Исро ва Меърож ҳодисасининг ҳикмати
Бу мўъжизавий сафарнинг ҳикматлари кўп бўлиб, энг буюги ва лўндаси Аллоҳ таоло: (لِنُرِيَهُ مِنْ أَيَاتِنَا) “...унга (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга) Ўз мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун...”[1] деб, айтган оятидир. Шундай ҳам бўлди: (لَقَدْ رَأَى مِنْ أَيَاتِ رَبِّهِ الْكُبْرَى) “Дарҳақиқат, у (Муҳаммад алайҳиссалом) Парвардигорининг буюк мўъжизаларини кўрди”[2].
Аллоҳнинг ҳузурида “меҳмон” бўлиш мушрикларнинг азиятлари чўққисига чиққан пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга катта тасалли бўлди, бу иш туфайли у зотнинг кўнгилларидан тушкун кайфият ариди, умид ниҳоли гуркиради.
Айни чоқда, бу воқеа мусулмону кофир учун синов-имтиҳон ҳам бўлди. Бу имтиҳондан барча саҳобалар ўтишди, кофир-мушриклар эса, яна доғда қолишди.
Тафсилоти
Жумҳур аҳли сунна ва жамоа уламолари Исро ва Меърож ҳодисасининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан кейин, Макка даврида, ҳижратдан сал олдин, ислом даъвати қувғин билан муваффақият ўртасида турган бир пайтда, уйғоқ ҳолларида, руҳ ва таналари билан, Жаброил фаришта ҳамроҳлигида, Буроқ номли мўъжизавий уловда, кечанинг бир бўлагида, бир марта юз берганига иттифоқ қилишган.
Беш вақт намоз Исро кечаси Меърожда фарз қилинганига барча уламолар якдилдирлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага ҳижратлари пайғамбарликнинг 14-йили, рабиул аввал ойининг бошида, у зот қамарий ҳисобда 53 ёшга тўлганларида (милодий 622 йил сентябр ойи ўрталарида) бўлганига ҳам барча уламолар иттифоқ қилишган.
Вақти
Исро ва Меърож ҳодисаси юз бергани ҳақида Ислом умматида мутлақо ихтилоф йўқ. Аммо қачон содир бўлгани ҳақида турлича қарашлар бор. Қуйида уларни бирма-бир кўриб чиқамиз:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин (бу ривоят шозз[3] бўлиб, Шарик ибн Абу Намир тарафидан содир этилган хато эканига барча муҳаддислар иттифоқ қилишган[4]);
– пайғамбарликнинг биринчи йили (имом Табарий ихтиёр қилган);
– пайғамбарлик келганидан бир йилу олти ой кейин (имом Заҳабийнинг ушбу қавли ҳақида Абу Умар ибн Абдул Барр: “Мен Заҳабийдан бошқа бу гапни айтган бирорта сийрат олимини билмайман”, деган[5]);
– пайғамбарлик келганидан беш йил ўтиб (қози Иёз нақли);
– пайғамбарлик келганидан етти йил кейин (Зуҳрийнинг бир қавли);
– пайғамбарликнинг ўнинчи йили (Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий ихтиёр қилган);
– ҳижратдан уч йил олдин (Ибн Асийр нақли);
– ҳижратдан бир йилу олти ой олдин, рамазон ойида (Воқидий ривояти);
– ҳижратдан бир йилу беш ой олдин, шаввол ойида (Мовардий қавли ҳамда, Суддийдан Табарий ва Байҳақийлар ривоят қилишган);
– ҳижратдан бир йилу тўрт ой олдин, зулқаъда ойида (Суддий ва Муқотилларнинг бир қавли);
– ҳижратдан бир йилу уч ой олдин, зулҳижжа ойида (Ибн Форис нақли);
– ҳижратдан бир йилу икки ой олдин, муҳаррам ойида (Ибн Абдул Барр нақли);
– ҳижратдан бир йил олдин, рабиул аввал ойида (кўпчилик ровийлар ривояти, жумладан: Ибн Аббос, Ибн Масъуд, Ибн Умар, Анас, Жобир, Оиша, Умму Салама, Умму Ҳонилардан ривоят қилинган (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин). Қатода, Урва ибн Зубайр, Мусо ибн Уқба, Ибн Қутайба, Байҳақий, Ибн Саъд, Ибн Асокир, Ибн Мардавайҳ, Ҳофиз Иброҳим Ҳарбийлар ривоят қилишган (Аллоҳ ҳаммаларини раҳматига олсин). Муқотил ва Зуҳрийларнинг бир қавли);
– ҳижратдан саккиз ой олдин, ражаб ойида (Абул Фараж ибн Жавзий нақли);
– ҳижратдан олти ой олдин, рамазон ойида (Ҳофиз Абу Рабиъ ибн Солим нақли).
Қайси кунда рўй бергани хусусидаги фикрлар ҳам хилма-хилдир
– 12-рабиул аввал (Жобир ва Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумлар қавли);
– 17-рабиул аввал (Ибн Умар, Оиша, Умму Салама ва Умму Ҳони розийаллоҳу анҳумлар қавли);
– 27-рабиул аввал (Ҳофиз Иброҳим Ҳарбий қавли);
– Ражаб ойининг биринчи жума кечаси[6] (ровийи номаълум);
– 10-ражаб (Қайс ибн Аббод ривояти);
– 25-ражаб (ровийи номаълум);
– 27-ражаб (Қосим ибн Муҳаммад ривояти);
– 17-рамазон (Ибн Саййидин нас нақли);
– 29-рамазон (ровийи номаълум).
Таҳқиқ (ҳақиқатини аниқлаш)
Исро ва Меърож ҳодисасининг қачон юз бергани ҳақида бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис ёки саҳобалардан саҳиҳ асар йўқлигини, шу сабабли муҳаққиқ уламоларимиз кўп ва хўб баҳслар олиб боришганини, натижада, маълумотларни “таржиҳ”[7] қилишганини (яъни, ҳақиқатга яқинини аниқлашганини) айтиб ўтмоқчимиз.
Шайх Сафийюр Раҳмон Муборакфурий: “Саҳиҳ қавлга кўра[8] Абу Толиб пайғамбарликнинг ўнинчи йили ражаб ойида, Хадича розийаллоҳу анҳо ҳам шу йили рамазон ойида вафот этишган. Бу пайтда ҳали беш вақт намоз фарз қилинмаган эди. Ислом уммати беш вақт намоз Исро кечаси фарз қилингани хусусида ижмоъ қилган. Исро сурасининг сиёқи-оқими Исро ҳодисасининг жуда кеч (яъни, Макка даврининг охирги йилларида) юз берганига далолат қилади. Натижада, биз Исро ҳодисаси (пайғамбарликнинг 12-йили, ҳаж мавсумида бўлиб ўтган) “Биринчи ақаба байъати”дан сал олдинроқ бўлган ёки (биринчи ақаба байъати билан пайғамбарликнинг 13-йили, ҳаж мавсумида бўлган) “Иккинчи ақаба байъати” орасида бўлган, деган фикрга келдик, яна Аллоҳ билувчироқ”, деган[9].
Ҳофиз Ибн Форис Асбиҳоний Исро воқеасининг ҳижратдан бир йилу уч ой олдин, зулҳижжа ойида бўлганига жазм қилган (ишонч ҳосил қилган ва бир тўхтамга келган эди)[10].
Шайх Муҳаммад Абу Заҳра: “Исро ва Меърож ҳодисаси йигирма еттинчи ражабда бўлган, деган фикр саҳиҳ бўлмаган хабар ила келган бўлиб, бу ой-кунни баъзи одамлар ушлашганининг гувоҳи бўлдик. Биз ҳам буни аниқ ишонч ҳосил қилмаган ва бир тўхтамга келмаган ҳолда қабул қиламиз. Сабаби, ровийлар яна Исро ва Меърож ҳодисасининг ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлганига иттифоқ қилишган", дейди.[11]
Имом Нававий бу хусусда икки хил фикрни келтирган. “Равзатут толибин” китобида: “Исро ва Меърож ҳодисаси ражаб ойининг йигирма еттинчи кечаси бўлган”, деса, “Фатово” китобида[12]: “Рабиул аввал ойида бўлган”, дейди.
Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечаси бўлгани ҳақидаги ривоятни Абдул Ғаний Мақдисий ихтиёр қилган. Аммо ҳофиз Абу Исҳоқ Иброҳим Ҳарбий уни инкор этгандир[13], қолаверса, барча муҳаддис уламолар ривоятнинг саҳиҳ эмаслигини бир овоздан таъкидлашган.
Аллома Абу Шома Мақдисий[14], имом Абул Хаттоб Умар ибн Диҳя[15] каби олимлар: “Исро ва Меърож ҳодисаси ражаб ойида бўлгани ҳақидаги ривоят таъдил ва тажриҳ уламолари наздида кизбдир”, дейишган.
Ражаб ойининг биринчи жума кечаси бўлгани ҳақидаги ривоятни аллома Ибн Касир: “Асли-асоси йўқ”, деган[16].
Хулоса
Жобир билан Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳум: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рабиул аввал ойининг душанба куни ҳам туғилганлар, ҳам ваҳий у зотга рост туш орқали кела бошлаган, ҳам Меърожга чиққанлар, ҳам Мадинага ҳижрат қилганлар, ҳам вафот этганлар”, дейишган[17].
“Ибн Асийр Жазарий: “Исро воқеасининг душанба куни бўлгани менинг назаримда саҳиҳдир”, деган. Ибн Мунир ушбу гапни ихтиёр қилгандир”[18].
Абул Баракот Насафий: “Исро ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) бўлган”, дейди[19].
Шайх Алоуддин Мансур: “Исро Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилишларидан бир йил илгари воқе бўлган”, дейди[20].
Доктор Аҳмад Абу Зайд[21] билан доктор Абдул Азиз Усмон Тувайжирий[22]: “Аржаҳ (ҳақиқатга яқинроқ) сўзга кўра, беш вақт намоз ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) Исро ва Меърож кечаси фарз қилинган”, дейишади.
Мулла Али қори ибн Муҳаммад Султон Ҳанафий: «Исро ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Ибн Асийр: “Мана шу саҳиҳдир”, деган», дейди[23].
Шайх Али Нойиф Шаҳҳуд: “Исро ва Меърож ҳодисаси кўпчилик ва муҳаққиқ уламоларнинг сўзларига кўра, ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Тадқиқот ва мушоҳада қилинса ҳам, Исро ва Меърож ҳодисаси рабиул аввалда бўлганига ишонса бўлади”, дейди[24].
Қози Иёз: “Бир эмас, бир қанча олим Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) юз берганини айтган”, дейди[25].
Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: “Исро ҳодисаси ҳижратдан бир йил олдин рабиул аввал ойида бўлган. Бу кўпчилик уламоларнинг сўзидир. Ҳатто Ибн Ҳазм бу борада муболаға қилиб, ижмоъни нақл қилган”, дейди[26].
Имом Бағавий: “Меърож ҳижратдан бир йил олдин (рабиул аввал ойида) бўлганига илм аҳли иттифоқ қилган”, дейди[27].
Демак, Исро ва Меърож воқеаси ҳижратдан бир йил олдин, яъни, пайғамбарликнинг 13-йили рабиул аввал ойида, душанба куни бўлгани “рожиҳ” (яъни, ҳақиқатга яқин)дир. Бу вақт милодий 621 йилнинг сентябр ёки октябр ойига тўғри келади.
Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қамарий 52 ёшга тўлган эдилар.
Аллоҳ таоло Ўзининг буюк ҳикмати ила бу ҳодисанинг аниқ вақтини худди Қадр кечаси каби унуттирди!
Аллома Бадриддин Айний Ҳанафий: “Исро кечасида “рағоиб” намозини ўқиш ўйлаб топилган бўлиб, унинг асли-асоси йўқдир”, дейди[28].
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари: “Исро кечаси тўпланиб, илмий суҳбатлар ўтказиш кейинги даврларда юзага чиққан. Баъзи аҳли илмлар мазкур улуғ ҳодисани ёдга олиш билан бирга кўпчиликка унинг аҳамиятини эслатиш ва дину диёнат йўлида ваъзлар қилишни мусулмонлар учун фойдали деб бу ишни ўтказишган.
Исро кечасидаги алоҳида намозлар ва бошқа нарсалар ҳужжатсиз ишлардир”, дейдилар[29].
Абдул Азим ЗИЁУДДИН
(муаллиф варианти)
[1] Исро сураси 1-оят.
[2] Нажм сураси 18-оят.
[3] Абу Яъло Халилий “шозз” сўзига қуйидагича таъриф берган: “Шозз” ривоятнинг бор-йўғи битта исноди бўлиб, ровийи ишончли бўладими, бўлмайдими фарқи йўқ. Агар ишончсиз бўлса, ривояти “матрук” бўлиб, қабул қилинмайди. Ровийи ишончли бўлса, ўзида тўхтайди ва ривояти ҳужжатга ярамайди” (Шайх Абдул Карим ибн Абдуллоҳ Хузайр, “Шарҳун нухба” 1/56).
[4] Абу Ҳайён Андалусий, “Ал-баҳрул муҳит” (6/2); Алоуддин Бағдодий, “Тафсирул Хозин” (4/134).
[5] «Ат-тамҳид лима фил муваттои минал маъоний вал асонид” (8/48).
[6] Бу кечани “Рағоиб кечаси” дейишади.
[7] “Таржиҳ” – маълумотлар ичидан кучли, вазни оғир, эҳтимоли кўп ва ҳақиқатга яқинини аниқлаш.
[8] Олусий тафсири, (23/46).
[9] “Ар-раҳиқул махтум”.
[10] “Тафсири Олусий”, (Алақ сураси тафсири).
[11] “Хотамун набиййин” (2/94), “Зуҳратут тафосир” (1/4322).
[12] Ибн Ҳажар Асқалоний, “Фатҳул Борий”, 7-жуз; Муҳаммад Саййид Тантовий, “Ат-тафсирул васит” (1/2590); Муҳаммад ибн Юсуф Солиҳий, “Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод” (3/65).
[13] Ҳофиз ибн Ражаб, “Латоифул маъориф”, (233).
[14] “Ан-нофеъул боъис”, 116.
[15] “Адоу ма важаб мин баёни вазъил ваззоъийна фи ражаб” (53-бет).
[16] “Ал-бидоя ван ниҳоя”, 3/107.
[17] Абу Бакр ибн Абу Шайба ривояти; Ибн Касир, “Ал-бидоя ван ниҳоя” (3/107).
[18] Олусий тафсири (10/357).
[19] “Тафсирун Насафий” (Исро сураси 1-оят тафсири).
[20] “Қуръони карим – ўзбекча изоҳли таржима”, Исро сураси 1-оят изоҳи.
[21] “Ас-сийратун набавия” (1/73).
[22] “Ас-сийратун набавия” (1/56).
[23] “Шарҳун нуқоя” (1/180).
[24] “Ас-сийратун набавия дурусун ва ъибарун” (1/461).
[25] “Аш-шифо би таърифи ҳуқуқил Мустафо” (1/180).
[26] “Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий”, “Меърож” боби.
[27] “Тафсирул Бағавий” (5/64).
[28] “Умдатул қорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” (6/115).
[29] “Зикр аҳлидан сўранг”, 7-сон.
Абдул Азим ЗИЁУДДИН