close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Мусулмонлар бирлашишига нима тўсқинлик қилмоқда?

Сарлавҳада берилган саволга мусулмонларга алоқаси бўлган ҳар қандай одам дуч келган бўлса керак. Баъзилар, қалблари Исломга яқин ва улфат бўлганлар нега фирқаларга бўлиниб кетганимизни, тўғриси тушунмаса керак. Баъзи мусулмонлар жазавали таассуб билан салафи солиҳлар билмаган, турли хил ботил ва бидъат нарсаларга қаттиқ ёпишиб, ўзларига эргашмаганларни бўлинишда айблашади.

Бошқалар эса, шариатнинг асл мақсадини ва ундаги муҳим аҳамият касб этган нарсаларни фаҳмламай,  ўзларини катта уламолардек тутиб, бўлинишларни уммат учун фахр деб санайдилар ва ўзларин ягонга мансур тоифадан деб биладилар.
Мусулмонлар бўлинишининг асл сабаблари нимада? Бу касалликдан халос бўлиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима қилишимизни буюрган? Ҳаммани қизиқтирган бу икки саволга Қуръон ва Суннат Ислом умматининг бирлиги ҳақида нима дегани тўғрисида бир икки оғиз сўз айтилганидан кейин жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Мусулмонлар бирлигининг муҳимлиги

Ислом умматининг бирлиги шариат мақсадларининг биридир. Мусулмонлар бирлиги қанчалик кенг, мустаҳкам бўлса, уларнинг яшашларидан кўзланган мақсадни амалга ошиши шунчалик комил ва шомил бўлади. Мақсад – Аллоҳ таолога ибодат қилишдир. Аллоҳ таолога ибодат қилиш мақсадларининг бири – ижтимоий уйғунлик (гармония) ва  фаровонликдир.
Шариатда мусулмонларни бирликка чақирадиган жуда кўп чақириқлар бор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади: “Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди” (“Оли Имрон” сураси, 103-оят). Бунга кўра, мусулмонлар ўзаро манфаат, умумий ғоялар ва интилишларга эгадир. Уларнинг интилишлари бирлашиш натижасида катта муваффақият келтиради ва умумий манфаатларга тезда эришилади.
Мусулмоннинг ҳаётдаги мақсади Аллоҳ таоло розилигини топиш, қиёматда очиқ юзли бўлиб, “кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга” интилиш (“Ҳадид” сураси, 21-оят),, “Улар унда абадий қолурлар” (“Юнус” сураси, 26-оят). Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтган “кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган” жаннатга мусулмонлар ўзаро ёрдамлари, фидойиликлари ва бир-бирига бўлган муҳаббатлари билан эришишлари мумкин.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ айтдилар: Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар, ўзаро бир-бирларингизга муҳаббат қўймагунингизча иймонли бўлмайсизлар. Сизларни, агар амал қилсангиз, ўзаро муҳаббат пайдо қиладиган ишга далолат қилайми? Саломни ораларингизда ёйинглар” (Имом Муслим). Ҳадис шарҳида Имом Нававий фақат ўзаро меҳр-муҳаббат сабаб ҳолингиз яхшиланади, иймонингиз комил бўлади, дейдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган самимий муҳаббат туфайли мусулмонлар жамияти барпо қилинди. Бунга ўхшаш нарса тарихда ҳеч қачон учрамаган. Унинг ажойиб жипслигини (бирдамлигини, иноқлигини) қуйидаги сўзлар билан тавсифлади: “Мўминлар ўзаро муносабатларда айрим қисмлари бир-бирини мустаҳкамлайдиган иншоотга ўхшайдилар” (Бухорий, Муслим). Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўминлар бир-бирларига муҳаббат, меҳр ва ҳамдардликда бир танага ўхшайдилар: унинг бир қисмига дард тегса, бунга жавобан бутун тана уйқусиз бўлиб, иситмалайди” (Бухорий, Муслим)
Исломнинг барча арконлари мусулмонларнинг бирлигини мустаҳкамлашга қаратилган: намоз, закот, рўза ва ҳаж. Намоз – Аллоҳ таолога ибодат қилиш асосидир. Келиб чиқиши, тили, ирқи, минталитетининг турли хиллигига қарамай барча мусулмонлар бир хил ибодат қилишади. Бу эса уларнинг бирлигини ифода этади. Бунинг устига, фарз намозлари бир кунда бир неча маротаба жамоат билан елкама-елка туриб адо қилинади. Масжидларда ягона мақсад учун учрашиб туришади. Бойлиги нисобга етганлар кам таъминланган фақир ва мискинларга закот бериши фарз қилинган. Бу улар орасидаги алоқаларни янада кучайтиради. Рўза ибодати молиявий таъминланган мусулмонларни муҳтож биродарларининг ҳолатига туширади. Бу икки тоифани тенг мақомга қўяркан, уларни бир бирларини қўллашга ундайди. Ҳаж ер юзидаги барча мусулмонларни бирлаштиради. Уларнинг бир хил кийимда бўлиши, Аллоҳ олдида тенг эканининг рамзи бўлади.
Шундай қилиб, Ислом Умматининг бирлиги – шариатнинг муҳим мақсадидир. Буни амалга ошириш учун ким бўлишидан қатъий назар, барча мусулмонлар шунга қараб ҳаракат қилишлари керак.

Жоиз ихтилофлар

Юқоридаги санаб ўтилган нарсаларга қарамай, бугун мусулмонлар турли хил фирқа ва оқимларга бўлиниб кетган. “...улар ишларини ўз ораларида пора-пора қилиб бўлиб юбордилар. Ҳар фирқа ўз ҳузурларидаги нарса ила хурсанддирлар". (Пайғамбарлар бир динда бўлган эдилар. Аммо улардан кейингилар ягона динни турли фирқаларга парчалаб юбордилар.) (“Мўминун” сураси, 53-оят).
Бирон ишни яхшироқ бажаришга ҳаракат қилган мусулмонларни айблаш тўғри эмас, албатта. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтди: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг” (“Моида” сураси, 2-оят).
Шунингдек, шариатдаги ҳужжатларга асосланган фиқҳдаги ихтилофларни, фарқларни танқид қилиш дуруст эмас. Аллоҳ таолонинг ҳикмати ўлароқ Қуръон ва Суннат барча иккинчи даражали масалалар бўйича узил-кесил шаръий ҳукмларни тақдим қилмайди. Бундай масалаларда мужтаҳид уламолар ўз қарашларига кўра энг кучли бўлган далиллар асосида шариат манбаларидан ҳукмларни истинбот қиладилар. Бу ҳол Пайғамбар алайҳиссалом даврларида ҳам кузатилган, у зот бунинг учун саҳобаларини койимаганлар. Чунки узил-кесил фикр айтиб бўлмайдиган бирор масалада ихтилоф қилиб қолган ҳар икки томон ҳам шаръий далилларга асосланган (Бану Қурайза ҳақидаги ҳадис каби).

Фирқачилик

Қандайдир мафкуравий адашиш оқибатида Қуръон ва Суннатга мос келмайдиган амал ва фаолликни ўзига асос қилиб олган ҳар қандай гуруҳ сектага айланиб, мусулмонлар жамоатидан чиқади.
Шайх Сафар ал-Ҳавалий ўзининг “Усулул –ал-фирақ” китобида фирқачиликнинг учта асосини келтириб ўтади:

1. Шариатнинг асл манбалари – Қуръон ва Суннатни тарк қилиш. Яъни, шариат манбалари ўрнига бошқа шаърий бўлмаган манбалардан фойдаланиш.
Мусулмонлар йўли - бу Қуръон ва Суннатни расулуллоҳ саҳобалари (разияллоҳу анҳум ажмаъин) ва салафи солиҳлар тушунганидек тушунишларидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Биз сенга китобни фақат уларга ўзлари ихтилоф қилган нарсаларни баён қилишинг учун, иймон келтирадиган қавмларга ҳидоят ва раҳмат этиб нозил этдик, холос” (“Наҳл” сураси, 64-оят).
Аксар гуруҳлар Ислом манбаси сифатида фалсафа ва илҳомга таянди. Маълум шахслар, уларнинг тушлари, ўликлар, “малакалар” билан “мулоқот”ларини ҳужжат қилиб, тўғри йўлдан тойишди. Демак, одамлар қайсидир шахсга кўр-кўрона таассубий тақлид қилиб қўйиши мумкин. Ҳатто бундай шахслар кўп ҳолатларда етарли шариат илмларига эга бўлмасалар ҳам. Уларнинг сўзлари ила ҳақ ўлчанадиган, ким уларнинг сўзларига ихтилоф қилса қораланадиган бўлди. Шундай қилиб, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир қаторга қўйишди. Бу борада имоми Молик: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ҳар қандай инсон борки, унинг сўзларининг баъзиси олинса, (баъзилари) тарк этилади. Фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинггина барча сўзлари олинади”, деганлар.
2. Диннинг қайсидир қисмига астойдил амал қилиб, бошқа қисмига амал қилмаслик. Мусулмонлар жамоатидан ажраган деярли барча гуруҳларда бу хислат топилади. Ислом – бутун инсон ҳаётини қамраб оладиган яшаш тарзидир. У ўзида ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олади: маънавият ва сиёсат, фикрат ва ҳиссиёт, ахлоқ, одоб ва ҳоказо. Баъзилар Исломни математикага айлантираётганининг гувоҳи ҳам бўляпмиз. Унга кўра икки карра икки халифаликдир. Бошқалар эса, маънавият билан чекланиб, қолган ишларни устоз ва имоми Маҳдийга юклаб қўйишади. “Ёки китобнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига куфр келтирасизми?!” (“Бақара” сураса, 85-оят)
3. Ислом душманлари найранглари. “Эй иймон келтирганлар! Агар куфр келтирганларга итоат қилсангиз, орқангизга қайтарурлар. Бас, зиён кўргувчиларга айланиб қоласиз” (“Оли Имрон” сураси, 149-оят). Ислом умматида пайдо бўлган жуда кўп фирқа ва бидъат аралашган эътиқодларнинг асосчилари мусулмон бўлмаганлар эди.

Бугун ҳам жуда кўп толиби илмларнинг асосий ишлари ҳаммани ва ҳар нарсага раддия бериб, инкор қилиб ташлаш бўлиб қолганини кузатиш мумкин. Исломдаги асосий нарса кимгадир раддия бериш экан, деб тушуниш асосида бутун авлодлар тарбияланмоқда. Шу услуб билан умматни адашиш ва залолатдан тозалаяпмиз деб, бу одамлар ўзлари сектага айланиб бораётганини сезмаяптилар. Тез орда буларнинг ўзларини ҳам инкор қилиш бошланиб кетади. Бу бузуқ халқа маълум маънода ташқаридан қўллаб-қувватланиб турилади.

Бу муаммонинг ечими...

...тушуниш учун жуда осон, бироқ ҳаётга татбиқ қилиш ниҳоятда қийин бўлган амал. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 14 аср олдин Ислом уммати етмиш уч фирқага бўлиниши ҳақида огоҳлантирган эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар, Насоролар етмиш ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Менинг умматим эса, етмиш уч фирқага бўлинадир», дедилар. (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

Нажот топган ягона фирқада бўлиш учун нима қилиш керак?

Юқорида зикр қилинган ҳадиснинг бошқа бир ривоятида: «етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда, у-жамоатдир» ибораси зиёда қилинган. Яъни, Ислом умматида пайдо бўлган етмиш учта эътиқодий фирқадан етмиш иккитаси дўзахга, биттаси жаннатга тушади. Ўша жаннатга тушадиган фирқа, жамоат фирқасидир. Аниқроғи, мусулмонларнинг асосий оммасини жамлаб, Китоб ва Суннатга амал қилувчи тоифадир. Бу саодатли тоифа «Аҳли Суннат ва Жамоа» номини олган. Эътиқод бобида Суннатга мувофиқ иш кўрувчи ва мусулмонларнинг оммавий жамоасини бирлаштирувчи мазҳаб. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: “Асрларнинг яхшиси менинг асримдир. Сўнгра ундан кейин келадиганлари. Сўнгра, унлан кейин келадиганлари”, деганлар.
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Икковларини маҳкам ушласангиз зинҳор залолатга кетмассиз. Булар – Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннати»-деганлар. (Имом Молик ривоят қилганлар).

Бу васиятнинг қандай амалга оширса бўлади?

Мусулмонларнинг биринчи авлодлари бўлган салафи солиҳ аждодларимиз тутган динни қаттиқ тутишимиз лозим. Шунингдек, улар рад этган Қуръон ва Суннатга асосланмаган хурофотлардан ва улар ҳатто билмаган бидъатлардан воз кечишимиз керак.

Манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase