close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ҳудайбия сулҳи

Бу сулҳ ҳижрий олтинчи йилнинг охири, зулқаъда ойида тузилган. Унинг сабаби: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага умра қилиш учун кетаётганларини мусулмонларга эълон қилдилар. Натижада тақрибан бир минг тўрт юз кишилик муҳожир ва ансорлардан иборат катта жамоат у зотга эргашди. Одамларга жанг қилиш учун эмас, Байтуллоҳни зиёрат қилиш учун кетаётганларини билдириш учун йўлда умра учун эҳром боғлаб, Маккада сўйиш учун олган ҳадя - қурбонлик чорваларини олдиларида ҳайдаб бордилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зул-Ҳулайфага етганларида Хузоъа қабиласидан бўлган Бишр ибн Суфён исмли кишини Маккаликлардан хабар олиб келиш учун жўнатиб, ўзлари юришни давом эттирдилар ва Аштот кўлига келганларида ҳалиги юборилган одам келиб шундай деди: "Қурайш Сизга қарши Макка атрофидаги барча қабилаларни тўплаб, Сиз билан уришмоқчи ва Сизни Байтуллоҳдан тўсмоқчи экан". Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига қараб: "Маслаҳат беринглар", дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: "Эй Расулуллоҳ, Сиз Байтуллоҳни тавоф қилиш мақсадида чиққансиз, бирор кишини ўлдириш ёки биронтаси билан жанг қилиш мақсадингиз йўқ. Бас, шунинг учун йўлингизда давом этинг. Ким йўлимизни тўсадиган бўлса, у ҳолда у билан уришамиз", деб маслаҳат берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ундай бўлса, Оллоҳнинг номи билан юринглар", дедилар.
Сўнг: "Ким бизни улар турган йўлдан бошқа йўл билан олиб бора олади" дедилар. Бани асламлик бир киши: "Мен, эй Расулуллоҳ", деди. Ва даралар орасидан, ўнқир-чўнқир йўллардан бошлаб кетди. Улар Саниятул-Мирорга (Ҳудайбия тепасидаги тоғ йўли) етиб келишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари чўкиб олди. Одамлар: "Ҳал, ҳал", дейишди (туяни ўрнидан қўзғатишда ишлатиладиган овоз). Лекин туя ҳаракатланмади. Одамлар: "Қасво ётиб қолди", дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ётиб қолгани йўқ, унинг бундай одати йўқ эди. Лекин уни (Фил воқеасида) филни тўхтатган Зот тўхтатди", деб, сўнгра: "Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар улар Оллоҳнинг ҳурматларини (амру қайтариқларини) улуғлайдиган (уларга зид келмайдиган) бирон ишни - режани таклиф қилсалар рози бўлган бўлар эдим", дедилар. Сўнг туяни орқага тортган эдилар, у сакраб туриб, Ҳудайбия пастлигидаги суви кам бир чуқурлик атрофига келиб тушди. Одамлар у ердаги сувни бир зумда тугатиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ташналикдан шикоят қилишди. Шунда у зот ўқдондан бир ўқни олиб уни ўша сув тугаган жойга суқиб қўйишни буюрдилар. Оллоҳ номига қасамки, у ердан сув чиқиб, то қайтгунларича ташналикларини қондириб турди.
Улар шу ҳолатда турганларида Будайл ибн Варқо Хузоий бир қанча ҳамроҳлари билан келиб: "Мен Каъб ибн Луай ва Омир ибн Луайларни Ҳудайбия қудуқлари атрофига жойлашиб олганларини, ўзлари билан бирга сут берувчи туяларини ҳам олиб келганларини кўриб келяпман. Улар Сиз билан уриш қилиб, Сизни Байтуллоҳдан тўсишмоқчи", деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Биз биров билан уриш қилгани эмас, балки умра қилиш учун келганмиз. Жанглар Қурайшни заифлаштириб қўйди. Агар истасалар улар билан бир муддат уришмаслик ҳақида битим тузамиз. Улар шу муддат ичида мен билан одамлар ўртасида тўсиқ бўлмай туришади. Агар ғолиб бўлсам (яъни, одамлар даъватимга қулоқ тутиб, Исломни қабул қилишса,) хоҳласалар Қурайш ҳам одамлар кирган нарсага киради, хоҳлашмаса (жангдан) дам олганлари қолади. Агар сулҳдан бош тортишса, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, бу Ишим устида улар билан то ўзим ёлғиз қолгунча урушаман. Оллоҳ эса ўз Ишини шубҳасиз ғолиб қилур". Будайл: "Айтган гапларингизни уларга етказаман", деб Қурайшнинг олдига бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган гапларини уларга айтиб берди.
Шунда Урва ибн Масъуд туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига бориб, у билан Будайл келтирган хабар тафсилотини гаплашиб келмоқчи эканлигини айтган эди, мушриклар: "Майли бориб кел", дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Урвага ҳам Будайлга айтган гапларини айтдилар. Урва шундай деди: "Сен ўз қавмингни (Қурайшни) йўқ қилмоқчи бўляпсан, сендан илгари араблардан биронтаси ўз аҳлини ҳалок қилганини эшитганмисан. Агар аксинча бўлса, (яъни, биз ғолиб бўлиб сен енгилсанг) мана бу зоти паст саҳобаларинг сени ташлаб қочиб кетишса керак деб ўйлайман". Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу жуда хунук сўзлар билан сўкиб, у зотни ҳеч қачон ташлаб кетмасликларини айтди. Урва Абу Бакр розияллоҳу анҳуга қараб: "Ким бу?" деди. "Абу Бакр", дейишди. Урва: "Агар сен томондан менга ўтган ва мен уни қайтармаган яхшилигинг бўлмаганида ҳозир сўкишларингга жавоб қилган бўлар эдим (Абу Бакр розияллоҳу анҳу жоҳилият даврида Урванинг бўйнидаги хун ҳаққини тўлашда унга ёрдам қилган эди. "Менга яшилигинг бўлмаганида эди", деб ана шунга ишора қиляпти)".
Сўнгра Урва яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга гапиришда давом этди. У сўзлар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соқолларидан ушлаб-ушлаб қўяр эди. Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу эса қиличи билан уларнинг ёнларида турган эди. Урва қўлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соқолларига чўзган пайтда Муғийра қилчининг қини билан унинг қўлига уриб: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соқолларидан қўлингни торт", деди. Урва: "Ким бу?" деб сўради. "Муғийра ибн Шуъба", деб жавоб беришди. Урва: "Эй хоин, кеча сенинг айбларингни мен ювганманку", деди.
Кейин Урва саҳобаларнинг ҳолатларини диққат билан кўздан кечириб ўз қавмига бориб шундай деди: "Оллоҳнинг номига қасамки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар туфласа туфуги ерга эмас, саҳобаларидан бирининг қў-лига тушар ва уни юзига, баданига суртар, агар уларга буйруқ берилса, дарҳол уни бажаришга шошилишар, таҳорат олса, таҳорат олган сувини талашиб бир-бирлари билан уришиб кетишга яқин бўлишар, унинг ҳузурида паст овозда сўзлашар, ҳурмат қилганларидан унинг юзига тик боқишмас экан. Эй қавмим, мен Қайсар, Кисро, Нажоший каби кўп подшоҳлар ҳузурига вакил бўлиб борганман. Лекин улардан биронтасини Муҳаммад ўз саҳобалари томонидан улуғлангани каби ҳурматланганини кўрмадим. У сизларга Тўғри Иўлни, режани таклиф қиляпти, қабул қилаверинглар", деди.
Шундан кейин қурайшликлар ўзларининг номидан мусулмонлар билан сулҳ тузиш учун Суҳайл ибн Амрни юборишди. У бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтириб: "Кел, сизлар билан бизнинг ўртамизда бир нома ёзамиз", деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам котибини чақирдилар. (Котиб Муслимнинг ривоятига кўра Али розияллоҳу анҳу эди). У зот: "Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, деб ёзгин", дедилар. Суҳайл: "раҳмон"нинг нималигини билмайман "бисмикал-лоҳумма", деб ёз, деди. Мусулмонлар: "Йўқ, Оллоҳнинг номига қасамки, фақат "Бисмиллаҳир роҳманир роҳим", деб ёзамиз", дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Бисмикаллоҳумма, деб ёзавер", дедиларда, сўнг ёздиришда давом этдилар: "Оллоҳнинг Расули Муҳаммад шуни ҳукм қилурки...". Суҳайл сўзни бўлиб: "Агар сенинг Расулуллоҳ эканингни билганимизда, сени Байтуллоҳдан ҳам тўсмас эдик ва сен билан уруш ҳам қилмаган бўлар эдик, шунинг учун "Муҳаммад ибн Абдуллоҳ", деб ёз", деди. (Муслимнинг ривоятида: У зот Алига "Расулуллоҳ", сўзини ўчиришни буюрганларида Али розияллоҳу анҳу: "Оллоҳнинг номига қасамки, ўчирмайман", деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва саллам "менга ўша жойни кўрсат", дедилар, кўрсатгач, ўзлари ўчириб кўйдилар). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёздиришда давом этдилар: "Бизга Байтуллоҳни тавоф қилишимизда қаршилик кўрсатмайсизлар". Суҳайл: "Бошқа араблар Қурайшга босим ўтказилибди, деб ўйламасликлари учун келтуси йили, қинланган қиличингиздан бошқа қурол олмасдан келасизлар", деди ва шундай деб ёзилди. Яна у: "Агар биздан бирон киши сизларнинг олдингизга борса, гарчи сизнинг динингизда бўлса ҳам ўзимизга қайтариб берасизлар. Аммо сизлардан ким биз томонга ўтса қайтариб бермаймиз", деди. Мусулмонлар: "Субҳоналлоҳ, мусулмон бўлиб келган бўлса, қандай уни мушрикларга қайтариб берилади?! дейишиб, шуни ҳам ёзайликми, эй Расулуллоҳ?", деб сўрашди. Шунда у зот: "Ҳа, биздан ким улар томон кетса бас, Оллоҳ уни нари қилсин. Улардан ким биз томон келса, Оллоҳ унга кенглик ва осонликни берур", дедилар.
Ибн Исҳоқ, ибн Саъд ва Ҳокимларнинг ривоятларига кўра, мазкур шартлар асосида тузилган сулҳ муддати ўн йил эди. Унда хиёнат бўлмаслиги лозим. Ким Қурайш битимига киришни хоҳласа ўшанга кириши, мусулмонларнинг битимига қўшилишни истаганлар эса ўшаларга қўшилиши мумкин эди. Битим тузилгач, Хузоъа қабиласи туриб: "Биз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг битими ва аҳдидамиз", дейишди. Бани Бакр қабиласи туриб: "Биз Қурайш битими ва аҳдидамиз", дейишди.
Сулҳ битиб бўлингач, номага мусулмонлардан ҳам, мушриклардан ҳам бир неча кишини тувоҳ қилдилар.
Икки саҳиҳ ҳадис тўпламида ривоят қилини-шича, Умар ибн Хаттоб айтди: "Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: "Сиз Оллоҳнинг ҳақиқий пайғамбаримисиз?", дедим. У зот: "Ҳа", дедилар. "Сиз Ҳақ (Йўл)да, душманимиз эса ботил (йўл)дами?" дедим. У зот: "Ҳа", дедилар. "Биздан ўлдирилганлар жаннатда, улардан ўлдирилганлар дўзахда бўладими?" дедим. У зот: "Ҳа", дедилар. "У ҳолда нима учун Динимиз тўғрисида бундай нотўғри ишларни қиляпмиз?" дедим. У зот: "Мен Оллоҳнинг Расулиман, мен У Зотга осийлик қилмайман, У Зот менга ёрдам берувчидир", дедилар. Мен: "Бизга яқинда Байтуллоҳга бориб, уни тавоф қиламиз, деб айтмаганмидингиз?" дедим. У зот: "Ҳа, лекин бу йил борасан деб айтганмидим?", дедилар. Мен: "Йўқ", дедим. У зот: "Сен Байтуллоҳга албатта бориб, уни тавоф қиласан" дедилар. Умар розияллоҳу анҳунинг сабри чидамай Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига бориб у кишидан ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган нарсаларини сўради. Абу Бакр розияллоҳу анҳу шундай жавоб берди: "Эй ибн Хаттоб, у зот шубҳасиз Оллоҳнинг Элчисидир. У зот Парвардигорига ҳаргиз осий бўлмайди, Оллоҳ таоло ҳам ҳеч қачон у кишини зое қилмайди".
Шу аснода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга "Фатҳ" сураси нозил бўлди. у зот Умар розияллоҳу анҳуга одам жўнатиб оятни унга ўқитган эди, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: "Эй Расулуллоҳ, бу фатҳми?" деб сўради. У зот: "Ҳа", дедилар. Бундан Умарнинг кўнгли шод бўлиб, жойига тушди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига қараб: "Туриб, ҳадя-жонлиқларни сўйинглар, сўнгра сочларингизни олинглар", деб уч бор такрорладилар. Саҳобалар эса жим ўтиравердилар, ҳеч ким ўрнидан турмади.
Шунда у зот (Сафарга бирга олиб чиққан) завжалари Умму Саламанинг олдига кириб, саҳобалари томонидан кўрган муомалани унга айтиб бердилар. Шунда онамиз: "Эй Расулуллоҳ, чиндан ҳам шуни хоҳласангиз, ҳозир чиқиб ҳеч кимга бир калима ҳам гапирмай туянгизни сўясиз, кейин сартарошни чақириб сочингизни олдирасиз", деб маслаҳат бердилар. У зот ташқарига чиқиб, ҳеч кимга гапирмай завжаларининг айтганларини қилдилар - туяларини сўйдилар, сартарошларини чақириб, сочларини олдирдилар. Бу ҳолатни кўрган саҳобалар дарҳол ўринларидан туриб жонлиқларини сўйдилар ва бир-бирларининг сочларини қира бошладилар. Ғамқайгунинг қаттиқлигидан бир-бирларини ўлдириб қўйишга яқин бўлдилар. Сўнг (Мадинага қайтганларидан кейин) Маккада Исломга кирган муҳожира аёллар ҳижрат қилиб келишди. Уларнинг орасида Уқбанинг қизи Умму Гулсум ҳам бор эди. Шу пайт Оллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:
"Эй Пайғамбар (алайҳиссалом), қачон Сизнинг олдингизга мўминалар келишиб, Сизга ўзларининг Оллоҳга бирон нарсани шерик қилмасликларига, ўғрилик қилмасликларига, зино қилмасликларига, (камбағаллик ёки шарманда бўлишдан қўрқиб) ўз болаларини ўлдирмасликларига ва қўл-оёқлари ўртасида тўқиб оладиган бўҳтонни қилмасликларига (яъни, фарзандсизлик сабабли ўз эрларидан ажралиб қолмаслик учун бирон ташландиқ болани топиб, гўё у қўл-оёқлари ўртасидан чиққандек, яъни ўзлари туққандек, эрларига: "Мана шу бола сендан бўлди", деб бўҳтон қилмасликка) ҳамда бирон яхши ишда Сизга итоатсизлик қилмасликларига қасамёд қилсалар, Сиз уларнинг қасамёдларини қабул қилинг ва улар учун Оллоҳдан мағфират сўранг! Албатта Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир" (Мумтаҳана сураси, 12-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни кофирларга қайтаришдан бош тортдилар".

Шайх Рамазон Бутийнинг
"Фиқҳус-сийра - Сийратни англаш" китобидан
Зиёуддин Мансур ҳафизаҳуллоҳ таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase