close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Бизни умр бўйи тутгин, Рамазон

Ўн бир ой интиқ кутганимиз, шоду хуррамлик билан қаршилаб, астойдил ихлос билан ўтказганимиз Рамазон ойи ҳам ниҳояланиб бормоқда. Насиб этса Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасидамиз. Гарчанд Рамазоннинг кетиши кўнгилга ҳузун солса-да, рўза ибодатининг ҳаловати ва сокинлиги йил бўйи руҳимизга ҳамроҳлик қилишидан умидвор бўлиб, муборак ойни байрам билан кузатамиз. Зеро ушбу кун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига мувофиқ катта байрам саналади.

Ҳайит — хурсандчилик айёми

Бу кунда динимизда мубоҳ саналган, кўнгилни кўтарадиган барча ишларни бажариш билан қалбга ором берилади. Чунки  Ҳайит завқу шавқ, шодлик кунидир. Энг гўзал инсоний ҳислар тантанаси,  мўминлар орасида меҳр-эҳтиром туйғулари жонланган гўзал дамлардир бу улуғ айём. Бу кунларда меҳр-муруват, ўзаро ҳамжиҳатлик ортади.  Ҳайит айёмининг гўзал хусусиятларидан бири — мўминларни дийдорга чорлайди. Суннат ва ислом буйруқлари билан сайқалланган ўзбекона тамойилда эса бу улуғ кунлар завқу шукуҳи буткул гўзаллашади. Бекалар тансиқ таомлар тайёрлаб, тўкин дастурхон ҳозирлайдилар. Қўни-қўшни, ёндош уйларга ҳайит пишириқлари, арафа оши улашилади. Қариндош-уруғ, яқинлар ҳолидан хабар олинади. Ноз-неъматга тўла дастурхон атрофида ҳайит айёмларига соғ-саломат етказгани учун Аллоҳга ҳамдлар айтиб, шукрона келтирилади.  Бу кунларда нафақат тириклар, балки марҳумлар ҳам Қуръон ва дуолар билан йўқланади, руҳлари севинтирилади, қабрлари зиёрат қилинади. Рамазон ҳайити мўминлар ҳаётида муҳим ўринга эга. Чунки бу айём ўттиз кун тутилган рўзанинг ифторлик пайтидаги севинчи каби катта ифтор шодлигини ифода этади. Рамазон ҳайити ҳижратнинг иккинчи йилидан бошлаб нишонланган. Рамазон рўзаси ҳам биринчи бор шу йили фарз қилинган, бир ой давомида рўза тутган мусулмонлар шаввол ойининг дастлабки уч кунини байрам сифатида нишонлаганлар. Асосий шодиёналар ҳайитнинг илк куни тантана қилинади ва ушбу кунда рўза тутмоқлик ҳаром қилинган. Рамазон мобайнида хурмо меваси билан ифтор қилган мўминлар, ҳайит куни куни тонгда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб ширинлик тановвул қиладилар.
Биз айёмни қандай нишонлаймиз?
Шунингдек, Рамазон ҳайити гуноҳлар афв этилгани, покланганлик хушхабарига ишора айёмдир. Бу хушхабар муждасини фаришталар инсонларга етказадилар. Ибодатлар билан бирга хайр-саховатли бўлган, имкони етгани даражасида атрофдагиларга моддий-маънавий ёрдам берган мўминлар Аллоҳнинг раҳматига эришишини шивирлаган фаришталарнинг овози кўнгилларни ёритади. Юзи табассумли, қалбида гина-адовати, зарра ёмонлиги бўлмаганлар бир-бирларини ҳайит билан қутлайдилар, қучоқлашиб, Аллоҳга ҳамд айтадилар. Булар энди ҳайитни байрам қилишнинг суннатга кўра тамойиллари. Хўш, биз-чи, биз ҳайитни қандай нишонлаймиз? Улуғ айём кунлари Расулуллоҳ ва саҳобалардек пок кўнгил ва самимий хушнудлик билан байрам қиляпмизми? Бу улуғ кунларда қалбимиздан гина-адоват, хафаликларни сидириб ташлаб, биродаримизга очиқ юз ва табассум билан юзланамизми? Ҳайит айёмминининг асл моҳиятини фарзандларимизга амалларимиз билан кўрсатиб, Аллоҳ бандаларига меҳрибонлигини, дунё неъматларини улар учун яратиб, шукронасини адо этишларини исташини уқтирамизми? Ҳайит дастурхонлари, совға-салом ва ҳадия улашишда кимўзарга ўйнаб кўнгилларга озор етишига сабаб бўлмаймизми? Ҳа, бу каби масалалар энди алоҳида мавзу ва бу хусусда жиддий мулоҳаза юритиш ўринли.

Дадасининг йўлига кўз тикаётган қизалоқ

Эри беш бола билан хотинини ташлаб, бегона аёл билан яшаётган муслима опадан ҳол-аҳвол сўраш асносида, ярасини тирнаб қўймасликка тиришиб эри билан боғлиқ ишлари нима бўлаётганини сўрайман. Ажрим ишлари учун адвокатга қилганидан хабардор эдим. Синиққина табассум билан жавоб қилади опа:
—    Қўяверинг, Рамазондамиз, ахир. Улар Рамазоннинг ҳурматини қилмай болалардан хабар олмаяптилар, биздан ҳол-аҳвол сўрамаяптилар. Биз бу кунларни ғанимат билайлик. Болалар, айниқса, норасталар жуда соғинган дадасини. Кенжамиз ифторликда дадаси қайтишини, яна бир оила бўлиб яшашимизни сўраб дуо қилганини эшитиб ака-опаси “Ҳадеб “дадам”ламагин! Улар келмайдилар барибир. Дадам бизни ёмон кўрадилар, шунинг учун ўзларига бошқа оила топганлар! Уч йилдан бери шундай дуо қиласан. Аллоҳ ижобат қилмаяпти-ку, яна сўрайсанми?” дея маломат қилишибди. Бояқиш қизалоғим жигарларидан ёзғириб, менга шикоят қилди: “Аяжон, улар дуо қилишимга ҳам қўймайдими? Ахир сиз ифторлик пайтида қилинган дуо шабҳасиз ижобат бўлади дейсиз-ку! Дадам уйимизга қайтишларини сўраб дуо қилсам ёмонми?” Қизимни нима деб овутишни билмадим. Уч йилдан бери Рамазонда шундай дуо қилади. Ҳайит кунларини дадасининг йўлига кўз тикиб ўтказади...
Афсус, бугун дадасининг йўлига кўз тикаётган қоракўз болажонлар жуда кўп. Масъулиятсиз оталар касрига Рамазонда ифторлиги, ҳайитда байрам дастурхони  кемтик оилалар ҳам анчагина. Ҳайит яқинлашгани сари болаларининг ўксинишини ўйлаб, юраги увишадиган, “Дадам келадиларми?” деган саволга қандай жавоб қилишни ўйлаб, баҳонанинг минг бир туйнугига бош суқиб кўрадиган оналарнинг саноғи йўқ. Ва шундай масъулиятсиз оталар орасида тақво даъвосида рўза тутаётганлар ҳам бор. Иймон ҳақида гап кетганда, “Қалблар фақат Аллоҳга аён. Банданинг иймон-эътиқодини ёлғиз У Зотгина билади” деймиз. Ҳақли эътироз. Бу борада фақат айтиш мумкинки, иймон масаласи бошқа, инсоф бошқа экан. Иймонли дегани ҳар доим ҳам инсофли деган нисбатга сазовор бўлолмайди. Мўмин мусулмон биродарига тили билан ҳам, қўли билан ҳам озор бермайди. Биздан озор кўрганларни бир жойга тўпласак, каттагина қўрғон тўлади. Инсонларнинг яхшиси аҳли аёлига яхши муносабатда бўлгани, дейилади ҳадиси шарифда. Аҳли аёлидан бир чимдим меҳрини, битта рўмолча ҳадясини, болаларидан дийдорини қизғониб, бегоналарга хушомад қилиб,  рўзадорликни даъво қилаётганлар иймонлидирлар, аммо инсоф ҳақида гап кетганида виждонларига тик қарай олармиканлар?..

****

Рамазонда эри билан уришиб, ота уйига қайтган жувон қизлик уйида ҳам тинч ўтирмади. Ёлғизгина синглиси билан тортишиб, унга қўл кўтаришгача борди. Онанинг кўнгли хуфтон бўлди. Қаерда хато қилди? Қайси амали Аллоҳга хуш келмабдики, қизи шунчалик тошбағир, ҳатто Рамазоннинг ҳурматини қилмайдиган сурбет бўлиб кетибди? Онасининг рафторини кўриб улғаяётган набиралари эрта бир куни қизига қайтар дунёнинг сабоғини берганида кўтара олармикан?..

***

        Воҳа томонларда ҳайит билан боғлиқ хунук бир одат бор. Ўлик чиққан хонадонларда марҳумнинг яқинлари азалик кийимларини кийиб, худди жанозадагидек айтиб-айтиб йиғлашади. Йўқловчилар бор овозда йиғлаб қарши олинади. Ғам-қайғу кўз ёши... Ҳайит хурсандчилик кунилиги, бу кунда йиғи-сиғи, дарду дийдиё қилиш ҳаромлиги, ўтганлар фақат дуои фотиҳа билан йўқланиши ҳақидаги имомларнинг маърузалари, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар кўпчиликнинг бир қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетяпти. Ваҳоланки, ҳайитни мусибатини янгилаб нишонлайдиганлар орасида ҳам ўттиз кун давомида рўза тутган кишилар бор...

***

—    Уч нафар ёш бола билан қийналиб қоляпман, икки боламни онамникига жўнатсамми, -деяпман дейди таниш келинчак.- Қайнона-қайнотам рўзадор. Эмизикли чақалоқ билан бўлиб баъзан саҳарликда ухлаб қоляпман. Ойижон “Бизни ҳурмат қилмасангиз, рўзани ҳурмат қилинг, келин! Нуқул болани баҳона қилиб ухлайверасиз! Келинлик хизматингизни дурустроқ бажармайсиз ҳам!” деб хафа бўляптилар. Икки боламни онамга жўнатсам, бироз бўш вақтим кўпаяди. Ойижонни кўнгилларини олиб, хизмат қилишим керак... 

Кўзингизни очинг, яхшилар

Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасидамиз, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Аслида қутлуғ кунлар арафасида ёмонликлар эсланмаслиги, гина-адоватлар янгиланмаслиги керак. Кўнгилларга нур инаётган бу дамларда бизга ҳам хунук ҳолатларни эслаш ҳавас эмас. Бироқ инсонликнинг ҳикмати шу — ўрганиб, билиб улғаяверасиз. Ўрганмаганингизга қўймайди ҳаёт. Таъбир жоиз бўлса, бурнингизни ерга ишқаб ўргатади. Яратганнинг ўқувхонасида инсонлар бир-бирларига сабоқ, ибрат бўлиб ўтиб кетаверадилар. Шунинг учун биз ҳам ҳайит арафасида юқоридаги ҳолатларни санаб, кўзингизни каттароқ очишингизни эслатишни лозим кўрдик. Билибми, билмайми кимгадир озор бергандирсиз. Ҳайит арафасида бир оғиз ширин сўз билан ўзингиздан қолган қора нуқтани сидиришга ҳаракат қилинг. Аввало хайр-саховат, кўнгил олишга ота-онангиз, аҳли аёлингиз, фарзандларингиз, жигарларингиз ҳақдорлигини  унутманг. Савоблар кўпайтириб бериладиган кунларни ғанимат билинг, замондош. Ўттиз кунлик ибодатингизни йўлингизга кўз тиккан ота-онанингизнинг изтироби, “тиқ” этса эшикка жавдираб сизни кутаётган фарзандларингизнинг ўкинчи, аҳли оилангизнинг норозилиги ёхуд бир мўминнинг сиз туфайли топган қайғуси оловга совуриб ёқмасин. Зотан, ўткинчимиз бу дунёда, минг йил яшаш учун илоҳий кафолатимиз йўқ...
Айтаримиз шу эди:
 Интизор кутганимиз муборак моҳи Рамазонни кузатяпмиз. Рўза тутдик, ибодатлар қилдик. Имкониятимиз етганича яхшилик қилдик, садақа, закот ва ҳадялар бериб ажру мукофотини Аллоҳдан истадик. Аммо руҳиятимиз, фикру ўйларимиз ҳам савоб умидвормиди? Фақат жисмоний поклик билан чекланиб қолмадикмикан? Рамазонда қадам қўйган ҳидоят йўлидан бир умр юришга имкону иродамиз етадими?  Айтишларича, ҳар қандай нарсага йигирма кунда одатланса бўлар экан. Рамазондаги ҳалимлик, сомеълик бизни йил бўйи тарк этмасин. Биз ўттиз кун рўза тутдик, Рамазон бизни умр бўйи тутиб турсин. Дунёимиз Рамазон, охиратимиз Ҳайит бўлсин...

Умида АДИЗОВА

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Калит сўзлар
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase