close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ал-Маҳди Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ал-Мансур

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ал-Мансур. 127 йили (745-44) бир ривоятда 126 йили Ийзажда (Эрон) туғилган. Онаси Умму Мусо Бинт Мансур ҳимярий аёл.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ал-Мансур. 127 йили (745-44) бир ривоятда 126 йили Ийзажда (Эрон) туғилган. Онаси Умму Мусо Бинт Мансур ҳимярий аёл.
У жуда сахий, гавдаси келишган, халққа суюкли, яхши эътиқодли бўлган. Зиндиқларни (диндан чиққанлар) қувғинга олди ва улардан кўпини маҳв этди. Зиндиқ ва худосизларга раддия китоблар тасниф этмоққа буйруқ берган дастлабки халифа.
У отасидан ҳамда Муборак ибн Фазоладан ҳадис ривоят қилган. Унинг ўзидан эса Яҳё ибн Ҳамза, Жаъфар ибн Сулаймон Зобий, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Раққоший ва Абу Суфён Саид ибн Яҳё Ҳимярий кабилар ривоят қилганлар.
Заҳабий деди: “У ҳақда бирон “журҳ” ёки “таъдил” айтилганини билмайман”.
Отаси уни йигитлик ёшига етганида Табаристон ва атрофига амир этиб тайинлади. Муомала, одоб-ахлоқни ўрганди, уламолар суҳбатида бўлди ва кўзга ташланди. Сўнг уни отаси ўзига валиаҳд этди ва вафотидан кейин Маҳдига байъат берилди. Бу хабар етганда у Бағдодда эди. Шунда у одамларга (халққа) хутба айтиб деди: “Дарҳақиқат, амиралмўмин ҳам банда, шундоқ экан, таклифни қабул этди ва фармони илоҳийга бўйин эгди, - дер экан кўзлари ёшга тўлди. - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам суюкли кишиларидан айрилганларида йиғлаган эканлар. Мен ҳам улуғимдан айрилдим ва жуда оғир юк бўйнимга тушди. Амиралмўмининга Аллоҳ ажри азим берсин. Мусулмонларга халифалик қилишда Ўзи мададкор бўлсин!
Эй одамлар! Бизга ошкора қандай итоат қилсангиз, пинҳона ҳам шундай итоат қилинг! Шунда биз сизга саломатликни ҳадя қиламиз ва оқибати сиз учун яхши бўлади. Ҳаётингизга адолат ва турмушингизга енгиллик етказган ва Аллоҳнинг мадади ила сизларга хафвсизликни кафолатган кишига итоат этинг. Аллоҳга қасам мен ўз умримни жазолаш ва сизга яхшилик қилиш учун сарфлайман”.
Нефтавайҳ айтади: “Маҳди хазинани қўлга олга ,ҳақдорларнинг ҳақларини эгаларига қайтара бошлади. Аксар захираларни чиқариб тарқатди, оиласига ва мавлоларига эҳсонлар қилди”.
Бир ривоятда уни биринчи бўлиб халифалик билан табриклаган ва отасининг ўлимига таъзия билдирган Абу Дулома (сарой шоири) дейилибди. (Бу ерда мазкур маъноларда узун бир шеър келтирилган.)
159    (776-75) йили Маҳди ўғли Мусо ал-Ҳодини валиаҳд (васият эгаси, дегани) қилиб байъат олди. Унинг валиаҳди қилиб бошқа ўғли Ҳорун ар-Рашидга ҳам байъат олди.
160    (777-76) йили Ҳиндистондаги Арбад куч билан фатҳ этлди. Ўша йили Маҳди ҳаж қилди. Шунда Каъба ходимлари Каъба, устидаги пардалар (каъбапўш) кўплиги боис қулаб тушишидан хавотирланаётганликларини унга айтдилар. Шундан кейин унинг буйруғи билан барча каъбапўшлар ечиб олиниб, ёлғиз Маҳдининг кисваси (пўши) қолдирилди. Шу йили Маҳди учун Маккага қор олиб борилди.
Заҳабий деди: “Бирор подшоҳга бундай иш ҳеч қачон қилинмаган”.
161(778-777) йили Маҳди Макка йўлини обод қилишга буйруқ берди. Саройлар қурилди, ҳовузлар ясалди. Жоме масжидларида мақсар (подшоҳ учун алоҳида намоз ўрни)лар ажратишни тарк этишга буюрди. Минбарларни пасайтириб, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарлари баландлигига тенглаштирди.
163 (780-779) йили ва ундан кейинги йилларда Румда фатҳлар кўпайди.
166 (783-782) йили Маҳди Ийсобоз деб аталувчи қасрига кўчди. Унинг буйруғи билан Мадинаи Набавиядан, Яман ва Маккадан ал-Ҳадрага (пойтахтга) унинг учун хачир ва туя “барид”и (почта алоқаси) йўлга қўйилди.
Заҳабий деди: “Биринчи бўлиб Ҳижоздан Ироққа почта алоқасини ўрнатган Маҳдидир”.
Ўша йили ва ундан кейинги йилларда Маҳди зиндиқларни қувғинга олиш ва уларни қиришни кучайтирди. Ҳар тарафдан уларни топтириб айб қўйиб, қатл қилишга қатъий киришди.
167 (784-783) йили Масжидул Ҳарамга кўплаб ҳовлиларни ўз ичига олган жуда катта ҳудудни қўштириб кенгайтирди.
169 (785-86) йили Маҳди ўлди. Қувиб бораётган ови бирдан ҳароба уйга ўзини урди. От ҳам унинг кетидан югуриб кирганда Маҳди эшикка кўкраги билан урилиб шу заҳоти жон берди. Бу воқеа муҳаррамдан саккиз кун қолганда рўй берди. Баъзиларнинг айтишича, у заҳарлаб ўлдирилган.
Бир аёл Маҳдининг йўлидан чиқиб, “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам издоши, ҳожатимни раво айла”, деди. “Биронтасидан бундай сўзни эшитмагандим, бунинг ҳожатини чиқаринг”, деди у ва унга ўн минг дирҳам бериб юборишди” (Ас-Сувлий ривояти).
Қурайш Хаталий айтади: “Солиҳ ибн Абдулқуддус Басрийни зиндиқликда айблаб Маҳдига олиб келишди. Уни қатл эттирмоқчи эди. У тавба қилдим деб ушбу байтларни айтди:

Душманлар жоҳилни билмаслар
Жоҳил ўзини билганчалик...
Қария феълини тарк этмас,
То тупрокҳа кирмагунча.

Шунда уни қўйиб юборди ва эшикдан чиқай деганида, унга “Сен қария феълини тарк этмас”, деганмидинг, деди. “Ҳа, шундай”, деди у. “Демак, сен ҳам тузалмас экансан-да”, деди-да, уни қатл этишга буюрди.
Зуҳайр деди: “Маҳдини кўргани муҳаддислардан ўн киши келди, уларнинг орасида Фараж ибн Фазола ва Ғиёс ибн Иброҳим ҳам бор эди. Маҳди каптар гўштини яхши кўрар эди. Ғиёс киргач унга, амиралмўминга бир ҳадис айт, дейишди. Шунда фалончидан у Абу Ҳурайрадан, у эса пайғамбардан деб шундай ҳадисни айтди: “Мусобақа туёқ ёки тиғда бўлади” яна унга “ёки қанотда” (қушда) бўлади деб қўшиб қўйди. Шунда Маҳди унга ўн минг дирҳам бермоққа буюрди. Ўринларидан тургандан кейин унга деди: “Гувоҳлик бераманки, сенинг миянг каззоб мияси экан. Сен буни (ҳадисни ёки қўшимчасини) тўқиб айтинг”, деди”.
Ривоят қилишларича, Шарийк Маҳдининг олдига кирганда Шарийкка шундай деган: “Уч нарсадан бирини танлашинг шарт, ё қози бўласан, ёки болаларимга тарбия бериб ҳадис ўргатасан ёинки ҳузуримда овқатланасан!” У бир оз ўйлагач деди: “Таом емоқ осонроқ менга!” Маҳди ароқ билан қориштирилган илк ва бошқа турфа таомлар тайёрлашга буюрди. Шарийк булардан еди. Ошпаз: “Энди у қутулиб бўпти”, деди. Шундан кейин Шарийк устозлик ҳам, қозилик ҳам қиладиган бўлди”.
Бағавий “ал-Жаъдийёт”да келтиради: “Ҳамдон Исфаҳонийдан: “Мен Шарийкнинг ҳузурида эдим. Шу орада Маҳдининг ўғли кел-да, (деворга) суяниб олиб бир ҳадис ҳақида сўради. Шарийк унга қарамади ҳам. Сўнг у яна (саволини) қайтарди. Шарийк қарайвермади.
- Сен халифанинг фарзандига беписандлик қиляпсанми? -деди у.
- Йўқ, аммо илм аҳли учун илмнинг қадри юксакдир, - деди Шарийк. Шунда у тиз чўқди-да, саволини берди. Шарийк:
- Илмни мана шундай олинади, - деди.
Ас-Сувлий Муҳаммад ибн Амморадан (Уморадан) ривоят қилади: “Маҳдининг бир жорияси бўлиб, уни қаттиқ севар, жория ҳам Маҳдини шунчалар севар эди. Лекин жория ундан жудаям ўзини олиб қочар эди. Маҳди унинг кўнглидагини билиш учун хуфя бир одам қўйди. Жория унга: “Мендан зерикиб ташлаб кетса, ўлиб қоламан деб қўрқаман”, деди. Шунда Маҳди деди:
Қалбимни мағлуб этди мисоли ҳилолдек нозик бир сулув
ҳар ҳачон чин севгим изҳор этмоқчи бўлсам бир баҳона топгусидур у.
Айрилиқни ва ё висолдан қочишни хоҳлаб эмас, балки зерикиб қолишимдан қўрқиб,
севгимни сақламоқ учун... ”
Абу Убайдадан ривоят қиладилар: “Маҳди Басрага келганда жомеда бизга беш вақт намозга имомлик қилиб берар эди. Бир куни намозга такбир айтилди. Шунда бир аъробий, орқангда намоз ўқиш орзуим бор эди, лекин таҳоратли эмасдим, мени кутиб туришларини буюрсанг, деб қолди. Шунда Маҳди “кутинглар уни” деди ва меҳробга кириб бояги одам келди демагунларича такбир айтмай турди. Одамлар унинг кенг феъллигидан жуда ҳайратландилар”.
Иброҳим ибн Нофеъдан ривоят: “Басралик бир қавм ундаги дарёлардан бирини талашиб, Маҳдининг олдига келишди. Шунда у деди: “Қўл остимиздаги Аллоҳнинг ерлари мусулмонларники. У ерлардан сотиб олинмаганларининг манфаати барча мусулмонларга ва уларнинг фойдасига хизмат қилади. Бирорта одамнинг у ерларда ҳаққи йўқ”. Улардан бирлари деди: “Бу дарё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳукми билан бизникидур. Зеро, ул зот дебдилар: “Кимки қаровсиз (“ўлик”) ерларни ўзлаштирса (“тирилтирса”), у (ер) уникидур”. Бу ерлар эса қаровсиз эди”.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинганда Маҳди дарҳол тиз чўкди ва чаккасини тупроққа қўйди ва деди: “Мен унинг сўзларига қулоқ соламан ва итоат этаман”. Сўнг ўрнидан туриб: “Мен қарши бўлмаслигим учун у ер ташлиндиқ бўлиши керак эди, бироқ атрофи дарё билан ўралган бўлса, қандай қилиб у ташландиқ бўлади! Сиз мана шунга қарши далил келтирсангиз мен унга бўйинсунаман!” деди.
Асмаийдан ривоят қилинади: “Мен Басрада Маҳдининг минбарда туриб шундай деганини эшитдим: “Аллоҳ сизни Ўзи ва малоикалари қиладиган ишга буюрди: “Инноллоҳа ва малоикатиҳу юсоллувна аланнабий” (Аллоҳ ва унинг малоикалари пайғамбарга салавот айтдилар). Бу оят билан пайғамбаримизни ўзга пайғамбарлардан афзаллигини, бинобарин, сизни ҳам бошқа умматлардан афзал эканлигингизни билдирди”.
Мен дедим: буни хутбада у биринчи бўлиб айтган эди. Ҳозиргача хатиблар шуни айтадилар.

Ал-Маҳди ривоят этган ҳадислардан

Маҳди Абу Саид Худрийдан ривоят қилади: “Бизга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам асрдан кун ботгунча бир хутба айтдиларки, уни ёдлаган ёдлади, унутган унутди. Унда шундай дедилар: “Огоҳ бўлинг, (билингки) дунё - тотли ва гўзалдир” (Ас-Сувлий ривояти).
Ибн Аббосдан ривоят: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига ажамдан элчилар келишди. Уларнинг мўйловлари ўсган, соқоллари эса олинган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уларга мухолиф равишда соқолларингизни қўйиб, мўйловларингизни олинглар”. Мўйловни олиш (иҳфо) дегани, лабнинг устига тушадиган қисмини олишдур, деди. Маҳди қўлини лабининг энг юқори қисмига қўйди” (Ас-Сувлий ривояти).
Мансур ибн Музоҳим ва Муҳаммад ибн Яҳё ибн Ҳамзалар Яҳё ибн Ҳамзадан ривоят қилади: “Маҳди бизга шом намозини ўқиганда “бисмиллоҳ”ни овоз чиқариб айтди. Шунда мен дедим: “Эй амирул мўминин, бу нима?” У деди: “Менга отам ўз отасидан ривоят қилди, у ибн Исҳоқдан: “Пайғамбар соллаллоху алайҳи васаллам “бисмиллоҳир роҳманир роҳийм”ни овоз чиқариб ўқидилар”. Кейин мен Маҳдига, “Биз ҳам шундай қилайликми?” дедим. “Ҳа”, деди у”.
Заҳабий деди: “Бу иснод (ҳадис ровийларнинг боғланиши) узилишсиз (муттасил)дир. Бироқ мен Маҳдининг ё отасининг ҳукмларини ҳужжат қилган бирорта одамни билмайман. Бу ҳадисни Бани Ҳошимнинг мавлоси Муҳаммад ибн Валидгина ривоят қилган”.
Ибн Ади деди: “У ҳадис тўқир эди”.
Мен дедим: бу ҳадисни фақат у ривоят қилган эмас, бошқа одамни ҳам топдим.
Маҳдининг даврида вафот этган таниқли одамлар: Шўба, Ибн Абу Зеъб, Суфён Саврий, зоҳид Иброҳим ибн Адҳам, зоҳид Довуд Тоий, муҳаддисларнинг илк шоирларидан Башор ибн Бард, Ҳаммод ибн Салама, Иброҳим ибн Таҳмон, “ал-Аруз” соҳиби Халил ибн Аҳмад.

Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase