close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Муҳташам бўлмаган юз йил

Усмоний шаҳзода Шарқий Туркистоннинг муваффақиятсиз ҳукмдори сифатида

1935 йил 3 августида Нью-Йорк шаҳридаги «Манхеттен» меҳмонхонасида қотиллик аломатларисиз ёш бир йигитнинг жасади топилди. Полиция уни Султон Абдулҳамид II нинг набираси Меҳмед Абдулкерим, деб аниқлади. Марҳумнинг ёнидан топилган туркча ёзувда қайд этилишича, у молиявий муаммолар туфайли ўз жонига қасд қилган.
Агар битта "лекин"и бўлмаганида, тушунтириш мантиқий бўларди: Нью-Йорк шаҳрига шаҳзода Меҳмед Абдулкерим маҳаллий мусулмонларнинг Хитой Гоминдан режимига қарши исёни авж олган Шинжон ўлкасидан келган эди. Қўзғолончилар ҳокимиятни қўлга олиб, Хотан амирлиги тузилганлигини эълон қилдилар. Бу минтақада ўз манфаатларига эга бўлган Буюк Британия ва Япония уларни қўллаб-қувватлаши ҳақида билдирди. Япония ёрдами билан исёнчиларга султонликни қайта тиклаш ғоясига содиқ Усмоний муҳожирлари орасидан ҳарбий инструкторлар юборилди.
Уйғурлар, қозоқлар, дунганлар ўртасида вақти-вақти билан тузилган, лекин ушбу этник гуруҳлар кўзлаган мақсадларнинг мувофиқлаштирилмаганлиги сабабли тезда тарқалиб кетган иттифоқлар билан исёнчи вилоятга юборилган Хитой қўшинларининг турли тузилмалари ўртасида жангларда икки йил ўтди. Шунга қарамай, 1933 йил 12 ноябрда пойтахти Қашқар шаҳри бўлган Шарқий Туркистон Туркий-Ислом Республикаси эълон қилинди.
Афтидан, японлар ташаббусни қўлга олишга ва сиёсий вазиятни ўз фойдасига ўзгартиришга интилганлар. Шунинг учун Ливандан Ҳиндистон ва Япония орқали келган шаҳзада Меҳмед Абдул Керим Шинжонда пайдо бўлди. Японлар Хитой императорлик сулоласи Пу-И авлоди бошчилигида Манчжурияда мавжуд бўлган Маньчжоу-Го каби Шинжонда буфер давлатни яратишга уринганликлари ҳақида далиллар бор. Гипотетик жиҳатдан, ҳатто Шарқий Туркистонни Ғарбий Туркистон (советлар Ўрта Осиёси) билан бирлаштириш ва усмонийлар тахти вориси бошчилигида туркий давлат ташкил қилиш имконияти хам кўриб чиқилиши мумкин эди. Буларнинг барчаси нафақат Хитой ҳукумати ва уларнинг энг яқин қўшниси СССРни, балки Усмоний султонлар сулоласининг қайта тикланишини ҳеч қандай шаклда истамаган Кемалчи Туркия ҳукуматини ҳам жиддий ташвишга солди. Туркия ҳукумати Япониянинг режаларини қаттиқ қоралади.
Шу билан бирга, Хитойнинг Гоминдан ҳукумати генерал Шэн Шицайни Шинжонга губернатори этиб тайинлади ва исёнкор вилоятга қўшимча қўшинлар юборди. Қўзғолончи турклар «босмачилар»ни қўллаб-қувватлашидан чўчиган СССР хитойликларга ёрдам кўрсатди. У ердан ОГПУнинг 13-Олма-Ота ва 10-Тошкент полклари командирлари ва Қизил Армия аскарларидан тузилган “Олтой кўнгилли армияси” жойлаштирилди.
Шарқий Туркистон раҳбарияти халқаро миқёсда тан олинишга ҳаракат қилиб, СССР, Афғонистон, Эрон, Туркия ва Британия Ҳиндистонига ўз элчиларини юборди, лекин охир-оқибат ҳеч ким Хитойдаги фуқаролар урушига аралашишни, қўшни давлатлар билан муносабатларни кескинлаштиришни истамади. Тан олинмаган республика ёрдамсиз қолди, унинг қўшинлари мағлубиятга учради ва 1934 йил 6 февралда ҳукумат аъзолари турли мамлакатларга қочиб кетди. Шарқий Туркистон султонлигининг муваффақиятсиз бўлган раҳбари зудлик билан Шинжонни тарк этишга мажбур бўлди. Бу айланма йўлнинг охири Нью-Йорк қабристонларидан биридаги қабр бўлиб чиқди. Шаҳзоданинг ўлими хитойликлар, японлар ва советлар учун, энг аввало, Туркиянинг республика ҳокимияти учун фойдали бўлди.
Ўшанда собиқ ҳукмрон Усмонийлар сулоласининг барча вакиллари Туркия махсус хизматларининг қаттиқ назорати остида бўлганини ҳисобга олсак, уларнинг ҳеч бири Меҳмед Абдулкеримнинг 29 ёшида ўз ихтиёри билан бу дунёдан кетишига ишонмаган бўлса ажаб эмас. Усмоний шаҳзоданинг ҳикояси Шарқий Туркистон учун турли кучларнинг курашининг номаълум эпизодларидан бири бўлиб қолди.

Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase