«Улар кўзлари қўрқувдан қуйи боққан ҳолларида, гўё тўзиган чигирткалар каби қабрларидан чиқиб келурлар. Чақирувчи томонга шошганларича борар эканлар, кофирлар: «Бу оғир Кундир» дерлар» (Қамар сураси, 7-8-оят).
Юқоридаги оятда охиратни инкор қилувчиларга қайта тирилтиришлари эслатилмоқда. Кейинги оятда эса бу Кун инкор қилувчилар учун оғир бўлиши билдирилмоқда. Миллиардлаб инсонларнинг бир пайтда бирданига тирилиши қандай даҳшатли саҳна?!
20-асрда биологлар чигирткалар тўдасининг турмуш тарзи ва хулқ-атвори борасида кенг кўламли тадқиқотлар ўтказдилар. Чигирткалар галасига ўрнатилган микрокамера ва передатчиклар олимларни чигирткалар тўдасининг ўзини тутиши ҳақида хабардор қиларди. Олинган маълумотлар дунёга кўплаб ҳайратомуз маълумотларни ошкор қилди. Чигирткалар галалари жуда кўп сонли бўлиб, ягона организм каби яшайди. Миллиардлаб чигирткалар кенглиги ва узунлиги бир неча километрга етадиган қора ёмғир булутига ўхшайди. Чигирткалар булути 3-5 километр кенгликда ва чуқурликда кўп метрга етиши мумкинлиги аниқланди. Чигирткалар колониялари жуда кўп сонли эканлиги сабабли қора булутга ўхшайди.
Чигирткалар ҳақида яна бир қизиқарли кузатиш: урғочи чигирткалар уруғлар каби ерга тухум қўяди, тухумдан чиққан қуртлар узоқ вақт давомида ерда қолади ва ер юзасига чиқиш вақти келганида, улар худди буйруққа бўйсунгандай ҳаммаси биргаликда чиқадилар. Урғочи чигирткалар ерда 10-15 сантиметрли туннеллар қазийди ва бир вақтнинг ўзида 95-158 дан тухумга қўяди. Мавсум давомида урғочи чигиртка уч марта тухум қўяди. Личинкалар пишиши жараёни ҳаво ҳароратига қараб, 10 кундан 65 кунгача давом ва барча қуртлар бир вақтнинг ўзида ердан чиқади. 1м2 майдонда тухумлар учун 1000 тагача тешик бўлиши мумкин. Шундай қилиб, урғочи чигирткалар тўдаси ўз туннеллари ва тухумлари билан юзлаб квадрат километр майдонни қоплаши мумкин. Агар ердаги чигирткалар сонини ҳисоблаб чиқадиган бўлсак, ер шаридаги ҳар бир кишига 40-80 миллионтадан чигритка тўғри келади. Қуръон оятида қачонлардир ер юзида яшаган миллиардлаб одамлар Қиёмат куни ўз қабрларидан худди чигиртка каби чиқиб келиши узоқ вақт давомида ер остида бўлганидан кейин бир зумда, оломон каби ер юзасига чиқадиган чигирткалар қуртлари билан чуқур ўхшашликларга эга бўлади деб тахмин қилиш мумкин. (аммо тўғрисини Аллоҳ билади)
Бугунги кунда бутун бошли олимлар гуруҳлари чигирткалар тўдаларининг ҳаётини ўрганиш устида ишламоқдалар ва бир қатор тадқиқотларда масофадан ахборот олиш тизимлари қўлланилмоқда. Бундан ташқари, Африка чўлларида чигирткалар тўдаларининг сони ва жойлашувини аниқлаш учун, масалан, олимлар НАСА сунъий йўлдошларидан олинган маълумотлардан фойдаланадилар. Сунъий йўлдошлардан олинган маълумотларга кўра, ердан ва осмондан туриб 18 миллион км2 майдонда кенг кўламли тадқиқотлар ўтказиш мумкин.
Яна бир мисол тариқасида Американинг Нью Ингланд ҳудудидаги чигирткалар ҳақидаги тадқиқотларга мурожаат қилайлик.
Бу чигирткалар 17 ёшга тўлганларида роса май ойида узоқ йиллар яшаган тупроқ остидаги қоронғу ёриқлардан ташқарига - тупроқ устига чиқадилар. Агар инсонларга: «Сизларни қоронғу бир жойга бекитамиз. Сизнинг соатингиз бўлмайди, ташқи дунё билан алоқа қилмайсиз ва 17 кундан кейин ҳаммангиз биргалиқда ташқарига чиқасиз», десангиз шуниси аниқки, айрим кимсалар 17 кунлик муҳлатни ҳам тўғри тахмин қилолмайди. Дунёда вужудлари қабрга қўйилган инсонларнинг охиратда ҳаммаларининг бирданига тирилтирилишларига бундан гўзал мисол борми? Қисқаси, чигиртка ва инсонлар бир-бирига ўхшаган шаклда тупроқ остида узоқ вақт яшагандан сўнг ҳаммалари бирданига ер юзига чиқадилар.
Қуръонда келтирилган бундай нозик таққослаш, Қуръон нозил килинган даврда, 7-асрда одамлар учун мавжуд бўлмаслиги мумкин бўлган билимларни талаб қилади, чунки ўша даврда ҳатто энг ибтидоий тадқиқот технологиялари ва илм - фан ҳам йўқ эди, бу бизга яна бир бор тасдиқлайди: Қуръон ҳақ, ваҳий ҳақдир.
Абу Муслим тайёрлади