Юқоридаги сатрларда мусулмонларнинг таназзулига сабаб бўлган ташқи омиллар иккита бўлиб, улар салибчилар юриши ва мўғуллар истилоси экани ҳақида сўз юритилди. Энди эса мазкур таназзулнинг учинчи ва энг даҳшатли омили ҳақида қисқача сўз юритишга ҳаракат қиламиз.
Мусулмон олами мустамлака асоратида
Европалик мустамлакачилар дунёни бўлиб олиш сиёсати жараёнида мусулмон оламини ҳам тақсимлаб олишди. Мустамлакачилар жуда усталик билан иш тутишар эди. Аввал Колумб, Васко да Гама, Магеллан каби «кашфиётчи»ларни юборишар ва улардан керакли маълумотларни олишарди. Кейин насроний миссионерларни юбориб, улардан ҳам керакли қўшимча маълумотларни олишар эди. Сўнг шарқшунослар ишга тушар эди. Барча зарур тайёргарликлар кўриб бўлинганидан кейингина асосий кучлар ишга тушарди.
Дастлаб Португалия баъзи мусулмон ўлкаларга ҳужум бошлади. Шундан сўнг 1881 йилда Франция Тунисни, 1882 йилда Англия Миср ва Суданни, 1895 йилда Италия Сомалини, 1910 йилда Италия Ливияни босиб олди. Шу тарзда мусулмон оламининг барча диёрлари мустамлакачилар асорати остида қолди. Европа давлатлари ўзининг мустамлакачилик сиёсатини қай тарзда амалга оширганини мусулмон оламидаги йирик мамлакатлардан бири Миср мисолида қисқача эслаб ўтайлик.
Маълумки, Миср турли сабабларга кўра Франция ва Англия мустамлакачилари ўртасида талаш бўлган. Аввал мамлакатга Наполеон бошчилигидаги фаранглар бостириб келган.
У Искандарияни босиб олгач, мисрликларга нома юборган. Бузуқ араб тилидаги бу нома қуйидагича бошланган эди:
«Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Лаа алааҳа иллаллоҳу. Лаа валада лаҳу ва лаа шарийка лаҳу фий мулкиҳи. Франсовийлардан (яъни фаранглардан), ҳуррият ва тенглик асосида бино қилинганлардан. Катта аскарнинг сирри ва франсовий лашкарларнинг амири Бонапартдан...»
Шундан сўнг Наполеон Миср халқини алдаш учун нима хоҳласа, шуни айтган. Фаранглар ҳам мухлис мусулмонлар экани, усмоний султонларни яхши кўриши ва бошқа сафсаталар келтирилган.
Наполеон билан бирга Мисрга илмий гуруҳлар келган, матбаачилик дастгоҳлари олиб келинган. Бироқ босқинчилар ўзлари билан бирга фоҳиша аёлларни ҳам олиб келишган. Матбаа дастгоҳлари Қуръони Каримни чоп қилиш учун олиб келингани айтилган бўлса ҳам, у билан Қуръони Карим таълимотларини бузиш учун худосизлик таълимотлари чоп қилиб тарқатилган.
Илмий гуруҳ Мисрнинг осори атиқаларини ўрганиш учун келгани эълон қилинган бўлса ҳам, аслида улар мисрликларнинг асл маданияти Исломга эмас, фиръавнга боғлиқлигини исбот этишга уринишган ҳамда мамлакатдаги тарихий асарларни ўғирлаб кетишга хизмат қилишган.
Фоҳишаларнинг «қолоқ» халқларга янги «маданият»ни тарқатиш учун келгани эълон қилинган. Улар кўчама-кўча юриб, мисрлик эркакларни зинога чорлаш, аёлларни эса ўзларидан ўрнак олишга қизиқтириш хизматини бажаришган.
Наполеондан бошқа мустамлакачилар ҳам худди шу йўлни тутишган, Мисрдан бошқа мустамлакаларда ҳам у қилган бузғунчиликлар амалга оширилган.
Усмонийлар давлати ўзига қарши чиққанларни жазолаш учун одатда Муҳаммад Алийни юборар эди. У 1805 йилда Мисрга волий қилиб тайинланди. Фаранглар Муҳаммад Алийни қучоқ очиб кутиб олишди, унга кучли лашкар тузиб беришди, ўша вақтнинг тараққий этган қуролларини беришди, ҳатто денгиз флоти ҳам ташкил қилиб беришди. Хуллас, Францияга қарши чиққанларга қақшатқич зарба бериш учун керакли барча шароитларни яратиб беришди. Уз навбатида Муҳаммад Алий ҳам мусулмонларни Исломдан узоқлаштириш учун нима керак бўлса, барчасини амалга ошириб, фарангларга ихлос билан хизмат қилди.
Муҳаммад Алийнинг Ғарб олдидаги энг «улуғ» хизматларидан бири ёшларни Францияга ўқишга юбориш бўлди. Шу тариқа аҳолининг етакчиларини ғарбийлаштириш ишига асос солинди. Мустамлакачиларнинг барчаси мустамлака халқларнинг ўзлигини йўқотиш, уларни ўзига қул қилиб олиш учун шундай қилишган.
Ҳар бир мустамлакачининг ўз Муҳаммад Алийси бўлган. Улар мустамлакачи нима деса, шуни ихлос билан амалга оширган. Муҳаммад Алийнинг ўғиллари ҳам мустамлакачиларга малай бўлишди. Улардан бири - Исмоил мақсадини очиқ-ойдин баён қилиб, «Мисрни Европанинг бир парчасига айлантиришни истайман», деган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
"Олам ва одам, дин ва илм" китобидан