Ал-Қоҳир биллоҳ - Абу Мансур Муҳаммад ибн ал-Мўътазид ибн Толҳа ибн Мутаваккил. Онаси - канизак, исми Фитна.
Муқтадир ўлдирилгач, Қоҳирни ва Муҳаммад ибн Муктафини олиб келинди. Ибн Муктафидан тахтга ўтиришни сўрашди. У менга бунинг кераги йўқ. Мана амаким бунга ҳақлироқ, деди. Қоҳирдан сўрашган эди, у рози бўлди. Унга байъат бердилар ва “Қоҳир биллоҳ” деган лақаб олди. 317 (929-930) йилда ҳам шу лақабни олган эди. Унинг биринчи қилган иши Муқтадирнинг оиласини (мол-мулкини) мусодара қилди, уларни қийноқларга солди. Унинг онасини уриб-қийнаб ўлдириб юборди.
321 (933) йили лашкарлар унга қарши исён қилишди. Мунис, Ибн Муқла ва бошқалар тахтга Муктафининг ўғлини ўтказиб, Қоҳирни истеъфога чиқаришга келишиб оладилар. Аммо Қоҳир ҳийла ишлатиб уларни қамоққа туширишга ва каллаларини олишга муваффақ бўлади. Ибн Муктафини икки девор орасига қўйиб суваб юборадилар. Ибн Муқла яширинишга улгуради.
Унинг уйини ёқиб юборадилар. Қолган мухолифларнинг ҳам уй-жойлари йўқ қилинади. Сўнгра аскарларга маошларини берадилар. Қоҳирнинг ҳокимияти мустаҳкамланади. Қалбларда ҳайбат қозонади. Унинг лақабига: “ал Мунтақим мин аъдои дийниллоҳ” (Аллоҳ динига душманлардан интиқом олувчи) сўзларини қўшадилар ва бу тангага ёзилди. Шу йили у яллачи аёлларни (чўриларни) ва ароқни қатъиян ман этди. Қўшиқчиларни тутишга, хунасаларни сургун қилишга, чолғу-асбобларини синдиришга, қўшиқчи жорияларни ёлғончи-каззоблар сифатида сотиб юборишга фармон берди. Шу билан бирга унинг ўзи доим кайфда юрар, қўшиқ эшитишни ҳам канда қилмас эди.
322 йили Дайлам кучайди. Чунки Мардовиж (Дайламий) нинг тарафдорлари Исфаҳонга (бостириб)кирадилар. Унинг лашкарбошиларидан бири Али ибн Бувайҳ эди. У катта молни уриб қолиб ўз хўжайинидан ажраб олади. Сўнгра у билан халифанинг ноиби Муҳаммад ибн Ёқут тўқнашадилар. Муҳаммад мағлубиятга учрайди. Ибн Бувайҳ Форс ўлкасини қўлга киритади. Ибн Бувайҳ ўзи камбағал бир балиқчи бўлган экан. Тушида сияётган эмиш, шунда закаридан оловли хода чиқибди. Кейин шохлаб кетиб дунёни эгаллабди. Таъбир қилибдиларким, унинг болалари дунёни оладилар ва ҳукмронлиги олов етган жойгача етади. Кейин йиллар ўтибди. Шундай бўлибдики, у Мардовиж ибн Зиёд Дайламийга лашкарбоши бўлиб қолибди. Дайламий уни мол-дунё топиб келиш учун Кархга юборади. Бориб беш юз минг дирҳам топиб келади. Ҳамадонни ҳам олмоқчи бўлиб боради. У ернинг аҳолиси дарҳол дарвозаларни тамбалаб оладилар. Шундан кейин улар билан жанг қилиб, охири у ерни олади. Баъзилар сулҳ билан олган дейдилар. Сўнгра Шерозга қараб юради. Мол-дунёси оз қолган бўлади. Чалқанча ётиб ухламоқчи бўлганда шифтдан бир илон кўринади. (Илон қайтиб чиқмасин деб) Ўша ерни бузишни буюради. Шунда олтин тўла сандиқлар чиқади. Уларни лашкарларига тарқатади.
(Бир куни) Кийим тиктириш учун тикувчи топиб келишни буюради. У гарангроқ экан. Мени ҳибсга олишмоқчи деб ўйлаб, Худо ҳаққи менда мана шу ўн иккита сандиқдан бошқа ҳеч вақо йўқ. Уларнинг ичида нима борлигини ҳам билмайман, дебди. (биров уларни омонатга ташлаб кетган бўлади) уларни олиб боришса ичидан жуда катта мол-дунё чиқибди.
Бир куни отга минибди. От бир ерга борганда оёқлари ерга ботиб қолибди. Ўша ерни ковлаб қарашса хазина чиқибди. Шундай қилиб вилоятларни босиб олибди. Хуросон ва Форс халифа ҳукми остидан чиқади. Шу йили Қоҳир ўзига халифа бўлишни маслаҳат берган Исҳоқ ибн Исмоил Навбахтийни қатл қилади. Уни боши билан қудуққа ташлатади ва у чўкиб ўлади. Унинг гуноҳи: халифа бўлишидан илгари бир жорияни Қоҳирдан кўра кўпроқ пул бериб сотиб олгани бўлди. Қоҳир шундан бери уни ёмон кўриб қолган эди.
Ўша йили аскарлар унга қарши бўлиб қолишади. Бунинг сабаби Ибн Муқла яширинча уларни халифага қарши гижгажлар, жумладан, “у сизларни қамаш учун зиндонлар қураяпти”, деб айтар эди. Шундан кейин улар халифани ўлдиришга қарор қиладилар ва қиличларини кўтариб унинг олдига бостириб киришади. У эса қочиб қолади. Жумодул охирнинг 6 сида уни қўлга оладилар. Сўнг Абул Аббос Муҳаммад ибн Муқтадирга байъат бериб, унга “ар-Рози биллоҳ” деб лақаб қўядилар. Сўнгра улар Қохдрга вазир ва қозилар: қози Абу Умарнинг ўғли Абул Ҳусайн, Ҳасан ибн Абдуллоҳ ибн Абушшавориб ва Абу Толиб ибн Бахдулларни юборишади. Улар бориб Қох^рнинг (бу ҳакдаги) фикрини сўрашади. Қохдр: мен -Абу Мансур Муҳаммад ибн Мўътазидман. Сизнинг ва одамларнинг (халқнинг) зиммасида менга берилган байъат турибди. Мен сизлардан воз кечганим, сизларни байъатдан озод қилганим йўқ, кетинглар. Улар кетишди. Вазир деди: уни (ўзимиз) истеъфога чиқарамиз, уни ўйлаб нима қилдик, қилмишларини ҳамма билади-ку. Қози Абул Ҳусайн: мен бўлган гапни Розига кириб айтдим ва унинг имоматини (ҳокимиятини) фарз деб билишимни маълум қилдим. Рози: Кетавер, бизни холи қўй, деди. Шунда Симо Муқаддам ал-Ҳажария унинг кўзини ўйишни маслаҳат беради. Шундан кейин Қохд/фнинг кўзини қиздирилган мих билан кўр қилдилар.
Муҳаммад Исфаҳоний деди: “Қоҳирнинг тахтдан туширилишига унинг бадхулқ (ахдоқсизлиги)лиги, қонхўрлиги сабаб бўлди. Истеъфога унамади, кейин кўзларини ўйиб олдилар, улар оқиб ёноқларига тушди”.
Ас-Сувлий дейди: “У бераҳм, қонхўр, жирканч ахлоқли, жуда ҳам субутсиз, беқарор, ароқхўр одам эди. Ҳожиби (эшик оғаси) Саломанинг тадбиркорлиги бўлмаганда жонлигу жонсизни қириб юборган бўлур эди. У найзани қиздириб олиб, кейин бирор инсонни ўлдирмагунча уни ташламас эди”.
Али ибн Муҳаммад Хуросоний деди: “Қоҳир бир куни мени чақиртирди. Борсам найзаси ёнида турибди, сендан Бани Аббос халифалари ҳақида, уларнинг ахлоқи, хусусиятлари ҳақида сўрамоқчиман”, деди. Мен дедим: “Саффохдан бошласак, у қон тўкишга тез эди, қўйган ҳокимлари ҳам бу борада ундан ўрнак олардилар. Шу билан бирга у қўли очиқ, саховатли эди.
- Мансур-чи?
Дедим:
- Аббос ва Абу Толиб авлодлари ўртасига низо солган ўша бўлади. Илгари улар бирга эдилар. Мунажжимларни яқин-лаштирган, сурёний ва ажам тилларидаги “Калила ва Димна”, ‘Иқлидис китоби” каби, шунингдек, юнон китобларини таржима қилдирган халифадур. Шундан кейин одамлар ўша китобларга берилиб кетишди. Буни кўрган Муҳаммад ибн Исҳоқ ғазот ва сийратни жамлади. (пайғамбаримиз ҳаётига тааллуқли хабарларни); Озод қилган қулларига мансаб берган ва уларни араблардан олдинга қўйган биринчи халифа ҳам у.
- Махди-чи? - деди.
- У сахий, одил, инсофли бўлган. Отаси одамлардан тортиб олган нарсаларни қайтариб берди, зиндиқларни ошиғи билан йўқ қилди. Масжид ҳарамни, Мадина масжидини, Масжиди Ақсони обод қилди.
- Ҳоди-чи? - деди.
Дедим:
- Зўравон, такаббур бўлган, даври қисқа бўлса ҳам ҳокимлари унинг йўлидан бордилар.
- Рашид-чи? - сўради у.
Дедим:
- У ғазот ва ҳажни канда қилмасди. Макка йўлидаги сарой ва қудуқларни (ҳовузларни) обод қилди. Азна, Тарсус, Масиса ва Маръаш каби қалъаларни бино қилди. Халққа яхшилик қилди. Бармакийлар ва уларнинг саховати унинг даврида шуҳрат қозонди. Совлажа ўйнаган (отда таёқ билан тўп ўйнаш), буржосга (найзага санчилган нишон) камондан ўқ отган ҳамда Бани Аббоснинг биринчи бўлиб шахмат ўйнаган халифаси у бўлади.
- Амин-чи? - деди.
Дедим:
- У жуда ҳам қўли очиқ бўлган, бироқ кайфу сафога берилиб кетганидан ишлари пачава бўлди.
- Маъмун-чи? - деди у.
Дедим:
- У юлдузлар ва фалсафага мағлуб бўлди. У мулойим, сахий бўлган.
- Мўътасим-чи?
Дедим:
- У Маъмуннинг йўлидан борди. Чавандозлик ва ажам подшоҳларига тақлид қилишни яхши кўриши уни мағлуб этди. У ғазот ва фатхдар билан ҳам шуғулланди.
- Восиқ-чи?
- У отасининг йўлидан юрди.
- Мутаваккил-чи?
- У Маъмун, Мўътасим, Восиқларнинг ақидаларига қарши чиқиб, баҳсу мунозаралардан, талашиб-тортишишлардан, беъ-мани фикрлардан одамларни қайтарди. Шундай қилганларни жазолади. Ҳадис ўқишга ва уни эшитишга буюрди. Қуръон яралган деган сўзни тақиқлади. Шунинг учун одамлар уни яхши кўрдилар. Сўнг қолган халифалар ҳақида ҳам сўради. Мен эса улардаги бори билан жавоб қилдим.
Кейин менга:
- Сўзларингни эшитиб, худди ўзларини кўргандек бўлдим, -деди. Сўнг ўрнидан турди.
Масъудий деди: Қоҳир Мунисдан катта мол-дунё олган бўлади. Истеъфога чиқарилиб кўзи кўр қилингач, ундан бойликларни қайтаришни талаб қилиб анвои қийноқларга солинсада ҳеч нарсага иқрор бўлмайди. Шунда Рози биллоҳ уни ёнига тортиб, аскарлар пул талаб қилаётганини биласан. Менда эса ҳеч вақо йўқ. Сен мол-дунёни нима қиласан?! Шундай экан, қаердалигини айтгин дейди. Майли, айтсам айта қолай, бойликлар боққа кўмилган. У турли ўлкалардан келтирилган ҳар-хил дарахтлар экилган бир боғ барпо этган эди. У ерни безатиб, унда бир сарой ҳам қурдирган эди. Рози ўша боғни ва қасрни жуда ҳам яхши кўрар эди. Бойликлар унинг қаерида? -дейди. Мен кўрман, у ерни тополмайман, сен боғни ковлайвер топасан, дейди Қоҳир. Рози боғни ковлай бошлайди. Қасрнинг пойдеворларигача ковлайди, дарахтларни қўпоради лекин, ҳеч вақо тополмайди. Қани бойликлар деб, сўрайди у Қоҳирдан. Менда мол-дунё нима қилади. Мен сени боғда ўтиришингдан, ундан лаззатланишингдан аламда эдим. Мақсадим сенга озор бериш эди, холос. Рози қилган ишига ачинади ва уни ҳибсга олади. 333 (945-944) йилгача у ерда ушлайди. Сўнг уни қўйиб юборишади ва қаровсиз қолдиришади. Бир куни Мансур жомесида сафлар орасида эгнига оқ камзул қийиб олган Қоҳир, менга садақа қилинглар, мен сиз билган одамман дейди. Шунда Мустакфининг даври эди. Уни обрўсига зиён етказиш учун шундай қилган бўлади. Шундан сўнг Мустакфи 339 (950-951) йили жумодул аввал ойида 53 ёшида вафот этгунгача уни тутқунликда сақлайди. Қоҳирни Абдуссамад, Абулқосим, Абулфазл, Абдулазиз деган ўғиллари бўлган.
Унинг даврида вафот этган машҳур одамлар: ҳанафий мазҳаби шайхи Таҳовий, Ибн Дурайд, Абу Ҳошим ал-Жабоий ва бошқалар.
Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан