Бугунги жамиятларда миллатчилик билан кўп тўқнаш келиб қоламиз. Миллатчилик собиқ иттифоқ парчаланиб кетганидан сўнг гуллаб-яшнаб кетди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Янгидан пайдо бўлган турли хил Ҳалқ ҳаракатлари ва партиялар ўзига эргашганларни ўз ҳуқуқлари учун курашишга даъват қилиб, миллий масалаларни, тарихий худдудларнинг қайтарилиши кераклиги каби шиорларни ҳам кўтариб чиқишди. Баъзан маълум бир миллатга бўлган нафрат, воқеаларни қонли тўқнашувларгача олиб келди.
Халқлар орасидаги тўқнашувлар ҳали ҳам хотирамиздан ўчгани йўқ. Бу ҳодислар қардош халқлар ўртасида ҳали ҳанузгача юраклардан ёриб чиқувчи нафрат тиканларини қолдирган. Бироқ миллатчиликка сабаб бўлган энг катта нарса, бошқа миллат вакилларига нисбатан кибр ёки нафратли муносабатда бўлишга йўл қўймайдиган соф иймон тушунчасининг йўқлигида бўлса керак.
Исломнинг миллатчиликка муносабати
Аллоҳ таоло ва унинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам миллатчиликни мусулмонлар учун ҳаром қилиб, асоси кибр бўлган гуноҳлар қаторига киритди. Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир” (Бақара сураси 208 оят).
«Ал-Мунтахаб» тафсирида ушбу оят қуйидагича тафсир қилинган: «Эй иймон келтирганлар, тинчликсевар ва аҳил бўлинглар, жоҳилият даврида бўлгани каби миллатчиликни қўзғаманглар ва сизларни тафриқага тушарадиган шайтоннинг йўлидан юрманглар! Албатта, у сизга очиқ душмандир»
Аллоҳ таоло яна марҳамат қилиб айтди: “Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13 оят).
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўзларининг Тафсири Ҳилол китобларида ушбу ояти каримани қуйидагича шарҳлайди: «Эй одамлар!» деб барча инсониятга қарата нидо қилинмоқда, шу билан бирга уларнинг асли бир эканлиги эслатилмоқда.
«Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик».
Демак, одамларнинг асли бир; ҳаммалари Одам Ато ва Момо Ҳаводан таралганлар. Айни чоғда Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб ҳам қўйганини таъкидламоқда. Инсонларнинг турли халқ ва қабилаларга бўлинишини сабаби эса, ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш эканлиги уқтирилмоқда.
«...ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик».
Инсонларнинг турли халқлар, миллатлар, элатлар, шакиллар, қабила ва уруғлар ҳамда турли фарқларга бўлинишининг асосий сабаби ушбу мақсад, яъни, ўзаро танишиш эканлигини ҳеч қачон унутмаслик керак. Аллоҳ таоло оятда, урушишингиз учун, жанжал учун, фахрланиш учун, мақтаниш учун демаяпти ёки бошқа сабабларни айтмаяпти. Демак, халқларнинг турли-туманлигини илоҳий мақсаддан-танишувдан бошқа мақсадга ишлатиш Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш билан баробар бўлар экан.
Кишилар ўзларича мезон тузиб, бирларининг иккинчиларидан афзалликларини ўлчаб юришади. Кимдир моли-мулкига қараб, кимдир ҳасаби-насабига қараб, яна бирлари танасининг рангига қараб, тўртинчиси қабиласи ёки миллатига қараб ва ҳакозо ўлчовлар воситасида ўзларини устун қилиб кўрсатади. Ҳамма бир ота ва бир онадан тарқаганлигини, у ота-оналар эса, тупроқдан яратилганини унутиб қўяди.
Оқибатда турли-туман келишмовчиликлар, уруш жанжаллар ва кўнгилсизликлар келиб чиқади.
Ислом динида бу каби ўлчовларнинг ҳеч қандай қиймати йўқ. Улар ҳаммаси бекор қилинади ва ягона мезон сифатида илоҳий ўлчов жорий этилади. Бу ўлчов инсонлар қадрини фақат битта нарсага қараб, яъни, инсоннинг тақвосига қараб ўлчайди:
«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир».
Ер юзида инсонларнинг қадр қиймати ушбу илоҳий ўлчов билан ўлчангандагина турли низолар, уруш-жанжаллар ва келишмовчиликлар барҳам топади”, деб ёзади. (“Тафсири Ҳилол” )
Абу Назрадан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассалом жумладан шундай дедилар: “Шуни яхши билинки, арабнинг ажамдан, ажамнинг арабдан, қизил танлининг қора танлидан, қора танлининг қизил танлидан устунлиги йўқ. (Устунлик) фақат тақводадир”, дейдилар. Имом Аҳмад ривояти.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Росулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассалом шундай дедилар: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла сиздан жоҳилиятнинг такаббурлигини ва ундаги ота-боболар ила фахрланишни кетказди. Мўъмин тақводордир, фожир бахтсиз! Кишилар Одам болаларидир, Одам эса тупроқдан яратилди», дедилар. Абу Довуд, Байҳақий ва Термизий ривояти.
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Жоҳилиятда вафот топган ота-боболарингиз билан фаҳрланманг. Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, бурни билан судралиб юрадиган гўнг қўнғиз жоҳилиятда вафот топган ота боболарингиздан яхшироқдир”. Абу Довуд ва Термизий ривояти.
Миллатчилик ва шовинизм (ашаддий миллатчилик) каби унинг ўта ҳаддан ошиб кетган кўринишлари Қуръон, Суннат ва мусулмон олимлари ижмоси билан ҳаром қилинган. Миллатчилик ва кибрга кетишни Аллоҳ таоло жазосиз қолдирмайди.
Кичик халқ ва эллатларнинг ҳаққини поймол қилиш
Жамиятда миллатчиликнинг ҳалокатли кўринишларидан яна бири кичик миллат ва эллатларнинг ҳаққини поймол қилиш кўринишида бўлади. Кўпинча, бирон бир жамиятда қайсидир миллат катта устунликка эга бўлса, кичик халқлар ҳаққини поймол қилиш ва миллатчилик руҳидаги гап-сўзлар кўпайган бўлади. Кам халқ вакилларини аксар ҳолда юқори мансабларда учратмайсиз, ҳатто маълум бир одам ўз соҳаси бўйича катта мутахассис бўлиб, залворли ҳаётий тажрибага эга бўлса ҳам. Бундай жамиятда биринчи даражадаги нарса тақво (Аллоҳдан қўрқиш), тажриба ва ақл бўлмай, аксинча буларнинг ўрнига маълум бир этник гуруҳ ёки насабга мансублик асос ҳисобланади. Бунга мисоллар жуда кўп ва уларни бу ерда келтиришдан фойда йўқ.
Исломдаги оилавий муносабатларга миллатчиликнинг таъсири
Миллатчилик оилавий муносабатларга ҳам салбий таъсир қилаётгани сир эмас. Бир мусулмон йигит бошқа бир халқ вакили бўлган бир муслимага уйланишни истайди, бироқ қизнинг ота-онаси йигитнинг яхши мусулмон эканига ҳам қарамай унинг бошқа халқдан бўлгани учунгина унга қизини турмушга беришга асло рози бўлмайдиган ҳолатларни кўп учратиш мумкин. Баъзида оталар ибодатда ва тақволи ҳаёт кечираётган мусулмон йигитга қизларини бергиси келмай, бунинг ўрнига Исломга амал қилмайдиган, ибодатда бўлмаган ва катта-кичик гуноҳларнинг фарқига ҳам бормайдиган йигитга никоҳлаб беришга тайёр бўлишади. Фарзандларнинг келажаги инобатга олининиши ўрнига, уларнинг қайси миллатга мансублиги асос бўлиб қолмоқда. Бундай никоҳ ажрашиш ва барбод қилинган ҳаётга айланиб кетишини ҳеч ким ҳисобга ҳам олмайди.
Бундай ҳолларда мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини ўзларига дастур қилишлари керак эди-ку: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг. Агар шундоқ қилмасангиз, ер юзида фитна ва фасод бўлур», деган эдиларку! Термизий ривояти.
Бироқ, афсуски, кўп оталар ўз қизларига келганида бу ҳадисни унутиб қўйишади. Миллатчилик туфайли нафақат оталар ўз қизларига ўзга халқ вакили билан никоҳни ман қиладилар, балки ота-оналар ўғилларини бошқа миллатдан келин олишларига ҳам қарши турадилар. Жуда кўп баҳона топишади, аммо афсуски, буларнинг бирортаси ҳам шариатга мувофиқ баҳоналар бўлмайди.
Миллатчилик ва унинг қолдиқларини йўқотиш йўллари
Миллатчилик иллатини жамиятдан йўқотиб ташлашнинг бирдан бир услуби Қуръон ва Суннат таълимотларига амал қилишдир. Исломни ўрганиб ва унга амал қилган мусулмонгина бу иллатдан том маънода ўзини халос қила билади. Чунки, Қуръон ва Суннат барча инсонларни асли бир эканини бир неча бор таъкидлаган. Устунлик фақат Аллоҳдан қўрқишда экани айтилган.
Хулоса
Мақолага хулоса келтиришдан олдин жамият вақт ўтган сайин миллатчиликнинг маълум бир турларидан халос бўлганини алоҳида таъкидлаш зарур. Тўқсонинчи йилларга қараганда аҳвол бироз яхшиланди. Бу эса, Исломнинг миллатчилик ҳақидаги таълимотларидан кўпчилик танишгани билан изоҳланади. Бу биздан миллатчиликни бироз бўлсада узоқлаштирган бўлсада, бироқ уни бутунлай йўқ қила олмади. Биз бу иллатга қарши курашишимиз ва барча имкониятларни ишга солиб уни келажагимиз эмас балки ўтмишимизга айлантирмоғимиз даркор.
Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади