close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Ақсодаги «Харсангтош» ҳақиқати

«Харсангтошнинг фазилати» ҳақида ваҳий билан бирор нарса собит бўлмаган. Баъзи тоифадаги одамлар; у тошнинг фазилати ёки улуғлиги ҳақида эътиқод қиладиган нарсалари уйдурмадир. Ўтган саҳобалар, тобейинлар ва уларга издош бўлганлардан ҳам бу борада гап келмаган. Тарихшунос ва ҳадис уламоларининг мўътабар манбаъларида унинг фазилатига далолат қилган саҳиҳ маълумотлар ҳам йўқ. Омматан мусулмонлар ҳам тош ҳақида аниқ бир фазилатни нақл қилмаган, балки аксари ўзаро миш-миш нарсалар бўлган, ёки у ҳақида муболаға қилинган ривоятлар баъзи ҳукумдорларнинг сиёсати учун эди.

«Харсангтошнинг фазилати» ҳақида ваҳий билан бирор нарса собит бўлмаган. Баъзи тоифадаги одамлар; у тошнинг фазилати ёки улуғлиги ҳақида эътиқод қиладиган нарсалари уйдурмадир. Ўтган саҳобалар, тобейинлар ва уларга издош бўлганлардан ҳам бу борада гап келмаган. Тарихшунос ва ҳадис уламоларининг мўътабар манбаъларида унинг фазилатига далолат қилган саҳиҳ маълумотлар ҳам йўқ. Омматан мусулмонлар ҳам тош ҳақида аниқ бир фазилатни нақл қилмаган, балки аксари ўзаро миш-миш нарсалар бўлган, ёки у ҳақида муболаға қилинган ривоятлар баъзи ҳукумдорларнинг сиёсати учун эди.
Аммо, кейинчалик ҳадис уйдурмачилари тарафидан турли тўқилган
ривоятлар, суяниб бўлмайдиган китобларда кўпайиб кетган, бу ривоятларнинг кўпи «исроилиёт»дан олинган эди. Лекин Аллоҳ таоло Ўз
ваъдасига мувофиқ муҳаддис олимлари билан уларни ҳам одамларга ёлғон ривоятлардан эканлигини баён қилиб Ўз динини сақлаган. Ҳидоятланганлар сақланган динда яшагувчидир, албатта.
«Харсангтош ҳақидаги барча ҳадислар ифтиродир, ёлғондир. Қолаверса унинг устидаги қадам изи бор, деган гап - бўлиб ҳам тўқилган ёлғондир. Бу сохтакорларнинг ишидир... Афсус, ёлғончилар унинг фазилати ҳақида кўп нарсаларни тўқиб ташлади».(Муҳаммад ибн Абу Бакр, «Манорул муниф», 79-80)
Икки хулоса: бу ҳақида шу хулосалар кифоядир...
Тош ҳақида фақатгина муҳим бўлган икки ишни кўриб чиқишимиз мумкин, кўп чўзишнинг унчалик фойдаси йўқ:
1.    Исро кечасида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам минган Буроқни тошга боғлангани ҳақида санадида ихтилоф қилинган ҳадислар бор;
Бурайда розиаллоҳу анҳудан, у айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтади: «Қачонки Байтул Мақдисга етганимизда Жаброил бармоғи билан ишора қилиб тошни куйдириб ташлади ва унга Буроқни боғлаб қўйди».(Термизий, 3132. Термизий айтади: ушбу ҳадис ғариб-заиф. Ҳоким «Мустадрак»да келтириб: санади саҳиҳ деган. Ва унга Заҳабий мувофиқ бўлган. Албоний раҳимаҳуллоҳ ҳам «Силсилатул аҳадис саҳиҳа»да: саҳиҳ, деб келтирган экан, 7/1425. Кейинчалик «Исро ва Меърож» китобида эса, у киши ҳадисни: заиф, деган ва бунга ўринли тушунтириш берган. Ибн Можада ҳам шунга яқин лафзда ривоят келган, 47. Баззор «Муснад»да: «Жаброил Байтул Мақдисдаги харсангтошга келиб унга бармоғини қўйди», дейилган, 4398.)
Лекин бу ривоятлар «Саҳиҳ Муслим»да саҳиҳлиги собит бўлган ҳадисга зиддир. Анас ибн Молик розиаллоҳу анҳудан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтади: «Менга Буроқ келтирилди, у оппоқ бўлиб эшакдан баланд ҳачрдан пастроқ, узун бир ҳайвон эди. Туёғини кўзи етиб тугаган ергача қўярди. Мен уни миниб то Байтул Мақдисгача келдим. Ва уни пайғамбарлар боғлаган ҳалқага боғладим».(Муслим, 162)
Баъзилар ушбу зоҳирида зидлик бўлган ҳадисларни саҳиҳ, деб - уларни жамлашга урунган, Тоййибий раҳимаҳуллоҳ «Мушкотул масобиҳ»га ёзган шарҳида айтади: «Эҳтимол ҳалқадан мурод ўша ўриндир, унда ҳалқа бор эди, кейин Жаброил алайҳиссалом куйдириб ташлаган, ёқиб юборган».(Тоййибий, «Мушкотул масобиҳ», 12/3794)
Нима бўлганда ҳам ҳалқа Харсангтошда бўлиши ёки Буроқ ўша тошдаги ҳалқага боғланган бўлса-да, бу иш «Харсангтошни» улуғлашга ёки фазилатига далолат қиладиган иш эмас, албатта.
Модомики динимизда бирор нарсада фазилат ёки барака бор, ёки бирор ер муқаддас, деб айтилиши учун ваҳийга биноан бўлган, илоҳий сўзга тўхталадиган далил шарт экан, бу каби нарсалар билан динимизни булғамаслигимиз лозим.
2.    Харсангтош - яҳудийларнинг ибодатда юзланадиган қибла тоши бўлгани ҳақида:
«Бу борада энг юқори даражада зикр қилинган нарса, илгари у тош яҳудийлар қибласи бўлган, у - худди замонда шанба куни улуғ бўлганидай, макондаги улуғ жойдир. Лекин, Аллоҳ таоло уни ушбу уммати Муҳаммад учун Байтул Ҳаромдаги Каъбага алиштириб берган.
Мўминлар амири Умар ибнул Хаттоб розиаллоҳу анҳу Масжидул Ақсони қурмоқчи бўлганида одамлар билан истишора-маслаҳат қилиб: Масжид «Харсангтош» олдига қурулсинми ёки орқасигами? - деганларида, Каъбул Аҳбор айтган экан: Эй мўминлар амири! Уни тош орқасига қурдиринг. Умар унга: Эй яҳудийнинг боласи, яҳудийлар қориштирибди сени, балки уни тош олдига қураман токи намозхонлар у-тошга қараб ўқимасин,(Аҳмад, 261)деб - уни бугунги ҳолатда қурдирган». (Муҳаммад ибн Абу Бакр, «Манорул муниф», 79-80)
Баъзи аҳли илмлар очиқчасига шундай деб айтган: Яҳудийлар уни ўзлари қибла қилиб олган эди, у ҳақида Аллоҳ таолонинг ваҳийси бўлмаган...
Суҳайлий раҳимаҳуллоҳ айтади: Абу Довуд ас-Санжарий ас-Сижзий «Носих ва мансух» китобида ривоят қилади, бу ривоят Ибн Шиҳобдан келади: «Сулаймон ибн Абдулмалик «Илиёни» ўз хонадонидагилар улуғлаганидай улуғламас эди. Ровий айтади: у киши билан йўлга чиқдим, у амир эди ва у билан бирга Холид ибн Язид ибн Мовия бор эди. Шунда Сулаймон айтди: Аллоҳга қасам, мана бу яҳудий ва насоролар намоз қиладиган қибла ҳақида ҳайрон қоладиган иш бор-да! Ҳузурида Холид ибн Язид ўтирган эди, у ҳам айтди: дарҳақиқат, мен - Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган Китобни ва Тавротни ҳам ўқийман, бироқ уни-тошни яҳудийлар ўзларига нозил қилинган китобидан топмаган экан. Лекин «Сакинат Сандиғи» («Сандиқ - унда Раббингиздан сакинат бор ҳамда Мусо оиласи ва Ҳорун оиласи қолдирган нарсалардан «қолдиқ» бор. Уни фаришталар кўтариб туради». (Бақара: 248). «Қолдиқ»дан мурод: Тавротнинг баъзи саҳифалари, Мусонинг асоси-ҳассаси каби нарсалар қолган эди. Бани Исроил, у Сандиқни ниҳоятда улуғлар эди. («Мухтасар тафсир», Бақара: 248-оят тафсири). Яҳудийлар у сандиқни ҳануз излаш билан оворалар, чунки уларнинг эътиқодига кўра; унга эга бўлиш катта кучга эга бўлишдир. Мусулмонларда куч эса: Аллоҳ таолонинг каломи билан иймонга эга бўлиб, тақвони ушлаб Китобини татбиқ қилишдир.)тош устида бўлган экан, қачонки Аллоҳ таоло Бани Исроилга ғазаб қилганида уни юқорига кўтариб олган. Шундан кейин уларнинг намози ўзаро келишуви-истишораси билан «Харсангтош»га қараб қилинган экан». (Абул Қосим Суҳайлий, «ар-Раудул унуф», 4/116-117)
Демак хулоса: аҳли китобларнинг қибласи Аллоҳ таолонинг амри билан бўлмаган, уларга бу ҳақида ваҳий тушмаган, балки бу иш ўзаро келишувга асосан бўлган, янада очиғроқ айтсак динларида пайдо қилинган бидъат эди. Чунки Тавротда Харсангтошга юзланиб намоз ўқиш борасида амр йўқ эди, пайғамбарлари буюрмаган эди. Балки яҳудийлар намоз қилмоқчи бўлганида тош устига «Сакинат сандиғи»ни қўйиб намоз ўқишар эди. Қачонки сандиқ улардан олиб қўйилинганида; Харсангтошни ўзларига қибла қилиб олишган. Қибла доим Каъба бўлган ва буни яҳудийлар билар эди.(Маълумот учун Муҳаммад ибн Абу Бакрнинг «Бадоиъул фавоид» китобига қаралсин, 4/1605-1606)
Дарвоқеъ, бугунги кундаги Харсангтош устидаги «Қуббатус Сахро» масжиди қурулишининг сабаби тарихдаги сиёсий рукн учун қурулган эди... Илгари уни рошид халифаларимиз қурмаган, балки уни Умавийлар даврида Абдулмалик ибн Марвон қурдирган. Аҳмад ибн Абдулҳалим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Илгари Харсангтош бирор нарса билан тўсилган эмас эди, уни - бирорта саҳоба ёки ҳокимлар ва олимлар ҳам ибодат билан хосламаган. Умар, Усмон хилофатлари вақтида улар Шомга ҳукми ўтиб турган бўлса ҳам, у очиқ ҳолатда ўралмай турар эди. Жумладан Али розиаллоҳу анҳу хилофатида ҳам, ҳаттоки унга ҳукми ўтмаса ҳам. Шунингдек Муовия иморатида ҳам, унинг ўғли ва ўғлининг ўғли даврида ҳам. Қачонки Абдулмалик даври келганида, у билан Ибн Зубайр ўртасидаги фитналар бўлганида; у Харсангтош устига Қубба қурган. Сабаб, унга бундай дейилган эди: Одамлар ҳаж мақсадида Ибн Зубайр олдига жамланишяпти, ёки ҳажга қасд қиляпмиз, деб далил қилишяпти. Шунда Абдулмалик Харсангтош ҳурматини улуғлаш пайига тушиб, унинг устига гумбаз қурдирди, қишда ва ёзда ҳам атрофини кисва билан ўратиб қўйди. Шу билан одамларни Ибн Зубайр тарафга боришдан чалғитган бўлди. Ана ўша замондан бошлаб Харсангтош ва Байтул Мақдис улуғланиши авж олган, мусулмонлар бу даражада бундай нарсани (илгари) билмас эди, шундан кейин баъзи одамлар унинг улуғланиши ҳақида Исроилиётдан нақл қилиб кўчира бошлади».(«Иқтидоус сиротил мустақим», 2/347-348)
«Шубҳасизки Қуббани рошид халифалар қурмаган, саҳобалар Харсангтошни улуғламаган, унинг олдида намоз ўқишга интилмаганлар ҳам, ҳатто Ибн Умар розиаллоҳу анҳумо Ҳижоздан Масжидул Ақсога келиб турса-да, Харсангтошга бормас эди. Чунки, у илгари қибла бўлиб кейин насх қилинган, шариатимизда уни бирор бир ҳукмда хосланишига олиб борадиган нарса қолмаган, худди шариатимизда шанба кунини хослашга олиб борадиган иш қолмаганидай. Шу сабабдан уни улуғлаш хусусияти-га киришиш яҳудийларга ташбеҳ қилиш бўлиб қолади».(«Иқтидоус сиротил мустақим», 2/348)
Демак, аввалги пешво саҳобалар ва уларга эргашган тобеъинлар Шом диёрларини фатҳ қилиб, Миср, Ироқ, Фаластинга ўрнашиб яшаган бўлишларига қарамай, Байтул Мақдисдаги Харсангтошни улуғлаганлари ҳақида хабар келмаган. Ваҳолангки улар динни энг теран англагувчи, энг олим ва обид одамлар эди. У тош турган ерни улуғлаб намоз ўқишга ёки дуо қилишга қасд қилмаганлар. Биз учун ҳар бир диний ишда уларга эргашиш диндир, улар замонида дин бўлган нарса биз учун дин, улар қилмаган ишлар биз учун дин эмас, деб билмоғимиз лозим. Чунки шайтон ҳақ йўлдагиларни ё ғулувга туширади ёки ҳаддидан ошишга васваса қилади, меъёрни сақлаб туриш эса тўғри йўлдир, Аллоҳ таоло бизларни ҳам улардай васатийликда сақласин.
- Ваниҳоят Харсангтош яҳудийлар учун қайси даражада муҳим экани ва уларнинг ундаги эътиқоди ҳақида қисқа баён қиламиз, уларнинг эътиқоди:

•    Дунёнинг яратилиши Қуддусдан ва тош турган ердан бошланган, яъни ер мағзи, деб билишади.
•    Тош Аршдан ерга тушган.
•    Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исҳоқни қурбонлик учун унга ётқизган.
•    Мусонинг сандиғи турадиган тош бўлган.
•    Қибла учун қўлланилган.
•    Меҳробга айлантирилган энг махсус ва муқаддас хона ўрни бўлган.

Табиийки, бу эътиқодлар ва маълумотлар яҳудийларнинг эътиқодига кўрадир, мусулмонлар булардан бирортасига мувофиқ эмас, албатта. Буни келтиришдан мақсад Харсангтошни улуғлаган айрим мусулмонлар яҳудийлардан таъсирланган бўлиши эҳтимолини билиш учун ва у ҳақидаги тўғри ва нотўғри тушунчадан фарқлаш учун келтирилди.
Насронийларда эса тошга нисбатан ғарбдан келган римликлар ва салибчи-франклар у тош устидан Исо осмонга кўтарилган, деб эътиқод қили-шади. Шунинг учун салибчилар вақтида ғарбга табаррук учун Тошдан парчалар олиб кетиш одат бўлган эди, ҳозирда эса унинг атрофида қазима ишлари олиб борилади. Гўё; у ердан илоҳий бир машъал топишмоқчи бўлгандай!

Тош афсонаси: миш-миш...

Аммо, Харсангтош ҳавода муъаллақ туриши ҳақидаги миш-мишлар ёлғондир, албатта, Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсасини ҳавода муъаллақ тутиб туришга қудратлидир, лекин воқеъликда Харсангтош Ақсо масжидининг ҳудудидаги ўша тепаликнинг бир бўлаги бўлиб, тош ерга тегиб туради, яъни ости ерга боғланган, ҳавода муъаллақ турмайди. Бу нарса тошни бориб кўзи билан кўрган ёки ўша ерда истиқомат қиладиганлар учун маълумдир. Тошнинг баландлиги тепадан 1 метрга яқин, кенглиги 13 метрга, узунлиги 18 метрга етади. Шакли мунтазам эмас. Қуббатус Сахро масжиди ичига кириб Харсангтошни кўрган кишилар учун бу афсонанинг миш-мишлиги ўша заҳоти маълум бўлади, яъни масжид ичидаги ер тўладан унинг ости ерга тегиб тургани аниқ кўринади. Бу ҳақида гапни узатишдан фойда йўқ.

Умар Шоҳирнинг (ҳафизауллоҳ)
"ФAЛAСТИН ўтмиш ва келажак" китобидан

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тарих
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase