"Шаҳид” сўзи «ҳозир, гувоҳ, ўз билганлари ҳақида хабар берувчи» маъноларин ифодалайди. Шунингдек, «Шаҳид» Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, «гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот» деган маъноларни англатади. «Шаҳид» лафзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик - Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожеали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ, айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас! Баъзи бировлар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Зотан, ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик бўлмайди. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин:
Саҳл ибн Хунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади", дедилар” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривоятлари).
Имом Термизий келтирган ривоятда:
"Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради", деб келтирилган.
Ниятни холис қилиб жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онасининг бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар ҳаётда жуда кўп. Биз шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1) “Шаҳиди аъло" - "олий даражадаги шаҳид". Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираёт-ганида биров зулм қилиб, ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у "шаҳиди аъло" - "олий даражадаги шаҳид” бўлади. Бу икки ҳолатда ҳам ўлган кимса мусулмон бўлиши, балоғатга етган ақл-ҳуши жойида бўлган, пок таҳоратли (ҳайз-нифосдан ва жунублик ҳолатидан пок) бўлиши жароҳатдан кейин дунё неъматларидан фойдаланмаган бўлиши шарт. Ана шу ҳолатда ўлган кимса ўлимнинг энг олий даражаси - шаҳидликни топган бўлади. Унинг кўйлак-иштонидан бошқа кийганлари ечиб ташланади, уч қават кафанликка тўлдирилади (кийими бир қават деб ҳисобланади), ювиб ўтирмасдан қони билан бирга жаноза ўқиб дафн қилинади.
2) "Шаҳиди ҳукмий" - "шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган". Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, "шаҳиди ҳукмий" бўлади. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам "шаҳиди ҳукмий" ҳисобланадилар. Бу зотлар кафанланади, ювилади ва жаноза ўқиб дафн қилинади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари шаҳидлигининг бир неча ўринларини кўрсатиб берганлар. Шунга биноан, шариат томонидан шаҳид бўлган деб ҳукм қилинганлар тоифасини, жумладан, Имом ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ 30 (ўттиз)га етказган бўлсалар, бошқа уламолар 70 (етмиш) хилга етказганлар. Ушбу кимсалар ҳам қиёмат кунида, иншааллоҳ, шаҳидлар қаторида туражаклар.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ "Радд ал-муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди. Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимсани жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғирлик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ёки ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидийн. Радд ал-муҳтор).
Демак, айрим мустақил, соғлом фикрга эга бўлмаган кишиларга ўхшаб ўзини-ўзи ўлдириш шаҳидлик эмас! Мақсадсиз қон тўкилаётган жойларга бориб ўлиш шаҳидлик эмас. Экстремистик оқим вакиллари каби камикадзелик қилиб, ўзини-ўзи портлатиш ва қурбон қилиш шаҳидлик эмас!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кимсалар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини-ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
"Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, Қорин оғриғи билан ўлиш, оловда куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!" ( Имом Суютий "Жомеъ ас-сағир").
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар:
"Аллоҳ йўлида юрганидаўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, туғаётганидаўлган аёл шаҳиддир" (Имом Табароний ривоятлари).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини-ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ:
"Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқибўлган шаҳиддир; Қорин оғриғи биланўлган кимса шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган кимса шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган [масалан, зилзилада) кимса шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган кимса шаҳиддир; оловда куйиб ўлган кимса шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир" (Имом Насоий, Имом Табароний ривоятлари).
Ҳомиладорлик жиҳод билан тенглаштирилган, ҳомиладор аёл туғса, шаҳидлик савоби берилади унга. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай ҳадислари бор:
"Тўғри, умматимнинг шаҳидлари оз бўлади. Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилган кимса шаҳиддир; инсон ўз тўшагида Аллоҳ йўлида ётганида ўлса, шаҳиддир; Қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир; чаён ёки илон чаққанидан ўлган кимса шаҳиддир; сувга ғарқ бўлиб ўлган кимса шаҳиддир; тиқилибўлган шаҳиддир; йиртқич ҳайвон ташланганидан ўлган кимса шаҳиддир; уловидан йиқилиб ўлган кимса шаҳиддир; вайрона остида қолибўлган кимса шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган кимса шаҳиддир; нифосли аёл боласи туфайли вафот қилса, у ҳам шаҳиддир: у аёлнинг бундай қийинчиликдаги вафотиуни жаннатга олиб боради" (Имом Табароний ривоятлари).
Юқоридаги ҳадиси шарифларда мусулмон зотилжам касалига йўлиқиб вафот қилса, шаҳид бўлиши айтиб ўтилган. Зотилжам бу ўпканинг яллиғланиши ва ўпканинг юқумли касаллиги - пневмония бўлиб, коронавирус ҳисобланади. Демак, бу касалликка гиритор бўлиб, вафот этган ва сабр-тоқат кўрсатган мўъмин-мусулмонлар ҳам шаҳидлик мақомига муяссар бўладилар, иншааллоҳ! Зотан, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Оиша онамиз розияллоҳу анҳо вабо-ўлат (эпидемия ва пан демия) ҳақида сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бундай деганлар:
"У Аллоҳ таоло хоҳлаган кимсага юборадиган азобдир. Албатта Аллоҳ уни мўъминлар учун раҳматдир. Вабо тегмаган кимса ҳамўз шаҳрида сабр ва умид қилган ҳамда Аллоҳ ёзган нарсагина етишини билгани ҳолда турса, унга шаҳиднинг савобидек ажр бўлади!" (Имом Бухорий ривоятлари).
Мазҳабимизнинг эътиборли ва машҳур китобларидан бўлмиш "Дурр ул-мухтор" ва "Радд ал-муҳтор” асар-ларида илм талабида юрганда, вафот қилган ҳам шаҳид кетган бўлади, дейилган:
"Кимки илм ўрганаётган пайтда вафот қилса, шаҳиддир. Бу китоб ёзиш, дарс бериш, кунда дарс жараёнига қатнашиш билан бўлади. Мақсад илмга берилиб, доимо банд бўлиб, қаттиқ қизиқиш кўрсатиш эмас (Яъни, илмийдарсва илмўрганиш жараёнида бўлишнингўзи кифоя)" (Ибн Обидийн. Радд ал-муҳтор).
Хуллас, "Дурр ул-мухтор” ва "Радд ал-муҳтор” асар-ларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
- Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар;
- Илм талабида юрганда ўлганлар;
- Душман билан курашиб ўлганлар;
- Ғарқ бўлганлар;
- Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас);
- Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар;
- Девор остида, зилзилада қолганлар;
- Қорин оғриқ билан ўлганлар;
- Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар;
- Жума кечаси вафот топганлар;
- Сил касалидан ўлганлар;
- Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар;
- Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар;
- Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар;
- Ииртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва сузгани оқибатида ўлганлар;
- Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар;
- Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар;
- Чаён ёки илон чақиб ўлганлар;
- Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар;
- Тўғрисўз ва ҳалол тужжор савдогар бўлиб вафот топганлар;
- Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касбкор қилиб юрганида вафот топганлар;
- Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар;
- Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар;
- Ҳар куни: "Аллоҳумма, борик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” ("Эй Аллоҳ, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!") деб 25 марта айтиб юрганлар;
- Ҳар куни "зуҳо" - чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар;
- Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар;
- Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар;
- Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам ушлаганлар;
- Касал ва бемор бўлганида 40 марта Ла илаҳа илла анта! Субҳонака, инний кунту мин аззолимийн" ("Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!") дейишни одат қилганлар;
- Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан