҳволга солади. Бу ёш шифокор аёли билан Африкага Ислом таълимотини тарғиб қилишга бел боғлайди. Ўша кундан бошлаб, рафиқаси билан Аллоҳнинг динини ёйиш ва хайрия ишларини амалга ошириш учун Африка бўйлаб сайёҳат қилишди. Британия ва Канада университетларини тамомлаган қувайтлик бу шифокор ўзининг фаровон ҳаётидан воз кечиб, Африканинг Мадагаскар оролининг Антэморо қабиласи яқинидаги Манакара қишлоғига жойлашадилар. Аёли Умму Суҳайб меросдан қолган барча бойлигини Аллоҳ йўлида сарфлашга бел боғлаб, Африканинг шу оролида динни ёйишга қарор қиладилар. Умму Суҳайб ўқиш борасида бир қанча лойиҳаларни ташкил қилиб, уларни муваффақиятли амалга оширади. Сўнгра шайх Абдураҳмон Сумайт камбағал бўлган Африка минтақасидагиларга масжид ва мактаблар барпо қилиш мақсадида Қувайт ва Форс қўлтиғидаги саховатпеша инсонлардан хайр-эҳсон йиғиш учун Қувайтга қайтиб келадилар. Сўнгра лойиҳасини кенгайтириб, ёлғиз ўзи даъват қилиш билан чекланиб қолмай, Африкада Исломни кенг тарғиб қилиш учун, даъватчилар ва имомлардан иборат бир гуруҳ ташкил қилади. Шундай қилиб, шайх Абдураҳмон Сумайтнинг шогирдлари Африканинг қалин ўрмонлари ва қовжираган чўлларига қараб йўл оладилар. Улар Муҳаммад алайҳиссаломнинг динини етказиш учун, Африканинг энг чекка қишлоқларида ҳам халқларни Исломга даъват қиладилар.
Шайх Абдураҳмон Сумайт, унинг аёли Нурия Муҳаммад Баддоҳ ва унинг шогирдлари Ислом динини тарғиб қилишда 30 йил вақт сарфлайдилар. Улар Ислом динини етказишда Африканинг, тахминан, 40 ўлкасида бўлганлар. Ёши ўтиб, соғлиги ёмонлашган шайх Абдураҳмон Сумайт шифокорларнинг маслаҳатига қулоқ солмай, Африканинг калин ўрмонларида яшаб, даъватини давом эттирган. У ерларда тоза сув ва электр энергияси йўк эди. Унинг мақсади Исломни даъват қилиш бўлгани боис, бундай шароитларга эътибор бермаган. Натижада, шайх турли касалликларга чалиниб, юрак хуружи туфайли, Қувайтдаги «Муборакул Кабир» шифохонасига ётқизилади. Унинг аҳволи тобора оғирлашиб, кўриш қобилиятини йўқотиб, ҳаракат ҳам қилолмай қолади. Гоҳида ўзига келиб, бир нарса ҳақида сўрар эди... Африкадаги даъват ишлари қандай кечмоқда? Биз барпо қилган меҳрибонлик уйидаги болаларнинг аҳволи қандай?
Шайх Абдураҳмон Сумайтнинг бетоблиги бутун Қувайт аҳлига тарқалиб, улар бу инсон учун доимо дуода бўлдилар. Шунда уни ахборот манбаларидан динга даъват қилган хизматлари тўғрисида эшитган Маккадага Масжидул Ҳаром ва Мадинадаги Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг масжидлари ҳам унинг ҳаққига дуо қилдилар. Шунингдек, у зотга Ақсо масжидидан дуо қилишди. Шайх Абдураҳмон Сумайт ўзига келиб, яна Африкадаги мусулмонлар аҳволи ҳақида сўраганда Кенияга катта марказий масжид қуришга рухсат олишганини хабар қилишади. Севинганидан шайхнинг юзи нурга тўлиб, оғрикдан қийналган овозлари ила Аллоҳга ҳамдлар айтади. Шунда у зотнинг юзида 60 йил аввал Қувайт кўчаларида қўлидаги таёғи билан ўйнаб юрган ёш боланинг кулгиси кўринади. Ўша пайтда бу ёш бола Африканинг қалин ўрмонлари бўйлаб саёҳат қилишни тасаввур қилгандир. Балки бу табассум шайхнинг ўша болалик кунларини ёдига солгандир!
Қувайтлик буюк мусулмон доктор Абдураҳмон Сумайт 2013 йили 15 августда (ҳ. 1434 й. 8 шаввол) бу фоний дунё билан видолашади. Унинг жанозасига келган Қувайт аҳлининг кўплиги сабаб жаноза намозини ўқиганларнинг охири кўринмасди.
Шайх Абдураҳмон Сумайтнинг қўлида қанча африкалик Исломни қабул қилган деб ўйлайсиз?
Бу Қувайт фотиҳининг қўлида 11 миллион африкалик Исломга кирган!

Ат-Туробийнинг
"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Миссионерлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase