Иброҳим ибн Валид акаси Язид вафотидан сўнг 126 йил зулҳижжа/744 йил октябрь ойида халифа бўлди. Бироқ унинг халифалигини аҳолининг аксар қисми қабул қилмади. Халифага байъат беришдан биринчи бўлиб, Ҳимс аҳолиси бош тортди. Иброҳим у ерга Абдулазиз ибн Ҳажжож бошчилигида қўшин жўнатди.
Марвон ибн Муҳаммад Язиднинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган вақтда Ҳаррон(Ҳаррон - Туркия республикасидаги шаҳар, у Сурия чегарасига яқин ҳудудда жойлашган.)да эди. У Иброҳимга байъат беришни хоҳламади. Шунинг учун Қиннисринга бориб, ўзига байъат қилишларини сўради. Шаҳар қўшини унга хайрихоҳ эканликларини билдирди. Шундан сўнг Марвон Ҳимсга юриш қилди. Бу вақтда Ҳимсни халифа томонидан юборилган Абдулазиз ибн Ҳажжож қўшини қамал қилаётган эди. Марвон келгач, халифа қўшини қамални тўхтатиб, унга қарши жанга кирди. Ҳимсликлар уйларидан чиқиб, Марвон қўшинига қўшилдилар. Юз берган жангда халифа қўшини тор-мор этилди. Ҳимс аҳолиси Валид ибн Язид ўғилларидан бирини халифа бўлишини истар эди. Марвон уларнинг фикрини қўллаб-қувватлади. Бироқ Валиднингўғиллари Ҳакам ва Усмон Дамашқда тутқунликда эди.
Абдулазиз ибн Ҳажжож ва унинг қўшини Ҳимсда мағлубиятга учраганидан сўнг Шомга келиб, халифа Иброҳимдан Валид ўғилларига жазо беришни сўради. Иброҳим уларни қатл қилишга буйруқ берди.
Кўп ўтмай Дамашққа Марвон ибн Муҳаммад қўшини юриш қилди. Шундан сўнг Сулаймон ибн Ҳишом бошчилигидаги Шом қўшини ва Марвон етакчилигидаги Ҳимс, Қиннисрин ва Жазира(Жазира - Туркиянинг жануби-шарқи ва Сурия шимолида жойлашган тарихий ҳудуд.) қўшини тўқнашди. Тарихчи ибн Жарир Табарий маълумот беришича, бу жангда халифа қўшинида 120 минг, Марвон қўшинида эса 80 минг киши бўлган(Табарий. Тарих ар-Русул ва ал-Мулук. 7-жуз. - Кохира: Дар ал-маориф, 1979. -Б. 301.). Мазкур жангда Марвон қўшини ғалабага эришди. Иброҳим ибн Валид ва Сулаймон ибн Ҳишом Дамашқдан қочиб кетди. Абдулазиз ибн Ҳажжож ўлдирилди.
Иброҳим ибн Валид фақат 70 кун халифа бўлди. Шундан сўнгундан маҳрум этилди. Иброҳим 750 йил аббосийлар билан бўлиб ўтган Зоб жангида ўлдирилди.
С.Умматалиевнинг
"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан