Муте лиллоҳ Абулқосим Фазл ибн Муқтадир ибн Мўътазид. Унинг онаси канизак бўлиб, исми Шағла бўлган.
Муте 301 йили туғилган. 330 (942-41) йили жумодул охир ойида Мустакфининг истеъфоси олдидан унга байъат берилган. Муиззуддавла унинг учун кунига фақат 100 динор нафақа тайинлайди. У халифа бўлган йили Бағдодда қаттиқ қимматчилик бўлди. Ҳатто ўлимтикларни ва гўнгларни едилар. Одамлар йўлларда ўлиб қолавердилар. Гўштларини эса итлар ейишди. Ҳовли-жойлар юпқа нонга сотилди. Муиззуддавла учун 20000 дирҳамга 1 кур ун сотиб олинди. 1 кур 17 дамашқ қинторига тенгдир.
Шу йили Муиззуддавла ва Носируддавла ибн Ҳамдон ўртасида жанг бўлди. Муте Муиззуддавлага қўшилиб жангга чиқди. Урушдан қайтгандан кейин Муте асир кишидек бўлиб қолди. Шу йили Миср соҳиби Ихшид вафот қилди. Муҳаммад ибн Тағач ал-Фарғоний ўшанинг ўзи. Ихшид - подшохдар подшоси дегани бўлиб, испаҳбоз (сипобоз) - Табаристон, сўл - Журжон, хоқон -Турк, афшин - Ушрушана, сомон - Самарқанд подшоҳлари лақаби бўлгани каби Ихшид Фарғона подшохдарининг лақаби эди. Ихшид - шижоат ва ҳайбат соҳиби эди. У Мисрга Қоҳир тарафидан тайинланган. Унинг 8000 мамлуки бор эди. У Кофурга устоз эди. Шу йили Мағриб соҳиби Қоим Убайдий ўлди, ўрнига ўғли Мансур биллоҳ Исмоил тахтга ўтирди. Қоим - отасидан ҳам ёмон, ўзи зиндиқ, малъун эди. Пайғамбарларни ошкора ҳақорат қилар эди. Унинг жарчиси: “Ғор ва ундагиларни лаънатланглар!” деб жар солар эди. Уламолардан бир қанчасини қатл қилди.
335 йили Муиззуддавла ўзи билан Муте ўртасидаги қасамни (аҳд) янгилади. Унинг устидаги вакилликни бекор қилди, ўзини халифалик саройига қайтарди.
338- йили Муиззуддавла укаси (акаси) Али ибн Бувайҳ Имодуддавлани ҳокимиятга шерик қилиб беришни ва ўзидан кейин тахтда қолишини сўради. Муте бунга рози бўлди. Лекин кўп ўтмай Имодуддавла ўлиб қолди. Шундан кейин Муте Имодуддавланинг укаси Адудудавланинг отаси бўлмиш Рукнуддавлани унинг ўрнига тайинлади.
339 (950-51) йили Ҳажарул асвад ўз ўрнига қайтарилди. Уни боғлаш учун вазни 3767, 5 дирҳамлик кумуш занжир ясалди.
Муҳаммад ибн Нофеъ ал-Хузоий деди: мен кўчириб олинган Ҳажарул асвадни яхшилаб кўриб олган эдим. Унинг фақат боши қора бўлиб, қолган ерлари оқ эди. Узунлиги тирсак суягига қадар эди.
341 йили таносухийлардан бир қавм пайдо бўлди. Уларнинг ичидан бир йигит Алининг руҳи менга кўчиб ўтган деб даъво қилди. Хотини эса Фотиманинг руҳи менга ўтган деб чиқди. Бошқаси эса Жаброилликни даъво қилди. Шунда уларни калтакладилар. Улар эса ўзларини Ахди Байтдан эканликларини рўкач қилдилар. Шундан кейин Муиззуддавла Ахди Байтга майли бўлгани учун уларни қўйиб юборишни буюрди. Бу унинг малъун ишларидан биридир. Ўша йили Мағриб соҳиби Мансур Убайдий ўзи асос солган Мансурия шаҳрида қазо қилди. Тахтга валиахд ўғли Муид ўтирди. Унга “Муиз лидиниллоҳ” деб лақаб қўйилди. Қоҳирани қурган шу бўлади. Отасидан кейин Мансур яхши сийратли чиқди. У ноҳақчиликларга чек қўйди. Одамлар уни яхши кўришди. Ўғлининг ҳам сийрати (феъли) яхши чикди. Мағрибда унга қаршилар чиқмади.
343 йили Хуросон соҳиби (ҳукмдори) хутбада Мутенинг номини зикр қилди, шу вақтгача бундай қилмаган эди. Муте унга туғ ва сарпо жўнатди.
344 (955-56) йили Мисрда ер қаттиқ қимирлади. Уйлар бузилди, зилзила уч соат давом этди. Одамлар қаттиқ қўрқиб Аллоҳга ялиниб-ёлвордилар.
346 йили денгиз 80 газгача қисқариб, ундан тоғлар, ороллар ва бошқаучрамаган нарсалар чиқди. Рай ваунинг атрофидаулкан ер қимирлашлар бўлиб, Толиқон шаҳрини ер ютди. Унинг аҳлидан фақат 30 тача эркак омон қолди. Райнинг 150 та қишлоғи тупроқ остида қолди. Бу ҳолат Ҳулвонгача етди ва унинг кўп қисми ер остида қолди. Ер ўликларнинг суякларини ирғитиб юборади. Ундан сувлар отилиб чиқади. Райдаги бир тоғ бўлиниб кетади. Бир қишлоқ аҳолиси билан, қоқ кундузи осмону ер ўртасида осилиб туради. Сўнг уни ер ютди ва ерда улкан чуқур пайдо бўлади, ўша ердан бадбўй сув ва бепоён тутун чиқади. Буларни Ибн Жавзий нақл қилган.
347 йили Қум, Ҳулвон ва тоғларда ер қайта қимирлади. Кўп одам ҳалок бўлди. Чигиртка селдек босиб ғалла ва дарахтларни яксон қилди.
350 (961-960) йили Муиззуддавла Бағдодда улкан бино қурди. Унинг ер остидаги пойдевори 36 газ эди. Шу йили қозиликка Абул Аббос Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Абушшавориб тайинланди. У Муиззуддавланинг уйидан сарпо, от миниб чиқди. Унинг олдида найза кўтариб карнайлар чалиб бордилар. Аскарлар хизматда бўлди. У Муиззуддавла хазинасига ҳар йили 200 минг дирҳам туширишга сўз берди. Бу ҳакда хат-ҳужжат қилинди. Муте унинг бу лавозимга тайинланишига қарши бўлди. Ҳузурига киришига унамади ва ҳеч қачон киргизилмасин деб буйруқ берди.
Шу йили Муиззуддавла Бағдоддаги муҳтасиблар ва мир-шабларни ўз кафолатига олди. (Улардан тушадиган пулни ўз ихтиёрига олди, дегани бўлса керак.) Буларнинг барини орада бир қувватдан қолиб, соғайганидан кейин қилди. Аллоҳ уни соғайтирмаганда эди!
Ўша йили Румликлар 230 (845-44) йилларда фатҳ қилинган Иқриташ оролини мусулмонлардан тортиб оладилар.
Андалус соҳиби Носир лидийниллоҳ шу йили вафот этди. Ўрнига ўғли Ҳоким бўлди.
351 йили шиъалар Бағдоддаги масжидларнинг эшикларига: “Муовияга лаънат, Фотимадан Фадакдаги ҳаққини тортиб олганларга лаънат, Ҳасанга бобосининг ёнига дафн қилинишга тўсқинлик қилганларга лаънат, Абу Заррни сургун қилганларга лаънат”, сўзларини ёзиб кетишди. Кейин бу нарсалар ўша тунда ўчириб ташланди. Муиззуддавла уларни қайта ёздирмоқчи ҳам бўлди. Шунда вазир Муҳаллабий ўчирилган ёзувлар ўрнига “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оиласига зулм қилувчиларни Аллоҳ лаънатласин”, деб ёзишни маслаҳат берди. Лекин Муовияга ёзилган лаънатни қолдирдилар. Муиззуддавла 352 (963) йили ашуро куни бозорларни ёпиш ҳамда ошпазларга ишламаслик ҳақида фармон берди. Бозорларда чодирлар тикдилар ва уларга бўзлар осиб қўйишди. Сочларини тўздирган, юзларига урган аёллар кўчаларга чиқарилди ва Ҳусайнга мотам тутдилар. Мана шу куни Бағдодда биринчи марта Ҳусайн учун оҳ-воҳлар қилинди. Бу бидъат бир неча йил давом этди.
Зулҳижжанинг ўн иккисида “Ғадирул хум” байрами ўтказилди. Карнайлар чалинди. Шу йили арманларнинг бир патриархи Носируддавла ибн Ҳамдонга ёшлари 25 да бўлган танаси ёпишган эгизакни юборди. Улар ёнларидан ёпишган эдилар.
Иккисининг қорни, киндиги, ошқозони алоҳида эди. Қо-ринларининг очиши, чанқаш, сийиш вақти турлича эди. Ҳар бирининг иккитадан кафти, қўли, болдири, оёғи, сийдик олати бўлиб, улардан бири аёлларга , бошқаси эркакларга мойил эди. Бири ўлди, бошқаси тирик қолди, ўлгани эса сасий бошлади. Носируддавла ўлигини тиригидан ажратиб олармиканлар деб барча табибларни йиғди. Аммо бу уларнинг қўлларидан келмади. Кейин ўликнинг ҳидидан тириги касалга учраб, охири ўлди.
353 йили Сайфуддавла учун устунлари 50 газ келадиган улкан чодир қурдилар.
354 йили Муиззуддавланинг опаси ўлганда Муте таъзия билдириш учун кемага тушиб келди. Кутиб олишга Муиззуддавла ўзи чиқди ва Мутени кемадан тушириб овора қилмади. У ерни бир неча марта ўпди ва халифа ўз уйига қайтди. Шу йили Рум подшоҳи Якуб мусулмонларнинг юртларига яқин ерда Қайсарияни бино қилди. Тез-тез ҳужум қилиб туриш учун ўша ерга кўчиб ўтди.
356 йили Муиззуддавла ўлди, ўғли Бахтиёр унинг ўрнига қўйилди. Муте унга Иззудавла деб лақаб берди.
357 йили Қарматийлар Дамашқни босиб оладилар. Шу йили Шом ва Мисрдан ҳеч ким ҳаж қилмайди. Улар Мисрни ҳам босиб олмоқчи бўладилар. Шунда Убайдийлар (олдинроқ) келиб у ерни босиб оладилар. Мағриб, Миср, Ироқ каби қатор ўлкаларда рофизий давлатлар қурилади. Сабаби Миср соҳиби Кофур Ихшидий дунёдан ўтгач, мамлакатда ҳокимият издан чиқади. Аскарларнинг маоши камайиб кетади. Кейин бир жамоат чиқиб “Мисрни сенга топширамиз, аскар жўнат” деб Муизга хат ёзадилар ва у мавлоси Жавҳарни юз минг отлиқ аскарга бош қилиб, у ерга юборади. Жавҳар Мисрни олади. У ҳозирги Қоҳиранинг ўрнида тўхтайди. Ва шу ерда шаҳар тарҳини чизади. Ҳозирда Қасрайн номи билан танилган ерга Муиз учун амирлик уйини бино қилади. Бани Аббосни хутбадан чиқаради. Ўзи қора, хатибларга эса оқ либос кийдиради ва хутбада: “аллоҳумма солли ало муҳаммаданил мустафо ва ало Алиййинил муртазо ва ало фотиматал батул ва алал ҳасани вал ҳусайни сабтайиррасул ва салли алал аиммати обои амирил мўъмининал муиззи биллоҳ” деб айтилсин деган буйруқ берди.
Уларнинг бари 358 (969-68) йил шаъбон ойида рўй берди.
Сўнг 359 йил рабиул охирда Мисрда “ҳайя ало хайрил амал” билан азон айтилди. Ал-Азҳар жомесини қуришга киришдилар. 361 (972-71) йили рамазонда қуриб битказилди.
359 йили Ироқда жуда катта юлдуз тушдики, ундан дунё ёришди, у ҳудди қуёшдек ёруғ эди. У тушганда чақмоқ чаққандек қаттиқ товуш чиқди. 360 йили Дамашқцаги Муизнинг ноиби Жаъфар ибн Фалоҳнинг амри билан муаззинлар “ҳайя ало хайрил амал” ила азон айтдилар. Бунга қарши чиқишга ҳеч ким журъат этолмади.
362 йили султон Бахтиёр Мутени (мол-мулкини?) мусодара қилди. Муте деди: менда хутбадаги номимдан ўзга ҳеч нарса йўқ. Хоҳласанглар узлатга чиқаман. Охири аҳволи танглашиб, ҳатто ўз чопонини сотди. 400000 дирҳам қарз кўтарди. Халифани мусодара қилишибди деган гап-сўзлар тарқаб кетди.
Шу йили Бағдодда мавлолар (мамлуклар)нинг ёрдамчиларидан бирини ўлдириб кетишганда вазир Абулфазл Шерози (Муиз-зуддавлага ва Мутега вазир бўлган, золим эди дейилибди, бошқа манбаларда) мисгарларни балиқчиларга чўғ олиб бориб отсинлар деб юборди. Оқибатда мислсиз катта ёнғин чиқди, ҳовли ва ҳаммомларда кўплаб одамлар ва мол-мулк ёниб кетди. Вазир ҳам ўша йили йўқ бўлди (ўлди). Аллоҳ раҳм қилмагур.
Шу йили рамазонда Муиз Мисрга келтирилди. У билан бирга ота-боболарининг тобутлари ҳам бор эди.
363 йили Муте Абулҳасан Муҳаммад ибн Умму Шайбон ал-Ҳошимийни қозиликка тайинлади. У аввалига унамаган эди. Кейин рози бўлган эса-да, қатор шартларни қўйди, жумладан, қозиликнинг устидан ҳақ олмаслик, сарпо кийдирилмаслик, шариатга хилоф ишларда орачилар бўлмаслиги кабилар.
Унинг котиби учун ойига 300 дирҳам, ҳожиби (эшик тагидаги посбони) учун 150 дирҳам, эшикда турадиган фориз (мерос тақсимловчи, соқчи?)га 100 дирҳам, ҳукм ва ёрдамчилар дево-ни хазиначисига 600 дирҳам маош белгиланди. Унга қуйи-дагича ахднома ҳам берилди: “Бу Абдуллоҳ ал-Фазл ал-Муте лиллоҳ амиралмўминин тарафидан Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Ҳошимийни тинчлик шаҳри Мансур шаҳри ахди, шарқ тарафдаги Шарқия, ғарбий тараф, Куфа, Сақйи Фурот, Восит, Карх, Фурот йўли, Дажла, Хуросон йўли, Ҳулвон, Қармисин, Диёрмудар, Диёррабиъа, Диёрбакр, Мавсил, Икки ҳарам, Яман, Дамашқ, Ҳимс, Жундқансарин, Авосим, Миср, Искандария, Жундуфаластин, Урдун (Иордания) ва вилоятлари, аҳли Куфа ва Сақий Фуротдаги ўзи танлаган Аббосий шарифлар ўртасида қозилик ишларини бошқаришга, шунингдек, унга қозиларнинг ҳукмларини, ҳакамларнинг аҳволини синчиклаб кузатиш, мамлакат ҳудудига кирган, даъват етиб борган фармонлар ўтадиган (юрадиган) барча шаҳар ваўлкаларда назорат юргазиш, кимники тутган йўли, қилган иши мақтовли бўлса ўрнида қолдириш, қилиғи ва феъл-атвори нораволарни алмаштириш, бунда хос ва оммадан эҳтиётда бўлиб ва миллат ҳамда зимматга (мусулмон ва ғайри мусулмонларга) мулойимлик кўрсатиб иш юритишга, унинг оила ва обрўсининг юксаклиги покизалиқца таниқли, дин ва омонатига гард юқтирмаган тақводор ва ҳалол, илм ва ақлда маслаҳатли, ҳилм ва фаросати тан олинган, ҳар хил пасткаш ахлоқлардан йироқ, гўзал тақволи, ор-номусли, ғайбий сифатлардан ато қилинган, дунёвий манфаатлар билимдони, Охират учун зиёнли нарсаларниннг орифи деб билганидан мазкур ишларни бошқаришга таклиф этганда ушбу ахдни берди. Шу билан бирга уни Аллоҳнинг китобини юргазсин, ўз ҳукми ва қарорларини Қуръондан олсин, уни ўзига мўтабар раҳнамо этиб олсин, ўзига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини йўл бошлагувчи маёқ деб билсин, намуна ва ибрат деб олсин, Ижмога риоя этсин, тўғри йўлли имомларга эргашсин, Қуръон, суннат ва ижмода йўқ ҳолатларда ўз ижтиҳодини ишлатсин, илмидан, фикридан фойда тегадиган кишиларни ўз мажлисида ҳозир айласин, даъвогар тарафларга қарашда, ҳам сўзлашда тенглик қилсин, уларнинг ҳар бирига камоли инсоф ва адолат кўрсатсинким, токи ожизлар унинг адолатсизлик қилмаслигига ишонсинлар, кучлилар уни букилмоғидан умид узсинлар. Буюрилдиким, ўзининг ёрдамчилари ва дўстларини, котиблари ва ҳешларини кўз остида тутсин. Токи улар маҳзур йўлларга қадам қўйишдан ва ҳаром даромадга кўз тикишдан сақлансинлар”. Мана шу хилдаги узун сўзлар зикр қилинган.
Дедим: халифалар ўзларига қарашлик шаҳар ва ўлкалардаги ҳукм ишларини юритувчи қозини (бош қозини) тайинлар, кейин ўша қозининг ўзи ҳар бир шаҳар ва ўлкага ўзи хоҳлаган кишини вакил (ноиб) қилиб тайинлар эди. Мана шунинг учун уни қозиюлқузот (қозилар қозиси, бошқози) дейишар эди. Фақат мазкур сифатга (ваколатга) эга одамгина (қозигина) шундай номланар эди. Бошқалар бўлса қози ёки шаҳар қозиси дейилар эди, холос. Ҳозир эса бир шаҳарда тўртта бир хил қози бўлиб, уларнинг ҳар бирини “қозиюлқузот” дейишади. Ана уларнинг битта ноибидаги ҳокимият ҳозирги қозиларнинг қозиларидаги ҳокимиятдан бир неча ҳисса кўп бўлса керак. Дарҳақиқат, ўша вақтдаги қозиюл қузот ҳокимияти ҳозирги султонларнинг ҳокимиятидан кенгроқ эди (ҳудудини кенглиги).
Ўша йили, яъни 363 (974-73) йили Муте фалажга йўлиқди ва тил айланиши оғирлашди. Шунда Иззуддавланинг ҳожиби ҳожиб Сабуктакин уни истеъфога чиқишга ва ишни ўғли Тоэъ лиллоҳга топширишни таклиф этди. У рози бўлди. Зулқаъданинг ўн учинчиси пайшанба куни ишни (тахтни) ўғлига топширди. Шундай қилиб, унинг халифалик муддати 29 йилу бир неча ойга тенг бўлди. Унинг истеъфосини қози Ибн Умму Шайбон тасдиқлади. Истеъфосидан сўнгуни шайх Фозил деб аташадиган бўлди.
Заҳабий деди: Муте ва унинг ўғли Бани Бувайҳ олдида ожиз эдилар. Муқтафи лиллоҳ халифа бўлгунга қадар халифалар ҳокимияти кучсиз бўлиб, қолаверди. Унинг даврига келиб халифанинг мавқеи бир оз ўнгланди, лекин Мисрдаги рофизий Бани Убайд халифаларининг ҳокимияти мустаҳкамроқ ва сўзлари ўткирроқ эди. Уларнинг давлати ўз вақтидаги Аббосийлар давлати билан беллаша олар эди. Муте эса ўғли билан Воситга кўчиб ўтиб ўша ерда 364 йили муҳаррамда оламдан ўтди.
Ибн Шоҳин деди: менга маълум бўлишича, у ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан.
Аҳмад ибн Ҳанбал деди: одамнинг дўстлари дунёдан ўтгач у хор бўлади. (Хатиб ривояти).
Муте даврида дунёдан ўтган машҳур кишилар: ҳанбалийлар шайхи ал-Хирақий, сўфи Абу Бакр Шиблий, шофеъийлар имоми Ибн Қос Абу Ражо Асвоний, Абу Бакр Ас-Сувлий, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Абуттаййиб Саълукий, наҳвчи Абу Жаъфар Наҳҳос, Абу Наср Форобий, шофеъийлар имоми Абу Исҳоқ Марвазий, наҳвчи Абулқосим Зужожий, ҳанафийлик шайхи Кархий, “ал-Мужоласа” соҳиби Дайнурий, Абу Бакр Забъий, қози Абулқосим Танухий, “ал-Фуруъ” соҳиби Ибн Ҳаддод, шофеъийликнинг катталаридан Абу Али ибн Абу Ҳурайра, зоҳид Абу Умар, “Марваж аз-заҳаб” муаллифи ал-Масъудий, Ибн Дурставайҳ, (мазҳаблардаги) фарқлар ҳақида алоҳида асар таълиф этган Абу Али ат-Табарий, “Тарих Макка” муаллифи Фокиҳий, шоир ал-Мутанаббий, “Саҳиҳ” соҳиби Ибн Ҳиббон, моликийлик имомларидан Ибн Шаъбон, Абу Али Қолий, “Ағоний” соҳиби Абулфараж.
Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан