close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ан-Носир Ли-Диниллоҳ Аҳмад

Носир ли-диниллоҳ - Аҳмад Абу Аббос ибн Мустази би-амриллоҳ. У 553 йили 10-ражабда туғилган. Онаси - канизак, турк аёли, исми Зумрад. Отасининг ўлими арафасида 575 йили зилқаъданинг бошида унга байъат берилди. Бир жамоа, уларнинг орасида Абул Ҳусайн Абдулҳақ Юсуфий, Абул Ҳасан Али ибн Асокир Батойиҳий ва Шахда каби кишилар унга ижозат бердилар (фотиҳа бердилар). Унинг ўзи ҳам бир жамоага фотиҳа берган эди. Тириклигида ҳам ундан ривоят қилдилар. Улар ҳадиснинг исноди бўлишини истаганлари, учун эмас, балки фахрланиш (мақтаниш) учун шундай қилгандилар ва бунда ўзаро рақобатлашар эдилар.

Носир ли-диниллоҳ - Аҳмад Абу Аббос ибн Мустази би-амриллоҳ. У 553 йили 10-ражабда туғилган. Онаси - канизак, турк аёли, исми Зумрад. Отасининг ўлими арафасида 575 йили зилқаъданинг бошида унга байъат берилди. Бир жамоа, уларнинг орасида Абул Ҳусайн Абдулҳақ Юсуфий, Абул Ҳасан Али ибн Асокир Батойиҳий ва Шахда каби кишилар унга ижозат бердилар (фотиҳа бердилар). Унинг ўзи ҳам бир жамоага фотиҳа берган эди. Тириклигида ҳам ундан ривоят қилдилар. Улар ҳадиснинг исноди бўлишини истаганлари, учун эмас, балки фахрланиш (мақтаниш) учун шундай қилгандилар ва бунда ўзаро рақобатлашар эдилар.
Заҳабий ёзади: “Ҳеч ким унингдек узоқ муддат халифа бўлган эмас. У 47 йил халифа бўлган эди. Унинг ҳаёти доимо иззат-икромда ўтди. У ҳар гал душманларни бостира олар, подшоҳларни енгишни уддалай олар эди. Ҳеч хорлик кўрмади. Ҳар қандай исённи бостирарди. Ҳар қандай мухолифни даф эта билар эди. Унга қарши ёмонликни қасд қилган ҳар қандайини Аллоҳ хор қилди. Ўзи омадли бўлиши билан бирга давлат ишларига қаттиқ эътибор билан қарар эди. Раиятнинг каттаю кичиги, барининг холидан бохабар эди. Унинг тингчи (айғоқчи)лари чекка эллардаги подшоҳларнинг зоҳирий ва ботиний аҳволларини етказиб турар эдилар. Унинг киши билмас ҳийла-найранглари, пинҳона чора-тадбирлари бўлар эди. Бу билан у адоватдаги икки подшоҳ ўртасида ўзларига билдирмай дўстликни ва аксинча иттифоқлиқдаги икки подшоҳ орасига адоват солиб қўяр эдики, буни улар хаёлларига ҳам келтира олмас эдилар”.
Мозандарон ҳукмдорининг элчиси Бағдодга келганда тунда унинг нималар қилгани ҳақида эрталаб ўзига варақа келиб туради. Элчи ўз аҳволини жуда ҳам махфийлаштиришга ўтади. Варақада эса буни ҳам етказиб турилади. Бир кеча у яширин эшик орқали кирган бир аёл билан холи қолади. Эртаси эрталаб бу ҳақда ўзига варақа келади. Унда жумладан «эгнингизда дуввож (кийим тури), унда урғочи фил сурати бор эди» дейилган эди. Бундан ҳайратланган элчи халифа ғайбни билар экан деган аниқ ишонч билан Бағдоддан қайтади. Чунки имомийларнинг эътиқоди бўйича маъсум (гуноҳ қилмайдиган) имом ҳомиланинг қандайлигини ва деворнинг ортидаги нарса нималагини билади. Хоразмшоҳ элчиси мухрланган махфий хат олиб келганида унга, кетавер нима олиб келганингни билдик, дейдилар. Элчи улар ғайбни биларканлар, деган гумон билан ўз ортига қайтади.
Заҳабийнинг айтишларича, Носирнинг жинлардан хизматкори бўлган. Хоразмшоҳ Хуросон ва Мовароуннаҳрга ҳукмрон бўлиб олгач, ўзидан кетди ва ҳаддидан ошди. Катта подшоҳларни ўзига бўйинсундирди. Кўп халқларни қирғин қилди. Ўз юртида Бани Аббосни хутбадан чиқарди. Бағдодни кўзлаб йўлга тушди. Ҳамадонга келганда мавсуми бўлмаса-да, устиларига йигирма кун қалин қор ёғди, улар қорга кўмилдилар. Унинг хос одамларидан баъзилари: халифанинг уйини қасд қилганинг учун Аллоҳнинг ғазаби келди дейишади. Кейин унга хабар келадики, турк халқлари унга қарши бирлашиб, унинг узоқдалигидан фойдаланиб, юртини босиб олмоқчи эканлар. Шу сабабдан ортига қайтади. Носир эса жангсиз унинг зиёнидан қутулади.
Носир овқат берса тўйдирар, калтакласа оғритар эди. Фақирлик хавф солмаган одамларга ҳам эҳсон қилган ўринлари бор.
Бир киши халифага Ҳиндистондан “қул ҳуволлоҳу аҳад”ни ўқий оладиган тўти олиб келади. Тўти эрталабгача ўлиб қолади. Эгасини боши қотади. Хизматкор келиб тўтини сўрайди. У йиғлаганча тўти ўлиб қолди дейди. Биз буни биламиз, ўлигини беравер, деди хизматкор ва чамангда бу ишга халифа қанча берган бўлур эди, деб сўрайди.
- Беш юз динор.
- Мана беш юз динор олақол. Буни халифа сенга бериб юборди. У сен тўғрингда Ҳиндистондан чиққанингдаёқ билиб бўлган эди, дейди хизматкор.
Садрижаҳон бир қанча фақиҳлар билан Бағдодга келди. Улардан бири Самарқандда уйидан гўзал бир от миниб чиққанда оиласидагилар отни Бағдодда олиб қўйишмасин, ташлаб кетсангиз бўларди, дейишди.
- Халифа мендан буни олиб қўя олмайди, - дейди у.
Халифа бўлса, лашкарларидан бирига ҳалиги киши Бағдодга кирганда уриб, отини олиб қўйиб, оломон орасига кириб қочишни тайинлайди. У шундай қилади. Фақиҳ киши ёрдам сўрайди. Ёрдам бермайдилар. Ҳаждан қайтганларида Сардрижаҳон ва унинг шерикларига совға-саломлар берилади. Ҳалиги фақиҳга ҳам совға берилади. Шунда унинг отини ҳам тилла эгар-тўқими билан келтириб берадилар. Отингни халифа эмас, бир ўтинчи олган эди, деганларида, у ҳушидан кетади.
Муваффақ Абдуллатиф деди: “Носир қалбларни ҳайбат ва қўрқувга сола олар эди. Ундан Бағдод ахди қанчалик қўрқса, Ҳинд ва Миср ахди ҳам шунчалик қўрқар эдилар. Шундай қилиб, ўз ҳайбати билан у халифаликни “тирилтирди”. Халифалик Мўътасимнинг ўлими билан бирга ўлган эди. Кейин унинг ўлими билан ҳам халифалик яна ўлди”.
Миср ва Шом подшоҳлари ва катталари у ҳақда гап кетганда ўзлари ёлғиз бўлсалар ҳам унинг ҳайбати ва ҳурмати учун овозларини пасайтирар эдилар.
Бағдодга бир савдогар келади. Унда Думёт (Миср)нинг тилла ниқоби ( бу ердаги “қинў” сўзининг луғатда аёллар юзини ўрайдиган рўмол наъноси ҳам бор экан) бор эди. Ўша ҳақда ундан сўрайдилар. У буни инкор қилади. Шунда унга ниқобнинг белгиларини, яъни сони, ранги ва хилини айтишади. У яна ҳам қаттиқроқ инкор қилади, яна аломатларидан бири шуки, сен фалончи турк ғуломингни хилватда Думёт денгизи қирғоғига олиб бориб ўлдириб кўмгансан ва буни ҳеч ким билмаган дейдилар.
Ибн Нажжор деди: “Султонлар Носирга бўйинсиндилар. Мухолифлар унинг итоатига кирдилар. Исёнкор, бебошларнинг овозлари ўчди. Зўравон ўзбошимчаларни қилич билан тиз чўктирди. Душманлари йўқолди, тарафдорлари кўпайди, бир неча шаҳарларни фатҳ этди. Ўзидан илгариги халифалар ва подшоҳлардан биронтаси ҳам ҳукмдорлик қилолмаган ерларга ҳукмдор бўлди. Андалус ва Чинда номи хутбада ўқилди. У Бани Аббоснинг энг қудратлиси эди. Унинг ҳайбатидан тоғлар титрарди. Аммо ўзи ҳусни хулқ, бўй-басти келишган, фаросати тўлиқ, сўзи равон ва таъсирли эди. Унинг пишиқ ва тўғри ёзган номалари ва айтган нутқлари бор. Униг даври замона осмонидаги ёрқин юлдуз, фахр тожидаги бир дур каби эди”.
Ибн Восил дейди: “Носир довюрак, шижоатли, заковатли, жуда ақлли, макру-ҳийлали эди. Унинг Ироқ ва атрофидаги аҳвол ҳақида хабар етказадиган хабарчилари бўлган. Айтишларича, Багдодда бир киши меҳмон чақириб ўз қўлини улардан олдин ювади ва хабарчи бу ҳақца Носирга етказади. Унга шундай деб жавоб ёзади: “Хонадон соҳибидан беадаблик, хабарчидан майдакашлик содир бўлибди”. Шу билан бирга унинг халққа муносабати ёмон эди, зулм ва бебошликка берилган эди, одамларни ватанларидан айирди, мол-мулкларини тортиб олди. У бир-бирига зид ишларни қиларди. Шиалашиб турарди, ота-боболарига зид равишда имомия мазҳабига берилган эди. Унинг ҳузурида Ибн Жавзийдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг афзал одам ким, деб сўрашганда қизи никоҳида бўлган одам деб жавоб беради. Ва у Абу Бакр афзал эканлигини очиқ айтишга журъат қилолмаган”.
Ибн Асир айтади: “Носир бадсийрат эди. Унинг янгидан чиқарган солиқлари ва одамларнинг мол-мулкларини олиб қўйиши туфайли Ироқ хароб бўлди. Бир ишни қиларди ва уни тескарисини ҳам қилаверарди. Бундуқ (мени тушунишимча рогатка) отар ва ҳаммомни жуда ҳам яхши кўрар эди”.
Муваффақ Абдуллатиф деди: “Ҳукмронлик даврининг ўрталарида ҳадис ривояти билан шуғулланди. Ўзидан фотиҳа олиб бериш ва ҳадис эшиттириш учун ноиблар тайинлади. Уларга ҳақ тўлади. Подшоҳлар ва уламоларга ижозатлар (рухсатномалар) ёзиб турди (ҳадис илмидан гувоҳномалар бўлса керак). Етмишта ҳадисни жамлаб бир китоб қилди. Бу китоб Ҳалабга олиб борилиб одамларга ўқиб берилди”.
Заҳабий ёзади: “Носир бир гуруҳ аъёнларга фотиҳа берди. Кейин улар ундан ҳадис айтдилар. Улардан: Ибн Сакина, Ибн Ахзар, Ибн Нажжор, Ибн Домиғоний ва бошқалар”.
Ибн Жавзийнинг набираси Абул Музаффар ва бошқалар айтадилар: “Умрининг охирида Носирнинг кўзи хиралашиб қолади. Баъзиларнинг айтишича, бутунлай кўрмай қолган. Раиятдан бирортаси, ҳатто вазир ва сарой аҳли ҳам буни билишмаган. Бир жориясига ҳудди ўз дастхатидек ёзишни ўргатган ва номаларни ўша жория ёзар эди”.
Шамсиддин Жазарий деди: “Носир ичадиган сув Бағдоддан етти фарсах юқоридан, туяларда келтирилар ва кунига бир мартадан етти кун қайнатилар эди. Сўнгра уни идишларда етти кун сақлатиб, кейин ичар эди. Лекин шундай касал бўладики, кўплаб уйқу (тинчлантирувчи) дори бериб закарини ёрадилар ва ундан бир неча тошларни олиб ташлайдилар. Ана шундан 622 (1225) йили рамазонинг охирида, якшанба куни вафот этади”.
Носир халифаликни эгаллагач, султон Салоҳиддинга сарпо ва “тақлид” (фармон) жўнатди. Султон унга ёзган бир мактубида жумладан шундай дебди: “Бу ходим (яъни, ўзи) Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, исломи қадимгилардан ҳисобланади. Аббосийлар давлатини Або Муслимдек биринчи бўлиш ҳам, Тўғрулбекдек охирги бўлиши ҳам обод қилолмайди. Чунки Або Муслим аввал дўст бўлди кейин йўқ бўлди. Тўғрулбек (Салжуқийларнинг охирги ҳукмдори, яъни Аҳмад Санжар) ҳам аввалида ғалаби қилиб кейин эса оталиққа олинди. Бу ходим (банда) халифаликни талашганлардан халифалик ридосини тортиб олди, Аллоҳ ёзиб қўйган азоб-уқубат таъмини ўз шамширидан татиди, минбарлардан ёлғон исмларни қувиб солди, Иброҳимий қўллаб-қувватловдан куч олди ва ўзининг пок қиличи билан ботинийлар бутларини чил-парчин қилди”.
577 (1181-82) йили Носир султон Салоҳиддинга Носир лақаби халифаники эканлигини билиб туриб оволгани учун койиб хат ёзади.
580 йили Мусо Козим мозорини у ерга қочиб кириб олганлар учун хафвсиз жойга айлантирган эди, бир қанча одамлар у ерни бошпана қилиб олишди, оқибатда кўп хунук, бемаъни ишлар бўлди.
581 йилда Алласда бир бола туғилди. Унинг пешонаси бир қаричу тўрт энлик, қулоғи битта эди. Ўша йили Мағрибнинг аксари шаҳарларида хутба Носирга ўқилаяпти деган хабарлар келди.
582 йили мезон буржида олтита юлдуз жамланди. Шунда мунажжимлар оламдаги барча юртлар бўронли тўфондан хароб бўлади деб ҳукм чиқардилар. Шундан кейин одамлар узоқ чекка ерларда ғорлар ковлаб, уларни мустаҳкамлаш ва тешикларини шамол кирмаслиги учун бекитишга киришиб кетдилар. У ерларга сув ва озиқ-овқат ташидилар ва кўчиб ўтдилар. Од қавми шамоли каби шамолнинг эсиши ваъда қилинган тунни кута бошладилар. У кеча жумодул охирнинг тўққизинчи кечаси эди. Лекин ўша кеча бўрон тугул, ҳатто чўғни ёндира оладиган насим (енгил шамол) ҳам эсмади. Шоирлар бу ҳақда шеърлар битишди. Шулардан бири Абул Ғаноим Муҳаммад ибн Муаллимнинг ушбу шеъридир (қолдирилди, унда мунажжимлар қораланган ва ёлғончиликда айбланган).
583(1187-88) йилнинг биринчи куни ҳафтанинг биринчи кунига тўғри келди, шунингдек, шамсий сана ва форсларнинг йиллари ҳамда қуёш ва ой биринчи буржда бўлдилар. Бундай мувофиқлик камдан-кам бўлади. (Бу ҳодисани яхшироқ тушуниш учун Ибн Асирнинг “ал-Комил”ига қараганимизда унда шундай дейилибди: “Ўша йилнинг биринчи куни - шанба эди, шу куни наврўз эди, бу эса форслар йилининг биринчи куни, бу кун яна румликлар йилининг биринчи кунига тўғри келди, у кун қуёш ҳамал буржига тушган кун бўлди. Ой ҳам ҳамал буржида бўлган эди”. Биз бу хабарни чуқур тадқиқ қилиб ўтиришни хоҳламадик) Шу йили кўп фатҳлар бўлди. Султон Салоҳиддин фаранглар қўлида бўлган кўплаб Шом шаҳарларини олди. Буларнинг энг улуғи Байтул Мақдис (Қуддус)дир. У фаранглар қўлида 91 йил турди. Султон фаранглар янгидан қурган осорларини (иншоотларни, биноларни) йўқ қилди. Янги қурган канисаларини бузиб юборди. Бир канисанинг ўрнида шофеъийлар мадрасасини бино қилди. Аллоҳ ажри азимлар берсин. Умар (р. а.)га тақлид қилиб Қумомани бузмади. Умар (р. а.) Байтул Мақдисни фатҳ этганда Қумомани буздирмаган эди. Бу ҳакда Муҳаммад ибн Асъад ан-Нассоба шундай деган:

Мен кўзим билан кўраётган нарсани сен туш дебҳисоблайсанми? Қудус фатҳ этилди, насоролар енгилди Қумома ахлатдан тозаланди унинг йўқолиши билан ўзи ҳам йўқолишдан қутулди подшоҳлари занжирларга боғланди бундан илгари уларнинг подшоҳлари асир олинган эмас эди, ҳақиқатда Аллоҳдан кўмак ва расули ваъда этган фатҳ келди.
Энди шукр қилинг, истиғфор этинглар, эй Юсуф сиддик,, (яъни Салоҳиддин) уни фатҳ этиб сен унинг покиза имоми - Умари форуқи бўлдинг!

Ғаройиботлардан бири шуки: “Алиф лом мим ғулибатиррум” оятининг тафсирида Ибн Баржон шундай дебди: “Байтул Мақдис румликлар қўлида 583 йилгача қолади, сўнг улар енгиладилар. Шаҳар фатҳ этилади ва абадулабад дорул ислом бўлиб қолади”. У буни оятлардан ҳисоблаб чиқарган. Ана шундай ҳам бўлди.
Абу Шома дебди: “Ибн Баржоннинг сўзлари тўғри чиққан сўзларнинг энг ажойиботларидан биридир, чунки Ибн Баржоннинг ўзи анча илгари 536 йили вафот этган эди”.
589 (1193) йили Султон Салоҳиддин қазо қилди. Аллоҳ уни раҳмат қилсин. Бағдодга келган элчи ўзи билан унинг уруш қуролларини, оти ва бир динору ўттиз олти дирҳамини олиб келди. Ундан, бошқа бойлик қолмаган эди. Миср, Имомиддин Усмон ал-малик аз-Азизга, Дамашқал-малик ал-Афзал Нуруддин Алига, Ҳалаб ал-малик аз-Зоҳир Ғиёсиддин Ғозига ўтди. (Салоҳиддиннинг ўғиллари)
590 йили Салжуқийларнинг сўнгги подшоҳи султон Тўғрулбек шоҳ ибн Арслон ибн Тўғрулбек ибн Муҳаммад ибн Маликшоҳ дунёдан ўтди.
Заҳабий ёзади: “Улардан йигирмадан ошиқ подшоҳ чикди. Энг биринчиси Тўғрулбек эди. Уларнинг давлати юз олтмиш йил турди”.
592 йили Маккада қора шамол эсди. Одамларнингустига қизил қум ёғди. Рукни Ямонийдан бир бўлаги тушиб кетди.
Шу йили Хоразмшоҳ 50000 аскар билан Жайҳундан ўтди. У халифадан султонлик унвони беришни, султонлик қароргоҳини ўз жойига қайтаришни, ўзини Бағдодга келишини ва салжуқийлар даврида бўлганидек, халифа унинг қўл остида бўлишини талаб қилиб одам юборди. Шундан кейин халифа доруссалтанатни (султонлар уйи, қароргоҳини) бузиб юборди. Унинг элчисини жавобсиз қайтарди. Кейин эса юқорида зикр қилинганидек унинг зиёни даф бўлди.
593 йили бир улкан юлдуз ёрилди. Ёрилганда қаттиқ даҳшатли товуш чикди. Уй-жойлар ларзага келди. Одамлар ёлвориб нажот сўрашга ўтдилар. Баланд овозлар билан дуолар қилдилар. Бу ҳодисани Қиёмат аломатларидан деб ўйладилар.
595 йили Мисрдаги малик Азиз қазо қилди. Ўрнига ўғли Мансур қўйилди. Шунда малик Одил Сайфиддин Абу Бакр ибн Айюб исён қилиб ҳокимиятни ўз қўлига олди кейин ўғли малик Комилни Миср тахтига ўтқазди.
596 (1200-1199) йилда Нил қайтиб кетиб, Мисрда аянчли ҳолат вужудга келди. У ўн уч зирў (газ)га ҳам етмай қолди. Шу қадар қимматчилик бўлиб кетдики, ҳатто ўлимтикни ва одамзодни ейишга ўтдилар. Миср аҳли ҳар ёққа тум-тарақай бўлдилар. Очликдан ўлим кўпайиб кетиб, одам юрса оёғи мурдага ёки ўлаётган одамга тегарди, ёинки кўзи тушар эди. Айниқса, қишлоқликлар қирилиб кетди, шу даражадаки, қишлоқдан ўтган одам олов ёнган уйни учратмас эди. Очиқ-сочиқ уйлару, ўлиб ётган эгаларига кўзи тушар эди, холос. Заҳабий булар ҳақида эшитганда эт жимирлайдиган ҳикояларни келтирган. У шундай дейди (ёзади): “Йўллар ўликлар билан тўлди, гўштлари қушлар ва ҳайвонларга ем бўлди. Озод одамлар ва болалар арзимаган дирҳамга совда бўлди. Бу ҳолат 598 йилда ҳам давом этди”.
597 йили Миср, Шом ва Жазирада қаттиқ зилзила бўлди. Кўп жойлар ва ҳам қалъалар вайрон бўлди. Бусро атрофидаги бир қишлоқни ер ютди.
599 (1203-02) йили муҳаррамнинг охирида юлдузлар қалқиши рўй берди. Улар чигирткалардек учдилар. Бу ҳол тонгача тўхтамади. Халқ даҳшатга тушди. Аллоҳга фарёд солиб дуо қилдилар. Бундай ҳодиса фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқишлари олдидан бўлган эди.
600 йилда фаранглар Рашид орқали Нилга ҳужум қилдилар ва Фувва шаҳрига кириб уни талон-торож этдилар ва вайрон қилиб қайтиб кетдилар.
601 йили фаранглар Қустантиния (Истанбул)ни румликлардан тортиб олишди. Исломдан илгари у румликлар қўлида эди. Шунинг билан у 660 йилгача фаранглар қўлида қолди. Кейин румлар фаранглардан шаҳарни қайтариб олдилар. Шу йили Қутайъода бир аёл икки бошли, икки қўлли, тўрт оёқли бола туғди ва у яшамади.
606 (1209-10)-йилда татарлар (мўғуллар) воқеаси бошланди, улар тўғрисида ҳали тўхталиб ўтамиз.
615 (1218-19) йили фаранглар Думётдаги Силсила минорасини олдилар. Абу Шома деди: “Бу қалъа ( минора, маёқ) Миср юрти-нинг қулфи эди. У Нилнинг ўртасидаги баланд бинодур. Думёт унинг шарқий, Жазира (орол) эса ғарбий тарафида. Унинг атрофида икки занжир бўлиб бири Нилнинг устидан Думётга, бошқаси Жазира тарафга (араб. яр. ор. бўлса керак) чўзилган. Бу икки занжир Шўр денгиздан (Ўртаер денгизи) сув уловлари ўтишига йўл қўймасди”.
616- санада фаранглар бир неча жанглар ва қамаллардан сўнг Думётни тортиб олдилар. Комил подшоҳни (малик)ни кучи етмади. Улар ўзгартиришларни бошладилар. Жомени черковга айлантирдилар. Комил подшоҳ эса икки денгизнинг ажралиш жойида бир шаҳар бино қилди ва уни Мансура деб атадилар. Аскарларни ўша ерга жойлаштирди. Шу йили қозиюлқузот Рукниддин Зоҳир (китобда шундай белги қўйилган) ишдан олинди. Дамашқ ҳукмдори малик Муаззам уни ёмон кўриб қолади ва ҳукм мажлисида одамлар орасида кийиб ўтирсин деб бир яхтак юборади. Рад этишни иложи бўлмайди. Сўнг уйига кириб олиб қайтиб чиқмай бир неча ойдан кейин вафот этади. Одамлар бунга кўп ачиндилар. Кейин малик Муаззам зоҳидликка ўтган Шараф ибн Анинга ҳам шароб билан чопон юборади ва “шунда тасбеҳ айтгин”, дейди. У эса шеър билан шундай жавоб қайтаради:
эй Муаззам подшо, сен бир одат ихтиро қилибсан
узок, йиллар боқий ҳолгай
кейинги подшоҳлар шуни давом эттирарлар қозиларга сарпою зоҳидларга тухфа жўнатиш.
618- санада Думёт фаранглар қўлидан қайтариб олинди. Алҳамдуллоҳ!
621 (1224) йилда Қоҳирада Қасрайн (қўшсарой) оралиғида Комилия дорул ҳадиси қурилди. Абул Хаттоб ибн Даҳъя унинг шайхи этиб тайинланди. Маъмуннинг давридан шу вақтгача Каъбага оқ ипак кисва кийдирилар эди. Носир эса кўк ипак кисва кийдирди, кейин қора ипак кийдирди ва бу ҳозиргача давом этмоқца.
Носирнинг даврида вафот этган машҳур одамлар: ҳофиз Абу Тоҳир Силафий, луғатшунос Абул Ҳасан ибн Қассор, Камол Абулбаракот ибн Анборий, шайх Аҳмад ибн Рифоий зоҳид, Ибн Башкавол, Юнус шофеъийнинг отаси Юнус, наҳвшунос Абу Бакр ибн Тоҳир Аҳцаб, Рофеъийнинг отаси Абулфазл, наҳвшунос Ибн Мулкун, “ал-Аҳком” соҳиби Абдулҳақ Ишбилий, “ар-Равз ал-Анф” соҳиби Абу Зайд Суҳайлий, ҳофиз Абу Мусо Мадиний, луғатчи Ибн Баррий, ҳофиз Абу Бакр Хозимий, Шараф ибн Аби Асрун, Абулқосим Бухорий, “Жомеъул кабир” соҳиби ва ҳанафийлик улуғларидан Аттобий, Салоҳ номи билан танилган Нажм Ҳабушоний, “ал-Қасида” муаллифи Аблуқосим ибн Файра Шотибий, мерос олими, меросдаги улушларни минбар шаклига келтирган меросшунос Фахриддин Абу Шужў Муҳаммад ибн Али ибн Шуайб ибн Даҳҳон, ҳанафия мазҳабидаги “Ҳидоя” соҳиби Бурҳониддин Марғиноний, ҳанафийлардан “Фатволар”соҳиби Қозихон, Саидлик зоҳид Абдурраҳим ибн Ҳажжун, “Фалсафа илмлари” соҳиби Абулвалид ибн Рушд, табиб Абу Бакр ибн Заҳр, шофеъийлардан Жамол ибн Фузлон, “Иншо ва тарассул” соҳиби қози Фозил, Шиҳоб Туси, Абулфараж ибн Жавзий, котиб Имод, қори Ибн Азима, “ал-Умда” соҳиби ҳофиз (ҳадис олими) Абдулғани Мақдисий, “ал-Хилоф” соҳибиБаркийТовусий,Тамим Ҳалий, наҳвшунос Абу Зарр Хашаний, имом Фахриддин Рози, “Жомеъул усул” ва “Ниҳоятул ғариб” соҳиби Абуссаодат ибн Асир, “Шарҳул важиз” соҳиби Имод ибн Юнус, «Танбеҳ» соҳиби Шараф, ҳофиз Абулҳасан ибн Муфаззал, Абу Муҳаммад ибн Ҳавтуллоҳ, унинг укаси Абу Сулаймон, ҳофиз Абдулқодир Раҳовий, зоҳид Абулҳасан ибн Саббоғ, наҳвшунос Важиҳ ибн Даҳҳон, Тақийиддин ибн Муқтариҳ, наҳвшунос Абулюмн Киндий, шофеийлардан, “ал-Кифоя” муаллифи Муин Ҳожарий, “ат-Тариқа фил хилоф” соҳиби Рукн Амидий, “ал-Эъроб” соҳиби Абулбақо Акбарий, табиб Ибн Аби Усайбаъа, Абдурраҳим Самъоний, Нажмиддин Кубро, Ибн Абуссайф Яманий, Муваффақиддин ибн Қудома ҳанбалий, Фахриддин ибн Асокир ва бошқалар.

Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан

 

 

 

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase