close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ал-Мустази Би-Амриллоҳ Ал-Ҳасан

Ал-Мустази би-амриллоҳ - ал-Ҳасан Абу Муҳаммад ибн Мустанжид биллоҳ. 535 санада туғилган. Онаси канизак, арман аёли. Исми Ғадда. Отаси ўлган куни унга байъат берилди.

Ал-Мустази би-амриллоҳ - ал-Ҳасан Абу Муҳаммад ибн Мустанжид биллоҳ. 535 санада туғилган. Онаси канизак, арман аёли. Исми Ғадда. Отаси ўлган куни унга байъат берилди.
Ибн Жавзий дебди: “У божлар (мукус)ни бекор қилиш ва мазолим (зўрлик билан тортиб олинган мулк ёки ҳақ)ларни қайтариш ҳақида жар солдирди. Биз умримизда кўрмаган, адолат ва карамни намоён этди. Ҳошимийлар, алавийлар (Али авлоди), уламолар, мадрасалар ва работдагилар (чегарачилар)га жуда кўп мол-дунё тарқатди. Мол-дунёни ҳеч қизганмас эди. Унга ўч эмас эди. Мулойим, вазмин, раҳмдил ҳам эди. Халифа бўлганда давлат арбоблари ва бошқа одамларга сарполар кийдирди. Хазина тикувчисининг ҳикоя қилишича, 1300 та яхши ипак яхтак бичган. Бағдод минбарида хутбалар унга ўқилди. Одат бўйича динорлар сочилди. Равҳ ибн Ҳадисий қозиликка тайинланди. 17 та мамлукни амирликка қўйди.
Мустази халққа кўринмас эди. Уловда ҳам фақат ходимлар билан юрарди, улардан бошқа ҳеч ким унинг олдига киролмас эди. Унинг халифалик вақтида Бани Убайд давлати тугади. Мисрда хутба унга ўқилди. Тангага исми зарб қилинди. Бағдодга бу ҳақда хушхабар келди. Бозорлар ёпилди, қуббалар қурилди. Мен бир китоб тасниф қилиб уни “ан-Наср ала Миср” деб атадим”.
Заҳабий дебди: “Унинг даврига келиб Бағдодда рофизийлик заифлашди ва қулади, халқ хотиржам бўлди. Унинг халифалиги халққа улкан саодат келтирди. Яман, Бурқа, Тузар, Мисрдан Асвонгача хутба унинг номига ўқилди. Подшоҳлар итоат этди. Шунда 567 йил эди”.
Котиб ал-Имод ёзади: “Султон Салоҳиддин ибн Айюб 567 йили Миср жомесида ўзининг тўла итоатини намоён этиб, биринчи жумадан бошлаб Бани Аббосга хутба ўқитди. Бидъат йўқолди, шариат софланди. Қоҳирада ўқилган иккинчи жумада ҳам хутба аббосийлар номи билан ўқилди Шундан кейин ашуро куни Озид оламдан ўтди. Салоҳиддин саройни, ундаги хазиналар ва қимматбаҳо ашёларни ўз қўлига олди. Салоҳиддин ўзи учун танлаб олган нарсалардан ташқари саройдаги бор бойликлар ўн йил давомида сотилди. Султон Нуриддин бу суюнчли хабарни Шиҳобуддин Мутаҳҳар ибн аллома Шарафиддин ибн Аби Асрун орқали Бағдодга етказди. Менга эса барча ислом шаҳарларида ўқилиши учун умумий суюнчнома иншо этишни буюрди. Мен шундай деб бошланувчи суюнчнома иншо этдим: Алҳамдулиллоҳи муьлийил ҳаққи ва муълиниҳи ва мувҳилботили ва мувҳиниҳи, унда шу жумладан, бу юртларда хожамиз имом Мустази биамриллоҳ ҳаққига хутба ўқилмайдиган биронта минбар қолмади. Жума жомелари созланди, бидъат бутхоналари қулади. Шунингдек, . . узоқ 280 йил мобайнида динбузарлар мазҳабидан азобланган, шайтон малайлари ин қуриб олган бу юртлар подшохдигини Аллоҳ энди бизга берди. Динсизлик ва рофизийликни йўқ қилишдек орзуимизга эриштирди. У ерларда Аббосийлар даъватини юритмоқни ва динсизлик ташвиқотчи ва даъватчиларини маҳв этмоқни ўз ноибимизга топширдик, дейилади унда”.
Халифа суюнчноманинг жавобига Нуриддин ва Салоҳиддинга сарпо ва совға-салом, хатибларга эса туғлар жўнатди. Котиб Имодга сарпо ва юз динор берди.
Ибн Асир дебди: “Мисрда хутбанинг Аббосийларга ўтишига, Салоҳиддин (Юсуф ибн Айюб) кучайиб Озиднинг ҳокимияти заифлашгач, Нуриддин Маҳмуд ибн Занкий тарафидан Сало-ҳиддинга шу ҳакда берган фармони сабаб бўлди. Салоҳиддин эса мисрликлар ғалаён қилишлари хафви борлигини айтиб узр сўрайди. Нуриддин эса бунга қулоқ солмайди, унга шундай қилиши шарт эканлигини тайинлаб одам юборади. Шу вақтда Озид тўсатдан касал бўлиб қолади. Шундан кейин Салоҳиддин ўз амирлари билан бу борада маслаҳатлашади. Улардан баъзилари рози бўлади, баъзилари чўчийди. “Амирул олам” деб танилган бир аъжамий Мисрга келган эди. У булардаги тараддудни кўриб, бу ишни мен бошлайман деди. Шундай қилиб, муҳаррам ойининг биринчи жумасида минбарга хатибдан илгари чиқиб Мустазининг ҳаққига дуо қилди. Ҳеч ким бунга қарши чиқмади. Иккинчи жумада Салоҳиддин Озид номига хутба ўқишни тўх-татишга буюрди. Бунга ҳеч ким қарши чиқмади. Озид оғир касал эди. У ашуро куни (10 муҳаррам) қазо қилди”.
569 (1173-74) йили Нуриддин халифага совғалар юборди. Уларнинг ичида олабула эшак ва бир атобий либос ҳам бор эди. Халқуларни томоша қилишга чиқди. Уларнинг ичида мақтанчоқ бир атобий киши бўлиб, у ўзи аҳмоқ ва ярамас одам эди. Шунда бир одам, ўзимизда эшак атобий бор эди, энди атобий эшак ҳам бўлар экан-да дебди.
Шу йили Саводда (Ирокда, Дажланинг жанубида) олмадек дўл ёғди ва уйларни бузди, бир қанча одамлар ўлди. Кўп чорвани ҳалок қилди. Дажла суви тошиб Бағдодни сув босди. Жума намози девордан ташқарида ўқилди. Фурот ҳам тошди. Қишлоқ ва экинлар вайрон бўлди. Халқ Аллоҳга ёлворди. Ғаройиб томони шундаки, сув бу қирғокда бўлиб, нариги қирғокдаги Дужайлда эса қурғоқчиликдан экинлар адо бўлди.
Шу йили Дамашқ ҳукмдори Нуриддин ва унинг ўғли ёш бола Солиҳ Исмоил вафот этди. Шундан кейин фаранглар соҳилларда ҳаракатга тушиб қолишди. Улар билан мол-мулк эвазига сулҳ қилинди ва тинчликка эришилди.
Шу йили Убайдий шиалардан бир жамоа ва уларнинг тарафдорлари хутбани Озид авлодига қайтармоқчи бўлдилар. Уларга Салоҳиддиннинг бир гуруҳ амирлари ҳам қўшилдилар. Салоҳиддин буни билиб қолиб Қасрайнда уларни дорга осди. 572 йилда Салоҳиддин Миср ва Қоҳирани ўраб олувчи улкан девор қуришга фармон берди. Қурилишни амир Баҳоуддин Қароқушга топширди. Ибн Асир деди: унинг айланаси 29 минг 300 гази ҳошимийдур. (Зирои ҳошимий - 0, 64 см).
Яна ўша йили Муқаттам тоғида бир қалъа бино этишни буюрди. Кейин шу қалъа султонликка (саройига) айланди. Бу қалъа қурилиши Салоҳиддиннинг жияни султон малик Комилнинг даврида якунланди. У ерда биринчи бўлиб ўзи яшаган. Шу йили Салоҳиддин имом Шофеъий турбатини бино қилди.
574    йили Бағдодда ярим кечада қаттиқ шамол эсди ва осмоннинг четларида олов каби устунлар кўринди. Одамлар ёлвориб нажот сўрадилар. Саҳаргача аҳвол шундай бўлиб турди.
575    (1179-80) йили шавволда халифа Мустази вафот қилди. Тахтни ўғли Аҳмадга васият қилган эди.
Мустази даврида вафот этган машҳур шахслар: наҳвчи Ибн Хашшоб, наҳвчилар подшоҳи Абу Наззор Ҳасан ибн Софи, ҳофиз Абулаъло Ҳамадоний, наҳвчи Носиҳуддин ибн Дахҳон, катта ҳофиз, Шофеъийнинг набираларидан Абулқосим ибн Асокир, шоир Ҳайс Байс, ҳофиз Абу Бакр ибн Хайр ва бошқалар.

Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase