Ҳоди Абу Муҳаммад Мусо ибн ал-Махди ибн ал-Мансур. Унинг онаси барбар аёли, умму валад (чўри) эди, исми ал-Хайзурон бўлган.
У 147 (763-764) йили Рай шаҳрида туғилган. Халифаликка отасининг васиятига биноан ўтирган. Хатиб деди: бу ёшда (22 ёш) ҳеч ким халифа бўлган эмас. У халифаликда бир йил-у бирор ойча турди. Отаси унга зиндиқларни қатл этишни буюрган эди. Шунинг учун бунга қаттиқ киришди ва улардан кўпини ўлдирди. Уни Мусо Атбиқ дейишар эди. Сабаби, унинг юқори лаби буришиб (кичрайиб) қолар эди. Шунинг учун у ҳар гал оғзи очилиб қолганда (атбиқ) - юм, деб туриши учун кичиклигида отаси унга бир ходим тайинлаган эди. У юм деганда, Мусонинг эсига тушиб оғзини юмар эди. Шундан бери Мусо Атбиқ деган ном билан машҳур бўлиб кетди.
Заҳабий деди: “Ичкилик ичиб турарди, ўйин ўйнар ва асов эшак миниб юрар эди. Халифалик мавқеини сақлай билмас эди. Шу билан бирга у нутқи равон, сўзлашга қодир, адиб (наср ва назмдан бохабар) эди. Ҳайбати (салобати), жасурлик ва ботирлиги ҳам бор эди”.
Баъзиларнинг айтишича, у жуда бешафқат бўлган. Ўткир қиличларни, хода ва камонларни кўтарган кишилар билан бирга юришни у бошлади. Жойлардаги ҳокимлари ҳам ундан кўриб шундай юришарди. Унинг замонида қурол-яроғ кўпайиб кетди.
Ҳоди 170 (786-787) йили рабиул-охир ойида ўлди. Бунинг сабаби ҳақида турли фикрлар бор. Баъзиларнинг айтишича: у бир надимини баланд жарликдан кесилган қамишлар устига итариб юборганда бирга тушиб кетади ва иккови ҳам ўлади. Бурнидан қамиш кириб қолади.
Баъзиларнинг айтишича эса, у ўз ўғлини валиаҳд қилиш мақсадида (укаси) Рашидни ўлдиришга қасд қилгани учун ўз онаси Хайзурон тарафидан заҳарланган. Айтишларича, онаси фармонбардор, ўзбошимча аёл бўлган. Аъёнлар унинг дарвозасига тез-тез қатнардилар. Мусо бу ишни уларга қатъиян ман қилади. Онасини ҳам қаттиқ койиб: “Эшигингиз олдига бирорта амир борса бўйнини узаман! Бунинг ўрнига ип йигириб ёки Қуръон ўқиб, ё тасбеҳ тушириб ўтирсангиз бўлмайдими?” деганда, аёлнинг қаттиқ жаҳли чиқади.
Айтишларича, кейин у онасига заҳарланган овқат юборади. Она уни итга берса ит шу заҳоти ўлади. Шундан кейин у уни ўлдириш ҳаракатига тушади. Бетоб бўлиб ётганда бўғиб ўлдиртиради. Ундан етти ўғил қолади.
Ҳоди ҳақидаги хабарлардан.
Хатиб Фазлдан ривоят қилибди: “Ҳоди бир кишидан жаҳли чиқиб унга бир қанча гапларни айтади: у одам бу гапларга ризо бўлиб узр сўрашга ўтиб кетади. Шунда Ҳоди дейди: “Менинг сўзларимга ризо бўлганингни ўзи узр учун етарлик эди”.
Абдуллоҳ ибн Мусъабдан ривоят: “Марвон ибн Абу Ҳафса Ҳодининг ҳузурига кириб уни мақтаб шеър айта бошлади:
Бир куни унинг жазо ва мукофоти бири-бирига ўхшашиб кетди, иккисидан қайси бири яхширок, эканлигини ҳеч ким билолмай қолди.
Шу ерга етганда, Ҳоди унга: “Қайси бирини истайсан - 30 минг нақдиними ёки девонда айланиб турадиган юз мингними?” деди.
- Ўттиз минг нақцини ҳозир, юз минги эса айланиб тураверсин!
- Ундоқ бўлса барини ҳозироқ нақд қилиб бера қолай, - деди-да, пулларни унга бериб юборди”.
Ас-Сувлий деди: “Ҳоди ва Рашиднинг онаси - Хайзурон, Валид ва Сулаймоннинг онаси Абдулмалик ибн Марвоннинг хотини Аббоснинг қизи - Валлода ал-Абасия ва Валид ибн Абдулмаликка Язид Ноқис ва Иброҳимни туғиб берган Феруз ибн Яздажирднинг қизи - Шоҳфаранддан бошқа ҳеч бир аёлнинг иккита ўғли халифа бўлгани маълум эмас”.
Мен дедим, буларга охирги Мутаваккилнинг канизаклари Аббос ва Ҳамзанинг онаси - Бойхотин, шунингдек, Довуд ва Сулаймоннинг онаси - Гўзал қўшилади. Булар бари халифа бўлишган.
Ас-Сувлийянадеди:“ЖуржонданБағдодга барид (почтаулови) миниб борган ягона халифа - Ҳодидир. Унинг узугига “Аллоҳу сиқату Мусо ва биҳи юъмин”, деб ёзилган эди”.
Ҳоди ривояти билан келган ҳадис: Мутталиб ибн Уккошадан биз қурайшни ҳақорат қилган ва пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хотирасига тил теккизган бир кишига қарши гувоҳлик бериб, Ҳодининг олдига келдик. Шунда у бир мажлис тузиб унга замона фақиҳларини ҳам таклиф қилди. Ҳалиги кишини келтиришди. Биз унинг қилмишига гувоҳлик бердик. Шунда Ҳодининг ранги ўзгарди, бошини пастга туширди-да, сўнгра кўтариб деди: “Абдуллоҳ ибн Аббос деди: “Ким қурайшни ҳақорат қилса, Аллоҳ уни хор қилади” деган. Сен бўлсанг, эй Аллоҳнинг душмани, қурайш қолиб яна Расулуллоҳга ҳам тил теккизибсан. Бўйнини узинг буни!” (Ас-Сувлий орқали Хатиб ривояти.Буривоят “мавкуф”дир (ИбнАббосдатўхтаган). “Марфу” (Расулуллоҳга етган) бўлгани ҳам бор).
Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан