1788 йил декабрида Ўзи қалъасининг бой берилиши ҳақидаги мудхиш хабар бутун Усмонийлар салтанатини ларзага солди. Габсбурглар ва Россия билан бир вақтнинг ўзида уруш олиб бораётган қари султон Абдул-Ҳомид I инсулт бўлиб, орадан тўрт ой ўтиб вафот қилди. Аскар ва оддий одамлар ҳарбий майдонлардаги муваффақитсизликларни султоннинг эпсиз ҳаракатаридан деб билгани учун ўқимишли ва қатъий Салимнинг янги султон бўлиб тахтга чиқишини хурсандчилик билан кутиб олдилар.
Салим султон Мустафонинг ўғли бўлиб, онаси Гуржистонлик эди. У Тўпқопи саройида яхши таълим олган ва ёшлигидан давлат ишларидан хабардор бўла бошлаган. Бироқ отасининг ўлимидан сўнг, яъни ўн уч ёшидан унга саройни тарк этиш тақиқлаб қўйилади. Ўша давр ичида араб ва форс тилларини ўрганишга киришади. Франция қироли Людовик XVI билан ёзишган мактаблари ҳам сақланган.
Тарихчиларнинг айтишича, Салим жасур, сахий ва меҳрибон одам бўлган. У илм-фан ва санъат ривожига хисса қўшган. У ҳукмрон бўлган вақт Истанбул кутубхоналарида европаликлларнинг тилларидан турк тилига таржима қилинган илмий асарлар кўпайган. Хаттотлик санъанти бўйича қилинган асарлар Мадани мунавварда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам масжидларида турибди. Илхомий тахаллуси билан ғазаллар битган.
Булар билан бир қаторда у қуроллар билан ишлашни яхши билган ва давлатда бўлаётган реал ҳаёт билан ҳам яхши таниш бўлган. Волийларига ёзган мактубларининг бирида: “Адолатсизлик кўпайди ва ҳамма ёқда харобагарчилик. Қозилар, ноиблар, амирлар, аёнлар ва жизя йиғувчилар ҳар хил зулм қилмоқда ва шунинг учун ҳам бу мансабларга муносиб бўлмаганларни тайинламанглар”. Усмонийлар салтанатида оғир ҳолат ҳукмрон эди. Бу ҳолат ўн йилдан бери давом этарди.
Дастлабки султонлар даврида салжуқийлар ва элхонийларнинг молия тизими асосида ишлаб чиқилган иқтисодий тизим янги ҳудудларни истило қилишга кучли боғлиқ бўлган бўлиб, бу 1683 йил Вена яқинидаги мағлубиятдан сўнг тўхталиб қолганди. Султон Мурод I даврида ташкил қилинган ягона давлат ғазнасига (хазина-и амир) мунтазам тушумларни солиқлар таъминларди. Тўловлар ва тушумлар устидан назоратни Салим I томонидан таъсис этилган ўзига хос солиқ полицияси амалга оширарди. Бироқ аҳолидан тўпланган маблағлар муваффақиятсиз ҳарбий кампаниялар олиб бориш учун етмасди.
Аслини олганда, усмонийлар бу муаммога Венани иккинчи бор қамал қилишдан анча олдин дуч келганди. Хазинада етишмовчилик 1578 йил сафавийларга қарши уруш очган султон Мурод III даврида пайдо бўлганди. Дарвоқе, бу лавозимга Буюк Сулаймон томонидан тайинланган буюк вазир Соколлу Мехмед-пошо бу урушга қарши эди, лекин ҳарб соҳасидаги ютуқларни кўзлаган султон унинг фикрларига қулоқ солмади.
Усмонийлар ақчаси (кумуш танга) қадрсизланишига олиб келган Америкадан Европага арзон олтин ва кумуш оқимининг кириб келиши усмонийлар иқтисодиётига берилган яна бир кучли зарба бўлди. Шу билан бир вақтда Европани таъминлашда қуруқликдаги савдо йўлларининг аҳамияти пасайди ва буларнинг барчаси усмонийларни Европа давлатларига жиддий ён беришга мажбур қиларди. Мисол учун, 1569 йил турклар французларга, 1583 йил – инглизларга, 1612 йил – голландларга, 1615 йил – австрияликларга савдо имтиёзлари тақдим этди ва ҳ.к.
Ҳарбий соҳасидаги омадсизликлар туркларни янада кўпроқ таслим бўлишга мажбур этарди. Мисол учун, 1718 йил Пожаревацк сулҳ битими имзолангандан сўнг савдо битими ҳам имзоланди, бу эса Австрия фуқароларига атиги 3 фоизлик олиб кириш ва олиб чиқиш божлари билан бутун Усмонийлар салтанати ҳудудида эркин савдо қилиш ҳуқуқини берди.
XVIII асрнинг ўрталарига келиб, Туркияда катта имтиёзлардан фойдаланган имтиёзли хорижий савдогарлар қатлами юзага келди. Бу қатлам вакиллари улар билан ва хорижий дипломатлар билан тилмочлар сифатида ишлаган ва келгусида улар ҳам солиқ тўловларидан озод этилган султон фуқаролари - греклар ва арманларни жалб қиларди.
Табиийки, Истанбулдагилар ўзгартиришга ҳаракат қилишди. 1653 йил Бош вазир Тархунчи Аҳмад пошо биринчи марта кириш ва чиқишлар кўрсатилган бюджетни таклиф қилди. Бюджетдаги танқисликни ёпиш учун солиқларни назорат қилиш йўлга қўйилди, давлат чиқимлари қисқартирилди, яничарлар қўшни сони ҳам қисқартирилди.
Бу қўпол усуллар билан бир қаторда, давлат даромад манбалари ижара шартлари ўзгартирилди. Улардан давлат ғазнасига даромад (бу даромад бирликлари муқатаа деб аталарди) келиб тушадиган корхоналарни кимошди савдосига қўйиш амалиёти узоқ вақтдан мавжуд эди, лекин илгари ижара муддати уч йил билан чекланган бўлса, эндиликда умрбод ижарага бериладиган бўлди. Маликане номини олган бу институт 1695 йил пайдо бўлган. Дастлабки паллаларда у ғазнани тўлдиришга хизмат қилган, лекин вақт ўтиши билан порахўрликнинг ўсишига олиб келган, ижарачилар ўлимидан кейин эса корхоналар давлатга қайтарилмаган.
Аста-секинлик билан тимарлар – уларнинг эгалари ҳарбий хизмат ўташи лозим бўлган ҳарбий ленлар ҳам феодаллар мулкига ўта бошлади. Марказий ҳукумат заифлигидан фойдаланиб, уларнинг кўпчилиги бу ерларни давлатдан арзон-гаровга сотиб оларди, оқибатда ғазна унга жуда зарур бўлиб турган пуллардан маҳрум бўларди. Ҳатто давлат хизматчилари ва ҳарбийларга маош тўлаш учун ҳам маблағ етишмасди.
1775 йил давлат облигациялар чиқарилган бўлиб, улар бўйича инвесторлар солиқ тушумларидан даромад олиш умрбод ҳуқуқини қўлган киритарди. Давлат амалда фуқаролардан нақд пулни қарзга оларди ва бу фуқаролар қанчалик кўп яшаса, капитал киритиш улар учун шунчалик фойдали бўларди. Охир-оқибатда қарзларни тўлаш учун давлат Голландия, Испания ва Марокашдан қарз олиша мажбур бўларди.
Салим III ҳукумат тепасига келган пайт салтанатдаги вазият шундай эди. Бироқ давлатга асосий таҳдидни бостириб келаётган Австрия ва Россия қўшинлари соларди. Турклар кетма-кет жангларда мағлуб бўлиб, ўн минглаб аскарлар ҳалок бўларди ва асир тушарди, 1789 йил ноябрга келиб, рус қўшинлари Бендерни эгаллади ва Дунайгача етиб борди, австрияликлар эса Белград ва Бухарестни ишғол қилди.
Бундай мураккаб вазиятда Салим III ни дипломатия қутқарди. 1790 йил 1 февралда турклар прусс савдо кемаларига худди бошқа давлатларга каби имтиёзлар тақдим этиш эвазига Пруссия билан ҳарбий иттифоқ туздилар. Бу ҳақидаги хабар австрияликлар ва русларни ноқулай аҳволга солиб қўйди. Усиз ҳам чўзилиб кетган уруш кутилмаган тарзда ўзгариб кетиши мумкин эди ва ҳамма ўз учун энг фойдали шартларда сулҳ тузишни истарди.
Австрияликлар Журжа яқинида жиддий мағлубиятга учрагач, улар бир томонлама музокараларга киришдилар ва 1791 йил августда Систово сулҳи тузилди, унга кўра Австрия барча босиб олган ерларини Туркияга қайтариб берди. Россия билан Ясс сулҳ шартномаси худди шу йили узоқ музокаралардан сўнг 29 декабрда имзоланди, Туркия русларга Қримни абадий топширди, давлатлар ўртасидаги чегара эса Днестргача сурилди.
Бу урушларнинг якун топиши Усмонийлар салтанатида тарихий ўзгаришлар рўй бераётган пайтга тўғри келди. 1791 йил августнинг бошларида Салим III вазирлар ва пошолар билан маслаҳатлашгач, унга мамлакатда инқирозни бартараф қилиш бўйича таклифлар беришларини амр қилди. Натижада султоннинг кўриб чиқиш учун 22 та лойиҳа тақдим этилиб, уларнинг катта қисми ҳарбийларга эмас, фуқаро шахсларга тегишли бўлган.
Таклифлар ижтимоий, иқтисодий, диний ва энг аввало харбий соҳалар бўйича эди. Масалан, буюк вазир Хўжа Юсуф-пошонинг тавсиялари орасида солиқлар тўлашдан озод этиладиган ва тинчлик даврида шаҳарлар ва қишлоқлардаги хавфсизликни таъминлайдиган, уруш пайтида эса фронтга жўнатиладиган халқ лашкари отрядлари ташкил қилиш ҳам бор эди.
Шу аснода, Венада саккиз ой элчи бўлиб турган Абу Бакр Ратиб афанди Истанбулга қайтди. Унинг миссияси Габсбурглар империяси ҳаётининг барча томонлари билан яқиндан танишиб чиқишдан иборат бўлган. Сафар якунлари бўйича ёзилган 490 бетдан иборат муфассал ҳисоботда у Австрия армиясининг ташкил қилиниши, давлат тузуми, солиқ тизими, банклар фаолияти, божхона ва ҳ.к. ҳақида маълумотлар келтирган. Айнинг унинг нуқтаи назарлари пировардида бутун усмонийлар жамиятини ларзага келтирган ислоҳотлар характерини белгилаб берди.
1793 йил 13 февралда Салим III усмонийлар армиясини қайта ташкил қилиш ҳақида фармон чиқарди. Бу ислоҳотнинг якуний мақсади ҳарбий қисмларда тартиб ўрнатиш, Европа намунаси бўйича янги қисмлар ташкил қилиш, усмонийлар армиясини қайта қуроллантириш ва модернизация қилиш бўлган.
Янги армия низом-и жадид номини олди, уни ташкил қилиш учун эса француз офицерлари жалб қилинди. «Янги тартиб» илк бўлинмалари 1600 кишидан иборат бўлиб, Леванте казармаларида жойлаштирилди, лекин уларнинг сони 12 минг кишига етказиш режалаштирилган бўлиб, 1794 йил Ускюдарда улкан казармалар қуриш бошланди.
Шунингдек, артиллерия қўшинлари ва денгиз флотини модернизация қилиш бўйича дадил қадамлар қўйилди, турк ҳарбийларини ўқитиш учун Франция ва Европанинг бошқа давлатларидан инструкторлар таклиф этилди. 1795 йил Олтин шох қирғоғи бўйида ҳарбий-муҳандислик билим юрти очилиб, у ерда маҳаллий мутахассислар сабоқ берарди.
Бу лойиҳаларни узлуксиз молиялаштириш мақсадида махсус Иради Жадид молия муассасаси ташкил қилинди. Мазкур муассаса молияси баъзи солиқлар асосида шаклланган.
Булар билан бир қаторда яничарлар харбий қисмларини ҳам тартибга олиш ишлари бошланган. Ўша вақтга келиб олдинлари энг сара харбий қўшин бўлиб, усмонийлар армиясининг кўрки бўлган бўлинмалар бебош харбий қисмларига айланган эди. Харбий қисмларидан қочиш кенг тарқалди, баъзи яничарлар майдо савдо ва бошқа қонунга хилоф ишлар билан шуғулланадиган бўлди. Султон жорий қилган янги қоидаларни ўзларининг ҳолатига қарши деб билган яничарлар буйруқларга бўйинсинмадилар ва низоми жадидга қарши тарғибот ўтказа бошладилар. Бунга маълум маънода ислоҳатлар мувоффақиятига ишонмаган хорижий дипломатлар ҳам ўз хиссаларини қўшдилар.
Ўзгаришларни кўплаб дин пешволари ҳам хавотир билан қабул қилдилар. Чет элликлар таъсирининг кучайишидан хавфсираган ҳолда улар янги ҳарий қисмларда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида аҳоли ўртасида турли миш-мишлар тарқата бошладилар. Низом-и жадид офицерлари ва аскарлари анъанавий қўшинлардан фарқ қиладиган либос киярди ва оми одамлар учун уларда нохушлик ва хавх-хатар кўриш учун шунинг ўз кифоя қиларди.
Айнан шу даврда Салим III ўзининг иттифоқчилари – французлардан кутилмаганда зарба олди. 1798 йил июлининг бошларида генерал Наполеон Бонапарт қўли остидаги қўшинлар Александрияни эгаллаб олдилар ва Қоҳира томон йўл олдилар. Французлар Мисрда дастлабки уч ҳафта давомида усмонийларга берган бир қатор оғир зарбалар Константинополда акс-садо берди. «Кофирларнинг ихтироларига берилиб кетган» ислоҳотчи султонга бўлган ишончга путур етди.
Султон Салим III усмонийлар армиясини ислоҳ қилди
Ҳижрий 1207 йилнинг 13 ражаб ойида (24 феврал 1793 йил) Султон Салим III усмонийлар армиясини ислоҳ қилиш ҳақидаги фармонига имзо чекади. Салтанатнинг ўтмишдаги иқтисодий ва ҳарбий қудратини қайта тиклашга уриниш сифатида баҳоналанган ҳарбий-маъмурий ислоҳатлар тарихда "Янги низом" (Низоми Жадид) номи билан тарихда қолди. Жуда қисқа вақт ичида султон катта ўзгаришларни амалга оширишга муваффақ бўлди. Бироқ бу ислоҳатлар туфали султон аввал тахтидан сўнг ҳаётида айрилди.
Мақола жойлаштирилган бўлим:
Тарих
|
Калит сўзлар
Бошқа мақолалар: Абу Муслим
- Қўрқув формуласи: Россия нима учун қитъалараро баллистик ракетани ишлатди?
- Оқ уй: Путиннинг таҳдидларига қўйганимиз бор АҚШ Украинага ёрдам бераверади
- Супертурбина водородда ишлаб чиқарилаётган энергия: Россия газига алтернатива
- Халқаро Жиноят Суди жиноятчи Нетаньяху ва собиқ мудофаа вазирига нисбатан ҳибс ордери чиқарди
- Инсон ҳуқуқлари умумий Ислом декларацияси