close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Келажакка салбий назар шумлик ва бахтсизликдир

Одамлар орасида келажакка қараб, у ҳакда фикр юритадиганлар ҳам бордир. Улардан кўзига қора кўзойнак тақиб олиб, унинг ортидан ҳаётга, одамларга, замон ва маконга қарар экан, ноумид, эртанги кунга ишончсиз, муваффақиятдан умид қилмаганлари ҳам бор-ки, уларнинг бу қарашлари бахтсизликдан даракдир. Чунки, уларнинг қалбида иш фақат ёмонлашиб, ҳаёт қоронғу зулматдан иборат, зулматни ўрнини нур босмайди, деган тушунча ўрнашгандир.

Одамлар орасида келажакка қараб, у ҳакда фикр юритадиганлар ҳам бордир. Улардан кўзига қора кўзойнак тақиб олиб, унинг ортидан ҳаётга, одамларга, замон ва маконга қарар экан, ноумид, эртанги кунга ишончсиз, муваффақиятдан умид қилмаганлари ҳам бор-ки, уларнинг бу қарашлари бахтсизликдан даракдир. Чунки, уларнинг қалбида иш фақат ёмонлашиб, ҳаёт қоронғу зулматдан иборат, зулматни ўрнини нур босмайди, деган тушунча ўрнашгандир.
Шубҳасиз, бу тушунча аввал инсоннинг ўзини, сўнгра ҳаётни, жамиятни парчалар, тор-мор этар.
Шахснинг орзусиз ҳаёти узук халқасидан, балки, игна тешигидан ҳам торроқдир.
Энди орзусиз яшаётган жамиятнинг ҳаёти эса руҳи йўқ, ҳаракатсиз қотган мурданинг ҳаёти кабидир. Агар орзу бўлмаганда бунёдкор бино қурмас эди. Агар орзу бўлмаганида деҳқон экин экмас эди. Агар орзу бўлмаганида илм ўрганилмас эди.
Ислом дини ва буюк тарихимиз бизларга шуни уқтиради: Умидсизлик билан бирга ҳаёт, ҳаёт билан бирга умидсизлик йўқдир. Албатта қийинчиликдан кейин енгиллик, тундан сўнг тонг бордир ва бир ҳолатнинг давом этавериши амри маҳолдир.
Аллоҳ таоло айтади: “..ва Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур”. (Юсуф сураси, 87-оят).
Бошқа оятда: “..Парвардигорининг фазлу раҳматидан фақат адашган кимсаларгина ноумид бўлурлар”. (Ҳижр сураси, 56-оят).
Бадбинликнинг яна бир кўриниши бор. Одамлар орасида бу кунлар охир замон кунлари экан, Қиёмат аломатлари кўринаётганмиш. Яхшиликлар ортда қолиб, ёмонликлар бошланаётганмиш. Энди Ислом чироғи аста-секин ўчиб, куфр Ер юзини қоплаб олар ва барча кофир бўлганда эса Қиёмат қойим бўлар экан, демак буларнинг чораси, ислоҳдан умид йўқ деб, сафсата тўқиб тирикчилик қилаётганлари ҳам бордир. Яна улар бу сўзларига фитна, Қиёмат шартлари ҳақидаги ривоят қилинган ҳадисларни ҳам далил қилиб келтирадилар. Лекин иш у фаҳми қосирлар ўйлаганчалик эмасдир. Динимизда Қиёмат соати яқинлиги, унинг белгилари зоҳир бўлиши ҳақида келтирилган далиллар Қиёмат кунининг дарвозаси эканлигини билдирмайди. Чунки Қиёмат Соатининг яқин ёки узоқлиги нисбий ишдир. Ким билади, балки Қиёмат Кунигача яна минг йиллар бордир. Балки у соатлар биз ўйлагандан ҳам кам қолгандир. Қуръон ушбу сўзларни айтиш билан чекланган.
“Қаердан билурсиз, эҳтимол у Соат яқин келиб қолгандир”. (Аҳзоб сураси, 63-оят).
“Қаердан билурсиз, эҳтимол (Қиёмат) Соати яқиндир”. (Шўро сураси, 17-оят).
“У сизларга фақат тўсатдан - кутилмаганда келур”. (Аъроф сураси, 187-оят).
Бундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлиб юборилиши ҳам Қиёмат аломатларидандир. У зот айтганлар: “Мен пайғамбар қилиб юборилар эканман, мен билан Қиёмат Соати ёнма-ён эдик (дедилар ва ўрта бармоқлари билан кўрсаткич бармоқларини бирлаштирдилар)”.
У Кунда Аллоҳнинг Ерга ўрнатган қонунлари издан чиқар - қуёш мағрибдан чиқар.
«...Парвардигорингизнинг айрим оятлари келадиган Кунда эса илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас. (Анъом сураси, 158-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон Қиёмат Соати келиб, то охирги нафасини олаётган бир пайтда ҳам дунёвий ишлар-ни - агар у эзгу амал бўлса қолдирмасликни амр этадилар: “Бировингларни қўлида ерга экмоқчи бўлган новдаси бўлса-ю, Қиёмат Соати бошланса, агар имкон топса ўша новдани эксин”.
Демак, мусулмон банда Қиёмат Соати бошланиб, Сурнинг чалинган овозини эшитиб турса ҳам агар имкон топса ўша дунёвий бир ишини тўла бажариши - қўлидаги новдани экиб олиши буюрилди. Ваҳоланки, у эккан новдадан ўзи ҳам, бошқаси ҳам фойдаланмайди, чунки Қиёмат қойим. Рост у Соат муддати қачон келишини Ёлғиз Холиқдан ўзгаси билмас экан, бандалар қаердан ҳам билсин?
Амал гарчи соҳибига нақд ҳосилни бермаса-да матлубдир. Агар у амал рўёбга ошса икки яхшиликка етар. Агар ошмаса, ўша эзгу амалга саъй-ҳаракат қилгани, вожибни адо қилгани учун савоб олар, Парвардигорининг ҳузурида ҳам узри ўтар. Бу ҳақда бир қанча ҳадислар келган:
Термизий Алий ибн Абу Толибдан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мендан кейин ҳудди қоронғу тун каби фитналар бўлади”. Алий ибн Абу Толиб: Бу фитналардан қутулишнинг чораси борми ё Расулуллоҳ, дедим. У зот: “Бунинг чораси Аллоҳнинг Китоби - Қуръондир, унда сизлардан аввалгиларнинг ҳам, сиздан кейингиларнинг ҳам хабари бор. Унда сизларнинг орангиздаги ҳукм ҳам бордир”, деб жавоб бердилар.
“Яхши амаллар қилишга шошилинглар. Тез орада худди қоронғу зулмат каби фитналар бўлади. Киши эрталаб мўмин бўлса, кечқурун кофирга айланади. Кечқурун кофир бўлса, кундузи мўминга айланади. Улар ўз динларини арзимас дунёга сотадилар”. Муслим ривояти.
Абу Довуд, Термизий, ибн Можа, Абу Саълабадан ушбу ҳадисни ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан кейин сабр кунлари келур. У кундаги сабр чўғни ушлаш билан баробардир. У кунда яхши амал қилганга ўзи кабиларнинг элликтасининг ажри ёзилади”, дедилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, Улардан элликтасининг ажрими?, деб сўрашди. Шунда у зот: “Сизлардан элликтангизнинг ажри берилади”, деб жавоб бердилар.
Ушбу ҳадиснинг баъзи ривоятларида, уларга берилган ажрнинг кўплигининг сабаби айтилган: “Сизлар яхшилик учун кўмакчи топа-сизлар. Улар эса топа олмаслар”.
Бухорий ва Муслим Ҳузайфа ибнул Ямондан ушбу ҳадисни ривоят қилишади: Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшиликлар ҳақида сўрашса, мен у зотдан бошимга тушишидан қўрққаним учун ёмонликлар ҳақида сўрар эдим. У зотдан сўрадим: Ё Расулуллоҳ, бизлар кўп вақт жоҳилиятда, ёмонлик ичида яшадик. Аллоҳ бизларга яхшилик берди. Энди шу яхшиликдан кейин ҳам ёмонлик борми? У зот: “Ҳа”, дедилар. Мен: Ўша ёмонликдан кейин яхшилик борми?, деб сўрадим. У зот: “Ҳа, у яхшилик тутун кабидир”, дедилар. Мен бунинг боисини сўрадим. Шунда у зот: “У қавмлар менинг суннатимдан бошқа суннатни, йўлимдан бошқа йўлни тутарлар. Улар тутган йўлни тан олган ҳам, инкор этган ҳам бўлади”, дедилар. Мен: Ана шу яхшиликдан кейин ҳам ёмонлик борми?, деб сўрадим. У зот: “Ҳа, у ёмонлик одамларни жаҳаннам дарвозасига чақирар. Ким унга итоат қилса, жаҳаннамга ташланар”, дедилар. Мен: Ё Расулуллоҳ, Уларни бизга сифатлаб беринг, дедим. Шунда у зот: “Улар ҳам биз каби қавмдир, биз каби сўзлашур”, дедилар.
Бу ҳадислар инсонларни ёмонликдан қайтариб, яхшиликни тарғиб қилаётгани, Ҳақ устида собит қадам бўлишга, Аллоҳнинг Китобини ушлашга, У Зотга итоат этишга, У Зотнинг Арқонини маҳкам тутишга, жаҳаннам дарвозаси олдида туриб ёмонликка чақирувчилар билан курашишга ундамокда. Энди у жаҳаннамга чақирувчиларга итоат қилганлар эса жаҳаннамга улоқтирилурлар.

Хаёлпарастлик ва алғов-далғов тушлар билан келажакка юзланиш

Келажакка салбий муносабатда бўлиш ўрни - бошқача айтганда умидсизлик рўпарасида яна бошқа у каби ўрин бордир, у келажак ҳақида ҳеч қандай билим, амалсиз хаёлпарастлик қилиш, алғов-далғов тушлар кўрмоқдир.
Хаёлпарастлик улуғликни бино этмас. Орзуни рўёбга оширмас. Балки Каъб ибн Зубайр айтганидек: Хаёлпарастлик ва алғов-далғов тушлар ёмонликдир.
Бир киши ибн Сийрийндан сўради: Мен тушимда сувсиз анҳорда сузаётганимни, қанотсиз учаётганимни кўраман, бунинг боиси не? Ибн Сийрийн: Демак сен хаёлпараст ва алғов-далғов туш кўрар экансан, деб жавоб берди.
Алий ибн Абу Толиб ўғлига деди: Хаёлпарастликдан узоқ бўл, зеро, у аҳмоқлик буюмларидандир.
Бўлмагин сен орзу-истаклар кули пуч хаёллар эрур қашшоқлар йўли
Қуръони Карим аҳли китоблардан бўлган яҳудий ва насронийларнинг ҳеч бир сабабсиз ва иймон, амалсиз жаннатга кириш ҳақидаги орзу-истакларини қоралайди.
“Улар “Жаннатга фақат яҳудий ёки насроний бўлганлар киради”, дейишди. (Яъни, яҳудийлар: “Биз кирамиз”, дейишса, насронийлар: “Биз кирамиз”, дейишди.) Бу уларнинг хом хаёлларидир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: “Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатларингизни келтирингиз!”. Йўқ, ким чиройли амаллар қилган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, унинг учун Парвардигори ҳузурида ажр бор ва улар учун хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар”. (Бақара сураси, 111-112-оятлар).
Қуръон орзуга суянишни қоралайди, умид қилишни эмас. У иккисининг орасидаги фарқ: Умиднинг ёнида амал бўлади. Агар амал бўлмаса у орзудир.
Шунинг учун ҳадисларда Парвардигорнинг раҳмат даргоҳи кенглиги, магфирати ва У Зотнинг афвига суяниб қилинган ожизлик ва аҳмоқликни ҳавойи нафсга эргашиш, унинг шаҳватлари ортидан югуриш деб айтилади. Аллоҳ таоло айтади:
“Зеро, Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилувчиларга яқиндир”. (Аъроф сураси, 56-оят).
Яна У Зот айтади: “..(Аллоҳ) айтди: “Азобимни Ўзим хоҳлаган кимсага етказурман. Раҳматим - меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Мен уни (раҳматимни) тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва Бизнинг оятларимизга иймон келтиргувчи бўлган кишиларга ёзурман...”. (Аъроф сураси, 156-оят).
“Нафсини ўзига бўйинсундирган, вафотидан кейин ҳам номи қолиши учун амал қилган инсон зийракдир. Ҳавойи нафсига эргашган, хаёлпараст инсон эса ожиздир”.
Аммо умид қилишга келсак, Аллоҳ таоло унга ҳам ишора қилиб, бундай кишиларга сано айтади:
“Албатта иймон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳ Йўлида курашган зотлар - ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвордирлар. Аллоҳ Мағфиратли, Раҳмлидир”. (Бақара сураси, 218-оят).
Солиҳлардан бири айтади: Амалсиз жаннатни тилаш катта гуноҳдир. Суннатга эргашмай шафоат сўраш ғурурнинг бир навидир. Гуноҳлар қилиб Аллоҳнинг раҳматини умид қилмоқ аҳмоқлик ва жаҳолатдир.
Ҳасан: “Бир қавм Аллоҳдан мағфират кутиб, бу дунёдан ҳеч бир яхши амал қилмай ўтишди. Уларнинг бири деди: “Мен Парвардигоримга яхши гумон қилдим”. Унинг бу сўзи ёлғондир. Агар шундай бўлганида У Зот учун яхши амал ҳам қилган бўлар эди”, деди ва Аллоҳ таолонинг ушбу оятини тиловат қилди.
“Ва Парвардигорларингиз ҳақида ўйлаган мана шу гумонларингиз сизларни ҳалок қилди (яъни, дўзахга тушишларингизга сабаб бўлди). Бас, сизлар зиёнкор кимсаларга айланиб қолдинглар”. (Фуссилат сураси, 23-оят).
Яна у киши айтди: Эй одамлар, бундай орзулардан сақланинглар, зеро, у аҳмоқлар қулаган жарликдир.

“Ва Парвардигорларингиз ҳақида ўйла-ган мана шу гумонларингиз сизларни ҳалок қилди (яъни, дўзахга тушишларингизга сабаб бўлди). Бас, сизлар зиёнкор кимсаларга ай-ланиб қолдинглар”. (Фуссилат сураси, 23-оят).
Яна у киши айтди: Эй одамлар, бундай орзу-лардан сақланинглар, зеро, у аҳмоқлар қулаган жарликдир.

Юсуф Қаразовий роҳимаҳуллоҳ
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
Заҳириддин Мансур таржимаси (ҳафизаҳуллоҳ)

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase