close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Россия мусулмонлар диний идораси ва юристлар ҳижоб борасида ўз сўзларини айтди...

Россия мусулмонлар диний идораси раисининг биринчи ўринбосари, теология доктори Дамир Мухетдинов Владимир вилоятида ҳижобларнинг мактабларда тақиқланишига изоҳ берди:

Россия мусулмонлар диний идораси раисининг биринчи ўринбосари, теология доктори Дамир Мухетдинов Владимир вилоятида ҳижобларнинг мактабларда тақиқланишига изоҳ берди:

– Россия Федерацияси мусулмонлар диний идораси, албатта, Россия давлатининг дунёвий табиати ва умумий таълим мактабларидаги диний нейтралитет тезисини қўллаб-қувватлайди, бу фуқаролик миллатининг бирлигини сақлаб қолиш шарти ҳисобланади. Биз диний нормаларга асосланган кийимларнинг кийилиши мактабнинг дунёвий табиати ва диний нейтралитетига ҳеч қандай халақит бермаслигини таъкидлаймиз. Мамлакатимиз тарихий жиҳатдан кўп миллатли ва кўп динлидир. Ҳозирги Россиянинг насронийлари, мусулмонлари, яҳудийлари ва буддистлари мактаб эшигида ўз диний ўзлигидан воз кечиб, ўқув муассасаси деворлари ичида агностик ёки атеистга айланиши керак деб ўйлаш - мантиқсизлик. Янада мантиқсизроқ ҳолат эса, ўқитувчилар ўқувчилардан бўйнига тақилган крестиклар, кипа, рўмоллар ва бошқа диний хусусиятларга тегишли атрибутларни ечиб қўйишни талаб қилишидир.
– Деярли бир йил олдин Владимир шаҳри маъмуриятининг Таълим ва ёшлар сиёсати бошқармаси ҳамда Россия Православ Черковининг Владимир епархияси ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолади, бу доирада епархиал руҳонийлар мактабларга ёшлар билан маънавий-маърифий мавзуларда суҳбатлар ўтказиш учун фаол ташриф буюра бошладилар. Владимир шаҳри Таълим ва ёшлар сиёсати бошқармаси раҳбариятининг кейинги ташрифда Владимир ва Суздал митрополити Тихондан крест ва расмий диний кийимини ечишини сўраши ҳақида ўйлаш ҳам ноқулай.
– Владимир вилояти таълим соҳаси ходимларига Россия Конституциясини диққат билан ўқишни маслаҳат берган бўлардим, унда россияликларнинг Худога ишониши аниқ таъкидланган, шунингдек, 2022 йил 9 ноябрдаги Россия Президентининг №809-сонли фармони билан тасдиқланган "Россиянинг анъанавий маънавий ва ахлоқий қадриятларини сақлаш ва мустаҳкамлаш бўйича давлат сиёсати асослари" билан танишиб чиқишларини тавсия қиламан.
Аввалроқ РФ Ҳукумати Даванковнинг ўқув муассасаларида рўмолларни тақиқлаш бўйича маҳаллий тақиқларни киритиш ҳуқуқи тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламаган эди. Қонунчилик ташаббуси мусулмонлар муҳитида танқидга учради. Россиянинг барча мусулмонлар диний идоралари вакиллари унинг муқаддас ҳисобланган диний талаб эканлигини таъкидлаб, тақиқка қарши эканликларини билдиришди.
Эслатиб ўтамиз, Владимир вилояти мактабларида ҳижоб, ниқоб ва бошқа диний мансубликни кўрсатувчи кийимларни кийиш таъқиқланди. Бу ҳақда вилоят Таълим ва ёшлар сиёсати вазирлиги буйруқ чиқарди.
«Умумий таълим ташкилотларида ўқувчининг диний мансублигини кўрсатувчи кийим ва унинг элементларини кийиш тақиқланади (жумладан ҳижоблар, ниқоблар ва ҳ.к.),» – дейилади ўқувчиларнинг ташқи кўринишига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги ҳужжатда. Ҳужжатда вилоят Таълим вазири имзоси мавжуд.
Шу билан бирга, сентябрь ойида Россия ҳукумати умумтаълим муассасаларида диний кийимларни тақиқлаш бўйича федерал қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламади ва уни тубдан қайта ишлашни тавсия қилди.

Миллий адвокатлар уюшмаси президенти: Владимир вилояти мактабларида ҳижобни тақиқлаш буйруғи Конституцияга зид

Миллий адвокатлар уюшмаси президенти Руслан Нагиев Владимир вилоятининг ҳижобни мактабларда тақиқлаш буйруғига ҳайрон қолди. 22 октябрда эълон қилинган буйруқ матни ҳуқуқий маълумотлар сайтида пайдо бўлди.
«Бу қандайдир тушунмовчиликка ўхшайди. Эълон қилинган матнда уни қабул қилишга масъул шахснинг имзоси ҳам йўқ» – деди Миллий адвокатлар уюшмаси раҳбари.

Миллий адвокатлар уюшмаси раҳбари президенти таъкидлаганидек, «рўмолларнинг тақиқланиши ҳақидаги қарор Даванковнинг қонунчилик ташаббусидан кейин фаол муҳокама қилинди, у бир қонун лойиҳасида ҳижоб ва ниқоб тушунчаларини аралаштириб юборди, бу эса мусулмонлар жамоатчилигида катта муҳокамаларга сабаб бўлди».

Барча мусулмон диний идоралари раҳбарлари ҳижобни тақиқлаш мумкин эмаслигини таъкидлашди, чунки у, ниқобдан фарқли ўлароқ, исломий диний талабнинг мажбурий қисми ҳисобланади. Россия муфтияларининг баҳолашларига кўра, бошни ёпиш тақиқланиши исломни амалга ошириш тақиқланиши демакдир.

«Мусулмонлар учун мажбурий бўлган диний кийимларни, жумладан ўқув ташкилотларида диний либосларни маҳаллий норматив ҳужжатларга асосланган ҳолда тақиқлаш ёки чеклаш мутлақо мумкин эмас. Бу – бўлиниш йўлидир» – дейилади Шимолий Кавказ мусулмонлари Кoординация маркази баёнотида.

Даванков томонидан бошни ёпишни маҳаллий тақиқлар билан қонунийлаштириш бўйича ташаббус Россия Федерацияси Ҳукуматидан қўллаб-қувватланмади.

Адвокат Руслан Нагиев ушбу буйруқ ҳақиқатан мавжуд бўлса, у мамлакатнинг Асосий қонуни – Конституцияга зид бўлганлиги учун бекор қилиниши мумкин, деб ҳисоблайди.
Нагиев таъкидлаганидек, Россия Федерацияси Конституциясига мувофиқ, давлат ҳар бир инсонга виждон эркинлиги ва динни танлаш ҳуқуқини кафолатлайди, шунингдек, жинс, ирқ, миллат, тил ва келиб чиқишидан қатъи назар инсон ва фуқароларнинг тенг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди. Қолаверса, Конституция ҳар кимга таълим олиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Жамият
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase