Бард ибн Санон дейди: “Язид ибн Валидни кўргани борганимда аҳволи жуда оғирлашиб қолган экан. Шу вақт Қутн кириб: “Мен эшигинг орқасидагилардан элчиман, улар Аллоҳнинг ҳаққи-ҳурматини ўртага қўйиб сендан тахтни уканг Иброҳимга васият қилишингни сўрашмокда”, деди. Шунда у ғазабланиб: “Мен Иброҳимга васият қиламанми?!” -деди. Бир оздан сўнг менга: “Эй Абулаъло, кимга васият қилишимни маслаҳат берасан?” деди. Шунда дедимки: “Мен бу йўлга киришдан сени қайтарган эдим. Энди охирида ҳам сенга бирор маслаҳат беролмайман.
У ҳушидан кетди ва шу кетганча жони ҳам чиқиб кетди-ёв дедим. Шунда Қутн ўтириб, Язиднинг номидан қилиб васиятнома ёзди ва гувоҳ бўлинглар деб одамларни чақирди. Йўқ, Аллоҳ ҳаққи, Язид ҳеч қандай васият қилмади.
Иброҳим етмиш кеча халифа бўлди. Сўнгра тахтдан туширилди. Унга қарши Марвон ибн Муҳаммад исён қилган эди. Байъат Марвонга берилди. Иброҳим қочиб кетди. Кейин келиб ўзи истеъфога чикди ва Марвонга ҳукмдорликни топширди ҳамда унга байъат берди.
Иброҳим шундан кейин 132 (750-49) йилгача яшади. Саффоҳ воқеасида ўлдирдирилган Умавийлар ичида у ҳам бор эди.
Ибн Асокир “Тарих”да шундай ёзади: “Иброҳим Зуҳрийдан (илм) эшитган, амакиси Ҳишомдан ривоят қилган. Ўзидан эса ўғли Ёқуб ривоят қилган. Унинг онаси умму валад (чўри). Марвон Ҳимор билан икковининг онаси бир”.
Иброҳим 127 йили, 14-сафар душанба куни тахтдан туширилди. Мадоиний деди: “Иброҳим ҳокимиятни тўлиқ қўлга ололмади, бир қавм халифа бўлсин деса, бирлари амирлик қилсин дедилар. Баъзилар эса унга байъат беришга унамадилар”.
Иброҳимнинг узуги нақши “Иброҳим ясиқу биллоҳ” (Иброҳим Худога ишонади) эди, дейдилар”.
Жалолиддин Суютийнинг
"Тарих ал-хулафо" китобидан