Илмни амалдан муқаддам қилиш жуда муҳимдир. Зеро, илм амалдан аввал туради, у амалнинг йўлбошчисидир. Муоз ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Илм имомдир. Амал эса унинг тобеъсидир”.
Шунинг учун ҳам имом Бухорий “Жомиус-саҳиҳ”ида алоҳида илм бобини ажратиб, унинг номини “Сўз ва амалдан аввал илм” деб номлаган. Шарҳловчилар айтадилар: Илм сўз ва амалнинг саҳиҳ бўлишининг шартидир. Илмсиз у иккови эътиборга олинмайди. Илм улардан муқаддамдир. У ниятни ҳамда амални саҳиҳловчидир. Айтадилар: Бухорийнинг мана бу - илм амалсиз фойда бермайди деган гапидан илм ишига бепарво бўлиш, уни излашни енгил санаш тушунилмаслиги керак.
Бухорий ўзининг гапига оят, ҳадислар билан далил келтиради. Мана улар:
“Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), ҳеч қандай илоҳ йуқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳам-а мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезар жойларингизни ҳам, (Охиратда) борар жойларингизни ҳам билур”. (Муҳаммад сураси, 19-оят)
Аллоҳ таоло ўз элчисига аввал тавҳидни билишга буюриб сўнгра истиғфорга амр қилдики, у амалдир. Хитоб гарчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлсада, у барча умматга тегишлидир.
“..Албатта Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонлар қўрқур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ Қудратли, Мағфиратлидир”. (Фотир сураси, 28-оят)
Илм амалга ундовчи хушуъни - итоатни мерос қолдиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимга Аллоҳ яхшиликни истаса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”. Чунки у билсагина амал қилади. Қилганда ҳам чиройлироқ амал қилади.
Илм амалдан муқаддам дейишимизга яна бир сабаб, Қуръонда биринчи нозил бўлган оятдир: “Иқро - ўқи”. Ўқиш илм калитидир. Кейин эса амалга буйруқ тарзида оят нозил бўлди:
“Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни Охират азобидан) огоҳлантиринг! Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг!”. (Муддассир сураси, 1-4-оят)
Илм амалдан муқаддамдир. Чунки у эътиқод борасида ҳақни ботилдан, гап-сўзларда тўғрини хатодан, ибодатларда суннатларни бидъатлардан, муомалаларда саҳиҳни фасоддан, тадбирларда ҳалолни ҳаромдан, ахлоқларда фазилатни разолатдан, меъёрларда мақбулни мардуддан, сўз-амалларда рожиҳни маржухдан ажратар.
Шунинг учун кўпгина мусанниф уламолар ўз китобларини илм китоби билан бошлаганини кўрамиз.
Биз сўз юритаётган афзалликларнинг асли моҳияти мана шу илмга бориб тақалади. У билан бир нарсанинг мақаддам ёки муаххар бўлишини билишимиз мумкин. Илмсиз кўр кишилар кўр туянинг юришидек юрадилар.
Халифа Умар ибн Абдул Азиз нақадар тўғри айтган: Илмсиз амал қилган инсоннинг бузган нарсаси тузатганидан кўпроқ бўлади.
Бу нарса баъзи мусулмон жамиятларида кўриниб қолади. Уларга тақво ёки ихлос, ғайрат етишмайди дея олмаймиз. Лекин уларга шариат мақсадларини, дин ҳақиқатларини тушуниш, илм етишмайди.
Исломнинг ғалаба қозонишида ўз ўрнига эга бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам насаб, ҳам қуда-андачилик, ҳам муҳаббат борасида яқин бўлган Алий розияллоҳу анҳуни ўлдирган хаворижлар ҳам мана шу сифатга лойиқдирлар. Улар Аллоҳга яқин бўлиш мақсадида Алийнинг ва ундан бошқа мусулмонларнинг қонларини ўзларига ҳалол қилиб олдилар.
Яна бошқалари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи молларни тақсимлашларига қарши чиқиб, у зотга қўполлик ва жоҳиллик билан: адолат қилинг, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенга ўлим бўлсин! Мен адолат қилмасам, ким адолат қилади. Агар адолат қилмасам, ноумид бўлган ва зиён тортган бўламанку”, дедилар.
Бошқа бир ривоятда ана ўша қўпол кимса деди: Ё Расулуллоҳ, Аллохдан қўрқинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ер аҳли ичида Аллоҳдан қўрқишликка мен ҳақлироқ эмасманми?”, дедилар.
Бу каби қўпол кимсалар қалбларни улфат қилишлик сиёсатини ва бунинг натижасида умматга келадиган буюк фойдаларни тушуниб етмайдилар. Дарҳақиҳат, Аллоҳ таоло Ўз Китобида бу нарсани шариат қилди, бунинг йўлида - қалбларни улфат тутиш йўлида садақаларни сарф қилишга ижозат берган экан, ўлжаларда қандай бунга рухсат этмасин.
Баъзи саҳобалар мана бу тили узунни ўлдиришни сўраганларида, у зот бундан қайтардилар ва келажакда бу каби тоифалар чиқишидан огоҳлантириб дедилар: “Улар ўзларининг намозларидан сизларнинг намозингларни, рўзаларидан сизларнинг рўзаларингизни, ўз амалларидан сизларнинг амалларингизни ҳақир санайдилар. Қуръон ўқир эканлар, ўқиганлари томоқларидан ўтмайди. Улар худди ўқ камондан қандай чиқса, диндан шундай тез чиқиб кетадилар”.
Ҳадисдаги ўқиганлари томоқларидан ўтмайди” сўзининг маъноси будир. Қалблари ўқиётганларини тушунмайди, ақллари уни олмайди, намоз, рўзалари қанчалар кўп бўлмасин, қилган тиловатларидан фойда олмайдилар.
Буларнинг ҳаммаси илмнинг камлигидан, билимнинг ноқислигидандир. Улар Қуръонни қанчалар ўқимасинлар, ундан фойдаланмайдилар, тушунмай тиловат қиладилар. Тушунганда ҳам Аллоҳ таолонинг айтган сўзига тескари бўлган ҳолда нотўғри тушунадилар.
Шунинг учун улуғ имом Ҳасан Басрий илмни маҳкам ушлашдан аввал ибодат, амалга киришишдан қайтарган. Бу ҳақда ўзининг ибратли гапларини айтган: Илмсиз амал қилувчи йўлсиз йўлни йўл тутган кабидир. Илмсиз амал қилувчининг бузгани тузатганидан кўпроқдир. Ибодатга зарар қилмайдиган даражада илм изланг, илмга зарар қилмайдиган даражада ибодатни талаб қилинг. Чунки бир қавм илмни ташлаб, ибодатни истадилар, ҳатто қиличлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига қарши чиқдилар. Агар улар илм талаб қилганларида эди бу ишга қўл урмаган бўлар эдилар.
Шайх Юсуф Қаразовий роҳимаҳуллоҳ
"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан
Зиёуддин Мансур таржимаси