close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Дукчи Эшон

Ислом диёрларидаги миллий истиқлол ҳаракатлари тарихига назар солган ҳар бир киши, бу ҳаракатлар бошида диний уламолар турганини дарҳол сезади. Албатта, бу Ислом дини хусусиятларидан келиб чиқувчи табиий бир ҳолатдир.

Ислом ҳақиқатларини тўғри тушуниб етган фидокор уламолар доимо ўз халқи билан бирга бўлади, унинг дард-аламларини бирга тортади. Зотан, ҳақиқий уламолар фаолиятининг ўзи шуни тақозо қилади. Ислом таълимотлари билан қуролланган уламолар ўз халқи дардига малҳам бўлишга ҳаракат қиладилар. Ўз навбатида, оддий халқ ҳам бу  эътиборга муҳаббати, ҳурмат ва эзози билан жавоб беради. Уламолар нима деса, шуни қилишга тайёр туради. Воқеликка мурожаат қиладиган бўлсак, Мисрдаги миллий озодлик ҳаракатининг бошида ал-Азҳар дорулфунуни уламолари бўлганлар. Ливия халқининг италён босқинчиларига қарши миллий озодлик кураши раҳбарлигини сунусий тариқаси шайхларидан бири, “мужоҳидлар шайхи” лақабини олган Умар Мухтор ўз зиммасига олган. “Миллион шаҳид юрти” номини олган Жазоирнинг Франсия мустамлакачиларига қарши қуролли курашини Амир Абдул Қодир деган диний олим бошқарган. Бошқа юртларда ҳам шундай ҳолатни кузатиш мумкин.
Ислом оламининг ажралмас қисми бўлган Туркистонда ҳам бундан ўзга бўлиши мумкин эмас эди. Ҳар бир халқ ўзидан ўтмаса, бошқага мустамлака бўлмайди. Ўтган асрда Туркистон ҳам турли сабабларга кўра, Русия мустамлакасига айланди. Заифлик шу даражага етган эди-ки, босқинчиларга тузук-қуруқ қаршилик ҳам кўрсатилмади. Истилонинг биринчи даврида қулликни ҳис қилиш, унинг ҳақиқатини тушуниб етиш ҳолати ҳам деярли кузатилмади. Лекин кимдир тушуниб етиши, кимдир бошлаши зарур эди. Рус истилосининг ўттизинчи йилида худди шундай инсон Андижондан чиқди, у инсон Дукчи Эшон номи билан машҳур бўлган “Минг тепа”лик Муҳаммад Амин эшон эдилар. Туркистондек Ислом юртининг ихлосли мусулмон халқи ичидан рус истилосига қарши биринчи бўлиб диний олим, Дукчи Эшон бошчилигида қаршилик кўрсатилиши ажабланаларли ҳол эмас эди.
Афсуски, ҳозиргача Дукчи Эшон, у кишининг сафдошлари ва миллий озодлик ҳаракатлари тарихи етарли даражада ўрганилгани йўқ. Шундай бўлса ҳам, Мусо Туркистонийга ўхшаш тарихчиларимиз баъзи маълумотларни қолдирганлар. Дукчи Эшоннинг асл исмлари Муҳаммад Амин бўлиб, Андижоннинг Минг-тепа қишлоғида (ҳозирги “Марҳамат” шаҳри) истиқомат қилганлар. У киши ёшликларида замонасининг машҳур шайхи бўлмиш Иброҳим эшонга шогирд тушадилар. У кишининг хонақоҳларида маълум муддат тарбия олиб, халифалик мақомига етдилар. Сўнгра, устозлари Иброҳим эшон ҳазратларидан иршод олиб, ўз юртлари Минг-тепага қайтадилар ва халқ тарбияси билан машғул бўладилар. Тарихчиларнинг такидлашларича, ўша даврларда ҳам Дукчи Эшон рус истилосига қарши кураш ҳақида фикр юритар, ўзларига яқин фидойи кишилар билан бу ҳақда маслаҳатлашиб турар эдилар. Аста-секин Эшон ҳазратларининг халқ орасида обрўлари ортиб борди. Машҳур бўлдилар. Шогирдлар, муридлар ва фидойилар кўпайиб борди. Бир куни Эшон маслакдошлардан тўрт кишини тўплаб, махфий суҳбат очдилар. Уларга: “Мақсад йўлида анча ишлар қилинди, энди нима қилишимиз керак?” деган савол ташладилар. Беш кишилик бу мажлис, Эшон ҳажга бориб, моддий ва манавий ҳозирлик кўриб, тажриба ва таълимотлар олиб келишлари зарур, деган қарор қилди. Бу қарорга биноан бешовлари ҳажга бордилар, йўлда Миср ва Туркияга кирдилар, турли қурол-аслаҳа олиб, Минг-тепага қайтдилар. Халқ Эшонни катта тантана ва иштиёқ билан кутиб олди. Дукчи Эшон ўз мартабаларидан фойдаланиб, мустамлакачиларга қарши курашга яширин тайёргарликни кучайтириб юбордилар. Кўзланган тайёргарликлар ниҳоясига етгандан сўнг, курашни бошлашга қарор қилинди.
1896 м. сананинг кунларидан бирида Дукчи Эшон хонақоҳларида намоз, зикр ва бошқа ибодатлардан сўнг халифалардан бири ўрнидан туриб: “Биродарлар, ҳеч ким ташқарига чиқмасин, ҳазрати Эшоннинг сизларга айтадиган сўзлари бор”, деди. Ҳамма жой-жойида жим қолиб, бутун вужуди ила ҳазрати Эшонга қулоқ тутди. Сўнгра Дукчи Эшон ҳазратлари ўзларининг тарихий хитобларини бошладилар: “Муҳтарам биродарлар! Эй, мусулмонлар!! Ҳаммангизга маълумдирки, юртимиз мусулмон юрти. Эл мусулмон, халқ мусулмон, хон мусулмон, шариат ҳукми жорий, амри нофиз эрди. Ҳикматини Аллоҳ таоло Ўзи билодир, кофирларни мусаллат қилди. Юртимизга ўрис келди. Худоёрхоннинг ўрниға Кауфман, Умархоннинг тахтиға Черняеев ўлтирди. Фарғона хонлиғи еринда Москов хонлиғи, Оқ пошшо ҳукмдор бўлди.
Ўруслар юртимизни истило этди, сўнгра тилимизни истило қилди. Секин-секин динимизга истило қилмоққа бошлади. Биласизларки, чўқиндиқлар кўпайди, кўпаймоқда.
Оқ пошшонинг номидан янги фармон келди, Николайнинг, яъни, бир ўруснинг номини, жума намози хутбасида хутбага қўшиб ўқисин, деб. Яна кўчирма сиёсати ила ватанимизга мужикларни ерлаштирди. Ҳар тарафни тўнғиззор қилди.
Қубони-Федченко,  Марғилонни-Гарчаков, Симни-Скобелев, Бағдодни-Серова, Конибодомни-Мелников деб ҳамма шаҳарларимизга ўрус генералларининг исмини тақди. Ҳар шаҳарда, ҳар қишлоқда бутхоналар қўнғироғининг жаранг-жиринги кўпайди.
Бонка деган бир рибохона қурилди. Динимизда йўқ, судхўрлик, ҳаромхўрлик ривож бўлди. Ҳамманинг халқуми булғанди. Ҳар шаҳарда, янги шаҳар деган бир фисқхона қилди. Фисқнинг ҳамма нави ҳозирланди. Мусулмонларни йўлдан оздирди. Аксар мусулмонлар янги шаҳардаги ичкилик дўконларига, ошхоналарга, қиморхоналарга муштарий бўлди. Фоҳишахоналарга ўрганди.
Мусулмонларнинг ахлоқи бузилди. Ўруснинг келганига ўттиз йил тўлмади, мусулмонлар ришватга, рибога одатланди. Ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормайдиган бўлди. Қозиларимиз бўйнига бут тақадиган бўлди. Хулоса: шариятимиз хор бўлди. Мусулмончилик ғариб бўлди. Ҳурриятимиз ғайб бўлди. Истиқлолимиз маҳв бўлди. Ўзимиз ўтмас, сўзимиз кечмас бўлди. Эй, воҳ! Эй, мусулмонлар, бунга сабаб ўзимиз бўлдик. Бу ҳолимизга Аллоҳ ҳам рози эмас, Расул ҳам рози эмас. Бу асорат ва бу муҳкимиятга кимса рози эмас, инс ҳам, жин ҳам рози эмас. Эй, биродарлар, тек тураверсак, бу кофир яна бадтар қиладир! Вой, бизнинг ҳолимизга! Тарихда жаҳонгир ўтган, муаззам бир салтанат қурган қаҳрамон-паҳлавонларнинг авлодимиз. Бу заллат (хор)ликка ҳеч қандай руҳ чидамайди. Қани биздаги шижоат?! Қани аждодимиздаги басолат?! Сизларга нима бўлди?!
Эй, биродарлар, бизлар шундоқ аждоднинг набираларидирмиз. Ўлик уйқусида ухлаймизми?!
Эй мусулмонлар! Эй Худонинг бандалари! Эй, Пайғамбар уммати! Чин мўмин бўлсангизлар, сизларга жиҳод лозимдир, жиҳод. Жиҳод, Аллоҳ учун жиҳод қиламиз. Ўлсак шаҳид, ўлдирсак ғозий бўламиз. Жиҳод қилмағунча, елкамизга минган бу рўдапо ўрусдан қутулиш йўқ. Эй, мўминлар! Кўзингизни очинг! Ғафлатдан бедор бўлинг! Кофирлардан ҳуқуқимизни олайлик!
Эй, биродарлар! Ҳурриятимизни олайлик! Ўз ватанимиз, ўз юртимизда ўзимиз ҳукумат қурайлик! Бунинг учун биздан ғайрат истайдур, жиҳод истайдур. Фийсабийлиллоҳ жиҳод вақти келди.
Ҳаййа алал жиҳод. Ҳаййа алал фалааҳ. Баракаллоҳ, шундай ҳиммат лозим.
“Аллоҳ йўлида қатл бўлганларни ўлик деманглар. Улар тирикдурлар ва лекин сизлар сезмайсизлар”. (Бақара сураси -154).
Эй биродарлар, ажал бирдир. Қирқ йил қирон келса ажали етган ўладир. Худо ризоси учун жиҳодга рози бўлинглар. Ҳаййа алал ғазот. Ҳаййа алал фалааҳ. Ҳаййа алал жиҳод. Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!”.
Ҳазрати Эшоннинг хитобларига қулоқ осиб, ҳар замон йиғи қилиб, “жиҳодга тайёрмиз, жонимиз фидо бўлсин, Ҳазрати Эшон амрингизга ҳозирмиз! Жиҳод, жиҳод”, деб турган халқ охирги “Аллоҳу акбар”га қўшилиб нара тортди. Кўкни “Аллоҳу акбар” нараси тутиб кетди.
Сўнгра Эшон ҳазратлари, “Ҳаммангиз тайёр туринглар, бугун кечаси хуфтондан кейин ҳужум”, дедилар. Чор-атрофга чопарлар юборилиб, халқ жиҳодга чорланди.
1896 мелодий сана ёз ойида Дукчи Эшон бошлиқ озодлик фидойилари Ҳакан қишлоғи орқали кечаси Андижоннинг ўруслар истиқомат қиладиган янги шаҳар қисмига ҳужум бошладилар. Кечаси мужоҳидлар кўплаб ўрусларни, жумладан, аскархонадаги ўрус аскарларни ўлдирдилар.
Тонг отганда барча аскархоналарни Дукчи Эшоннинг оқ дўппилик мужоҳидлари ўраб турар эди. Руслар аста-секин ўзларига келиб, аскархона қувватларини тўплаб туриб, Эшон қувватларининг ён тарафидан ҳужум бошлади. Қаттиқ олишувлардан сўнг, Эшон кучлари енгилиб, тарқала бошлади. Ўруслар оқ дўппиликни кўрса, ўлдиравердилар.
Ўруслар Дукчи Эшонни тутиш учун қидирув эълон қилдилар. У кишини тутиб берганга мукофот, яширганга жазо ваъда қилдилар. Дукчи Эшон Андижондан чиқиб, Қўқонқишлоқ орқали Арслонбобга ўтди. Аммо, Тош кўприкка борганида, мингбошининг йигитлари уни ҳамроҳлари билан тутиб олдилар ва қўл-оёқларини боғлаб, Қўқон қишлоққа келтирдилар.
У ерда ўрус аскарлар ҳазрати Эшонни бир аравага, қолган ўн икки мужоҳиднинг ҳар иккисини биттадан аравага боғлаб, Андижон томон юрдилар.
Ўруслар Туркистон озодлиги учун ўзларига қарши биринчи қуролли исён кўтарган мужоҳидлар шайхи Дукчи Эшонни қалъа ёнига қурилган дорга осиб ўлдирдилар. Жасад олиб кўмилса ҳам, одамларни қўрқитиш учун дорни бузмай қолдирдилар.
Эшонни тутиб берган хоин мингбошини тақдирлаб, Думага аъзо қилдилар ва Қўқонқишлоқдан олиб келиб, Андижонда вазифадор қилдилар.
Дукчи Эшон қўзғолони ҳақида Московга хабар берилганда, “Андижон қатли ом қилинсин, яъни барча аҳолиси отувга ҳукм қилинсин”, деган фармон келди. Баъзи кишилар ўртага тушиб, аҳоли беайб эканлигини баён қилганидан сўнг, Московга бу ҳақда иккинчи хабар юборилди. Шундан сўнг, “Отув ҳукми бекор қилинсин. Эшон ҳужум қилиб келган ҳар бир қишлоқ ва маҳалланинг одамлари кўчирилиб, молу мулклари тортиб олинсин, уйлари вайрон қилинсин. Минг-тепага рус мужиклари кўчириб келтирилсин, у ердаги уй-жойлар уларга мулк қилиб берилсин. Уларга марҳамат қилинсин. Қишлоқнинг номи ҳам “Марҳамат” деб ўзгартирилсин”, деган фармон келди.
Яхшилик ишни қилган ҳар бир инсон ҳар қанча олқишга лойиқ. Аммо яхшиликни биринчи бўлиб бошлаб берган киши алоҳида эътиборга ва улуғ таҳсинларга сазовордир. Ислом дини таълимоти бўйича, бир яхшиликни бошлаган инсон худди шу яхшиликни ундан кейин қилганларнинг савобига ҳам шерик бўлиб туради. Ҳазрати Муҳаммад Амин Дукчи Эшон ҳам Туркистон мустақиллиги учун миллий курашни бошлаб берган биринчи мужоҳиддир. У киши ва сафдошлари ўзлари орзу қилган олий мақомни, шаҳидлик мақомини топиб кетдилар.
Шаҳидларнинг орқада қолганларга ҳеч қандай ҳожатлари йўқ. Балки, кейинги авлодлар шаҳидларга ҳожатманддирлар. Уларнинг мардлиги, шижоати, дин ва ватан учун ҳар нарсага тайёр туришлари ҳаммага ўрнак бўлиши зарур. Ҳозиргача мустамлакачидан қўрққан, шижоатсиз авлодлар ўзларининг мустақиллиги учун жон фидо қилган ҳазрати Дукчи Эшон ва у кишининг сафдошлари ҳаёти ва фаолиятини ўрганмадилар. Балки, уларни тадбирсизлик, тушунмаслик каби камчиликлар билан айбладилар.
Энди уларнинг ҳаёт ва фаолиятларини тўла ўрганиш лозим. “Марҳамат”нинг исмини ўз асл исми “Минг-тепа” билан номлаш керак.
Дукчи Эшон масжид ва ҳонақоҳлари ўрнига масжид ва хонақоҳ қуриб, у кишининг услублари ва ровияларида халқни тарбиялаш лозим. Шундагина шаҳидларнинг ҳурматларини ўрнига қўйган бўламиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
“Тарих омонатдир” китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase