close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Қуръони каримнинг калом сири

Мен шу ергача ақлчи (рационалистик) илмлар йўли билан Қуръони каримнинг қандай муҳташам мўжизалар манбаи эканлигини очишга уриндим. Энди эса тўғридан-тўғри Қуръони каримнинг ўзига яқинлашиб, унинг ақл бовар қилмас сири-Қуръони карим ҳақиқатига эътиборингизни тортмоқчиман.

Мен шу ергача ақлчи (рационалистик) илмлар йўли билан Қуръони каримнинг қандай муҳташам мўжизалар манбаи эканлигини очишга уриндим. Энди эса тўғридан-тўғри Қуръони каримнинг ўзига яқинлашиб, унинг ақл бовар қилмас сири-Қуръони карим ҳақиқатига эътиборингизни тортмоқчиман.
Ҳар куни сизни ўраб олган баъзи ҳикматларни ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Қуръони каримдан оятлар ўқиб, балолардан қутулганингизни, ўқиган фотиҳангиз билан ўликларга ҳузур ва раҳмат етказганингиз ва ё Қуръони каримни англамасангиз ҳам уни эшитганда кўнглингиз яйраганини, кўзларингиз нурга тўлганини, қанчадан-қанча китоблар, сўзларнинг таъсири тез ўтиб кетгани ҳолда, Қуръони каримнинг таъсирчанлиги ўн беш асрдан бери ҳеч ўзгармай яшаб келаётганини хаёлингиздан ўтказганмисиз?
Бутун бу ҳақиқатларни қуруқ моддий қолиплар асосида сезиб бўладими?
Қуръони каримнинг мана шу моддий дунёдан ташқаридаги ҳикматлари калом сири дейилади. Пайғамбаримиз Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: "Эй, Аллоҳнинг Расули, ҳар пайғамбарнинг бир мўжизаси бор: Мусонинг ҳассаси, Исо нафасининг ҳаётбахшлиги (ўликларни ҳам тирилтира олиши)ни биламиз. Сизнинг мўжизангиз нима?" - деб сўраганларида, "Менинг мўжизам каломдир", - деб буюрганлар.
Каломдаги сўзлар сўз эмас, сўзлар йиғиндиси оддий гап эмас, илоҳий ҳикматлар хазинасидир. Каломдан ташқаридаги барча сўзлар ва билимлар модданинг ташқи хусусиятларини билдиради. Калом эса ҳар нарсанинг моҳиятини очиб беради. Бу моҳиятда Тангрининг илғор санъатини кўрамиз ва гўзаллигини ҳис қиламиз, Қуръони карим оятлари ҳар бир калимасида, ҳар бир иборасида бизни бир сирдан огоҳ этади, ҳар нарсанинг, ҳар ходисанинг замиридаги ҳақиқатни англатади.
Қуръони карим, ҳар калимаси билан ашёнинг моҳиятини энг ташқаридан энг ичигача - қалбигача, ўзагигача - бирма-бир очиб беради, ҳар ўқилганда янги бир ҳикматни ҳис қилдиради.
Зеро, Калом сири - бу, маънодир. Шу важдан бу сир зако ва идрок билан эмас, қалб билан сезилади.
Қуръони каримнинг энг асосий жиҳати бўлган ифодалар ва қамровларнинг тагига етиш жуда қийин. Мен Қуръони каримдаги ана шу ҳикматни тўрт бўлим орқали сизларга етказишга уриниб кўраман.

А) Қуръони каримнинг ҳай сири
Ҳай - тирик ва жонли маъносида келади. Лекин ҳақиқатда Илоҳнинг бир сифатидир. Ўлмасликни, мангу тирикликни билдиради. Шу туфайли ҳай - жонлиларга оид фоний ҳаёт эмас, жамики тирик мавжудодларга оид муштарак тушунчадир. Борлиқларнинг генетик шифрлар орқали авлоддан авлодга ўтказиб қолдирган ҳаёт ҳикояси - ҳай сиридан бир парчадир.
Қуръони каримдаги ҳай сирига келинса, бу оятлар маъносидаги ўлмасликни ифода этади.
Қуръони карим каломи абадий тирикдир: яшайверади, кун ўтган сайин ёшариб бораверади, эскирмайди ҳамда оятларнинг маъно ва ғоялари ғаройиб бир жонли мавжуд оддай орамизда айланиб юраверади. Бутун ҳаётга тошининг оғирлигини сездиради.
Биз бу ҳай сирини қандай ҳис этамиз? Ҳай сири чиндан ҳам қалб кўзи билан сезилади. Фақат у бизга, илмда акс этган жиҳатлари ила кўрилади. Чунончи:

1. Унинг амрлари инсонга бахтиёрлик ато этиши неча бор исботлангандир. Унинг тақиқларига амал қилмаган инсонлар ва жамоалар не-не фалокатларга дучор бўлаётганлари, умрлари бесамар ўтаётгани ҳам кўриниб турибди. Чунончи садақа ҳақидаги амрлари инсонлар орасида ҳал қилиш қийин бўлган умумий бирликни вужудга келтириши шак-шубҳасиздир. Бу амрларга риоя қилмаганларнинг "инсонпарвар" доктринаю режалари ғавғо чиқаришдан бошқа нарсага ярамаётир, дунё саҳнасида умидсизлик вужудга келтираётир.
2. Уни юракдан тингланганда, жамики аламлардан, мушкуллардан фориғ бўлинади, сиз ўзингизни маънолар жаннатида кўрасиз. Ғам-ғуссаларингиз, дардларингиз ҳам тинади. Бу Қуръони каримнинг ҳай мўжизаси ичидаги шифо сиридир. Унинг ақл бовар қилмас бу ҳикмати, ҳатто инонмаганларга ҳам сезилади.
3. Унинг дуосифат оятларини ўқиганда не-не бало-қазоларнинг моддий шарпалари келиб ёнингизда тўхтаб қолганини кўрасиз. У оят кучи, чексиз энергия пардаси бўлиб, сизни ўраб олиб, бало-қазодан ҳимоя қилади.
4. Оламдан кўз юмган қадрдонларингизга уни ўқиганингизда бамисоли улардаги бахтиёрлик, мамнунлик, розиликни бирга яшагандай бўласиз. У оятлар бошқа бир оламга етиб борганини ва қандай акс-садо берганини туясиз. Унинг ҳай сири гўё сизга у оламдан аллақандай бир дараклар келтиргандай бўлади.

Шундай лаҳзаларда ўлик билан сизнинг орангизда бутун бўй-басти билан турган аччиқ бир мусибат алами, босма қоғоз билан шимилгандай шимилади, гўё яқинингиз ўлмагандай, яшашда давом этаётгандек кўринади.
Лекин булар ҳай сирининг шуурингизга ва аҳволингизга ўтказган таъсирларидир. Унинг асл ҳикмати - сиз билан бирга ич-ичингизнинг энг яширин жойларида ҳукм суришидир.
"Қуръони карим билан иймонли инсон эгизак ака-укалардир", - Ҳадис ҳукми бу сирнинг энг тиниқ таърифидир.
Оятларнинг ташқи маъноси инсоннинг моддий ҳаётини тамсил этади, ҳай сири эса, инсоннинг кўнглини тамсил этади. Инсоннинг асл моҳиятини унинг кўнгли кўрсатганидай оятларнинг ҳай мўжизаси ҳам ич-ичдадир. Қуръони карим оятлари инсон учун жамики оламларга ўтиш визаси бўлиб хизмат қилади ва инсоннинг қийматини белгилайди, бу ҳам оятларнинг ҳай сиридир.
Бу бўлимнинг сўнгги икки қисмида бу ҳикматларни махсус майдалаб шарҳлайман.
Инсон, Қуръони карим ахлоқини бутун борлиғига сингдиргандагина унга эгиз бўлиш ҳикматига эришади. Буюк авлиёлар сингари ҳақиқий тирикликни, ҳай сирини топади. Қуръони каримнинг энг буюк мўжизаси мана шундан иборатдир.
Оятларнинг ҳукми асосида ўз имони ва амалини бир бутун қилиб олган инсон ҳақиқий тирикликка (ўлмасликка) эришади.
Тушуниш ва идрок қилиш бир оз қийин бўлган бу ҳолатни янада кенгроқ шарҳлашга уриниб кўрай:
Қуръони карим оятларини бир бора ўз шахсиятида акс эттирган инсон, оламларнинг жамики маконларида бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтадики, бу айни чоғда, хом ашёнинг ички ҳақиқатини излаб топмоқ, ҳамда Пайғамбаримиз Расули Акрамнинг бошидан кечирган ҳолатларини татиб кўрмоқдир.
Тасаввуфда бу ҳол ҳақиқий тирилиш ёки ўлишдан олдин ўлиш дейилади.
Бу мўжизавий жараён давомида аласт , жаннат ҳар он ҳис этилади. Бу кимса жаннатга оид бир оятни ўқиса, ул маконни айнан ҳис этади, ўтмишдаги бир қавм ҳикоясини баён этувчи оятни ўқиса, ўша замоннинг ўша қатламига нур бўлиб кириб боради ва ўша воқеаларни айнан томоша қилади. Шу важдан ҳай сирига эришганлар, жамики инсонларга, шахсан ўзи бошдан кечираётгандай, ачинадилар. Буюк авлиёларнинг сўнгсиз инсоний муҳаббати шу ҳикмат орқали туғилади.
Ҳеч шубҳа йўқки, Қуръони карим оятлари асосида яшаш, уларга мослашиш - Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга тақлид қилиш ва ул Муборак Зот каби ҳаракатда бўлиш санъатидир. Акс ҳолда, ҳар ким ўзича Қуръони карим асосида яшаяпман деб ҳисоблайверса, албатта, ул киши ҳай сирининг фарқига боролмайди. Ҳолбуки, Қуръони карим оятлари асосида яшашнинг асосий шарти яна ҳай сирида намоёндир. Зеро, Қуръони карим оятларига уйғунлашишнинг ҳар босқичида кўнгилда бутун олам сарвари Пайғамбаримизнинг кўнглидаги жараёнлар юз бериб ўтади. Бу ҳолдан -ҳолга ўтиш жараёнида инсон бир лаҳзада сўнгсизликка қадар бора олади.
Одамларимиздаги ҳар чизги (аломат) Пайғамбаримизнинг сирини ташиса, бу - ҳай сири туғилади, деганидир.
Ҳаётий ва асл (оригинал) бўлган бу олий ҳикмат ёнида, албатта, босқичма-босқич ҳай сирини татиш лаззатлари бор. Қуръони каримнинг бир дона оятига риоя қилиш ҳам мустақил бир ҳай сиридир. Масалан, фақат нафақа (ҳадя) улашмоқ, Аллоҳ ўзига берган ҳар неъматдан бошқаларга бермоқ ҳикматига етишган киши, ўз-ўзидан бир инсонлик меҳрини қозонадики, бу тириклик уни яна бир ўлмайдиган ҳикматга етиштиради.
Қуръони каримдаги ҳай ҳикматининг жуда муҳим жиҳати шундаки, у инсонга ғайрат беради. Бошқача айтганда ўлик қалбларни тирилтиради. Яна аниқроғи қалблар маънавий жиҳатдан фақат Қуръони карим билан жонланди, яъни қалб унинг оятларидан келган ҳай сири билан кўзини очган уйқудаги гўзал кабидир. Уни бир тарафдан аласт хитоби (чорлови) билан, иккинчи тарафдан ҳақиқий юрти бўлган жаннат ҳиди билан фақат Қуръони карим тирилтиради.
Ҳақ ошиқлари чуқур уйқуга кетсалар ҳам баъзан дарҳол уйғонадилар, баъзан бир турли кўзаларини очолмайдилар. Шу важдан Қуръони каримни идрок этолмаган қалбга ўлик кўз деб қаралади.
Қалбнинг жонланиши виждоннинг туғилиши ва имон оловининг ёниши билан кўзга ташланади. Ундан кейин бу тирилиш гул ғунчасининг очилишидай қават-қават бўлиб давом этади ва тўхтайди.
Намоз ва намозда Фотиҳанинг кунда 40 марта ўқилиши нақ абадиятгача давом этадиган бу жонланишга хуш оҳанг қўшади.
Сўнгсиз гўзалликларда одам ҳеч тўймайдиган завқ оламида, ҳар кун янги бир маконнинг томошаси ва ҳар кун янги бир лаззатнинг сири тажалли этади. Қуръони карим мана шундай: инсонни ҳар куни янги бир оламнинг тириклигига элтадиган Илоҳий мўжиза. Ва буни бошидан ўтказганлар: "ҲАЙФ Қуръони каримни фақат китоб деб билганларга!" - дея хитоб қиладилар.

Холуқ Нурбоқийнинг "Қуръони каримнинг илмий мўжизалари" китобидан
Туркчадан Миразиз Аъзам таржимаси.

Мақола жойлаштирилган бўлим: Илм-фан
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase