close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Лут алайҳиссалом қавми

Лут қавми (у келтирган) огоҳлантиришларни ёлғон деди. Дарвоқеъ, Биз уларнинг устига (тош) бўрон юбордик. Магар Лут хонадонигагина тонг-саҳарда нажот бердик. Қамар сураси, 33-34-оятлар

Лут қавми (у келтирган) огоҳлантиришларни ёлғон деди. Дарвоқеъ, Биз уларнинг устига (тош) бўрон юбордик. Магар Лут хонадонигагина тонг-саҳарда нажот бердик. Қамар сураси, 33-34-оятлар Шарқий Анатолия, Месопотамия пасттекислиги, Фрот ва Дажла дарёларининг оралиғи, Арабистон ярим ороли ва Африка қитъасининг шимоли-ғарбий қисми инсоният тарихининг бешиги бўлган. Қадимий дунёнинг энг йирик ҳазоралари ана шу ерларда барпо этилган эди.
Инсоният тарихи давомида мана шу ерларда яшаган барча қавмларга Аллоҳ Таоло Ўзининг пайғамбарларини юбориб турган. Пайғамбарлар ўз қавмларида саҳиҳ иймон-эътиқодни ва инсонларга икки дунё саодатига элтувчи йўлни кўрсатадиган Муқаддас Китобларни етказиб турганлар.
Бироқ, баъзи қавмлар Аллоҳга қарши исён кўтариб, Унинг элчиларини инкор қилар, пайғамбарларни юртдан ҳайдар, баъзан ҳатто ўлдирар эдилар. Ана шунда Аллоҳ Таолонинг одил ҳукми уларнинг бошига етар, келгуси авлодларга ибрат бўлиши учун уларга қирғин келар эди.
Ана шундай қавмлардан бири бугунги Исроил давлати ҳудудида яшаб ўтган. Ўлик денгиз қирғоғида умр кечирган бу халқ Лут алайҳиссаломнинг қавми деб тарихда қолган.
Қуръони карим оятларига кўра, ҳазрати Лут алайҳиссалом мана шу халққа элчи қилиб юборилган эдилар. Бу юртнинг одамлари мисли кўрилмаган жирканч ва ифлос ишга - бесоқолбозликка ружу қўйишган эди.
Ўшанда уларга биродарлари Лут айтган эди: "(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?! Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори зиммасидадир. Сизлар бутун оламлардан (ажраб - ҳеч бир жонзот қилмаган ишни қилиб, аёлларга уйланиш ўрнига) эркакларга яқинлашурмисизлар?! Ва Парвардигорингиз сизлар учун яратган жуфти ҳалолларингизни тарк қилурмисиз?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсизлар" “Шуъаро” сураси, 161-166-оятлар
Лут алайҳиссалом ўз қавмини бу гуноҳи кабирадан дарҳол қайтишга чақириб, уларга Аллоҳ Таолонинг амрини етказдилар, аммо бадбахт қавм Парвардигорнинг элчисини кескин инкор қилиб, янада гуноҳ ботқоғига ботди.
Аллоҳ Таоло Ўз ҳукмини инкор қилган қавмга шиддатли азоб юборди, Лут алайҳиссаломга эргашмаган шаҳар аҳли даҳшатли ўлим топди.
Келинг, энди Қуръони каримда баён этилган бу ояти карималарни тасдиқловчи археологик далилларни биргаликда кўриб чиқайлик. Лут алайҳиссаломнинг қавми Садум деган шаҳарда яшаган. Археологик қазилмалардан маълум бўлишича, шаҳар Ўлик денгизнинг қирғоғида жойлашган бўлиб, бу Урдун ва Исроил давлатларининг ҳозирги кундаги чегараси атрофига тўғри келади.
Бу жойларда қазиш ишларини олиб борган археолог олимлар бу ерда бир пайтлар содир бўлган даҳшатли табиий офатнинг яхши сақланиб қолган изларини топишди. Хусусан, ер қаъридан топилган одам суякларининг шакли бу ерда ўта кучли зилзила бўлганлигидан далолат беради.
Қуръони каримда хабар берилишича, Парвардигоримизнинг азоби келган куннинг арафасида Лут алайҳиссаломнинг уйларига икки фаришта инсон қиёфасида меҳмон бўлиб келдилар ва Садум шаҳри эртага Аллоҳнинг қаҳру-ғазабига учрашидан уларни огоҳлантирдилар.
(Шунда фаришталар) айтдилар: «Эй Лут, биз Парвардигорингизнинг элчиларимиз. Улар сенга ҳаргиз тега олмаслар. Бас, сен кечанинг (қолган) қисмида аҳли оилангни олиб чиқиб кетгин ва сизларнинг ичингиздан ҳеч ким атрофга алангламасин! Фақат хотининг... Зотан, унга (хотинингга) ҳам уларга етган бало етгувчидир. Уларга ваъда қилинган вақт субҳдир. Субҳ яқин эмасми?!»
Энди қачонки бизнинг фармонимиз (яъни азобимиз) келганида, у жойларни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг (кофирларнинг) устига Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), у жойлар бу золимлардан йироқ эмасдир. Ҳуд сураси, 81-83-оятлар
Ояти каримадаги “...остин-устин қилиб юбордик...” ибораси эҳтимол шаҳарнинг даҳшатли зилзила натижасида ер билан яксон бўлганлигига ишорадир.
Британиялик геологларнинг шу ерларда олиб бораётган тадқиқотларини ёритиб борган Би-Би-Си телекомпанияси “Олимлар Садумнинг жаҳаннамга равона бўлганлигини аниқладилар” деб номланган репортажида экспедиция иштирокчиларидан бири - бу ҳақда ишончли далиллар топган Грэхем Харрис исмли геологнинг сўзларини келтиради.
Доктор Харриснинг айтишича, Садум шаҳри Ўлик денгизнинг қирғоғида жойлашган бўлиб, асфальт смоласини қазиб олиш ва сотиш орқали гуллаб-яшнаган. Бу смола кемаларнинг сиртига қопланар ва турли биноларни қуришда ғиштларни бир-бирига маҳкамлаш учун ҳам фойдаланилар эди.
Ўлик денгизнинг ёқасида жойлашган Садум шаҳри ниҳоятда беқарор, ишончсиз геотектоник структурага эга  бўлган. Икки йирик тектоник платформанинг ёрилган жойи Шаҳарнинг қоқ ўртасига тўғри келган бўлиб, бу платформалар тез-тез бир-бирига қарама-қарши силжиб турган, яъни шаҳар сейсмик зонанинг нақ марказига жойлашган эди.
Қазилмалар пайтида топилган қотиб қолган лава ва базальт пластлари бу ерда жуда катта вулқон отилганлиги ва мудҳиш зилзила юз берганлигидан далолат бериб турибди.
Қуръони каримда “сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик” деб баён қилинган ҳодиса айнан мана шу вулқоннинг отилиши натижасида юз берган. “...Қачонки бизнинг фармонимиз келганида, у жойларни остин-устун қилиб юбордик” деган оятда эса кучли ер ости силкинишлари туфайли ер пўстлоғи пластларининг чўғланиб кетиши ва кескин чўкиши назарда тутилган бўлиши мумкин.
Ўлик денгиз қирғоғи ҳудудида ер остида портловчи метан гази кўп миқдорда тўпланиб туради. Афтидан, зилзила пайтида вулқондан отилиб чиқаётган лаққа чўғ ана шу ер ости газларини портлатиб юбориб, шаҳарнинг кулини кўкка совурган. Натижада шаҳар бир зумда қайноқ лава ботқоғига айланган ва ер пўстлоғи сурилиб, Садумни денгиз қаърига олиб кириб кетган...
Кембриж университетида ўтказилган бир қатор илмий тажрибалар мана шу тахминларнинг ҳақиқат эканлигини тасдиқлади. Олимлар лаборатория шароитида Лут алайҳиссаломнинг қавми яшаган минтақанинг моделини ясаб, сунъий зилзила қилиб кўришди. Натижа кутилганидек бўлди - ер пўстлоғи қайноқ суюқликка айланиб, бутун шаҳар унинг қаърига сингиб кетди.
Мана шу археологик далиллар ва тажриба натижалари бир фикрни қатъий тасдиқлайди: Лут алайҳиссалом қавмининг ҳалокати амалда реал юз берган тарихий воқеа бўлиб, Парвардигоримизнинг даҳшатли табиий офат кўринишидаги жазоси бадбахт қавмни ер юзидан супуриб ташлаган.
Ушбу табиий офатнинг барча далиллари бугунги кунда қўлимиздадир. Улар ояти карималарда баён қилинган даҳшатли воқеаларни айнан тасдиқлайди. Бу эса муборак қуръони каримнинг Парвардигоримизнинг ҳақ каломи эканлигига яна бир далил бўлиб хизмат қилади.
...Қасамки, улар ўз мастликларида тентираб юрган ҳолларида, (тўсатдан) тонг пайтида уларни даҳшатли қичқириқ тутди. Бас, Биз у шаҳарни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг устига сополдан бўлган тош ёғдирдик. Албатта бу (ҳодиса)да фаросатли кишилар учун оят-ибратлар бордир. Ҳижр сураси, 73-75-оятлар

ПОМПЕЙ ФОЖИАСИ

Везувий вулқони - Италиянинг, қолаверса Неаполь шаҳрининг рамзи ҳамдир. Бу вулқонни “Панд-насиҳат тоғи” деб ҳам аташади. Бу бежиз эмас, албатта. Тоғ ёнбағрига жойлашган бу шаҳар ҳам Садум шаҳри каби фалокатга учраган.
Осийлиги ва шаккоклиги туфайли Парвардигоримизнинг қаҳру-ғазабига учраган бу жойларда бир пайтлар гўзал ва муҳташам Помпей шаҳри бўлган...
Мана бу суратда Помпей шаҳрининг гавжум кўчаларидан бири акс эттирилган. Қадимда бу шаҳар Рим империяси зодагонларининг дам олиш маскани бўлиб, фаровонлик ва ҳашамат рамзи ҳисобланган. Шаҳарнинг муҳташам ва улуғвор бинолари кишиларни ҳайратга солиб келган. Помпей шаҳри аҳолиси эртаклардагидек бой-бадавлат бўлишган... Бироқ, мана шу неъматларга шукр қилиш ўрнига, шаҳар аҳли бойлигидан ғурурланиб, исроф ва гуноҳ ботқоғига ботиб кетган. Помпей гуноҳ ва зино шаҳрига айланган.
Помпей шаҳри ўзининг икки жиҳати билан машҳур бўлган. Улардан бири - шаҳар бойлари кўнгилхушлик қилиши учун ўтказиладиган гладиаторлар жанги эди. Шафқатсиз ва қонли жангларда биргина қоида бор эди - жангчилардан бири иккинчисини ўлдирар эди. Помпейдаги гладиаторлар жанги ўтказиладиган майдон катталиги бўйича Римдаги Колизейдан кейин иккинчи ўринда турарди.
Исо алайҳиссалом келиб, насронийлик тарқалаётган илк даврда бу майдонлар бегуноҳ насронийларни қатли ом қиладиган жойга айлантирилди. Исо алайҳиссаломга эргашган дастлабки насронийларнинг қатл қилинишини томоша қилиш инсонийлик қиёфасини йўқотган маҳаллий зодагонларнинг энг севимли машғулоти эди.
Помпей шаҳрининг яна бир жиҳати эса Рим империясида ҳукм сурган қулдорликнинг энг бераҳм кўринишлари эди. Қулларнинг тақдири ғоятда аянчли бўлган. Уларга сотиш ёки сотиб олиш мумкин бўлган оддий буюмдек қарашарди. Бироқ Помпей шаҳри ном чиқарган жиҳатларнинг энг аянчлиси бойларнинг ўз қулларини бесоқолбозликка мажбурлаши эди. Бу гуноҳи кабира бу ерда ҳам Садумдаги каби жуда кенг тарқалган эди. Бундай манфур иллатга ҳатто қул қилиб сотилган ёш болаларни ҳам мажбурлашар, ҳирсни қондириш учун ҳеч нарсадан тап тортмас эдилар. Бойликдан ақлини йўқотган Помпей аҳли ширк ва зинога муккасидан кетган эдилар. Улар бошларига кулфат тушажагини хаёлларига ҳам келтирмас эдилар.
Зилзила шу қадар дахшатли бўлдики, шаҳар ҳаммомларидан бирига ўрнатилган мана бу улкан мармар ҳовуз учиб бориб рўпарадаги деворга урилди ва уни бузиб юборди. Везувийдан отилиб чиқаётган қайноқ лава бир зумда шаҳарни ўз қаърига олди. Қалин кул ва лава қатлами остига кўмилган шаҳарнинг кечмиши 2000 йил мобайнида сир бўлиб келди.
20-Асрнинг биринчи чорагига келибгина, археологлар шаҳарнинг харобаларини кул қатламлари остидан қазиб олишга муваффақ бўлдилар. Уларнинг кўз ўнгида 2000 йил муқаддам содир бўлган мудҳиш воқеалар гавдаланди.
Фалокат шу қадар шиддат билан юз берганки, шаҳар аҳли мутлақо ғафлатда қолган. Помпей 2000 йил олдин қандай бўлса, шундайлигича сақланиб қолган, вақт гўё тўхтаб қолгандай.   
Везувийнинг дахшатли портлаши ва ваҳимали гумбирлашига қарамай, бирорта одамнинг қимирлашгаям, қочишгаям мажоли келмаган. Қалин кул ва лава қатлами орасида қотиб қолган одамларнинг юзларида даҳшат ва саросима ҳеч бир ўзгаришсиз сақланиб қолган. Овқатланиб ўтирган бир оила портлаш пайтида қўрқувдан қотиб қолган. Ҳатто дастурхонга қўйилган таомлар ҳам сақланиб қолибди. Даҳшатли фалокатнинг энг мудҳиш томони ҳам шундадир. Минглаб кишилар гўё кўзлари кўр, қулоқлари кар одамлардек, қутулиш чорасини кўрмай, ўлимни кутиб ўтиришган. Бунинг сабаби нима?
Помпей шаҳри аҳлининг ҳалокати Қуръони каримда баён қилинган ҳодисанинг айнан ўзидир. Парвардигоримизнинг осий қавмларга туширган азоби ҳақида гап борганда, ҳар сафар кишиларнинг бир онда ҳалок бўлганлари ҳақида айтилади. Масалан, Ёсин сурасида хабар қилинган шаҳар аҳли ҳам кўз очиб юмгунча даҳшатли товушдан жон берганлар.
Фақат биргина даҳшатли қичқириқ бўлди-ю, баногоҳ улар "ўчиб" қолдилар. Ёсин сураси, 29-оят
Дарвоқеъ, Биз уларнинг устига бир даҳшатли қичқириқ юборган эди, улар худди (қўйлари учун) қўра ясовчининг (қўрасидан тўкилган) хас-хашак каби бўлиб қолдилар. Қамар сураси, 31-оят

Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase