Айниқса Қримнинг Россия томонидан очиқчасига босиб олиниши ва унинг ортидан Европа марказида (Украинада) янги урушнинг бошланиши ҳамда Ироқ ва Сурия ҳудудида янги давлат қуришга бўлган интилиш эски дунё тартиботи таназзулга учраётганини кўрсатиб турибди. БМТ дунё тартиботини ўрнатишда ва ўзаро келишув асосидаги сиёсатни жорий этишда аллақачон лаёқатсиз бўлиб қолаётгани ҳам барчага маълум бўлмоқда. Мазкур ташкилот кўргазма учунгина амал қилаётган тизимга айланиб қолаётгандек, гўё. Косоводаги урушдан бошлаб “жаҳон ҳамжамияти” тушунчаси дунё гегемони ва “ҳокими" бўлган АҚШ ва унинг атрофидаги “вассаллар” коалициясининг баландпарвоз гапларидан иборат бўлиб қолди. Бироқ, 2014 йилда жаҳон ҳамжамияти унинг томонидан тан олинганлар бир томон, олинмаганлар яна бир томон бўлиб, жанговор кучларни бошқаришда бирваракайига икки томонлама ўзининг ношудлигини кўрсатди. Яқин келажакда инсоният тараққиётини белгилаб бериши кутилаётган глобаллашув тренди эса нафақат ўз чегараларига эга бўлган ва тан олинган миллий давлатлар, балки қуролли кучлар ёрдамида сунъий равишда ташкил этилган, жаҳон ҳамжамиятини қўрқинчли махлуқ сифатида кўрадиган квази-давлатлар олдида ҳам ўз аҳамиятини йўқотмоқда.
Яқин кунларгача АҚШ гегемон давлат сифатида ўзининг тинчлик, тартиб-интизоми билан тартибсизликларга кучи ва қудрати билан қатъий барҳам бериш ниятида эди. Бироқ у ўзининг ҳарбий салоҳияти билан қаерга кириб бормасин, ўша ерда ҳақиқатдан ҳам миллий барқарор ҳукумат ташкил топмади. Энди у қандай қилиб бундай натижага ҳарбий ҳолатдаги Ғарб ва Шарқда эришмоқчилиги тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Бу сафар Америка томонидан тайёрланган қўғирчоқ ҳукумат амалда ҳар томонлама ўзини тартибсизликни назорат қила олмаслигини намойиш этмоқда. Юзага келган муаммони эса аввалги тизим билан бартараф қилишга ҳаракат қилинмоқда. Россия ҳам ҳудди ўша тасвирнинг фақат биринчи босқичини эслатади. Путиннинг Қрим масаласидаги қараши ҳудди Саддам Ҳусайннинг Кувайтга, Милошевичнинг Боснияга нисбатан фикрларига ўхшаб кетади. Айни шу воқелик юзасидан бизда бир неча савол туғилади. Ҳусайн ва Милошевич билан албатта бундай ҳолатда бир неча йиллар кетганлигини инобатга олган ҳолда, дунё ҳамжамияти уни ўзининг тартиб-интизомига бўйсундириб, кетишга мажбур қила оладими? Ёки Путин ҳукумати ағдарилган тақдирда, унинг ўрнига келажак Американинг қўғирчоқ ҳукумати остида Ҳусайндан кейинги Ироқнинг ҳолати юз бермасмикин?
Дунёнинг етакчи мамлакатлари (гегемонлари)нинг сиёсати бугунги кунда нимага қаратилган? Ўзининг пешқадамлигини дунё тартиботини ушлаб туриш орқали сақлаб қолишга энди эриша олмаслиги маълум бўлиб қолди. Энди бу Америка раҳнамолигининг янги стратегияси дунёда хаосни яратиш ва уни назорат қилиб туришдан иборат бўлади, деганими? АҚШ буни назорат қилиб туришга қодирми? Ахир Фергюсондаги воқеалар ва унга Америка жамиятининг муносабати бошқа давлатлардаги давлат тизимларини палапартиш қилиб ташлаётган қарама-қаршиликлардан улар ўзларининг ҳам ҳимояланмаганини кўрсатиб қўйди-ку. Мана шу барча жараёнларнинг ривожланиши оқибатида инсоният қай аҳволга тушиб қолади? Бу саволларга кимнингдир аниқ жавоб бериши жуда мушкул, аммо ҳаракат қилиб кўришга арзийди. Аммо унинг нақадар аниқ бўлишига қарамай, бир нарса ҳозир жуда яққол кўриниб қолди, яъни охирги йигирма йилда жуда кўп бора кузатилган глобаллашув ва унинг барча агентларининг давлат суверенитетлари устидан ғалаба қилиши ҳақидаги башоратлар жуда барвақт жаранглаган эди.
Миллий давлатлар ва уларнинг йўқ қилиниши
Дунё тартиботи қайси тарафга қараб ўзгараётганини яхши англаш учун у яқин орагача қандай бўлганини билиш керак бўлади. Умуман олганда, гап дунё ҳамжамияти тузумлари ва конвенционал миллий давлатлар ҳақида бормоқда.
Конвенционал миллий давлатлар бу суверен миллат бўлиб шаклланган, бироқ ўзининг тадрижий (эволюцион) аломатларини йўқотган ва тараққиётда постмиллий ривожланиш босқичига ўтган давлатлардир. Бу ерда гап нафақат постмиллий давлат ҳақида, балки, кўпроқ, постмиллиий постдавлат ҳақида бормоқда, бошқача қилиб айтганда, ўз тузумига мос олдинги миллий давлатлар ҳақидадир. Бироқ баҳсга киришдан олдин “миллий давлат”нинг ўзи нима эканини аниқлаштириб олишимиз керак. Лекин, бундан аввал миллий давлат аввалида қандай бўлганлигини ҳам аниқлаштириб олиш керак бўлади. Шундай қилиб, миллий давлат бу ўзини миллат деб атовчи ижтимоий ташкилотнинг маълум бир ҳудудда ўзининг мутлақ суверенитетини жорий қилишидир. Миллат суверенитети нафақат сиёсат ва ҳуқуққа, балки маданият, дин ва иқтисодиётни ҳам ўзига қамраб олади. Ҳеч нарса ундан устун тура олмас, ҳеч нарса уни чеклаб қўя олмас. Миллий давлатлар тизимида бунинг акси зулм тури деб қабул қилинади ва бунга қарши миллий кураш олиб борилади. Янги дунё тартиботи шаклланаётган бир даврда суверен мамлакатлар тизими ўзаро шартномалар ёки урушлар туфайли ўрнатилган муносабатлар қуйидаги йўналишлар бўйича нурашни бошлайди.
Ҳуқуқий суверенитет – миллий қонунга нисбатан халқаро ҳуқуқ устувор бўлади, хусусан, инсон ҳуқуқларига оид меъёрлар ва тегишли халқаро маҳкамалар доирасида қабул қилинган ҳужжатлар.
Сиёсий суверенитет – миллий сиёсий тузум халқаро сиёсий органлар белгилаб берадиган асос ва қадриятларга бўйсунади: БМТ, ЕХҲТ, Европа Кенгаши ва ҳоказолар.
Маданий суверенитет – миллий маданиятларни глобал маданият аста-секин сиқиб чиқаради, у эса, ўз навбатида, янги урф, хулқ-атвор, аҳлоқ ва қадриятларни белгилаб беради.
Демографик суверенитет – халқаро тузулмаларга интеграциялашув муҳожирлар учун нафақат чегараларни очиб беради, балки олдинлари суверен миллий давлатларда мавжуд бўлган уларга таъсир қилиш воситаларидан ҳам маҳрум қилади.
Иқтисодий мустақиллик эса, моҳиятига кўра, барча баён этилган жараёнларнинг асосидир. Миллий иқтисодиётлар жаҳон меҳнат тақсимоти ва бозорларида ўз ўрнини эгаллаган ҳолда ҳақиқатан жаҳон иқтисодиётининг ажралмас қисми бўлиб шаклланди. Барча мамлакатлар монетар тизимининг олтинга боғлиқлигининг бекор қилиниши ҳамда “олтин-валюта заҳиралари” тизимига ўтиши муносабати ила у глобал миқёсдаги молиявий тизимнинг ҳосиласига айланмоқда.
Аслида, мана шу барча жараёнлар футурологларнинг миллий давлатлар борган сари уйдирмалар оғушига кириб боради, деб хулоса қилишига олиб келди. Шундай бўлса-да, глобаллашувнинг энг яхши даврлари учун ҳам бундай тахминлар ўта дадил саналади. Бунинг сабаби шуки, жаҳон иқтисодиёти бенефициарлари унинг ютуқларидан кенг фойдаланганлари ҳолда, бутун ижтимоий вазифалар миллий давлатлар зиммасига юклаб қўйилган. Улар ўртасидаги чегараларни буткул йўқотиш ривожланган давлатлардаги “имтиёзли” яшаш даражасини қулатган ва глобал миқёсда ижтимоий сиёсат ўтказишни талаб этиш имконини берган бўлар эди. Лекин трансмиллий компаниялар (ТМК) глобаллашувни иқтисодий тарафдан мустаҳкамлаган ҳолда, бундай ўтишга умуман интилмадилар ёки бунга тайёр эмасдилар. Шу туфайли, бир томондан ўз аҳолиси олдида ижтимоий мажбуриятларни бажарувчи ва, иккинчи томондан, уларни жаҳон бозори ва дунё тартиботининг у ёки бу бўғимига бириктириб қўйувчи миллий давлатларнинг конвенционал муросасиз тизими ўрнатилди.
Чинакам глобаллашув эса йирик капитал, ОАВ, илмий ишлаб чиқариш бирлашмалари (ИИЧБ), ижтимоий тармоқлар, юқори малакали ва катта миқдорда иш ҳақи оладиган мутахассисларнинг мулкига айланди.
Ислом ва глобализм тренди
Мусулмонларнинг ушбу дунё тартиботидаги ҳолатига мурожаат қиламиз. Уни мусулмонларнинг халифалик ва гибрид колонизациялаштириш-деколонизациялаштириш тугаганидан кейинги Ислом дунёсида шаклланган конвенциявий (анъанавий) миллий давлатлардаги ҳолатига ва Ислом дунёсининг чегараларидан ўтиб, ташқи дунёни ўзлаштиришни бошлаётган мусулмонлар ҳолатига аниқ тарзда ажратиш мумкин.
Иккинчисидан бошлаймиз. Айнан шуларнинг орасида глобаллашувни исломлаштиришнинг йўлбошчиси ва исломлаштиришни глобаллашувнинг йўлдоши сифатида тушуниш пайдо бўлди. Мос равишда, бир жойдан бошқа жойга кўчиш эркинлиги, кўп маданиятлилик (мультикультурализм), ННТ (нодавлат нотижорат ташкилотлари ёҳуд, бошқача айтганда, НҲТ – ноҳукумат ташкилотлари)нинг ривожланиши, давлат суверенитетининг чекланиши ҳамда миллий маданиятлар ва жамоаларнинг ўзаро аралашуви (диффузия) каби унинг барча трендлари фақат ижобий тарзда қабул қилинади.
Ислом дунёсига мансуб бўлмай, халқаро меъёрларга асосан фаолият олиб борадиган давлатлар сарҳадини ушбу йўналишдан келиб чиққан ҳолда ўзлаштириш имкониятлари аён бўлиб қолди. Мазкур имкониятлар эса бундай жараён агентлари орасида нафақат миллий, балки давлатга оид сиёсий фалсафани ҳам шакллантирмоқда. Глобализация йўналиши доирасида фаолият юритадиган миллий-сиёсий уюшмалар мажмуи сифатида чиқадиган Ислом дини – давлатга оид сиёсий фалсафа асоси саналади.
Бошқа томондан, конвенциявий миллий давлатларни енгишга бўлган талаб Ислом дунёсида вужудга келган эди, бироқ бу ерда у бошқа омиллар билан белгиланган. Пост- ёки қайсидир маънода нео-колониал тизимнинг маҳсули сифатида вужудга келган бу сунъий, яъни икки карра конвенциявий давлатлар (араб эмас, бироқ Ироқ, Сурия, Либия ва ҳоказо) Ислом тамаддуни ўзига хослигининг ташувчилари бўлган маконлар ва одамлар оммасининг тараққиётини таъминлай олмасдилар. Лекин, глобаллашувнинг бошида турган мусулмонларда пост-миллий ва пост-давлат Ислом фалсафаси ривож топган бўлса, Ислом дунёсининг ичида эса миллий давлатга Ислом нуқтаи назаридан қаршилик қилган кучларда миллийдан устун бўлган давлатга эҳтиёж вужудга келди (хоҳ Ислом иттифоқи бўлсин, хоҳ унитар халифалик).
Ўз навбатида, кўзланган Исломга нисбатан ташқи дунёда исломлаштириш стратегиясининг қўшалоқ стандартлари, яъни мусулмонларнинг бирлашувга ҳамда ўзларининг исломий доирасини ўзгалар учун ёпишга интилган ҳолда янги маконларни аввалига тинч йўл билан, кейинчалик эса Ислом жамоасига қўшиб, ўзлаштиришни кўзлашлари тўғрисида таассурот юзага келди. Аслида, кимнингдир режалари ва реал таассуротларидан мосуво бу каби стратегияни амалга оширадиган субъект йўқлигидан ташқари, барча миллатлар учун умумий Исломий давлатни барпо этишга интилувчи глобаллашув тарафдорлари исломий нодавлат ташкилотлари, мусулмонлар миллий ҳамжамиятлари ва кучлари вакиллари ўртасида бирлик йўқ. Боз устига, уларнинг ҳаммаси бири-бирига ихтилофда, бири-бирига душман бўлган кўплаб майда фирқаларга бўлинмоқдалар, ёҳуд уларни усталик билан бўлишмоқда.
Ислом хавф сифатида
Халқаро сиёсатнинг етакчи ўйинчилари исломий омилни кўп жиҳатдан ўзларига хавф деб биладилар. Агар Ислом оламининг ўзи ҳақида гапирадиган бўлсак, сабаблар иккита: мафкуравий ва прагматик. Мафкура нуқтаи назаридан, мусулмон мамлакатларида кутилаётган шаръий бошқарув, ижтимоий тузилиш асослари, кўп жиҳатларига кўра, ҳозирги мавжуд дунё тартиботи меъморлари тарафидан ўзларича умуминсоний дея эълон қилинган ва шунинг учун ҳам барча мамлакатлар учун мажбурий ҳисоблайдиган асосларига унчалик ҳам тўғри келавермайди. Шу вақтнинг ўзида, дунё тартиботининг реал етакчиси, биринчи навбатда, АҚШ, ўзининг прагматик манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, бундай номутаносибликка кўзини юмиши мумкин, айниқса Саудия Арабистони ёки Бирлашган Араб Амирликлари каби ўз иттифоқчилари ҳақида гап бораётган бўлса. Прагматик нуқтаи назардан, Америка исломий омилдан ҳам кўра бошқа нарсадан хавфсирамоқда, яъни айнан бирлашган Ислом олами унинг таъсиридан чиқиб кетиши ва унга нисбатан рақобатчига айланишидан. Бу эса, амалдаги дунё тартиботининг вайрон бўлиши демакдир. Мазкур дунё тартиботининг Европа ва Осиё қитъаларида жойлашган етакчи бошқа ўйинчилари ҳам ўз таркибларидаги ёҳуд ўз ҳудудларида яшовчи туб мусулмон аҳолининг ерларига бирлашган Ислом дунёси даъво қилишидан хавотирдалар.
Тобора глобаллашиб бораётган ва кўп маданиятли дунё замирида Исломнинг исломий бўлмаган юртларга кириб келиши қандай аҳамият касб этмоқда? Исломнинг айримлар томонидан ўйлаб топилган “хавфи” мусулмонлар пайдо бўлган ерларда исломофоблар томонидан сунъий равишда бўртирилади. Аксарият аҳолиси мусулмон бўлмаган мамлакатларда яшовчи мусулмон жамоаларида бу ҳолатда уч хил қараш юзага келади. Биринчиси – Ислом дини ва унинг қонун-қоидаларига асосланмаган ҳудуд ва жамиятда туғилиб, Исломни ўзининг иймон-эътиқоди билан қабул қилган ва янги мусулмон бўлган. Иккинчиси – мусулмонлар учун Ислом қоидалари ўз хоҳишларига кўра мажбурий бўлган ва давлатнинг мусулмонлар ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган қонунлари йўқ. Учинчиси – мусулмонлар қатъий назорат остида ёки бутунлай мусулмонлар яшашга ҳаққи йўқ. Бу гуруҳда мусулмонлар мусулмон бўлмаган юртдан Ислом давлатларига чиқиб кетишлари ёки улар Ислом мамлакатларига қарши душманлик кайфиятини шакллантириш учун қолишлари мумкин.
Амалиётда эса, ўзининг истакларидан ташқари, биринчи ва иккинчи гуруҳлар учинчи гуруҳга қарамдир, у эса, ўз навбатида, субъективлик ва бирликка интилаётган ноисломий дунё тартиботи марказларининг геосиёсий тўқнашувларига боғлиқдир. Буларнинг ҳаммаси биргаликда ҳар қандай фаоллик ва мусулмонларнинг даъволарини ягона исломофобик тренд билан бутун дунё тартиботига ва, хусусан, анъанавий миллий давлатчиликка хавф дея қаралмоқда.
Дунё тартиботининг вайрон бўлиши ва ҳудудий мамлакатларнинг қайтиши
Бироқ, дунё тартиботининг “инқирози”га фақат Ислом омилигина сабаб эмас. Унинг асосий муаммоси дунё тизими ва анъанавий миллий давлатлар ўртасидаги алоқаларнинг юзакилиги ва мустаҳкам эмаслигидир. Дунё тизими анъанавий миллий давлатларни шундай ҳолатга солдики, унинг таркибида бўла туриб, ўзи сабаб бўлаётган муаммоларни миллий давлатлар даражасидаги алоқалардаги муносабатларни самарали ечиш реал бўлмай қолди. Жаҳон тизими тугалланган шаклга эга бўлиши учун дунёнинг сиёсий жиҳатдан шаклланиши талаб этилади, ана ўшандагина, ҳатто, миллий қолоқ давлатлар ҳам тугатилиб, улар жаҳон давлатининг бўлаклари – вилоятларига айланиб қоладилар. Бироқ, айни ўша фурсатда бу каби ўзгаришлар (трансформация)га инсоният тайёр эмаслигини намоён этиб қўяди. Буларни амалга ошириш воситаси сифатида на куч-ғайрат ва на лойиҳалар борлиги кузатилмаяпти. Аксинча, жаҳон тизими ва унга боғлиқ бўлган миллий бўғинларнинг инқирозга юз тутиши оқабатида миллийлик ва дин каби алоҳида омилларнинг аҳамияти ўсиб боради. Шу туфайли, гўё ўтмишда қолиб кетиши керак бўлган тўқнашув ва урушлар сони ҳам, аксига олиб, ўсиб бормоқда.
2008 йилда бошланган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозидан кейин жаҳон тизимининг кучсиз бўғинлари бўлиб қолган, бироқ ўша пайтда етарли даражада аҳамиятли конвенционал миллий давлатлар ҳисобланган Либия ва Суриянинг ҳалокатга учраши бошланди. Бу жараён Ислом дунёсида бошланди, тўғрироғи, уни ташқи кучлар бошлашди, лекин, бир томондан, Ислом дунёсини буткул қамраб олмади, иккинчи томондан, у билан чекланмади ҳам. 2014 йилда классик конвенционал давлатнинг аввалги шаклида бўлган ва Европанинг марказида жойлашган давлат – Украина инқирозга юз тутди. Шуниси аҳамиятлики, ўз геоиқтисодий йўналишини ўзгартиришга уриниш инқирознинг сабаби бўлди (ЕИга қўшилишга уриниш). Бугунги кунда ўз давлатчилиги учун курашаётган Украина классик миллий давлатчилик учун хос бўлган қонли йўлдан кетиб бормоқда ва унинг чегаралари конвенционал чизиқлар бўйича эмас, фронтларнинг жойлашуви бўйича ўтмоқда. Қўҳна конвенционал Украинанинг инқирози билан бир вақтда, Америка томонидан Саддам Ҳусайн ағдарилгач қайта форматланган конвенционал Ироқ ҳам омонат қоғоз уй каби сочиб юборилди.
Иккала ҳолатда ҳам собиқ анъанавий давлатларнинг инқирози ва қулашида бир қатор умумий ва муҳим жиҳатлар бор. Улар, олдиндан тахмин қилинганидек, табиий равишда парчаланиб кетмади. Ироқда ҳам, Украинада ҳам бу давлатларни қайта шакллантириш учун маҳаллий кучлардан ташқари халқаро кучлар ҳам жанг қилмоқда. Ироқда бу нарса Ироқ ва Сурияни бирлаштирувчи суннийлар лойиҳаси ҳамда Ироқ ва Эронни жамлайдиган шиалар лойиҳаси кўринишида юз бермоқда. Украина масаласида эса, бир томондан, "рус дунёси"ни ифодалайдиган халқаро лойиҳа ва, иккинчи томондан, миллий давлатчиликни ҳимоя қилиш ҳаракати ҳамда Интермариум, Болтиқ-Қора денгиз каби иттифоқларни тузишга ҳаракат қилаётган халқаро лойиҳалар тўқнашуви кузатилмоқда. Чунки, дунёдаги етакчи давлатлар миллий ҳис-туйғуларга асосланган давлатларда ўз таъсирини олдингидек сақлай олмай қолди. Натижада улар ушбу давлатлардаги ўзаро рақиб кучларнинг бирини қўллаб-қувватлаяпти, ёки уларнинг ўртасида уруш чиқаряпти.
Умуман олганда, бир қатор анъанавий миллий давлатларнинг вайрон бўлиши ва бошқа бир қатор мамлакатларнинг инқирозга юз тутиши уларнинг дунё тартиботи учун мустаҳкам унсур сифатида хизмат қилишини шубҳа остига олади. Бундай давлатларда анъанавийлик қанчалик кўп кузатилса, улар алғов-далғовлик шароитларида шунчалик заиф ва геосиёсий жиҳатдан ҳам кам яшовчан бўлади. Аксинча, улар ўз манфаатларининг ҳимояси ва геосиёсий талашувда қанчалик иштирок этса, шу даражада ўз анъанавийлигини йўқотиб бораверади.
Эски дунё тартиботининг вайрон бўлиши ортидан давлатнинг аҳамияти янада ошиб бориши ҳам маълум. Бироқ, бу ерда гап нима ҳақида бораётганини тушуниш керак.
Барча дунё тизимида Корея Халқ Демократик Республикасидан ташқари бошқа бор конвенционал давлатлар дунё иқтисодиётининг сегменти ва агентидир. Унинг глобал интеграциялашганлигининг бузилиши ва ёпиқликка олиб келиши, Лист бўйича, де-глобаллашув тренди доирасида мантиқан тўғри бўлар эди. Аммо воқеалар ривожи шу тарзда бораётганини кўрсатувчи битта ҳам аломат йўқ. Конвенционал доирадан чиққан Россия дунё иқтисодиётининг юқори интеграция қисми бўлиб қолмоқда: унга катта иқтисодий босим қилинса ҳам, уни бутунлай чиқариб юборишмоқчи эмасга ўхшайди. Ироқдаги ҳолат ҳам шунга ўхшаш: у ерда дунё ОАВлари тарафидан ёвуз қилиб кўрсатилаётган ва ўзини "Ислом давлати" деб атаётган ўша жиноий гуруҳ нефть экспортини давом эттирмоқда, АҚШ доллари эса улар назорат қиладиган ҳудудларда муомалага рухсат этилган. Шу ўринда айтиш жоизки, мазкур икки қайноқ нуқталарни бирлаштириб турган нарса шуки, ҳатто урушиб турган тарафлар ўзаро иқтисодий муносабатларини ҳали-ҳамон сақлаб туришибди.
Жаҳон иқтисодиёти инқироз кўчасида. Бунинг таъсирида эса унинг минтақавий сегментлари сиёсий тарафдан заифлашмоқда. Бироқ, шундай бўлишига қарамай, унинг битта ҳам реал ва жиддий сиёсий ўйинчилари глобал иқтисодий воқеликни ўзгартиришга шошилаётгани йўқ. Шунинг учун, олдинги миллий давлатлар тизими қайтаётгани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, чунки бу нарсалар ўз асосидан анча узоқлашиб кетгани бунга йўл бермайди.
Жаҳондаги иқтисодий боғлиқлик сақланиб қолиши билан бир вақтда, тобора йириклашиб бораётган алоҳида бўлакларнинг сиёсий мустақилликка ва ажралиб туришга бўлган интилиши яққол кўринмоқда. Жаҳон иқтисодиёти умумийлигича қолмоқда, аммо аксарият минтақаларда вестфаль тизимининг «ҳокимият кимнинг қўлида бўлса, динга ҳам ўша эгалик қилади» тамойили тобора зўрайиб бормоқда. Гап диний амалларни ўргатиш тизими сифатидаги дин ҳақида эмас, балки сиёсий дин, яъни давлатни сиёсий жиҳатдан оммавий муқаддаслаштириш усули ҳақида бормоқда.
Бу, аслида, классик модерндан келиб чиққан миллий давлат бўлиши шарт дегани эмас. Бугун кузатиб турган нарсамиз эса модерннинг вайрон бўлиши ва постмодерндан сўнгги юз бериши керак бўлган ўзгаришнинг қотиб қолиши оқибатидир. Ва, ўз моҳиятига кўра, ички сабабларга кўра юзага келган муносабат бўлгани учун ҳам у турли хил кўринишларда юзага чиқиши мумкин. Миллий, минтақавий ёки диний давлатларнинг – охир-оқибатда унинг қадри маълум бир ҳудудни самарали равишда назорат қилиши ва унда тартиб сақлаши билан белгиланади. Шунинг учун ҳам биз ҳудудий давлат ҳақида гапирганимизда маълум бир сиёсий бирликнинг у ёки бу ҳудудни назорат қилишини ифода қилган бўламиз.
Исломий истиқболда ҳудудий давлатлар ўрни
Инқироз ва дунё тартиботи ўзгараётган бир даврда омон қолишга интилаётган давлатлар ўз анъанавийлигидан ҳудудий давлатларнинг омон қолиш устига қурилган сиёсий бир шаклга айланишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Ўзгариш даврида ҳам булар жаҳон иқтисодиётига боғлиқ бўлиб туради, агар жаҳон иқтисодиётининг ўзи бутунлай коллапс ҳолатига тушиб қолмаса. Сиёсий жиҳатдан улар ўзларида ватанпарваликни ривожлантирадилар, баъзи ҳолатларда эса бу сиёсий дин шаклига айланиши ҳам мумкин.
Ислом динига амал қилиб яшайдиган мусулмонлар воқеаларнинг бундай ривожида қийин вазиятга тушиб қолишади. Мусулмон бўлмаган давлатлар Исломни ўзларининг сиёсий динларига таҳдид сифатида кўриб, маҳаллий мусулмонлар бунинг аксини исботлашга ҳаракат қилишса ҳам, уларни инкор қилишади. Бир қатор мусулмон давлатлардаги диктаторлар сиёсий жиҳатдан ўйнаб турган Ислом оламида ўзларининг бойликларини сақлаб қолиш учун Исломдаги баъзи қоида ва рамзлардан ўзлари ишлаб чиққан “секуляр” (дунёвийликка асосланган) сиёсий динларида фойдаланишга ҳаракат қилишади. Бир қатор мусулмон мутафаккир ва даъватчилар қайд этишадики, Исломнинг кучли томони унинг янги давлатчиликни шакллантириш хусусиятидир.
Бу фикрнинг ривожланиши мусулмонларни жамият ҳаётини исломийлаштириш ғояси атрофида жипслашишга, мусулмонлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга асосланган, фуқаролик жамиятига мос ташкилотлар, ноҳукумат ташкилотлар тузишга даъват қилишда ўз аксини топади. Глобаллашув даврида бундай ёндашув икки карра фойдалидир. Чунки бу каби ноҳукумат ташкилотлар миллий ҳукуматларга фақат қуйидан - ўз давлати доирасида таъсир қилиб қолмай, балки юқоридан - давлатлараро бирдамлик ва босим ўтказиш йўли билан ҳам иш олиб бориши мумкин. Лекин буларнинг барчасига муайян давлат Исломга қарши душманона кайфиятдаги сиёсий ақидага амал қилмаган вазиятдагина имкон бўлади. Акс ҳолда, ҳар қандай исломий фаоллик давлатда у ёки бу даражада мавжуд бўлган қаттиқ қаршиликка учрайди. Ундан ташқари, глобаллашув бўлмаган даврда таъсири муайян давлат ҳудудида чекланган ноҳукумат ташкилотларнинг фаолияти глобаллашув шароитида муайян ҳудудлар, чегаралардан ташқарига чиқиб кетади. Бу эса уларнинг кучли томони саналади.
Бундай шароитда мусулмонларнинг ўз давлати ёки давлатлари ҳудудида хавфсизлик кафолатига эга бўлишга интилишлари мутлақо қонунийдир. Бироқ, бу ҳолатда бир қатор жиддий саволлар туғилади. Энг аввало, “Ислом давлати” дегани нима ўзи? Бу борада учта асосий нуқтаи назарни қайд этиш мумкин.
Биринчиси, сўнгги Ислом давлатчилигидан келиб чиққан ҳолда, бу масалада асосийси – мазмун, кўриниш эса муҳим эмас, дея, бу тушунчани умуман шубҳа остига олади. Бу маънода ҳар қандай адолатли давлатни “исломий”, дея ҳисоблаш мумкин, исломий меъёр ва тамойилларга келсак, жамият уларга онгли ва ихтиёрий равишда амал қилиши керак бўлади. Айтиб ўтилганидек, бундай мавқеъ мусулмонлар бир қисмининг глобаллашувнинг воқелиги ва имконияти англаб етишидан келиб чиққан. Бироқ, де-глобаллашув кўзланаётган шароит бўлган айни пайтда унинг амалга оширилиши ўз позицияларини йўқотиб бораётган анъанавий (конвенционал) давлатлардан фарқли ўлароқ мобилизациялашаётган ҳудудий давлатлар ўз жамиятларида сиёсий динларни тиқиштирмоқда. Бундай вазиятда норасмий Исломнинг фуқаролар жамиятида ўз ўрнига эга бўлиши ёки ундаги роли анча чекланади.
Иккинчи нуқтаи назар биринчисига бутунлай қарама-қарши бўлса ҳам, аммо, қайсидир маънода, у билан амалий хулосаларда ўхшашлиги ҳам бор, айниқса, бугунги кунимизда ҳақиқий исломий давлат мавжуд эмаслиги борасида. Агар биринчилари асл тушунчанинг ўзини эскириб қолганлигини илгари сурса, иккинчилари унга шундай талабларни қўймоқда-ки, мазкур талабларга бугунги биронта мусулмон давлати жавоб бера олмайди.
Бу ерда гап мутлақо “соф Ислом”га асосланган Ислом давлатининг мафкуравий концепцияси ҳақида кетмоқда. Гап фақат шариат қонунларини татбиқ этиш ҳақида кетмаётганини англаб етиш лозим. Мисол учун, Саудия Арабистонида ва Кўрфазнинг бошқа мамлакатларида, Брунейда ҳамда қатор бошқа давлатларда Ислом шариати кўзда тутувчи амр ва таъқиқлар мажбурийлигидан ташқари, кўп турдаги жазолар ҳам шаръий бўлиб қолмоқда. Шунга қарамай, “чинакам Исломий давлат” тарафдорлари учун бу мамлакатлар “куфр диёри” бўлиб қолмоқда. Бунинг асосий сабаби шундаки, мазкур давлатлар қонунчилигини танқидий назар остига олинса, уларда шариатга хилоф бўлган қонунлар ҳам борлигини кўриш мумкин. Бу эса қонунчилик ва бошқарув масалаларида очиқ-ойдин “Аллоҳ таолога ширк”, дея эълон қилинмоқда.
Шу ўринда, Ислом умматининг сиёсий тарихида соф Ислом давлати қандай тасаввур қилинганлиги ҳақидаги саволни ўртага ташлаш керак. Гап дунёвий миллий ва халифаликдан кейинги қироллик асосида барпо қилинган давлатлар (монархия) ҳақида эмас, балки айнан халифа ва амирлар даврида улар қандай бўлганлиги ҳақидадир.
Охирги босқичлардан олдингисига қараб юрсак, шу нарса кўринадики, бир минг беш юз йилнинг олти юз йилида том маънодаги исломий давлат мавжуд бўлмаган. Усмонийлар халифалиги ҳам нафақат сўфийларга ҳомийлик қилгани, балки Султон Сулаймон Қонуний давридан бошлаб шариат эмас, балки "ўйлаб топилган" қонунларга амал қилгани учун бундай ҳисобланмаган. Булар Андалусдаги анча кам танилган амирликларга нисбатан мустақил давлатлар эмасмиди? Бу саволга жавоб бериш учун бугун Саудия Арабистони, Покистон, Бруней ва бошқа давлатларга нисбатан қилинаётган муомалани кўриб чиқиш керак. "Ҳақиқий ислом давлати" тарафдори Ибн Таймия ўз вақтида Исломни қабул қилиб, ўзларининг қадимий қонунлари — "Ясоқ"қа амал қилган Олтин Ўрда мўғулларини динга ишонмасликда айблаган. Худди шундай, 18-асрдаги Нажд олимлари ва амирлари Усмонийларни динсизликда айблашган.
Татарларгача нима бўлган эди? Татарларгача Аббосийлар халифалиги мавжуд эди, бироқ уни соф исломий давлат деса бўлармиди, яъни мазкур ғоя тарафдорлари айнан шу давлатни мисол ва намуна қилган ҳолда ҳозирги ҳукмдоларга баҳо бера олишадими? Аббосийлар олдинги ҳокимиятни тўнтариш оқибатида иқтидорга келишган ва, бунинг устига, Уммавий хонадонининг Андалусияга қочган баъзи оила аъзоларидан бошқа деярли барча аъзоларини қириб ташлаган. Бу сулола ҳукмрон бўлган даврнинг аксар қисми қатағон асосида ўтган. Нафақат оддий мусулмонлар балки, ҳатто аҳли сунна вал жамоанинг кўзга кўринган имомлари – мазҳаб асосчилари ҳам қатағон қурбонларига айланишган. Имом Молик (раҳимаҳуллоҳ) Аббосий халифанинг шариатга зид қарори (талоққа оид)га норозилиги, имом Аҳмад ибн Ханбал эса ўша вақтдаги расмий эътиқод масаласига норозилиги учун жазога тортилган. Умуман олганда, Аббосийлар ҳукмдорлиги даврида халифалар ўзлари таянган ҳарбий лашкарбошилар ва вилоят волийларининг ваколатларини жуда кўтариб юборганлар. Бу каби сиёсат, бир томондан олиб қараганда, уларни кучайтирган бўлса, бошқа тарафдан, маҳаллий ҳокимлар шариатни писанд қилмай, халққа зулм ўтказиб, оғир солиқларни солишган, ғанимларини жазога тортишган.
Умуман олганда, Уммавийлар сулоласи ва кўплаб мусулмон давлатларнинг исломий тарихида катта ўрин эгаллаган яккаҳокимлик асосидаги давлат бошқаруви шариатга асосланмаган эди. Бир қатор мусулмон ҳуқуқшунослар бу бошқарув тизими Исломга зид келмайди, деб ҳисоблашади. Бироқ, ушбу тизимнинг келиб чиқиши қизиқ — у шариат асосларига эмас, сиёсий келишувлар ва урф-одатлар устига қурилган.
Мана шу ўзига хос сиёсий келишувларнинг ўзи иккинчи халифа Умар розияллоҳу анҳу томонидан ишлаб чиқилган бир қатор қонун ва муассасалар билан изоҳланади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан мавжуд бўлиб келган қоида — янги эгалланган ерларни ғозийлар ўртасида тақсимлашни тўхтатиб, бунинг ўрнига уларни жамоат мулки қилиб белгилади, мунтазам армия тузди, хазинадан маош оладиган бошқарув идораларига асос солди. Ушбу маъмурий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг барчаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида шаклланган жамоат тартибини ўзгартирди. Шиалар киритилган бу янгиликларни Умар розияллоҳу анҳунинг айби деб билишади. Суннийлар учун эса бу амалларнинг шариатга мослиги жаноби Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан собит бўлган: "Менинг ва мендан кейинги тўғри йўлдаги халифаларимнинг суннатига амал қилинг". Бироқ тўғри йўлдаги халифаларнинг ўзларига хос мақомларини инкор қилмаган ҳолда айтиш керакки, Умар розияллоҳу анҳу амалга оширган маъмурий ислоҳотлар шундай табиатга эга эдики, бошқа мусулмон ҳукмдорларнинг маъмурий-ҳуқуқий муассасалари ривожланиб боргани сари янги муаммолар юзага чиқа бошлади.
Шу сабабли, “соф шариат”га асосланган давлат тушунчасининг Ислом тарихи воқелиги билан тўқнашувларга ҳам дош бера олмаётганини қайд этишга тўғри келмоқда. Боз устига, агар унга [концепцияга] таяниб иш кўриладиган бўлса, ушбу ғоянинг энг ашаддий тарафдорларини ҳам куфрда айблаш мумкин бўлади. Мисол учун, Ироқ ва Суриядаги ўзини “Ислом давлати” деб атаётган ўша жиноий тузилмада мусиқа, сигарета, аёлларнинг очиқ юз билан жамоат жойларида кўриниши тақиқланган, ҳолбуки, уламоларнинг ҳаммаси ҳам буларни ҳаром деб ҳисобламайди. Бундан ташқари, шариат тақиқлаган судхўрлик транзакцияларининг маҳсули бўлмиш АҚШ доллари эркин муомалада юрибди. Агар уларнинг мантиқидан келиб чиқадиган бўлсак, куфр иқтисодиётига таянган исталган исломий давлатни ҳам куфронийга чиқариш мумкин. Ҳар ҳолда, ҳукмдорлик тизгини ашаддий мутаассиблар қўлига ўтса, уларнинг тарафдорлари ўз раҳбарларини куфрда айблашга шошилмай, камчиликларини хаспўшлашга ҳаракат қиладилар.
Бундай ҳолатда исломий давлатга ўрин борми ўзи? Ёки, юқорида зикр қилинган, биринчи позиция тарафдорлари айтганидек, бу масалалар умумий турда тушунилиши керакми, яъни исломий ва ноисломий давлатлар орасидаги чегаралар йўқ қилинган тарзда.
Бироқ, Ислом фиқҳи ва оддий тушунчада мусулмонларнинг ҳудудий давлати тушунчаси мавжуд. Масалан, “тамкин” истилоҳи истеҳком маъносида бўлиб, мусулмонлар жамоаси ва маълум бир жой, ҳудуддаги уларнинг ҳукумати деганидир. Бундай истеҳком “дорул Ислом”нинг жорий қилинишига, яъни мусулмонлар ҳудудининг ташкил топишига олиб келади. Унинг ўзига хос жиҳатларига келадиган бўлсак, бу масалага асосан икки хил ёндашиш мумкин.
Биринчисига кўра, мамлакатдаги жорий бошқарув тизими баҳоланади ва, Ислом қонунлари бошқа қонунлардан устувор эканига қараб, мамлакат исломий ҳисобланади. Иккинчи тушунчага кўра, ҳар қандай ҳудудда мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилса, Ислом ибодатлари бемалол адо қилинса, ийд ва жума намозлари жамоат билан ўқилса, азон янграб турса бу мусулмонлар ери ҳисобланади.
Бошқарув масаласига келсак, баъзи фақиҳларнинг айтишича, мусулмон мамлакатида мусулмон киши ҳукмдор ҳисобланиши учун ўша ҳукмдор жамоат намозида ошкора иштирок этиши, ҳеч бўлмаганда, икки ийд намозини жамоат билан биргаликда ошкора ўқиши ҳамда Ислом аҳкомларига қарши куфр сўзларни ифода қилмаслиги керак. Бироқ, муаммо шундаки, ҳаромга рухсат бериш ва ҳалолни тақиқлаш масалалари ҳам куфрга сабаб бўлиши мумкин. Бу масала мусулмонларнинг у ёки бу давлатдаги ҳолатига жуда ҳам боғлиқ. Агар мусулмонлар ўз давлатларида ибодатларини эркин бажара олишмаса ва ўзларига берилган ҳуқуқлардан тўлиқ баҳраманд бўлмасалар, бунинг ўрнига улар ўша дунёвий давлатларнинг кўпида кузатилаётган ва эътиқодга қарши йўналтирилган нарсаларга мажбур қилинаётган бўлсалар, бундай давлатнинг “исломий” (мусулмонларники) бўлиши уйдирмалигича қолаверади.
Шу нарса аниқки, бошқарувнинг динга асосланганлиги, айниқса, унинг ўзини Ислом билан боғлиқ қилиб кўрсатиши, Исломнинг мазкур жамиятда қандай холатда, яъни ҳукмрон ёки ҳимоясиз экани, муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Ҳа, шариатга тўлиқ асосланган бошқарувга бўлган интилиш ҳамда Ислом тарихи ва сиёсатининг ҳақиқий ҳолати ўртасида ўзаро боғлиқлик жуда кам. Аммо, ҳукумат Исломни ўзининг қонуний эканлигининг манбаи, мусулмонларни эса салтанат устуни сифатида даъво қилишни давом эттираётгани ҳамда уларни ўз салтанатининг кушандаси дея баҳолаётгани ўртасидаги фарқни ажрата билишимиз керак. Бугунги кунимизда мусулмонлик қиёфасидаги, аммо исломий бўлмаган ҳуқуқий тизимга асосланган баъзи давлат тузумларининг мавжудлигини, ҳеч бўлмаганда, де-глобаллашув жараёни ва сиёсий-диний, ҳудудий давлатларнинг қайта пайдо бўлиши доирасидаги ўтиш даври сифатида баҳолаш керак бўлади. Бу жараённинг ривожланиши билан, бундай тизимлар ўзларининг ҳукмронлик тизимини исломий қиёфага мослаштиришни бошлашга, ёки келажакда бу қиёфадан умуман воз кечиб, қандайдир бошқа сиёсий дин (масалан, миллатчилик ва ҳ.к.) учун Исломга барҳам беришга ўтишларининг эҳтимоли катта.
Катта фитна ва вахшийларнинг олишуви
Айни вақтда мусулмонлар учун долзарб масала бу бундай ҳолатларда ўзини қандай тутиш кераклигидир. Ҳар бир инсоннинг ўзига яраша савияси бўлади, у ўз динини ўзи сақлаши, уни ўз оиласида шакллантириб бориши ва фарзандларига ўргатиши ҳамда ҳаётининг барча жабҳаларида имкон борича маҳкам тутиши лозим. Кимдир агар ўз оиласи ва ҳаммаслаклари билан мумкин қадар қаердадир, дунёдан четроқда, танҳоликда бўлиш нуқтаи-назарини ҳам танлаган бўлса, у ҳолда у ўз динини таҳдид ва гуноҳлардан сақлаши мумкин бўлади.
Шу нарса аниқки, бу ерда иккита муаммо юзага келади. Шу қадар зоҳидлик Ислом руҳига мос келадими ёки йўқми? Ахир у ўз эргашувчиларини дунёга хушхабарчи қилиб юбормадими ва мана шундай ёндашув қай даражада воқеликка мувофиқ бўлади? Бу ҳолатда жаҳонда давлат ва жамиятдан беркиниш мумкин бўлган ерлар у қадар кўп эмаслигини ҳисобга олиш лозим бўлади.
Нима бўлса ҳам, мусулмонлар жамият аъзолари ҳисобланади ва унда яшашади, демак, улар сиёсий жараён ва ўзгаришлар таъсири доирасидан четда бўлиши мумкин эмас. Номусулмон мамлакатларда яшовчи мусулмонлар глобаллашувга қарши жараёнлар ва “ҳокимият кимда бўлса, дин ўшандадир” тамойили билан яшовчи ёпиқ ҳудудли давлатлар “Вестфаль тизими”нинг реванши олдида айниқса ожиздирлар. Уларнинг стратегияси содда бўлиши лозим – уларнинг динига нисбатан хайрихоҳ ва дини ҳамда ўзига наф келтирадиган жамиятда яшаш, агар бунинг иложи бўлмаса ва геноцид ёки сингиб кетиш (ассимиляция) хавфи пайдо бўлса, у ҳолда у ердан кўчиш керак бўлади.
Бироқ, зулмга учраган мусулмонлар қаерга кўчиши (ҳижрат қилиши) мумкин, агар де-глобаллашув ва де-исломлашув тўлқинида янада кўп ҳудудий давлатлар ўзларининг сиёсий динлари билан уларни ўзига хавф деб билиб, ўзларига яқинлаштирмаётган бўлса? Бундай ҳолатда мусулмонлар ўз ерларида, тарихан жойлашган ерлари ёки Ислом тарқалган ҳудудлар – дорул Исломда мустаҳкам ўрнашишга ҳаракат қилишади.
Муаммо шундаки, дунё тартиботи ва араб дунёсидаги анъанавий миллий давлатлар барбод бўлмоқда (Сайс-Пико тизимдан қолган мерос) ва мусулмонлар бутун тарихи давомида истиқомат қилиб, аҳолининг кўпчилигини ташкил қилиб келаётган Ислом дунёси ҳам шиддат билан ўзгариб бормоқда. Булардан бошқа сабабларга кўра, фуқаролик жамияти даражасида Ислом эркин ва самарали ривожланиши учун бетараф давлатнинг ўзи қолмаган. Ҳозирги дунё тартиботида барқарор, пишиқ “демократия” танланганлар учун имтиёздир, у ҳам бўлса, аниқ эмас ва узоққа бормайдиганга ўхшайди.
Ислом оламида “жамоат келишуви” деярли ҳеч қаерда учрамайди ва, Томас Гоббс ёндашувидан фойдаланган ҳолда, шуни таъкидлаш мумкинки, унинг ичида иккита “ҳайвон” ўзаро кураш олиб боради – Левиафан ва Бегемот. “Ҳайвон” ўзи нима? Бу ҳокимиятга бўлган хоҳиш бўлиб, қанақадир қадриятлар, идеаллар ва муқаддас тушунчалардан озиқланиши мумкин бўлса-да, агар қафасдан чиқариб юборилса, қанчалик қиматтга тушмасин, барибир ғалаба қозониш ва ҳукмронлик қилишга интилади. Қоидага кўра, инсоният тарихининг аксарият қисми мобайнида айнан у, ҳокимият тавсифини белгилаган ҳолда, сиёсатни амалга оширмоқда, шу жумладан Ислом оламида ҳам. Гоббсга кўра, Левиафан – ҳукмрон тартиб бўлиб, унга қарши чиққанларнинг ҳаммасини синдиради, шу жумладан адолатга бўлган интилишни ҳам. Бегемот эса – инқилоб ва террор бўлиб, айнан шулар билангина Левиафанни мағлуб этиш ва ўзгартириш мумкин. Ёҳуд, бошқа муаллиф айтганидек, аждарни ўлдириш учун ўзинг аждарга айланишинг керак.
Ҳозир мен бу рамзийликни чуқурлаштирмоқчи эмасман. Аслида Гоббс ва унга ўхшаш кишилар томонидан айтилган нарсалар, эҳтимол, бошқа кўринишларда бўлса ҳам, мумтоз Ислом ҳуқуқшунослигида (фиқҳ) мавжуд. Сунний олимларнинг кўпчилиги ҳукмдор очиқ-ошкора иймон йўлидан адашмаган бўлса, золим ҳукуматга қарши чиқишни тақиқлашга иттифоқ қилишган. Шу билан бирга, кимдир давлат тепасига куч билан келган бўлса, унга ҳам шу шартлар тааллуқлидир.
Кейинги ўн йилликлардаги ҳодисалар бундай йўлнинг тўғрилигини исботлайди. Ислом дунёсидаги, бироқ Исломга зид, адолатсиз, коррупцияга ботган, золим ҳукуматларнинг тинч йўл билан, демократик давлатлардаги сингари алмашгани ҳолати жуда кам учрайди. Бундай уринишларнинг аксарияти беқарорликка олиб келган ва, натижада, диктаторлик режими янада қудратга тўлган. Агар аввалги режимнинг душмани уни енгадиган бўлса, бу, кўпинча, ундан ҳам ўтадиган зўравонликнинг натижаси бўлади. Ва бундай ҳолатда ҳеч қандай тинч мухолифатни ўзига яқинлаштирмайдиган ҳукумат ўзини янада мустаҳкамлайди.
Бундан қандай хулоса келиб чиқади? Аввало, эҳтимол, шафқатсиз зўравонликни қўллашга тайёр бўлмаган кучлар сиёсат ва ҳокимият масалаларига аралашмагани маъқулдир, чунки ўзлари шундай зўравонлик қурбонига айланишлари ва бошқаларни ҳам қурбон қилишлари мумкин. Агар кимда-ким мавжуд ҳокимиятни ағдармоқчи бўлса, ва бунинг учун Ислом унга рухсат берган деб ҳисобласа (масалан, Исломга қарши кураш олиб бораётган ҳукуматга нисбатан), у ҳокимиятни ўз қўлига олишга тайёр бўлиши ва уни, ўша мамлакатда ўз тартибини ўрнатган ҳолда, зудлик билан тасарруф этмоғи керак. Аксинча, унинг эзгу интилишлари ўша ҳақиқий ва кенг маънодаги Жаҳаннам йўлига тўшалиши мумкин, нафақат унинг учун, балки кўплаб бошқалар учун ҳам. “Таҳрир”лари, твиттер инқилоблари ва бошқа шу каби нарсалари билан танилган ўша “араб баҳори”нинг натижаларидан келиб чиққан ҳолда, ҳозирнинг ўзидаёқ шундай хулоса қилиш мумкин.
Ушбу мисралар муаллифи Сурия инқилобини айблаш ва Асад режимини қўллаб-қувватлашда Исломнинг улуғ уламоси Саид Рамазон Бутийни янглишаётган, деб ҳисоблаганлар қаторида эди. Бунинг иккинчиси ҳақида гапирадиган бўлсак, мен ҳозир ҳам ўша нуқтаи назарда қолганман, лекин биринчисига келсак, Бутий донишмандлигини тан олмасликнинг иложи йўқ. Очиқ-ойдин етакчилари ҳам, ўз бошқарувининг аниқ дастури ҳам бўлмаган мавҳум инқилобдан ҳеч қандай яхшилик кутмаса ҳам бўлаверади, деб огоҳлантирар эди у.
Оқибатда эса, кўриб турганимиздек, ўзининг якка ҳокимлигини мустаҳкамламоқчи бўлган кимсаларгина ўша “инқилоб” меваларидан фойдалана олишлари мумкин бўлмоқда яна. Улар на “халқ” ва на “кенгашлар” билан ҳисоблашишади. Улар бу йўлда аввалги режимдан ҳеч ҳам кам бўлмаган тарздаги оммавий террорни ишга соладилар.
Муаммо шундаки, тартибсизликдан туғилган террор ва диктатура кўп ҳолатларда мафкуравий мутаассиб ва эсхатологик фирқаларнинг иши бўлиб қолмоқда. Уларнинг “соф Ислом” учун барпо этилган ҳукмронлиги, охир-оқибат мусулмонлар учун дунёвий диктатуралар зулмидан кам бўлмаган зулмга айланиши мумкин. Сцилла ва Харибда ўртасидан қандай ўтиш мумкин? Ҳаракат кучи, одатда, қарши кучга тенг бўлади. Аёвсиз мустабид эса аёвсиз террорни келтириб чиқаради. Мослашувчи тизимларда манёвр ҳамда тадрижий йўл билан ўзгартириш учун майдонга жой қолган бўлади. Ким курашни узоқдан кузатишни истамаса, Левиафан ёки Бегемотнинг таркибига кириши ёки уларнинг ўлжасига айланиши керак бўлади. Айтмоқчи, ҳали жуда кўп кузатувчилар гўшт бўлиб кетиши мумкин.
Қандай қилиб Бегемот таркибига кириш, озми-кўпми, маълум нарса. Бироқ, Левиафан бўлиш мураккаб масала. Тизимнинг ўз ичидан ўзгариши ҳодисалари учраб туради, лекин бундай ҳодисалар жуда кам учрайди. Ва бу соҳада муваффақиятга эришаётганлар асло беозор идеализм тарафдорлари эмас, балки ўз йўлида ҳар қандай тўсиқларни олиб ташлашга тайёр бўлган маккиавелчи ва иезуитларга ўхшаган, ёки тарбияда улардан таъсирланган, ўз ғоялари билан келажакдаги ҳукмдорларни илҳомлантирадиган одамлардир. Тўғриси, аксар ҳолатларда Левиафан ўзини эгарламоқчи бўлганларни, оддий қилиб айтганда, отиб юборади ёки еб юборади. Бироқ, ўшанда у, юқори эҳтимолга кўра, Бегемот тарафидан йиртиб ташланади, чунки эволюция учун ёпиқ тизим инқилобни муқаррар қилади.
Дунё тартибсизлиги орқали дунё тартиботига
Энди дунё тартиботининг истиқболига қайтамиз. Яқин тарихий даврда дунё нимани кутмоқда, деган саволга қисқа жавоб бериш мумкин: уруш кутилмоқда. Кўплаб кичик кўламдаги урушларни истисно қилмаган ҳолда шуни айтиш мумкинки, жорий вазият йирик — биринчи жаҳон урушига қараб ривожланиб бормоқда. Ҳа, мен хато қилмаяпман, айнан биринчи жаҳон уруши. Олдинги ўша икки уруш жаҳон урушлари деб ҳисобланган бўлса-да, ўз кўламига кўра шунчаки Европа урушлари эди. Бу гал эса турли қитъалардаги давлатлар бу урушга жалб қилиниши, уруш эса ўзининг вайронакор оқибатлари билан бутун дунёни даҳшатга солиши мумкин. Шунинг учун мен биринчи жаҳон уруши ҳақида гапирмоқдаман.
Бу иш катта жаҳон урушига олиб келадими? Ислом таълимотидаги манбалар мазмунида келган охират хабарларидан келиб чиқадиган бўлсак, буни истисно қилиб бўлмайди. Улар бугун биз билган дунёнинг техник тараққиётини беҳудага чиқаради. Агар жаҳон урушининг олдини ҳозирча ола билсак ҳам, ҳудудий урушлар сонининг мунтазам ўсиб бориши, барибир, шундан далолат бериши мумкин. Улар шундай мамлакатларда юз берадики, худди кечагина Украинада уруш бўлишини тасаввур қила олмаганингиз каби уни ҳам бугун умуман тасаввур қила олмайсиз.
Бугун биз Яқин Шарқдаги уруш орқали ўзгаришлар бошланганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ундаги асосий нарса – Левиафан ва Бегемотнинг ўзаро қарама-қаршилигидир, аниқроғи, жуда кўп левиафанлар ва бегемотлар ўртасидаги тўқнашув. Вайрон бўлаётган ва ўта заиф анъанавий миллий давлатлар, шиалар, суннийлар, қурдлар, Исроил, АҚШ, Хитой ва Россия каби ташқи ўйинчилар – булар урушнинг бевосита ёки билвосита иштирокчиларидир. Оқибатда эса, янги Яқин Шарқ қайта шаклланади, бироқ унинг қандай бўлиши ҳақида ҳозир бирон нарса дейиш мушкул. Лекин уруш орқали нафақат Яқин Шарқ, балки бошқа минтақалар, Европа ва марказий Евроосиё ҳам ўзгариши мумкин, шу жумладан собиқ Иттифоқ ҳудуди ҳам. Қонли урушни келтириб чиқарадиган сабаблар Осиёнинг марказий қисмидан тортиб то жануби-шарқий ҳудудларигача ҳам тиқилиб ётибди. Бу гап нафақат аҳолиси миллиарддан ошган, балки атом бомбалари билан қуролланган мамлакатларга ҳам тегишли. Ва, ниҳоят, тартибсизликлар қанчалик чуқур кетса, бу воқеалар тўлқинида, охир-оқибат, ушбу жаҳон тартибининг “кафили” ҳисобланган АҚШнинг ҳам бошини ейиши мумкин.
Ўтган асрнинг ўрталаридаёқ аҳамияти ошиб бораётгани аниқ бўлиб қолган бундай номунтазам ҳарбий тузилмалар ушбу ходисаларнинг барчасида муҳим рол ўйнайди. Немис сиёсий файласуфи Карл Шмидт партизанлик феномени тўғрисида ёзиб, уни ғоят моҳирлик билан қуйидаги шаклда таърифлаб берган: “партизан бу учинчи тарафнинг манфаатлари учун ҳаракат қилувчи кишидир”. Яъни, партизанлар, номунтазам ҳарбий тузилмалар, исёнчилар орқасида, одатда, кимдир, кўпинча эса, бошқа бир давлат турган бўлади. Агар партизан ўша Бегемот каби анархия ва террорда вояга етган ҳайвонга айланишга имкон топа олмаса, мисол учун, Мао партизанлик урушидан коммунистик Хитой пайдо бўлганидек, у, истар–истамас, аждарлардан бирининг манфаатлари учун ҳаракат қилади.
Шу сабабдан, очиқ-ойдин бўлган нарсани яна такрорлаймиз: таъриф қилинган давр учун фуқаролик жамияти, глобал тармоқлар, “юмшоқ куч”, кўпмаданиятлилик ва бағрикенглик (толерантлик) ҳақидаги умидларни четга суриб, уларни кейинроққа қолдирган яхши бўлади, деймиз. Содир бўлиши кутилаётган бутунжаҳон тошқинида жуда ҳам кам ороллар қутулиб қолиши мумкин холос. Уларда ушбу принциплар ўз долзарблигини йўқотади, аммо улардан постмиллий жамиятнинг янгича тизими пайдо бўлади. Аммо у ва бошқа ерларда ҳам қаттиқ куч, ҳарбий қудрат, ҳудудлар устидан назорат, ташқи таҳдиддан ҳимоя яна биринчи ўринга чиқиб олади.
Асосий масала – глобал беқарорлик сарҳадлари ортида нима бўлиши. Ахир урушлар ва улар келтирадиган кулфатлар сони муайян меъёрдан ошиб кетса, улар бугунги барча мамлакатлар ҳудудий бирликларнинг асоси бўлган жаҳон тизиминини кўмиб қўя қолади. Такрорлаймиз, ўрталаридаги душманликка қарамасдан, улар ҳамон жаҳон иқтисодиётининг бўлаклари бўлиб қолаверади.
Жаҳон тизимига муқобил бўлган, пухта ўйланган ва муваффақиятли тизимни ташкил қилишга уриниш ҳеч қаерда кўзга ташланмаяпти. Албатта, у ёки бу мамлакатларни хонавайрон қилувчи, жаҳон иқтисодиётининг сегментларини қора туйнукка айлантирувчи ҳаракатлар бундан мустасно.
Хўш, унда глобал жаҳон тизими ва сиёсий де–глобаллаштириш ўртасидаги қарама–қаршиликликнинг ечими қандай бўлади? Биринчи вариант – асоси мустамлакачилик даврида қурилган ва Ғарбга янги қитъаларни туҳфа этган ҳамда у ерларда вассал ва тобе жамиятларни юзага келтирган жаҳон тизимининг синиши. Иккинчи вариант – жаҳон тизимини қайта қуриш орқали яқинлашиб келаётган хаосдан янги жаҳон тартибини яратиш. Шуниси аниқки, бунга нафақат ҳамма мамлакатлар ҳудудидаги урушга мойиллик, балки, миллатчилик, босқинчилик, фундаментализм, катта қурбонлар ва вайронагарчиликка олиб келадиган этатизм кабиларнинг бирваракайига йўқ қилиниши хизмат қилиши мумкин. Бу эса уларнинг сиёсатга қайтишига олиб келади.
Камида йирик давлатларда ёки дунёнинг бир нечта нуқталарида гуманитар инқилоб бўлган тақдирдагина охирги ҳолат юз беришига имкон бўлади. "Қайта ҳеч қачон бўлмасин" шиори билан оламшумул миқёсга чиққан инсонпарварлик, тинчликпарварлик ва интернационализм пафоси бундай ҳолатда қайтадан асосий саҳнага чиқади. Лекин, бу алдамчи манзара юз бераётган ҳолатларни беркитмаслиги керак. Шундай хулосага келмоқдамизки, инсон табиати бутун тарих давомида ўзгармаяпти. Шу сабабли кенг ҳудудларда ҳукмронлик қилиш (яъни, ўз маҳаллий чегараларидан ташқарига чиқиш) у ёки бу шаклда етакчи бўлишни талаб қилади.
Умуман олганда, ҳамма ҳам бунга қўшилишга тайёр эмас. Футурологлар инсоният нафақат технологик жиҳаттан, балки антропоген жиҳаттан ҳам янги воқелик остонасида турибди, деб анчадан бери айтиб келишади. Ҳаётнинг янги тури ва янги шакли – пост-инсонийлик (транс-гуманизм)нинг пайдо бўлиши эса унинг ифодаси бўлиши керак экан. У энг жозибали тарзда тақдим этилади: барча касалликлардан фориғ бўлиш, идрок уфқининг кенгайиши, ақл, руҳият ва тана камолотига эришиш ва, алал оқибат, боқийликни қўлга киритиш. Бу учун унинг йўлида турган барча нарсалардан воз кечиш инсониятдан талаб этилади, шу жумладан, миллат, дин, мамлакат ва/ёки жинсга бўлган одатий [ва/ёки табиий] мансубликдан ҳам. Навбатдаги ўнлаб, балки юз миллионлаб қурбонлар – одамзотнинг ўша чексиз бахтиёр келажакда жой топилмайдиган ортиқча қисми билан шу нарсалар дискредитация қилиб бўлингани (пучга чиқарилгани) эса бу вазифанинг енгилроқ кечишини таъминлайди.
Мусулмонлар фитна ва зулм ўртасида
Исломнинг истиқболдаги ўрни қандай бўлиши мумкин, у мазкур сценарийларда ижтимоий, геосиёсий ва тамаддуний омил сифатида қандай роль ўйнаши мумкин?
Исломнинг олдиндан билувчи таълимотида ҳокимият ва уруш, давлатчилик ва ғалаёнга тааллуқли кўплаб башорат ва йўриқлар мавжуд. Бундай шароитда мусулмонлар уларни жиддий равишда англаб олишлари талаб этилади.
Ушбу матн диний маъруза жанрида тузилмаган, шунинг учун, иқтибосларни тўлиқ келтирмаган ҳолда, масалаларни қисқача баён этишга ҳаракат қиламиз.
Биринчидан, Ер юзида ўз қарорини топмоқчи бўлган ҳар қандай умумийлик ўзининг юксак вазифасини амалга ошириши ва бошқалар томонидан эзиб, ютиб юборилмаслиги учун ўз ичида ҳокимиятни таъсис этиши шарт. Бошқа ўхшаш ҳокимиятлардан мустақил ҳокимият ўз ҳудудидагина бўлиши мумкин. Мусулмон жамияти ўз таърифига кўра сиёсийдир. Бу тарихда бўлган барча умумийликларга хослик нуқтаи назаридан ҳам, Исломнинг ўз ичига ривожланган сиёсий ва юридик ўлчовларни қамраб олувчи характери туфайли ҳам шунақа.
Иккинчидан, ҳокимият ўйинчоқ эмаски, уни эрмак қилсанг. Ҳокимият, ўз табиатига кўра, ёввойи ҳайвон кабидир. Адолатли ҳокимият ва пок виждонли ҳукмдорлар бундан мустаснодирлар, балки. Коррупция ва зулм – инсоният тарихининг аксарият қисми давомида ҳукмронлик қилаётган қоида. Шунга қарамай, ҳаттоки ўша коррупциялашган, виждонсиз ва эгаллаб олинган ҳокимиятга бўйсиниш керак, яхшиси. Зеро, ғалаённинг зарари ўша ҳокимият зараридан каттароқ бўлади. Ҳеч бўлмаганда, ўша ҳокимиятни янгисига тезлик билан алмаштиришга куч бўлмаса, шундай қилиш лозим. Шунда замин ҳам хаосга юз тутмайди. Истиснолар ҳақида юқорида айтиб ўтилди ва яна айтилади.
Учинчидан, бугунги кунимизда кўп жойларда кузатилаётган тартиб ва ҳукумат инқирози фитнага сабаб бўлмоқда. Бундай бир даврда қандай йўл тутиш ёки ҳеч қандай йўл тутмасликка баҳо беришдан олдин унинг моҳияти, иштирокчилари ва таркибига назар солиш керак бўлади. Яъни, пайғамбарлар башорати нуқтаи назаридан ҳамда замонавий таҳлил қилиш усуллари билан. Фитна – вахшийларнинг шиддатли тўқнашуви, унда ўтхўрлар бешафқат вахший ҳайвонлар учун фақат ем (гўшт) бўлади. Бироқ фитнанинг хавфи фақат ваҳший ҳайвоннинг бошқаси еб битириши эмас, аксинча, бу ҳолатда ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги мумкин, агар ҳукумат тез алмашса, жамиятда тартиб нафақат сақланиб қолинади, балки маълум маънода яхшиланиши ҳам мумкин. Фитнанинг хавфи икки нарсада намоён бўлади. Биринчиси – ҳукумат ағдарилиб, янги ҳукумат қарор топгунича тартибсизлик (хаос) юзага келади, бу эса, ўз ўрнида, кайфияти ва чегаралари маълум бўлган мустабидликдан ҳам катта зулмга сабаб бўлиши мумкин. Иккинчиси – бундай тартибсизлик даврининг аксар ҳолатларида мусулмонлар мусулмонларга Ислом номи билан қилич кўтарадилар, бир-бирларини куфрда айблайдилар (такфир), натижада эса, диний ришталар узилади, биродарчилик алоқаларига футур етади. Бу воқеалар хусусида, “келажакда фитналар бўлур. Унда ўтирган тик тургандан яхшидир. Унда тик турган юргандан яхшидир. Унда юрган саъйи қилгандан яхшидир. Ким унга қизиқса ўзига тортади...”, дейилган.
Тўртинчидан, мусулмонлар у ёки бу ҳукуматнинг Исломга муносабатини теранроқ тушуниши керак, унга ва ҳукуматга муқобил бўлганларга нисбатан қандай муносабатни йўлга қўйиб олишни ҳам. Осий, коррупциялашган мусулмон ҳукмдор барибир ўзгармасдан қолаверади. Ҳукмдорнинг Исломдан узоқлашиши масаласини эса динни яхши билувчи инсонлар билан муҳокама қилиш ва шундан сўнг вазиятнинг ҳолатини аниқлаш керак. Агар ҳукмдор Исломдан бўлса, жамиятнинг аҳволи қандай бўлади? Бу ерда гап ўша ҳукмдорни тўғри йўлга қайтара оладиган ёки уни алмаштира оладиган мусулмон жамияти ҳақида кетмоқдами? Ёки ўша ҳукмдор жамиятнинг интиқоси бўлиб, мусулмонлар унда камчиликни ташкил этадими? Мабодо шундай вариант бўлса, ҳукуматга таъсир қилмаган ҳолда, ўша озчиликнинг ўз динига риоя қилишига ва жамиятни бунга даъват қилишига имкон бериладими? Ёки уларнинг овозини ўчиришиб, Исломга даъват қилишни йўқ қилишадими? Бу диапазонда жуда кўп ҳолатлар бор ва уларнинг ҳар бири ўз ташхиси ва рецептига эга. Бунинг ўрнига замонавий Ислом дунёсида икки ҳолат кенг тарқалган – аслида ҳозирга қадар мавжуд бўлмаган “соф Ислом давлати” номи остида барча ҳукуматларга қарши уруш қилиш ёки жамиятда Исломни очиқчасига таҳқирлаётган ҳукуматга итоат этиш.
Бешинчидан, бугунги ҳолатда ишониш мумкин бўлган ҳокимиятнинг хусусиятини мусулмонлар онгли равишда тушунмоқлари керак. Аксар мусулмонлар “Ҳали мендан сўнг халифалар бўлади. Халифалардан кейин амирлар бўлади. Амирлардан сўнг подшоҳлар, подшоҳлардан сўнг эса зўравонлар бўлади...”, деган мазмундаги ҳадисни яхши билишади. Аксарият кишилар бундан шундай хулоса қиладиларки, бугунги, уларнинг назарича, дунёда зулм мустаҳкамланиб олган кунда мусулмонлар янги халифалик остонасида турибдилар. Баъзилар унинг ўрнатилишини фақат Имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг чиқишлари ва Ийсо алайҳиссаломнинг ер юзига қайта тушишлари билан боғласалар, яна бошқалар бунга мавжуд куч ёки бошқа йўллар билан эришиш керак ва мумкин, деб ҳисоблайдилар. Шундай бўлса-да, зулмнинг ўрнатиб бўлингани ва бутун дунёда ҳадисда назарда тутилганидек миқёсга етгани мутлақо аниқ эмас. Метасиёсий координаталар тизими: Дажжол, ҳақиқий халифалик, ёпишиб олган ва ҳарбий қиролликлар.
Бу ерда бутун инсоният тараққий этишининг истиқболларига қайтиш ўринли бўларди. Мусулмонлар ерда ўзича ваъда қилинган ҳар қанақа Жаннат ҳақидаги ўша ваъдаларнинг ёлғонлигини биладилар. Пировардида, энг асосий тўқима ёлғон - мусулмонларда Дажжол, насронийларда эса Антихрист дея аталувчи сохталаштириш бўлиб қолади. Шубҳасиз, транс-гуманизмга, яъни утопик саодат йўлида Аллоҳ томонидан берилган инсон табиатини ва борлиқни ўзгартириш ҳудди шу сохталаштиришнинг ўзи бўлиб қолади. Ушбу сохталаштириш мукаммал мустабидликни, яъни тоталитаризмнинг глобаллиги ва мисли йўқ технологик ривожланганлик шундай шаклини барпо этишни талаб қилиши равшан бўлиб, бунақа мустабидликни тарихда ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Ҳудди шунақа мустабидлик эсхаталогик ечимни талаб қиладики, алоҳида ҳудудлардаги бор кучлар ва халқлар билан унга қарши кураш олиб боришнинг иложи бўлмай қолади.
Бу босқичга келадиган бўлсак, де-глобаллашув ва Ислом оламидаги ҳудудий давлатларнинг реванши ҳокимиятга ёпишиб олган қироллик ва ҳарбий амирликларга жуда мос келиши ойдинлашади. Сўнггилари анархия ва террор ўтроқлашиб, ўз ҳукмини ўтказган жойларда ўсиб келиши мумкин. Бироқ, кичик ҳарбий амирликларнинг ресурслари чеклангани сабаб, уларда барқарорлик бўлмайди, агар жаҳон иқтисодиётида ўз ўрнини топа олмаса, албатта. Акс ҳолда, йирик мамлакатлар сателлитига (малайига) айланади, ўзлари йириклашади ёки йирик давлатларга қўшилиб кетишига тўғри келади.
Дунёда Ислом даъвати ва тарғиботчилари ҳақида нима дейишимиз мумкин? Ҳар қандай давлат динни ўзига мослаштиришга ҳаракат қилиши шубҳасиздир, мусулмон қиролликлари ҳам истисно эмас. Замонавий дунё тартиботидаги Ғарб етакчилигини (гегемонлигини) қабул қилган вва де-глобаллашув тўлқинида у ёки бу ҳудудларда мустаҳкамлашиб олган мусулмонлар барибир четда (периферияда) қолиб кетаверади.
У Исломнинг жаҳондаги юксак вазифасига мос келадими? Йўқ. Лекин бунга мусулмонларнинг ўзи айбдор. Сўнгги Усмонийлар халифалиги қулаганидан сўнг, “исломий уйғониш” тарафдорлари орасида “Ислом бу ечимдир” шиоридан бошқа нарса пайдо бўлгани йўқ.
Хўш, жаҳон тамаддунининг техника, ресурсларнинг чекланганлиги, экология, демография, иқтисодиёт, ижтимоий сиёсат ва қатор бошқа асосий муаммоларига нисбатан Исломнинг ечими қандай экани бугунги кунда умуман ноаниқ.
Ҳа, Исломнинг насронийликка нисбатан фарқли жиҳати шуки, унда жамиятни илоҳий кўрсатма асосида ва унинг доирасидан чиқмаган ҳолда қуришга интилинади. Мусулмонлар ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқавермаганлар, бироқ Ислом тамаддуни учун инсон тараққиётининг Тангри Қонунига асосланган доира ва чекловларини тан олиш ўзгаришсиз қолган. Насронийлик дунёси эса ўзининг илоҳий тушунчаларини инсон учун, динини тараққиёт учун қурбон қилди. Оқибатда, тараққиётда у олдинга ўтиб кетти, лекин насроний бўлмай қолди бошқа.
Жаҳон тартиботини қуришни бошлагандек бўлган ўша насронийликдан кейинги давр дунёси ўта жиддий тўсиқларга дуч келди ва бу тўсиқлар “насронийлик қадриятлари” муҳокамасини яна долзарб қилиб қўйди. Лекин, бу Ғарбда кимдир насронийлик Европасига чиндан ҳам қайтишни хоҳлаётгани учун эмас, балки ҳудудий хосланишнинг янги даври мобайнида Европадан Исломни чиқариб ташлаш ва насронийлик афсонасининг маданий шакллантирувчи сифатидаги ўрнини тан олувчи сиёсий динлар атрофида Ғарб жамиятларини бирлаштириш учунгина амалга оширилмоқда.
Ва шундай бўлса-да, ўз цивилизациясининг қоқ марказида тинчликпарварликка даъво қилувчи ғоялари билан замонавий мусулмонлар Ғарбнинг дунё тизими думида илакишиб юришибди. Бугунги кунда демократия ёки банк соҳасидаги институтларнинг “исломлашиши”, энг яхши ҳолатда, мослашувчанликни билдиради. Бунга муқобил сифатида кўрилмоқчи бўлган “соф Ислом” тарафдорлари тўлиқ тараққиётнинг деградацияси, у муман, тараққиёт доирасидан чиқиб кетишдир. Исломнинг умуминсоний консерватив аҳлоққа чорловчи мусулмон секуляризми ҳам насронийлик ва буддавийликдан ҳеч ҳам фарқланмайди, бироқ, бу фақат этник мусулмонлар учун мўлжаллангандир.
Ҳозир нафақат дунё тартиботи, балки дунё тизимининг ўзи ҳам катта гирдоб ичида, бунинг ортидан эса, муқобил цивилизация ҳақидаги гап-сўзлар ҳам фантастикага ўхшаб кўринмайди. Албатта, мазкур дунё тизими ва унинг технологик юқори ривожланган жаҳон цивилизацияси, жаҳон урушлари сабабми ёки бир қатор табиий офатлар ва коллапслар оқибатидами, ўзини-ўзи йўқ қилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бунда мусулмонлардан ҳеч қандай ақлий ҳаракат талаб қилинмайди, бироқ, бу нарсалардан кейин, қандайдир, хусусан, Ислом тамаддунининг гуллаб-яшнаши даргумондир.
Исломнинг биз иймон келтирган охир замонда Маҳдий розияллоҳу анҳунинг лашкари Дажжол истибдоди устидан ғалабасидан кейин юз берадиган зафар қучиши ақлий уринишларни талаб қилмайди. Агар бу дунё низоми қиёмат аломатларисиз таназзулга юз тутса ва унинг ўрнига бошқа қадриятларга асосланган цивилизация пайдо бўлсагина, ақлий уринишлар керак бўлиб қолиши мумкин. Бироқ, агар гап Ислом ҳақида бораётган бўлса (чунки, холис қаралса, фақат Исломгина бутунжаҳон муқобили бўлиши мумкин), уммат ичида исломий муқобил цивилизацияни вужудга келтирувчи инсонлар, ғоя ва тушунчалар етишиб чиқиши керак.
Унинг бугун фақат жаҳон цивилизациясининг қоқ маркази бўлган Ғарбдаги мусулмонлар орасида туғилиши мантиқан тўғри. Чунки, улар ғарбона илғор қарашлардан баҳраманд бўлган ҳолда Ислом тамаддунининг (маданият эмас, айнан тамаддун – цивилизация) кодларига қаттиқ боғланган бўлади. Айнан улар, Ғарбнинг ижтимоий ва дунёвий билимларини эгаллаган ҳолда, Исломнинг анъаналарини уйғунлаштириб мусулмонларни аутсайдерлардан лидерлар сафига олиб чиқиши мумкин. Бироқ, Европанинг де-глобаллашувга юз тутиши ва бошқалар учун ёпилиши инобатга олинса, яқин келажакда мана шундай имкониятлар ойнаси биринчи навбатда мусулмонлар учун ёпила бошлайди. Мусулмонлар ўзларида ҳали мавжуд бўлган имкониятлардан фойдаланишга улгурадиларми ҳамда у Ислом дунёсида Ислом цивилизациясининг мазкур “олтин фонди”ни жамлаш имкониятини берадиган майдон бўла оладими – бу дунёдаги Исломнинг ривожланиши билан боғлиқ бўлган тафсилотларга дахлдор ягона фараздир. Қолган барча воқеаларнинг рўй бериши озми-кўпми аниқ-равшандир.
Вадим Сидоров
Абу Муслим таржимаси