close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бизлар мўминмизми?

...Ана шундан сўнг биз қандай қилиб ўзимизни Қуръон назарда тутган мўминларнинг қаторига қўямиз?! Аллоҳ шарт қилиб қўйган нарсаларни адо этмай туриб қандай қилиб Аллоҳ ваъда берган нарсаларни кутамиз?!
Шубҳасизки, ўзимиз Аллоҳга ёрдам бермай туриб, Аллоҳдан ёрдам беришини сўрашимиз, ўзимиздан мўминларнинг сифатларини талаб қилмасдан туриб Ундан мўминларнинг мукофотини талаб қилишимиз бизнинг уятсизлигимиздир...

Бир оз диний илмдан хабари бор, ўзи зиёли мусулмон бўлган бир суҳбатдошим менга шундай деб қолди:
-    Ақлли инсоннинг сўзи унинг амалига тескари бўладими?
-    Модомики у нима деяётганини англаб етгувчи, қилаётган амалини ният қилгувчи экан, йўқ. Нега  бу саволни беряпсиз?
-    Ушбу савол кўпдан бери фикримни банд қилиб келаётган ва мен унга жавоб топишга уриниб юрган бошқа бир саволнинг дебочасидир. Шоядки, ҳозир етарли жавобни сиздан топсам.
-    Саволингизни айтингчи?
-    Қуръон Аллоҳ таолонинг каломи эмасми?
-    Ҳа, албатта.
-    У ҳолда нима учун ушбу борлиқдаги воқелик Аллоҳнинг Китобида ёзилганларга терс келаяпди?
-    Бу бўлиши мумкин эмас. Нима деяётганингизни менга тушунтириб беринг.
-    Биз Қуръонда Аллоҳ таолонинг: “Мўминларга нусрат бериш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган” (Рум:47) деганини ўқиймиз. Воқеликнинг саҳифасида эса мўминларнинг ёрдамсиз ташлаб қўйилганликлари ва кучсиз қолганликларини ўқийсиз. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг:  “Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларига хосдир” (Мунофиқувн: 8) деган сўзини ўқийсиз. Воқеликда эса мўминларнинг залил ва қул бўлиб қолганликларини кўрамиз. Биз Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ ҳаргиз кофирларга мўминлар устидан йўл бермас” (Нисо:141) сўзини ўқиймиз. Аммо ён – атрофимизга қарасак кофирлар учун мўминларнинг устида минг бир йўл борлигини кўрамиз. “Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни мудофаа қиладир” (Ҳаж:38), “Шундоқ бўлиши, албатта, Аллоҳ иймон келтирганларга дўст эканлигидан” (Муҳаммад:11), “Албатта, Аллоҳ мўминлар билан биргадир” (Анфол:19) ва ҳоказолар сингари бошқа оятларни ҳам ўқинг. Шундай бўлса-да, биз куч – қувват, ҳукмронлик ва улуғликнинг кофирлар ва мулҳидларнинг насибаси эканини, ожизлик, қолоқлик ва хорликнинг эса мўминларнинг насибаси эканини кўрамиз! Бас, ана шуларнинг тафсири қандай? Уларнинг таъвили нима?
-    Ушбу оятларнинг таъвили ниҳоятда аниқ ва равшандир. Албатта ушбу оятлар ичида келган нусрат, азизлик, ҳукмронлик ва илоҳий мадад шубҳасиз, мўминлар учун кафолатланган. У имонни даъво қиладиган, аҳли исломнинг номи билан номланиб оладиган ҳар қандай киши учун кафолатланган эмас. Зотан, бу ерда гап исмлар ҳақида эмас исм эгалари ҳақидадир. Эътибор даъволарга қараб эмас ҳақиқатларга қараб бўлади.
-    Бу гапдан бизларнинг мўмин эмас эканлигимизни тушунайми?  
-    Агар имон икки шаҳодат калималарини нутқ қилиш, исломнинг баъзи бир шиорларига риоя қилиш бўладиган бўлса, биз мўминлармиз. Агар имон Қуръон мўминлар учун зикр қилган сифатларни амалга ошириш бўладиган бўлса, биз билан Қуръондаги имоннинг орасида қанчадан қанча масофа бордир.
Ҳақиқатда Аллоҳ –Ўз Китобидаги оятларда – нусрат  ва ёрдам бериш, қўллаб – қувватлаш кафолатини берган мўминларнинг ана шу Қуръоннинг ўзи зикр қилиб турган сифатлари бордир. Ана ўша сифатлар воситасида уларнинг эътиқодларини, амалларини ва ахлоқларини кўрсатиб қўйгандурки, улар ўшалар туфайлидан Аллоҳ таолонинг улуғлашига ҳақли бўлганлар. Бизларнинг Аллоҳ Қуръонда мўминларга ваъда қилган нарсаларни зикр қилиб, кейин мўминларнинг кимликларини Қуръондан бошқа жойлардан излашимиз инсофдан бўлмайди.
-    Аллоҳга қасамки, тўғри. У ҳолда Қуръон назарда тутган мўминлар кимлигини менга айтиб беринг.
-    Сиз Роббингизнинг Китобидаги мана бу нуроний оятларга қулоқ солинг: “Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир. Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиганлардир. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Уларга Роббилари ҳузурида даражалар, мағфират ва карамли ризқ бор.” (Анфол: 2-4); “Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир.” (Мўминувн: 1,2); “Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар.” (Тавба:71); “Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз.” (Ҳужурот: 10); “Албатта, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, сўнгра шубҳа қилмаган ва Аллоҳнинг йўлидан моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина (иймонида) содиқлардир.” (Ҳужурот: 15) “Албатта, мўминларнинг Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ораларида ҳукм чиқариш учун чорланганларидаги гаплари: «Эшитдик ва итоат қилдик», демоқларидир. Ана ўшаларнинг ўзларигина нажот топгувчилардир.” (Нур:51). Сиз ана шулар ва булардан бошқа оятларга қулоқ солинг. Ва ҳоланки, унга ўхшаган оятлар Қуръонда кўпдан – кўпдир. Сўнгра исломга мансуб ана шу юз миллионлаб кишиларнинг воқелигига назар қилинг. Хўш, нимани кўрасиз? Роббингиз ҳаққи айтингчи, намозларини зое қилган, шаҳватларга эргашган, қалблари Аллоҳдан бошқа билан банд бўлган, Аллоҳ билан алоқалари узилган қавмдан бошқаларни кўрасизми? “Ўз ораларида адоватлари шиддатли. Уларни бир деб ўйлайсан. Ҳолбуки, қалблари тарқоқдир.” (Ҳашр:14). Уларнинг ичида мункар ошкора бўлиб ва маъруф махфийлашиб қолган. Ҳатто уларнинг ичида маъруф мункарга, мункар эса маъруфга айланиб қолган. Ҳатто уларни ичида мункар ишга амр қиладиган, маъруф ишдан қайтарадиган кишилар пайдо бўлган. Энди ана шу олти юз миллионга яна бир назар солинг. Сиз уларнинг орасидан миллионини тоифачиликка ғулув кетиш бузиб юборганини, яна миллионини фирқа томнидан адашишга чиқариш бузиб юборганини, миллионини эса сиёсий мустабидлик бузиб юборганини, миллионини мафкуравий кураш бузиб юборганини, миллионини коммунистик мустамлакачилик ажратиб юборганини, миллионини салибчиларнинг босқинчиликлари жоҳил қилиб қўйганини, яна миллионини эса на у ёқлик ва на бу ёқлик эканликларини кўрасиз. Улар ғафлатда ўйин кулгу қилиб, жаҳолатда ғофил бўлиб юрибдилар. “Ўликлардир, тирик эмаслар ва қачон қайта тирилтирилишларини билмаслар.” (Наҳл: 21).
Ана шундан кейин сиз қадимда бир шоир айтган ушбу гапдан бошқасини айта олармидингиз:
Одамлар қандай ҳам кўп! Йўқ, улар қандай ҳам оз!
Аллоҳга маълумки, мен ёлғон гапирмаяпман!
Мен кўзларимни очиб қараган вақтимда,
Кўпларни кўраман аммо ҳеч кимни кўрмайман!
-    Айтган гапларингизнинг барчаси тўғри. Лекин яҳудийлардан кўра биз содиқ мўминлар(деган ном)га яқинроқ эмасмизми? Нима учун улар ғалаба қилдилар ва биз нима учун мағлуб бўлдик?
-    Ҳақиқатда яҳудийлар Аллоҳнинг халқ қилишдаги суннатларидан олган ибратлари миқдорича ғалабага эришдилар. Аллоҳнинг суннатларидан ибратланиш имоннинг муҳим бир қисмидир. Биз бўлсак уни зое қилдик. Улар эса уни сақлаб қолдилар. Биз уйқуга кетган бўлсак улар бедор турдилар. Биз жоҳил юрган бўлсак улар илм ўргандилар. Улар ғайрат қилган бўлсалар биз қолоқлик қилдик. Улар ўзаро ҳамкорлик қилган бўлсалар биз бир – биримизни ташлаб қўйдик. Улар эртанги кун учун ҳозирлик кўрган бўлсалар биз ҳатто бугуннинг вазифасини ҳам унутдик. Бу одамлар қону жонларини сарф қилдилар. Биз бўлсак кўз ёшдан бошқа нарсани сарф қилмадик. Хўш, ана шу ўринда икки гуруҳдан қайсиниси ҳақиқий имон тушунчасига яқинроқ?
Ҳақиқатда Аллоҳнинг юксалиш ва йиқилишдаги, ғолиб келиш ва мағлуб бўлишдаги суннатлари ҳеч кимга зулм қилмайди ва ҳеч кимнинг тарафини олмайди. Кимки ғалабанинг сабабларини тутса, агарчи у яҳудий бўлса ҳам унга эришади. Кимки мағлубиятнинг йўлини тутса, агарчи у исломга мансуб бўлса ҳам уни мағлублик тутади.
Сизга Уҳуд жангидаги мусулмонларни мисол қилиб келтирайми? Дарҳақиқат улар биттагина хатога йўл қўйиб унинг баҳосини етмишта шаҳид билан тўлаган эдилар. Шаҳидлар орасида Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза, Мусъаб ибн Умайр, Саъд ибн Рабийъ, Анас ибн Назр ва бошқа қаҳрамон мўминлар бор эдилар. Қўмондонлари расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканликларию душманларининг бутпарастлар эканликлари уларга фойда бермади.
Ана шу нарсани Қуръон ёзиб қолдирди ва у мусулмонлар устидан одил ҳакамдир: “Сен: «Сизга мусибат етган пайтда, ҳолбуки ўзингиз ҳам икки бараварини етказган эдингиз, бу қаердан, дейсизми?! Бу ўзингизнинг ҳузурингиздан!» деб айт. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.”
Сўнгра суҳбатдошимга дедим:
-    Яна ҳам тушунтириб беришимни истайсизми? Менга қўшилиб мана бу оятларни ўқинг:
“Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ҳушёр тутинг ва гуруҳ-гуруҳ бўлиб қўзғалинг ёки тўп ҳолингизда қўзғалинг!” (Нисо:71), “Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёр қўйингиз, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз.” (Анфол:60), “Эй иймон келтирганлар! (Кофир) жамоатга рўбарў келганингизда, саботли бўлинг ва Аллоҳни кўп зикр қилинг, шоядки нажот топсангиз. Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетади. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир.” (Анфол: 45-46)
Биз ана шу оятларга амал қилдикми? Биз, албатта, ўзимизни ҳушёр тутмадик. Аксинча эътиборсизлик қилдик. Бизлар ўз ишимиздан ғафлатда эканмиз баногоҳ қаршимизда бутунжаҳон саҳюнийларининг режалари турарди... Бизлар нишонга тегишидан олдин нишонга қаратиб отгувчига тегадиган бузуқ қурол – яроқлардан ташқари қўлимиздан келганича куч – қувватни ҳозирлаб қўймадик. Биз ана шу тариқа қурол – аслаҳа ва буюмларимиздан ғофил қолганимизда Қуръони карим “Куфр келтирганлар силоҳларингиз ва матоҳларингиздан ғофил бўлсангиз, устингиздан бирдан ҳамла қилишни истарлар”, дея Нисо сурасида зикр қилиб ўтганидек  улар бизларга қарши бирдан ташландилар. Душманимизга йўлиққан вақтимизда эса Аллоҳ имон келтирган зотларни буюргани каби собит турмадик, Аллоҳни кўп ёдга олмадик, - ҳаттоки оз ҳам, - Аллоҳга ва Унинг расулига итоат қилмадик. Қўшинлар (ҳозирлаш) ўрнига ахлоқсиз ашула ва уятсиз рақс билан вақтичоғлик қилишга тушиб кетдик. Аллоҳ бизларни қайтарган ўзаро низолашишдан сақланмадик учун тушкунликка учрадик ва куч – қувватимиз кетди.
Ана шундан сўнг биз қандай қилиб ўзимизни Қуръон назарда тутган мўминларнинг қаторига қўямиз?! Аллоҳ шарт қилиб қўйган нарсаларни адо этмай туриб қандай қилиб Аллоҳ ваъда берган нарсаларни кутамиз?!
Шубҳасизки, ўзимиз Аллоҳга ёрдам бермай туриб, Аллоҳдан ёрдам беришини сўрашимиз, ўзимиздан мўминларнинг сифатларини талаб қилмасдан туриб Ундан мўминларнинг мукофотини талаб қилишимиз бизнинг уятсизлигимиздир. Биз  Аллоҳга содиқ бўлишимиз лозимки, Аллоҳ ҳам бизларга содиқ бўлсин. Яъни биз ҳақиқий мўмин бўлишимиз, ёлғиз Аллоҳни Робб деб, Исломни манҳаж деб, Расулни намуна деб, Қуръонни имом деб рози бўлишимиз,  барча нарсада:  ақидамизда, мафкурамизда, ахлоқимиз ва ҳаёт йўлимизда, қонунчилигимиз ва ҳаётимизни тартибга солишимизда Аллоҳдан ўзгасига бандалик қилишдан қочмоғимиз лозим.
Аллоҳ охиратда берадиган мукофоти ҳамда розилигидан ташқари мўминлар учун бу дунёда ёзиб қўйган саодат, нусрат ва азизликка фақатгина ана шундай имон билан эришамиз.
-    Аллоҳ  ҳаққи қасамки, тўғри айтдингиз. Аммо солиҳ мўминлар йўқми?
-    Ҳа. Ушбу уммат залолат устида жам бўлмас. Лекин улар озчилик. Улар оз бўлишлари билан бирга битта ипга тизилмасдан сочилиб кетган доналар сингари тарқоқдирлар. Уларнинг кўплари (умматни) ислоҳ қилишдан ноумидликка тушиб қолиб, майдонни кофир, фожир ва маккор мафкуравий курашга қолдириб қуролни ташлаб қўйганлар. Баъзилари эса харобаларда оҳ – воҳ қилиш, уввос тортиш ва йиғи – сиғи билан, бирор бир жиддий нарса ёки ижобий амал тақдим қилиш ўрнига истиржо қайтариш ва лоҳавла вало қуввата илло биллога шўнғиб кетиш билан кифояланганлар. Яна айримлари Аллоҳ йўлида етган мусибатдан бўшашганлар, заифлашганлар ва бўйсунганлар. Яна айримлари... ва ҳоказо ва ҳоказо...
-    Ундай бўлса, чораси нима?
-    Чораси ана ўша солиҳ мўминларнинг қўлларидадир. Чора шуки, ана шу солиҳлар ақида, шариат ва ахлоқ жиҳатидан соғлом бўлган исломга қайтишга чақирмоқлари, башорат бергувчи ва огоҳлантиргувчи бўлган ҳолларида ўз қавмларига ана шуларни эслатмоқларидир. Зеро фақатгина Ислом ёрдамида улар ғалаба қиладилар, бош бўладилар. Уларнинг бирликлари ва куч – қувватлари у биландир. Дунёдаги азизлик ва охиратдаги саодат – бошқасида эмас – ундадир. Ана шу солиҳ мўминлар ўз умматларини эски турғунликдан, янги дармонсизликдан, гоҳ ошкора ва гоҳ ниқоб тутган ҳолда устиларига бостириб келаётган куфрдан озод қилиш учун бирлашиб жидду жаҳд қилишларидир. Ана ўша жонкуярлар ўз замоналарининг табиатидан ва ўз даврларининг талабларидан, жамиятларининг аҳволидан, ҳар томондан уни тортишаётган оқимлардан, уни ўраб олаётган муаммолардан хабардор бўлишлари, муқаллидлар ёки масхарабозлар ақл хусусияти билан эмас тадқиқотчи мутахассис олимларнинг мантиқи билан уларга қарши курашмоғидир. Мусулмонларнинг диёрларини ювиб кетган, уларнинг ақлларию қалбларини даҳшатли сувратда эгаллаб олган, ҳатто буюк Ислом даъватчиси “(Бу) диндан қайтиш, аммо унинг учун Абу Бакр йўқ” деб атаган ана ўша қутурган моддий тўлқинга қарши курашиш учун ишонч ва сабр билан қуролланмоқларидир.
Энди қачонки улар ўзлари билан ботилнинг ўртасида кечаётган урушнинг иссиғига сабр қилсалар, Аллоҳнинг ўзлари билан олиб юрган оятлари тўғри эканига аниқ ишонсалар, Аллоҳ ва Унинг расулини, Унинг йўлидаги курашни одамлар ҳарис бўлган аҳли оила, қариндошлар, молу дунё ва ватандан иборат барча нарсадан устун қўйсалар Аллоҳ уларни пешқадамлар, (ер юзидаги) ворислар қилиб  қўйишига, Унинг Ўзи: “Ва сабр қилган пайтларида улардан Бизнинг амримиз ила ҳидоятга бошлайдиган пешволар чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонардилар” (Сажда: 32) деганидек ер юзини улар учун макон қилиб беришига ҳақли бўладилар.
-    Ундай бўлса, ана шу солиҳ мўминлар  мана шу вазифани адо этмай қўйсалар натижа нима бўлади?
-    Шубҳасиз, у хавфли ва қўрқинчли натижадир. Унинг белгиларини Аллоҳнинг Китобидаги бир оят белгилаб берган бўлса, нафс уни тасаввур қилишда ҳар томонларга кетиб қолсин учун бошқа бир оят уни қўрқинчли ва мажҳул қилиб қолдирган. Аввалги оятга келсак, у Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидир: “Агар қўзғолмасангиз, У зот сизни аламли азоб билан азоблайдир. Ўрнингизга бошқа қавмни келтирадир. Сиз Унга зарар келтира олмассиз. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.” (Тавба:39). Кейинги оятга келсак, бас у Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидир: “Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош-уруғларингиз, касб қилган молларингиз, касод бўлишдан қўрққан тижоратларингиз ва хуш кўрган масканларингиз сизга Аллоҳдан, Унинг Расули ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан маҳбуброқ бўлса, у ҳолда Аллоҳ Ўз амрини келтургунча кутиб туринг. Аллоҳ фосиқ қавмни ҳидоят қилмас.” (Тавба: 24)

Шайх Юсуф Қаразовий ҳафизаҳуллоҳ

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Калит сўзлар
Абу Муслим

ИсламОнлайн.Уз сайтининг
Бош муҳаррири

Сайт: www.islamonline.uz
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase