Фавқулодда комиссарият ичкаридан туриб давлатга таҳдид қилаётганларни йўқ қилиш учун атайлаб Ленин ва Дзержинский томонидан тузилган. Сталин даврида НКВД (Ички ишлар халқ комиссарлиги) рақибларини хорижда ҳам ўлдира бошлади: 1937 йилда Лозаннада Игнац Рейс; 1938 йилда Амстердамда Евген Коновальц; 1940 йилда Мексикада Лев Троцкий. 1953 йилда совет махсус хизматлари Белградда маршал Титони ўлдиришга уриниб кўрдилар. Сталиннинг ўлими Кремлни халқаро кўламдаги террорга иштаҳа ва ишқини камайтириб қўйгани йўқ. Бироқ Совет Иттифоқида ҳеч қачон терроризм ибораси ишлатилмаган. Марксизм нуқтаи назаридан келиб чиқиб радикал гуруҳлар ва оқимлар халқларнинг империалистик ҳукмдорлигига қарши миллий-озодлик кураши боис келиб чиққан. Ушбу кураш қандай воситалар эвазига амалга оширилгани ва уларга ким раҳбарлик қилгани аҳамиятсиз эди.
Мехикодаги КГБ (Давлат хавфсизлик қўмитаси) резидентураси 1964 йилда никарагуалик КГБ агенти Мануэл Андара-и-Убеда бошчилигида қўпорувчилик-разведка гуруҳини тузди. У ўзининг сандиночилар гуруҳи билан Мексика ва АҚШ чегарасида КГБ қўпорувчилик кучлари ёрдамида йўқ қилиш учун нефт қувурларига ўхшаш ва бошқа объектлар ҳақида маълумотлар тўплай бошлаган. Ушбу гуруҳнинг яширин номи “Искра” бўлган. КГБ шунингдек, 1978 йилда Манагуадаги Миллий саройни ишғол қилган ва ўнлаб одамларни гаровга олган сандиночиларни тайёрлаган ва молиялаштирган. Ҳужум арафасида улар операция режаси ҳақида қўмитанинг юқори мартабали раҳбарига ҳисобот беришган.
Халқаро миллий-озодлик ҳаракатлари жанггариларини тайёрлаш СССР ўқув марказларининг ҳудудида амалга оширилган. Совет инструкторлари Никарагуа, Ангола, Намибия, Африка Миллий Конгресси (АМК), Мозамбик, Фаластин Озодлиги Ташкилоти (ФОТ) ва бошқа мамлакатларнинг қўзғолончиларини тайёрлаган.
Кам деганда ўн йил давомида Солнечногорск, Сходна, Перевальний (Симферопол яқинида), Мари, Кушка, Краснодар четида ва бошқа жойлардаги махсус тайёргарчилик марказлари фаолият юритган. Турли араб давлатлари ва Фаластин Озодлиги Ҳаракатига ўхшаш ташкилотлардан ҳар йили 1000 кишидан зиёд одамлар СССРдаги “қўпорувчи разведка взводининг командири” мутахассислиги бўйича курсларни тамомлаб келишган. Бу СССРдаги ўқув марказларини ўн мингдан зиёд “қўпорувчи разведчик” мутахассислари тамомлаганини англатади.
Украина ССР Николаев вилоятининг Привольное қишлоғида жойлашган Бош разведка бошқармаси (ГРУ) қошидаги махсус мактабини 400 нафар фаластинлик, 200 нафар анголалик, 200 нафар намибиялик, Жанубий Африка Республикасининг Африка Миллий Конгресси ташкилотидан ва жанубий яманлик 20 нафар жанггари тамомлаган.
“Курсант”ларни СССРга етказиш, уларни ўқитиш, кийинтириш ва едиришни совет томони бюджет маблағлари эвазига амалга оширилган.
“№1 рақамли террорчи” дея танилган машҳур Карлос Шоқол Патрис Лумумба номли Халқлар дўстлиги университетида ўқиган. Бу университет қўпорувчилик ишлари учун чет эллик фуқароларни ёллаш марказларидан бири саналган. Бундан кейин у Куба ва Совет Иттифоқидаги машғулот лагерларида таълим олган. Қандайдир вақт давомида у Шарқий Германияда яшаган.
КГБ Фаластин озодлик ташкилоти ва Фаластин қаршилик ҳаракати каби ташкилотларни молиялаштириб назорат қилиб келган. КГБ Япониянинг “Қизил армияси”, Италиянинг “Қизил бригадалари” ва Германиядаги Баадер Манҳофф гуруҳи, Ирландия озодлик армияси, Никарагуадаги Фарабундо Марти номли қўзғолончилари, Ангола, Эритрея, Набия, Колумбия, Венесуэла ва бошқа мамлакатлардаги террорчилик ташкилотлари билан у ёки бу даражада, бевосита ёки билвосита алоқа ўрнатган. Мюнхендаги исроиллик спортчиларни ўлдириш бўйича террорчилик актини ташкил этган ҳамда Халқаро суд талаби билан ҳибсга олиниши кўзда тутилган Карлос Шоқол ва Абу Довуд каби энг таниқли террочилар лагерларда совет инструкторлари иштирокида тайёргарлик ўтишган.
КГБни 15 йил давомида бошқарган Андропов АҚШ ва Исроил давлатига футур етказиш учун мусулмон мамлакатларига юз минглаб нусхаларда пропагандага оид адабиётларни жўнатган. Айнан унинг иштирокида Яқин Шарқда аксиламерика ва Исроилга қарши кайфиятлар алангалатилган. У 19 аср охирида Чор Россияси охранкаси томонидан сохталаштирилган пропагандистик сохта ҳужжат – “Сион донишмандлари баённомасини” араб тилига таржима қилишни буюрган.
Биргина Қримдаги Ўқув марказида (УЦ-165) Осиё ва Африка мамлакатлари миллий-озодлик армиялари учун 10 мингдан зиёд офицерлар тайёрланди. Кейинчалик уларнинг энг яхшилари Вьетнам, Лаос, Мўғулистон, Куба, Мали, Танзания, Мадагаскар, Ливия, Афғонистон, Ливан армияларида генераллик лавозимларига эришдилар. Уларга турмаларни ишғол қилиш, тутқунларни озод қилиш, темир йўл ва электр станцияларида қўпорувчилик амалиётларни ўтказишни ўргатишган.
60-70-чи йилларда Қрим Ўқув маркази асосан Африка мамлакатлари миллий-озодлик армиялари учун жанггари ва командирларни тайёрлаб келган. Совет Иттифоқи Ангола, Мозамбик, Конго, Зимбабве, Гвинеяда “прогрессив кучлар”нинг қуролли курашини фаол қўллаб келган. Кейинроқ эса СССРда партизанлик уруши олиб бориш бўйича орттирилган тажриба ўзаро жанжалларда фойдаланиб келинган.
70-чи йилларда курсантлар географияси анча кенгайди. Қримда Лаос ва Вьетнамдан келган ўқувчилар пайдо бўлишди. Бу мамлакатларда социалистик режимни қўллаш учун армияга малакали мутахассислар керак эди. Афғонистонга совет қўшинлари киритилганидан кейин эса қайта тайёргаргарлик курсларига Бабрак Кармални қўллаганлар кела бошладилар. Афғонистон раҳбари Ҳафизулло Аминни аввалига заҳарладилар, кейин эса 1979 йилда Қобулда КГБ махсус гуруҳи ёрдамида ўлдирдилар.
Муаммар Қаззофий 1983 йилда қўпорувчилик ишларини ўрганиш учун ярим оролга ўзининг офицерларини жўната бошлади. Бир йилдан сўнг эса фаластинликларнинг гуруҳи пайдо бўлди. Улар ўзлаштирган кўникмаларни сафдошларига “жойларда” ўргата бошладилар. СССР парчаланиб кетгандан сўнг эса кўпчилик турли хил террорчи гуруҳлари тарафига ўтиб кетдилар.
КГБ офицери Василий Федорович Самойленко узоқ вақт давомида Ясир Арофатга ғамхўрлик қилиб келди. 1974 йилда олинган фотосуратда уларнинг иккови Москвада гулчамбар қўйиш маросимида иштирок этаётганларини кўриш мумкин. Мазкур ташриф чоғида советлар Фаластин Озодлик ҳаракатини Фаластин араб халқининг ягона вакили деб атадилар. Ўшандан бери КГБ ўзининг Балашихадаги махсус операциялар тайёрлаш марказида ФОТ партизанларини ўқита бошлади ҳамда Исроил объекталарига ҳужумларда қўлланган барча қурол-аслаҳани етказди. ФОТ разведкаси ходимлари КГБнинг бир йиллик курсларида ўқитилган, уларнинг баъзиларини қўмита ўзига айғоқчиликка ёллаган.
Юрий Андропов СССРниннг иттифоқчилари Сурия ва Миср Олти кунлик уруш натижасида ҳақоратомуз мағлубиятга учрашидан бир неча ой олдин КГБ раиси этиб тайинланган. Ўшандан сўнг бўлажак бош котиб фаластинлик террорчиларга Исроилга қарашли El Al авиакомпанияси самолётларини қўлга олишни ва Қуддусда тереактлар уюштиришни ўргатиш йўли билан ўч олишга қарор қилган.
Фаластин озодлиги учун марксча-ленинча халқ фронти раҳбарининг ўринбосари ва хориждаги операциялар бўлимининг бошлиғи Вади Ҳаддад Яқин Шарқдаги КГБ томонидан ёлланган агентларнинг энг машҳури бўлган. КГБ уни 1970 йилда ёллаган, бу ҳақда 1992 йилда Британияга қочиб ўтган КГБ архивининг собиқ ходими Василий Митрохин британ разведкасига тақдим этган ҳужжатлар гувоҳлик беради. Ҳаддад 1970 йилда Нью-Йоркка учаётган тўртта самолётга ҳужум қилган. Тел-Авивдан учган Боинг-707 самолётини қўлга олишга уринишлар натижасиз чиқди – хавфсизлик хизмати ходими икки нафар террорчилардан бирини отиб ўлдирди.
Қолган учта самолёт террорчилар томонидан қўлга олиниб, бошқа аэродромларга олиб қочилди. Pan Am компаниясига қарашли Боинг-747 йўловчилари ва экипажи эвакуация қилинди, самолётнинг ўзи портлатиб юборилди. Қолган икки ҳолатда террорчилар мақсадларига эришдилар – қамоқдаги сафдошлар йўловчиларга алмаштирилди. Митрохин тақдим этган ҳужжатлардан маълум бўлишича, Ҳаддадга қуролни КГБ етказиб берган. Шунингдек, кураторлар террорчиларнинг режаларидан хабардор бўлган дея тахмин қилиш мумкин.
СССРнинг йўлдошлари саналган мамлакатлар ҳам террорчиликка катта ҳисса қўшдилар. 60-йиллар охирида Руминия ташқи разведка хизматининг Қоҳирадаги резиденти Мунтяну Арафотни ўрай бошлаган ва уни Бухарестга олиб келган. Арафот ва Николае Чаушеску яқин дўст бўлиб қолдилар. Руминия разведкаси 1972 йилда ФОТ билан иттифоқ тузди. Бу ҳақда КГБнинг собиқ полковниги Олег Гордиевский айтиб келган. Унга кўра, руминлар ФОТни паспорт бланкалари, электрон кузатув воситалари ҳамда операциялар ўтказиш учун қурол билан таъминлаб келишган. Чаушеску ўшанда DIE раҳбари лавозимини эгаллаган генерал Ион Михай Пачепега “Москва ФОТни жисмоний куч билан озиқлантираётган бўлса, мен унинг миясини озиқлантиряпман”, деб айтган. Пачепа 1987 йилда чоп эттирган “Қизил уфқлар” китобида ёзишича, “Арафот ва унинг КГБ кураторлари Суданнинг Хартумида америка дипломатларини гаровга олиш учун ФОТ таркибида “командос” гуруҳини тайёрлаб келган”.
Хориж матбуотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади