Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам даъватига биринчи бўлиб жавоб берган одам аёл киши, уларнинг жуфти ҳалоли Хадича бинт Хувайлид розияллоҳу анҳо бўлганлар. Айнан у Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ҳамма юз ўгирган пайтда ҳам ёнида бўлган ва қўллаб-қувватлаган.
Дин учун ҳаётини қурбон қилган ва шаҳид бўлган биринчи инсон ҳам аёл киши – Сумайя (розияллоҳу анхо) исмли аёл бўлган. Макка мушриклари Сумайяни Исломдан воз кечишни талаб қилиб, қийнаб ўлдирганлар, лекин у Исломдан воз кечмаган. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам эса, унга ва унинг эрига жаннатдан жой ваъда қилинган, деб айтган.
Қуръоннинг биринчи саҳифалари халифа Умарнинг қизи, мўминлар онаси Хафса розияллоҳу анҳода сақланган. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа бир хотини, Ойиша розияллоҳу анҳо икки мингдан ортиқ ҳадис ривоят қилган.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг аёлларнинг Ислом маърифатини тарқатишдаги роли асло пасайгани йўқ. Аёллар қаторидан кўплаб Ислом уламолари етишиб чиққан бўлиб, уларнинг билимлари эркак уламолар билимларидан асло қолишмаган.
Тобийинлар авлодининг машҳур вакилаларидан бири Амра бинт Абдурахмон бўлган. У Ислом ҳуқуқи ва ҳадислар бўйича мутахассис бўлган. Бешинчи халифа Умар ибн Абдулазиз у ҳақида қуйидаги сўзларни айтган: «Агар ҳадис илмини ўрганмоқчи бўлсангиз, Амранинг олдига боринг». Илк ҳадислар тўпламини тузган Имом Зухрий Амра бинт Абдурахмонни «ҳадисларнинг катта билимдони» деб атаган ва ундан ўрганишни тавсия қилган.
Унинг ҳаётлик даврида Мадина шаҳри қозиси бир насроний ўғрининг қўлини чопиб ташлаш ҳақида ҳукм чиқарган. Ушбу ҳукм ҳақида хабар Амрага етиб боргач, у ўз талабаларидан бирига қозининг олдига бориш ва унга агар ўғирланган нарсанинг қиймати 1 динардан ортиқ бўлса, шу ҳолатдагина ўғрининг қўлини чопиб ташлаш лозимлигини, бу ҳолатда эса ўғирланган нарсанинг қиймати 1 динардан паст бўлганлигини айтишни буюради. Хато ҳукм чиқарганини билгач, қози ўғрини қўйиб юборишни буюради. Имом Малик ушбу ҳолатни «Муватта» китобида келтириб ўтган.
Тобийинлар авлодига мансуб бошқа бир буюк олима саналган Умм Дардо Дамашқ ва Қуддусда дарс берарди. Унинг машғуотларига эркак ҳадисшунослар ва фақиҳлар ҳам қатнашарди. Испаниядан тортиб Ҳиндистонгача ҳукмронлик қилган Халифа Абдулмалик ибн Марваннинг ўзи Умм Дардонинг машғулотларига қатнарди ва ундан маслаҳат сўрашдан уялмасди. У олимага чуқур эҳтиром билан муносабатда бўларди. машғулотлар пайтида ва масжидга киришда кекса Умм Дардо кўпинча Абдулмаликнинг қўлига таяниб оларди, чунки у оёқда тик туришга қийналарди.
Ҳижрий 8-аср бошларида (милодий 14-аср бошлари) Фотима бинт Иброҳим бинт Жоҳар, машҳур ҳадисшунос таваллуд топган бўлиб, унинг раҳбарлиги остида имом Заҳабий ва имом Субкий саҳиҳи Бухорийни ёд олдилар. Фотима у қадар шуҳрат қозондики, у ҳаж сафарига йўл олганида Мадиналик ҳадисшунос-талабалар ундан икки кун пайғамбаримиз масждида маъруза қилишни сўраганлар.
Ойиша бинт Абдулхадий Дамашқнинг бош масжидида ҳадис илмидан дарс ўтарди. У мазкур лавозимга халифа томонидан шу сабабли тайинлангандики, эркаклар орасида ундан кўра билимдон одам топилмаганди. Ҳадисшунос олимлар орасида энг машҳур олимлардан бири саналган Ибн Ҳожар Асқоланий атайлаб Дамашққа келади ва Ойиша билан бирга юзлаб китобларни ўрганади.
Ҳозирги Эрон ҳудудида жойлашган исфаҳонлик буюк олима Фотима Ал-Жузжоний устози билан бирга имом Таборанийнинг «Ал-Му’жам Ал-Кабир» китобини ёд олади, сўнгра уни бошқаларга ўргатади. Фотиманинг устози, Абу Бакр ибн Рида бу китобни муаллиф билан биргаликда ўрганади. Китоб 37 жилддан иборат бўлиб, ҳозирги олимлардан бирнотаси уни мукаммал билмайди.
Аёллар эркаклар билан бир қаторда ижтиҳод қилиш ва фатво бериш ҳуқуқига эга бўлган. Бунга мисол қилиб Фотима бинт Қайснинг эр уч талоқ қилинган хотинини идда муддати давомида таъминлаши лозимлиги ҳақидаги қарори (фатвоси) хизмат қилиши мумкин. Бу қарорда Фотима Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам сўзларига асосланган. Гарчи Умар ва бошқа саҳобалар унинг фикрга рози бўлмаган эсада, Қуръон оятига асосланиб, улар бу қарорнинг ҳаққоний эканлигини тан олганлар ва уни аёл киши бўлгани ҳолда, аёллар фойдасига қарор қабул қилганликда айбламаганлар.
Халифалик даврида келиб чиқиши турлича бўлган аёллар олимага айланган. Масалан, тобийинлар вакиласи бўлган Обида Ал-Мадания қул бўлиб туғилганди. У Муҳаммад ибн Язидга тегишли бўлиб, хожаси унга нисбатан муҳрибон бўлган ва Мадинаги уламолар машғулотларида қатнашишга рухсат берган. Ҳаж пайти Мединага Испаниядан машҳур ҳадисшунос Хабиб Даххун ташриф буюрганда Обидани унга тортиқ қилади. Даххун бу чўрининг билимдонлигининг шу қадар ҳайратда қоладики, уни озод қилади ва унга уйланади, ўзи билан бирга Андалусияга олиб кетади. Аёл мадиналик устозларидан эшитган ўн мингдан ортиқ ҳадисни етказган.
Зайнаб бинт Сулаймон эса, аксинча, маликалардан бўлган. Унинг отаси Аббосийлар сулоласининг асосчиси Ас-Саффаҳнинг амакиваччаси ва халифа Мансур ҳукмронлиги даврида Басра, Уммон ва Бахрайн ноиби бўлган. Лекин беташвиш ҳаёт кечириш ўрнига қиз умрини билим излашга бағишлайди, ажойиб таълим олади ва ўз даврининг энг яхши ҳадисшуносларидан бирига айланади. Зайнаб бинт Сулаймоннинг шогирдлари орасидан кўплаб машҳур эркак уламолар етишиб чиққан.
Аёллар қаторидан бўлган сўнгги йирик олима Фотима Фудайлия ҳижрий 12-раснинг охирларида таваллуд топган. У ҳаттотлик санъати ва турли исломий фанларни, жумладан, ҳадис илмини мукаммал эгаллаганди. Умрининг охирида у Маккада қўниб топиб, бу ерда бой кутубхона ташкил қилган. Фотима ҳижрий 1247/милодий 1831 йил вафот этган. Унинг ўлимидан сўнг Ислом заифлаша бошлади ва 1924 йил Халифаликни бекор қилиниши билан мусулмонлар ҳаётидан тўлиқ чиқиб кетди.
Мусулмон аёллар динни ўрганмай қўйди ва ўтмишдаги тақводор аёлларга эргашмай қўйди. Бунинг ўрнига улар ҳижобни европача либосларга алмаштириб, ахлоқсиз ғарб аёлларининг турмуш тарзини ўзига намуна қилиб олмоқда, уларга тақлид қилиш мусулмон аёлларнинг ҳолатини яхшилашга хизмат қилмади, уларнинг мавқеини оширмади ва уларнинг атрофидаги жамиятни юксалтирмади. Аксинча, уларнинг нозик елкаларига бир талай янги муаммолар юк бўлиб тушди.
Фақат ўтмишдаги тақводор аёллардан ўрнак олибгина замонавий мусулмон аёллар жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва жамиятни тўғри йўлга солиши, исломнинг ўтмишдаги довруғи ва буюклигини қайтариш йўлида хизмат қилиши мумкин.
Муаллиф: Дина Зварич, IslamNews
Абу Муслим таржимаси