close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Абдулмалик ибн Марвон халифалиги

Абдулмалик ибн Марвон ҳаёти ва халифалиги

Абдулмалик ибн Марвон ҳаёти ва халифалиги
Абдулмалик ибн Марвон 646 йили Мадинаи мунавварада туғилган. Отаси Марвон ибн Ҳакам, онаси Оиша бинт Муовия эди. Усмон ибн Аффоннинг уйи фитначилар томонидан қамал қилинишига гувоҳ бўлган. Ўшанда у ўн ёшда эди. Абдулмалик халифа бўлишидан олдин сиёсий ишларга аралашмаган. Ҳар доим масжидни лозим тутувчи, зоҳид ва тақводор бўлган. Аъмаш Абу Зиноддан келтирган ривоятида шундай дейди: “Мадина фақиҳлари тўрт киши эди: Саид ибн Мусайяб, Урва ибн Зубайр, Қубайса ибн Зувайб ва амир бўлишидан олдин Абдулмалик ибн Марвон”.
Абдулмалик 661 йили Муовия ибн Ҳудайж билан Африкадаги фатҳ юришларида қатнашди. 665 йили Абдулмалик минг кишига бош бўлиб, Жалуло (Қайрувон шаҳридан 40 км шимоли-ғарбда жойлашган қадимий шаҳар.) шаҳрини фатҳ этди. Фатҳ юришларидан сўнг Абдулмалик Мадинага келди ва у ерда Язид ибн Муовиянинг вафотигача яшади.
683 йили халифа Язид вафотидан сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу буйруғи билан Умайя уруғи вакиллари, жумладан, Марвон ибн Ҳакам ва Абдулмалик ибн Марвон Мадинадан чиқариб юборилди. Улар Шомга кетдилар. Шомдаги умавийлар Марвон ибн Ҳакамни ўзларига халифа қилдилар. Тез фурсатда у Мисрни ҳам эгаллади.
Марвон вафотидан сўнг Миср ва Шом бошқаруви Абдулмалик қўлига ўтди. Бошқа ўлкалар Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу қўл остида эди. Абдулмалик ибн Марвон барча ҳудудларни умавийларга қайтариш учун 690 йил Ироқни, 692 йил Ҳажжож ибн Юсуф воситасида Маккани эгаллади. Яман ва Хуро-сон аҳолиси ҳам унга байъат берди. Шундай қилиб, Абдулмалик ибн Марвон Язид ибн Муовия вафотидан сўнг парчаланган давлатни бирлаштиришга муваффақ бўлди.
Марвон ибн Ҳакам вафотидан олдин Абдулмаликни ва ундан сўнг иккинчи ўғли Абдулазизни халифа бўлишини васият қилди. Абдулазиз 704 йили вафот этди. Шунинг учун Абдулмалик ибн Марвон ўзидан кейин ўғли Валидни, ундан кейин унинг укаси Сулаймонни валиаҳд этиб тайинлади (Маҳмуд Шокир. Ат-тарих ал-исломий 4-жуз. - Байрут: Ал-мактаба ал-исломий, 2000 йил.-Б. 173.).
Абдулмаликнинг бир неча фарзандлари бўлган. Унинг ўғилларидан Валид (705-715), Сулаймон (715— 717), Язид (720-724), Ҳишом (724-743) халифа бўлди. Шу сабабли Абдулмалик халифалар отаси номини олган.
Миср ва Шом 684 йили, Ироқ 690 йили, Ҳижоз, Яман ва Хуросон 692 йили Абдулмалик халифалигига байъат берди.
Абдулмалик ибн Марвон халифалиги даврида кенг ва катта фатҳлар бўлмади. Чунки хорижийлар ва айрим саркардаларнинг халифага қарши ҳаракати бунга имкон бермади. Шундай бўлса-да, Византиянинг мусулмон ўлкаларига бостириб киришга уриниши тўхтатилди. Улар халифаликдаги ички низолардан фойдаланиб, шимолий Африкада бир неча ҳудудларни эгаллаган, шундан сўнг Абдулмалик улар билан сулҳтузишга мажбур бўлган эди.
Абдулмалик ички низоларни бартараф қилишга эришгач, Византияга қарши юриш бошлади. 692 йили Жазира ноиби Муҳаммад ибн Марвон Византия қўшинини тор-мор келтирди. 694 йили византияликлар Сурияга юриш бошлади. Муҳаммад ибн Марвон уларни тўхтатиб қолди. 703-705 йиллари халифа Абдулмалик византияликларга қарши омадли юришлар қилди. Бу ғалабалар чегараларни мустаҳкамлаш имконини берди. 702 йили мусулмонлар Ато ибн Рофеь бошчилигида Сицилияга ҳарбий-денгиз экспедициясини уюштирдилар.
Абдулмалик ибн Марвон ички сиёсатда бир қанча ислоҳотларни амалга оширди. Хусусан, 695 йили устига нақш туширилган динор ва дирҳамлар зарб эттирди. Шунингдек, девонларни форс, юнон ва қибтий тилларидан араб тилига ўтказиш сиёсатини бошлади. Девонларнинг ажнабий тилларда қолиши арабларни ажнабийлар хизматидан фойдаланиш-га мажбур қилар эди. Шу билан бирга арабларда у тилларни ўрганишга эҳтиёж пайдо бўларди. Шунинг учун Абдулмалик девонларни араб тилида ўтказишни бошлаб берди ва бу иш кейинги халифалар даврида ниҳоясига етказилди. Девонларни арабча услубга ўтказиш 700 йили Шомда, 701 йили Ироқда, 705 йил Мисрда амалга оширилди. Бироқ хирож девони ҳар бир ҳудудда ўз тилида юритилиши сақланиб қолди.
Абдулмалик ибн Марвон 705 йили ўғли Валид ва Сулаймон учун байъат олинганидан сўнг вафот этди.

Вилоятлар

Ҳижоз
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўлдирилганидан кейин Ҳижозга Ҳажжож ибн Юсуф волий бўлди. Ямома ва Яман ҳудудларини ҳам унга қўшиб берилди. Бироқ у Ироқда исёнлар кучайган вақтда Ироқ волийси этиб тайинланди. 694 йили Яҳё ибн Абу Осс Ҳижоз волийси бўлди. Қисқа муддатдан сўнг у ишдан четлатилиб ўрнига Аббон ибн Усмон волий бўлди. У етти йил волийлик қилди. Ундан сўнг волий бўлган Ҳишом ибн Исмоил Абдулмалик халифалигининг охиригача Ҳижозни идора қилди. Ҳижозга тайинланган волийлар умавийлар уруғи вакилларидан бири ёки умавийлар ишончини қозонган кишилардан бўлиши керак эди. Чунки бу ҳудудда умавийларга нисбатан норозилик кайфияти кучли эди.

Ироқ
694 йили Ҳажжож ибн Юсуф Басра волийси бўлди. Куфа ва бошқа шарқий ҳудудлар ҳам унинг назоратига берилди. Ҳажжож Хуросон, Сижистон ҳудудларига ноиблар жўнатар эди. У бу лавозимда Абдулмалик даврида ва ундан кейин ҳам фаолият юритди. Ҳажжож 703 йили Восит шаҳрини қурдирди.

С.Умматалиевнинг
"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase