close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Абу Убайда ибн Жарроҳ

«Албатта, ҳар бир умматнинг ўз қўриқчиси бўлади. Ислом уммати қўриқчиси Абу Убайда ибн Жарроҳ бўлади».(Термизий, 3791; «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон», 7252; «Силсилатус-саҳиҳа», 4-441.)

«Албатта, ҳар бир умматнинг ўз қўриқчиси бўлади. Ислом уммати қўриқчиси Абу Убайда ибн Жарроҳ бўлади».(Термизий, 3791; «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон», 7252; «Силсилатус-саҳиҳа», 4-441.)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам

Айнан мана шу буюк мусулмон ҳақида ёзишга шайланар эканман, менга нима бўлди, билмайман!
Вужудимда ушбу кишидан қўрқиш билан унга бўлган муҳаббат қоришиб кетгандай гўё. Болалик йилларимда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг исмини эшитсам бўлди, қалбим ғурурга тўлиб-тошиб кетар эди. У вақтда мен ушбу ажойиб кишининг кўрсатган жасоратларидан ҳали бехабар эдим. Бугун эса у ҳакда ёзишга журъат этдим. О, нима қилаётганимни билганимда эди! Мазкур асарни ёзишга киришишим ҳамоно, мени бир савол қийнай бошлади: «Улуғворлиги кўкка етадиган ушбу баҳодирларни тавсифлаб ўтишга куч ва қобилиятим етармикан?»
Шу ерга келганда (айниқса, ушбу саҳоба ҳақида ёзаётганимда) тан олишим керакки, хаёлимга мазкур асарни ёзиш ғояси келган куни афтидан, мен ҳаддан ортиқ ўзимга ишониб юборган кўринаман. Аллоҳ таолога Унинг қудратию улуғлигига яраша ҳамду санолар бўлсинким, токи ул зоти шарифларнинг тарихи ва бошидан ўтган саргузаштлари-га бутунлай шўнғиб кетгунимча, ушбу буюк шахсларни тавсифлашга киришишдан олдин қаламимнинг бўшлигини сезмадим. Иш жараёнида тарихий ҳодисаларга шу қадар мафтун бўлиб қолган эдимки, энди уларнинг оламини, болалигимдан қизиқиб келган бир-биридан ажойиб ривоятларга тўлиб-тошган дунёларини тарк эта олмадим. Олдимда ягона бир йўл қолди, у ҳам бўлса, Ислом умматининг ушбу юз нафар буюк зоти ҳақидаги тарих уммони орқали ўтиб, ҳар бирининг боғидан бир дона бўлса ҳам Аллоҳ қодир қилганча гул келтириш. Кимда-ким ул зоти шарифларнинг улуғворлик жиҳатларини бир бутун қилиб йиғиш борасида истак билдирса, авваламбор бирорта бўлсин тарихшунос ушбу юз нафар буюк шахс ёки лоақал улардан бирининг улуғворлик жиҳатларини йиғиб ёзган китобини топсин. Бўлиши эҳтимолдан йироқ бўлган бундай китобни бирор киши топса, илтимос, мени ҳам бу ҳакда бохабар қилиб қўйсин.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг бошидан ўтган фожиа машаққати ўз кучи бўйича киши тасаввури ёки ақл-идрокига сиғадиган энг оғир синовдан ҳам ошиб тушади. Бадр ғазотида жанг қилар экан ушбу саҳоба қурайш мушриклари орасида шахсан у билан жанг қилишга ошиқаётган бир кишини кўриб қолади. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу имкон қадар нари узоклашиб, ўша киши билан жанг қилмасликка ҳаракат қилади. Бироқ ўжар рақиб таъқиб қилиб келаверади. Ҳар қандай инсон ҳаётида бўлгандек, узил-кесил ҳал қиладиган фурсат етганда иккаласи юзма-юз келди. Кўзи ўша кишининг кўзига тушган Абу Убайданинг миясидан узундан-узоқ хотиралар силсиласи кетма-кет ўтганига шубҳа йўқ. Ким эди ўзи ўша мушрик? Унинг исмини маълум қилишдан олдин инсоният тарихидаги ушбу унутилмас ҳодисани Аллоҳ қандай тавсифлаб ўтганига эътибор қилишимиз лозим. Зеро, ҳодиса шу қадар улуғ эдики, уни Аллоҳнинг ўзи етти қават осмон баландлигидан Қиёматгача тиловат қилинадиган Қуръони каримга би-тиб, абадийлаштирди. Аллоҳ Абу Убайда ибн Жарроҳ ҳақида қуйидаги оятни нозил қилди:
«Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган қавмнинг Аллоҳ ва Унин пайгамбари чизган чизиҳдан чиққан кишилар билан - гарчи улар ўзларининг оталари, ёкиўгиллари, ёки ога-инилари, ёки қариндош-уруглари бўлсалар-да, дўстлашаётганларини топмассиз. Ана ўшаларнинг диллариг иймонни битиб кўйгандир вауларниўз томонидан бўлган Руҳ - Қуръо билан қувватлантиргандир. У зот уларни остидан дарёлар оқиб турадиган, улар мангу қоладиган жаннатларга киритур. Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам рози бўлдилар. Ана ўшалар Аллоҳнинг ҳизбидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта, Аллоҳнингҳизби нажот топгувчидирлар!»
Ўша мушрик Жарроҳнинг шахсан ўзи, яъни Абу Убайдани дунёга келтирган отаси эди. Жанг қилмасликка ҳарчанд уринмасин, Абу Убай-да ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўзини ул бетавфиқ отадан ҳимоя қи-лишга мажбур бўлди. Эркин шахс бўлишни хоҳлаган, аждодларининг динини тарк этиб, бошқа динга кирган ўғилни мушрик ота ўлдиришга жон-жахд ила ҳаракат қилди. Иккаласи жанг қилиб, ноҳақ ота ўз ажалини ўғилнинг қиличидан топди. Ушбу фожиали ҳодисани абадийлаштирган оят ўша куни нозил бўлди.
Энди хаёлан Уҳуд тоғига, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу кучи борича югуриб, ўз дўсти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдамга шошаётган кунга ўтамиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томон югураётган ёлғиз у эмас. Шарқ томондан новча бўй-ли озғин киши ҳам югуриб келмоқда. Оиша онамиз ривоят қилгандай, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўша кишини қуйидагича тавсифлаб ўтган: «Шарқ томондан кимдир қуш мисоли учиб келаётганини кўриб хитоб қилиб юбордим: «Ё Аллоҳ, хатти-ҳаракатимизни итоату ибодат сифатида қабул қилгин!» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнига етиб қарасам, у киши Абу Убайда ибн Жарроҳ экан!» Иккала саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ярадор ҳолатда топишди - бошидаги дубулғасининг ҳалқалари икки лунжига ботиб кетибди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қадрдон дўстининг юзидан ушбу ҳалқаларни суғириб чиқармоқчи бўлди. Шунда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу хитоб қилибди: «Аллоҳ ҳаққи ўтинаман, эй Абу Бакр, ижозат бер, ўзим қилай шу ишни!» Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лунжига ботган темирни тиши билан қисганча, шартта тортиб чиқарибди. Шунда унинг бир тиши синиб тушибди. Сўнг қонга беланган юзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзига босиб, иккинчи ҳалқани тишлаб тортибди. Ҳалқа билан бирга яна бир тиши синиб тушибди. Шу тариқа Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғриғини енгиллатиш учун икки тишини қурбон қилибди.
Ярмук яқинидаги жангда мусулмонлар Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг қўмондонлиги остида румликларнинг ярим миллион кишилик армияси устидан ғалаба қозонишди. Шундан сўнг Шомда «Амовас ўлати», олов қуруқ майса бўйлаб шиддатла югургандек тарқай бошлади. Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қандай қилиб бўлмасин, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни муқаррар ўлимдан асраб қолмоқчи бўлди. Шу мақсадда у Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга қуйидаги мазмунда нома йўллади: «Шундай бир масала юзага келиб қолдики, унинг ечими сенсиз ҳал бўлмаяпти. Утинаман, тез етиб кел!» Халифанинг номасини ўқиган Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг юзига табассум югуриб, дўсти уни ўлимдан сақлаб қолмоқчи эканини фаҳмлади ва қуйидаги мазмунда жавоб ёзиб юборди:
«Абу Убайда ибн Жарроҳдан мўминлар халифаси Умар ибн Хаттобга салом. Аллоҳнинграҳмат ва барокатлари сенга бўлсин. Бундан сўнгра шулки, қандай масала юзага келганини англадим. Илтимос, амринг ижросидан мени халос кил. Мен мусулмонлар кўшини кўмондониман. Лекин ўзимни бул мусулмонлардан афзал кўрмайман»
Жавоб хатини ўқиган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу йиғлаб юборди. «Наҳотки Абу Убайда ибн Жарроҳ ўлган бўлса?» - сўрашди ундан. «Йўқ, лекин ҳадемай ўлади», - жавоб берди у. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг куни битганини ичичдан ҳис этган эди. Мадина аҳли қаҳрамон саҳобани хотирлаганча Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга қўшилиб кўп йиғлади. Дарҳақиқат, бир неча кун ўтар-ўтмас ўлат дарди Ислом уммати қўриқчисининг танасига, олийжаноб, ниҳоятда буюк, ҳурматли инсонлардан бирининг танасига ҳам етди. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу дин йўлида, оғзида Шомнинг шаҳар ва қишлоқларига ўзи етказган калимаи тоййиба - «Аллохдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», - дея шаҳид кетди. Ўшандан буён Дамашқ шайхи Аллоҳга ҳамду сано айтганда, Хама (Хама - Суриядаги шаҳар.) шаҳрида уламо пайдо бўлган-да, Аммондаги қария намоз ўқиётганида, Сайда шаҳрида Аллоҳ зикр қилинганда, Масжидул Ақсо минорасида азон айтилаётганида, Ғазода жиҳод қилаётган қаҳрамон жанг қилаётганида, Рамалладаги мужоҳид дин йўлида шаҳид кетганида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг номаи аъмолига ажру савоблар ёзиб борилади ва айни вақтда. ул мўминлар ўз савобларининг бирор мисқолини ҳам йўқотишмайди. Аллоҳ сендан рози бўлсин, эй Абу Убайда! Аллоҳ сендан рози бўлсин, эй Ислом уммати қўриқчиси! Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан кейин учинчи халифа бўлиши мумкинлигини кўпчилик мусулмонлар билмаса керак. Саҳобалар ўлим тўшагида ётган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ўз ворисини тайинлаб кетишини илтимос қилишганда, агар Абу Убайда ибн Жарроҳ тирик бўлганда, халифалик лавозимига унинг номзодини кўрсатган бўлишини айтган экан. Бироқ Ҳаким Аллоҳ битган қадарга кўра, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билдирган ушбу хоҳишнинг рўёбга чиқиши буюрилмаган экан.
Ривоят қилинишича, кунлардан бир кун Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу саҳобалардан: «Қани айтингчи менга, тила тилагингни десам, нима тилаган бўлар эдингиз?» - дея сўрабди. Кимдир унга: «Мана шу уй Аллоҳ йўлида сарфлашим учун олтинга тўлишини истар эдим», -дея жавоб берибди. Бошқа киши: «Бу уй Аллоҳ йўлида сарфлашим учун турли-туман жавоҳирларга тўлиб қолишини истаган бўлар эдим», - дея жавоб қайтарибди. «Хўш, яна нималарни тилаган бўлар эдингиз?» - сўрабди Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу. «Олтин-жавоҳирлардан ортиқ яна нима тилашни билмаймиз, эй мўминлар султони», - дейишибди саҳобалар. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Мен эса ушбу уй Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жабал, Салим, қулликдан озод қилинган Абу Ҳузайфа ва Ҳуфайза ибн Ямонга ўхшаган одамларга тўлишини истаган бўлар эдим», - дея жавоб берган экан.
Шунингдек, ривоят қилинишича, халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шомга келиб, Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга: «Қани, уйингга бошла бизни, кўрайлик», - дебди. «Уйимда нима қилмоқчисан? Кўз ёш тўкишингни истамайман», - жавоб берибди Абу Убайда розияллоҳу анҳу. Аммо Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу илтимоси бажарилишини талаб қилганча туриб олибди. Остонадан ҳат-лаб ўтган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уй деярли жиҳозланмаганини кўриб, ҳайрон бўлганча Абу Убайда розияллоҳу анҳудан сўрабди: «Мол-мулкинг қани? Намат, коса ва эски мешдан бошқа нарсани кўрмаяпман. Ахир сен кимсан - бутун бошли амирсан! Уйингда егулигинг борми, ишқилиб?» Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу косани қўлига олиб, ундан майда тўғралган қуруқ нон бўлакларини чиқариб кўрсатибди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кўзига ёш олибди. Абу Убайда розияллоҳу анҳу эса: «Айтдимку сенга, кўз ёш тўкишингни истамайман деб, эй тақводорлар султони! Инсонга сажда қилиш учун жой бўлса бўлдида», - дея халифани овутибди. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтган экан:
«Бу фоний дунё ҳаммамизни ўзгартирди, фақат сени эмас, Абу Убайда!»
Буюк саҳоба Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу мусулмонлар кўшинига қўмондонлик қилган Ярмук ғазотининг тарихи қандай бўлган? Жанг олдидан Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга ажойиб савол бергач, ўз ажалини қидириб кетган қаҳрамон ким эди? Нима учун бу ҳолат Абу Убайданинг кўзига ёш келтирди?

Ат-Туробийнинг
"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase