close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Муслима қиз янги галактикани кашф қилди

Бурчин Мутлу-Покдил – янги галактика турини кашф қилган ёш муслимадир. У мактабда ўқиб юрган чоғларидан физикага қизиқа бошлаган. Эйнштейн ҳақида эссе ёзган ва коинот сирларига қаттиқ қизиқиб қолган. Бурчин ўшандаёқ ҳаётини физикага бағишлашга қарор қилганди.

Бурчин Аризона университети Стюард Обсерваториясида илмий ходим лавозимида ишлайди. У қандай қилиб галактикалар шаклланиши ва вақт ўтиши билан ўзгаришини тушуниш учун телескоплар ёрдамида тўпланган маълумотларни таҳлил қилади. Мутлу-Покдил ва унинг жамоаси PGC 100714 номи остидаги кичик галактикани таҳлил қилганда уни хато равишда Хог объекти (америкалик астроном Артурм Хог томонидан кашф қилинган Илон юлдузлар туркумидаги халқасимон галактика) деб қабул қилдилар. Бироқ Мутлу-Покдил унинг топилмаси оддий эмаслигини биларди ва шу сабабли тадқиқотларни давом эттирди. Кўк рангли ташқи халқа ва қизил рангдаги марказий ядро ўртасида астроном марказий жисмни қўршаб турган қизил рангли тарқоқ ҳолдаги ички халқани аниқлади. Одатда галактикалар спиралсимон кўринишда бўлади ва камдан-кам галактикалар бошқача кўринишга эга бўлади. Бурчин эса илгари ҳеч ким кўрмаган объектни кузатарди. Шу тариқа Бурчин Мутлу-Покдил янги галактика кашф қилди! Янги галактика унинг номи билан “Бурчин галактикаси” деб аталди. Астрономлар бу ғалати объект қаердан пайдо бўлганига қизиқиб қолдилар.

Айрим қийинчиликлар

Афсуски, Бурчин доим ҳам у муносиб бўлган ёрдамни ола олмаган. Коинот сирларини тадқиқ эти борасида орзусини амалга ошириш учун у Анқарага кўчиб келди. Қариндошлари ва дўстлари уни қўллаб-қувватлашмади ва қизлар ўз ҳолича алоҳида яшаши мумкин эмас, деб айтишди. У Туркияда рўмол ўраш тақиқланган даврларда синфидаги рўмол ўраб юрадиган кам сонли қизлардан бири бўлди. У бошини ёпиш усулини топишга ҳаракат қиларди, лекин ўзини ноқулай ҳис этарди. Охир-оқибат, ёш тадқиқотчи Техасга магистр даражасини олиш учун ўқишга йўл олиб, қулайроқ муҳит топди. Шундан сўнг Бурчин Миннесотада докторлик даражасини қўлга киритди.

Бошқаларни илҳомлантириб

Мутлу-Покдилнинг ҳаёт йўли турли қийинчиликлар ва уларни бартаф қилишларга тўла. У кашфиётга эришгунга ва эътироф этилгунга қадар кўп меҳнат қилишига тўғри келди. У муҳожирлар ва хорижий талабаларни ўз ўрнаги билан орзусига интилишга илҳомлантириш умидида. Бурчинниг таъкидлашича, ҳеч қандай босим илм-фанга қизиқишдан устун келмаслиги лозим ва орзуга эришиш учун тинмай меҳнат қилиш зарур. 2018 йил у дунёни ўзгартириб юборадиган бутун дунёдан таклиф қилинган 20 кишидан бири, TED стипендиати сифатида танлаб олинди. Мутлу-Покдил бу майдон унга ўзини кўрсатиш учун ажойиб имконият тақдим этишини тасаввур ҳам қилмаганди. Бунгача у бир неча бор ўз ишини техник атамаларга тўлдирмасликка ҳаракат қилган ҳолда одамлар орасида тақдим этишга уринганди. Унинг ҳаётий шиори шу мисолда ўз аксини топади: “Сиз биринчи ҳаракатданоқ кутилган натижага эришмаслигингиз мумкин. Муваффақиятсизликка учраган ҳар сафар ўрнингиздан туринг ва пировардида, сиз ўз мақсадингизга эришасиз ”.

Интернетдан
Абу Муслим таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase