close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Сиёсат нима дегани? Мусулмонлар бугунги кунда сиёсат юритишга қодирми? Воқеликни ҳис қиляпмизми?

Бизга аниқ фанларни ўзлаштириш, ўқиб-ўрганишда мусулмонлар ортда қолишяпти, деб бутун эътиборни замонавий касбларни эгаллашга тарғиб қилишди. Ҳа, бунга озми-кўпми эришдик, интернет сарҳадларида айланиб юриб, у ёки бу мусулмоннинг замонавий дунё илм-фанига қўшган ҳиссаси, янги кашфиёти ҳақида мақолаларни ўқиб қоламиз, демак, биз у ерда бормиз. Ва биз бундан бошимиз кўкка етиб, мақтаниб юрибмиз. Аслида 5-6 аср аввал шу ишларга бошқаларни бизнинг ота-боболаримиз тарғиб қилишган.

Замонавий дунё замонавий илм-фандан иборатми? Йўқ, албатта. Замонавий дунёнинг катта масаласи бу сиёсат юритиш. Биз мусулмонлар шунга эътибор бермаётгандекмиз. Катта сиёсатда мусулмонларнинг ўрни кўринмаяпти, дунёни бошқаришда бизга ўрин ажратилмаган ёки биз унга ҳаракат ҳам қилмаяпмиз.
Тарихни ўрганмаймиз, энг ёмони, ўзимизнинг тарихимизни бизга бошқалар ўргатади. Археология, жамиятшунослик, сиёсатшунослик каби йўналишларни тўлиғича «ғарб»га бериб қўйганмиз, худдики буларнинг аҳамияти йўқдек. Пули кўплар шуғулланадиган эрмакдек.
Фаластин, Ироқ, Афғонистон тақдири бизга дарс бўлмаяпти, ҳатто «Араб баҳори», Суриядан хулоса чиқаролмаяпмиз. Омма майда ишлар билан, катталаримиз пул топадиган ишлар билан банд. Тадбиркорликда бировдан кам жойимиз йўқ, лекин сиёсатда тадбир қилмаймиз, фикр қилмаймиз.
Куни кеча Мисрда яна халқ норозилик намойишларига чиқди, лекин асл мақсад кўринмайди, яна қайсидир давлатнинг сиёсий ўйинлари бўлиши мумкин. Мусулмонлар фақат олд қаторларда, шахмат доскасидагидек, кейинги қаторда «катта»лар тактика, стратегия билан банд, лекин улар мусулмонларнинг «катта»лари эмас...
Ижтимоий тармоқда бир фойдаланувчининг фикрлари қизиқ туюлди. Унда айтилишича, бизларга имомларни атайлаб ёмон кўрсатиляпти, динда ғами йўқ инсонлар сингари. Ўйлаб қоласан киши, ҳақиқатан имомлар билан душманлик бизга фойда берадими?
Мақолада айтилган барча фикрларга қўшилмасамда (яъни, имомлар хато қилган бўлса, шартта юзига гапир, агар шунинг учун сени қамаб қўйишса, демак бу сенинг тақдиринг, суннат бизга шуни ўргатади, деган фикрлари кескинроқ чиққан, биз мусулмонларда қалб билан норози бўлиш деган, тушунча ҳам бор), асосий мазмуни бугунги кунимизнинг долзарб муаммоси – биз имомларимизни ҳурмат қилмасликни бошлаяпмиз, улар билан ҳисоблашмасликни ҳақиқий мусулмонлик санаяпмиз. Тўғри, бунга жуда кўп объектив ва субъектив сабаблар бор, имомларнинг ёнини олишга бел боғламадим. Аммо мақсадимиз нима? Имомларни ўзимиздан четлаштириб, уларни давлат ходими сифатида кўришми? Мақолада ҳақиқий, фақат ҳақни гапиришга ҳаракат қиладига имомлар тўғрисида гапирилган. Ўзим ҳам жуда кўп гувоҳ бўлганман, диний таълимотдан четга чиқмасликка ҳаракат қилиб, ҳар хил кўйларга тушган имомларга.
Сиёсатда «бўлиб ташлаб, бошқариш», деган йўналиш бор. Шуни бизда қўлланилаётгандек. Имомларнинг гапирган гапига ижтимоий тармоқда «янги туғилган фойдаланувчилар» биринчи муносабат билдиради, ўта шубҳали. Ўйин икки томонга: динга амал қилувчиларга қарата – қаранг, анави имом динга қарши гапиряпти, деб, иккинчи томонга эса, бу имомлар нимани истаяпти, шариатни ўрнатмоқчи, шекилли, деб уларни қўзғашга ҳаракат бўляпти. Бу ҳолатда сиз қайси томондан бўлишингиздан қатъий назар мағлубиятдасиз. Бир вақтлар қайсидир мамлакатни мустамлака қилиш учун уни қириб ташлаш шарт эмас, динидан, тилидан айришинг кифоя, деб ва бунга амал қилиб Ўрта Осиё халқларини тобе қилишган эди. Ҳозир эса, имомларидан ажратсанг...деб ҳаракат қилишаётганга ўхшайди.
Айтишларича, авваллари, 100 йиллар олдин бўлса керак, имомларни моддий томондан халқ таъминлаган ва улар халққа хизмат қилишган. Ҳозир давлат таъминлаяпти...
Яна катта сиёсатга қайтамиз (агар унга тишимиз ўтяпган бўлса). Эътибор берсангиз, дунёда мусулмон давлатлар кўп, лекин ҳеч бири умматнинг фойдаси йўлида бирлашиш ҳақида ўйламайди, лекин Европа аллақачон биргаликда ҳаракат қилади, бирини хафа қилсанг ҳаммаси бир бўлиб, санкциялар билан жазолайди (жазолашда ҳам улар анчага ўтиб олишган, қўшин юбориб ўтирмайди, Россия бунга яққол мисол).
Мусулмонлар пулни сарфлашни ҳам билмайдими, деб ўйлаб қоласан. Яқинда Саудиядаги нефть заводига уюштирилган ҳужумлар бизнинг қанчалик заифлигимизни кўрсатиб қўйди. Замонавий дунёда ҳаво ҳужумларига қарши тизимларсиз давлатни ҳимоя қилиб бўладими? Агар битта заводни, бўлганда ҳам дунё энергетика бозорига таъсир қиладиган заводни ҳимоя қила олмаслик, очиғи фикрлар чалкашиб кетади. Саудия Арабистонининг 2018 йилдаги мудофаа тизими харажатлари 67,6 млрд. долларни ташкил қилган! Бу дунёдаги учинчи кўрсаткич, рўйхатдаги биринчи ва иккинчи ўринларни, майдони ҳамда аҳолиси жиҳатидан бир неча баравар катта бўлган давлатлар – АҚШ ва Хитой эгаллаган. Тасавур қиляпсизми, ҳарбий харажатлар бўйича дунёдаги учинчи давлат – мусулмон ўлкаси, лекин битта заводни ҳимоя қила олмадик. Бу йўналишдаги харажатлари Саудияникидан 4 баробар кам бўлган Исроил (2018 йилда 15,9 млрд. доллар) йилига юзлаб ракеталарни тутиб ўтиради. Пул ишлатишни ҳам билмаймиз.
Ўзимизга қайтамиз. Бир муддат аввал ижтимоий тармоқларда бир аёлнинг Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги ножўя гаплари тарқаб, мусулмонларнинг ғазабига сабаб бўлди. Бу фитна эди ва буни мусулмонлар ўз вақтида англадилар, ҳатто ижтимоий тармоқда ўзининг кескин танқидий фикрлари билан танилган фойдаланувчилар ҳам «тўхташ»ни тавсия қилишди. Демак, ҳаммаси йўқотилмаган. Бу одамга умид бағишлайди. Ҳушёрликни тафаккур қилиш билан бирлаштириш, бизнинг ғолиблик сари биринчи қадамларимиз бўлади, деб ўйлайман.

Фикрлар бўйича фикрлар кутиб қоламиз.

Дарвоқе, сурат бўйича: суратдаги ҳамма қизил рангда бўлмаслиги мумкин, лекин унинг камлиги бизнинг бошқарилувчи бўлиб қолишимизга сабаб бўлади.

Манба

Мақола жойлаштирилган бўлим: Долзарб мавзу
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase