close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

Коммунизм талвасаси

  • Якшанба, Март 17 2019
  • Муаллиф  ИсламОнлайн.Уз

Збигнев БЖЕЗИНСКИЙ  — 1928 йилда туғилган, америкалик жамиятшунос, давлат арбоби, 1977 — 81 йилларда АҚШ президент Ж. Картернинг миллий масала бўйича ёрдамчиси бўлиб ишпаган. Капитализмнинг илмий ва техникавий тараққиёти соҳасида йирик назариётчи. Ушбу мақола 3. Бжезинскийнинг «Улкан ўпирилиш, Йигирманчи асрда коммунизмнинг пайдо бўлиши ва инқирози» (1987) китобидан олинди.

Збигнев БЖЕЗИНСКИЙ  — 1928 йилда туғилган, америкалик жамиятшунос, давлат арбоби, 1977 — 81 йилларда АҚШ президент Ж. Картернинг миллий масала бўйича ёрдамчиси бўлиб ишпаган. Капитализмнинг илмий ва техникавий тараққиёти соҳасида йирик назариётчи. Ушбу мақола 3. Бжезинскийнинг «Улкан ўпирилиш, Йигирманчи асрда коммунизмнинг пайдо бўлиши ва инқирози» (1987) китобидан олинди. Мақола СССР парчаланишидан олдин ёзилган бўлишига қарамай ҳозиржавоблигини йўқотгани йўқ, деган умидда сайтимиз фойдаланувчиларининг эътиборига ҳавола қилинмоқда.

Коммунизм талвасаси

Совет давлатининг парчаланиб, инқироз сари юз тутиши коммунизм талвасасини тезлаштирган саоаблардан бири бўлди. Дарҳақиқат, ҳозир XX аср охирида, бир вақтлар совет моделини жозибадор ва таҳсинга лойиқ деб ҳисоблашганига ишонгинг келмайди. Бунга ишонишнинг қийинлиги совет тажрибасининг аҳамияти бугунги кунда жаҳон жамоатчилиги кўз ўнгида тубанлашиб кетганлиги туфайлидир. Бироқ шундай вақтлар бўлгани ҳам рост, бунга унча кўп бўлгани йўқ, совет модели кўпчиликни ҳайратга солган ва унга тақлид қилувчилар ҳам бўлганди. Шундай экан, бу қандай ва нега юз берди? — деган савол туғилиши табиий.
Совет инқирозининг сабаблари ҳақида гап бораркан, марксча тажрибанинг Россияда амалга оширилиши тарихига қисқача тўхталиб ўтиш жоиздир. Моҳият эътибори билан бу назария Британия музейининг қироатхонасида немис яҳудийси бўлган бир закий томонидан ишлаб чиқилган ғарб таьлимоти эди. Кейин мана шу бегона тупроқда ниш урган майса ниҳоли ярим шарқий мустабид анъаналарига эга бўлган узоқ Евросиё империясига кўчириб ўтқазилди. Уни рисолачалар муаллифи, тарих жарроҳи вазифасини бажарган рус инқилобчиси кўчириб ўтқазди.
Большевиклар инқилобидан кейин Россияда юз берган воқеалар Владимир Ильич Ленин асарларини диққат билан ўқиган одамни ҳайратга солмаса ҳам бўлади. Зеро, рус марксизми радикал гуруҳининг доҳийси ўз ниятларини сурбетларча амалга оширган эди. У ўзининг сон-саноқсиз мақолалари ва нутқларида демократик жараённи ёқлаб чиққан марксчиларни нафрат билан қоралар эди. У очиқдан-очиқ Россия социалистик демократия учун ҳали пишиб етилгани йўқ ва унда социализм «тепадан» қурилади, яъни пролетариат диктатураси воситасида амалга оширилади, деган нуқтаи назарни тиқиштирар эди.
Диктатура эса ўз навбатида фақат айнан пролетариат томонидан амалга оширилиши керак эди. Лениннинг фикрига кўра, янги ҳукмрон синф сиёсий жиҳатдан мамлакатни бошқаришга ҳали тайёр эмасди, худди шунингдек, Россиянинг ўзи ҳам социализм учун пишиб етилмаган эди. Шундай қилиб, янги диктатура унинг номидан иш кўрадиган собитқадам пролетариат вакилини талаб қиларди. Айнан Россиянинг қолоқлиги туфайли жамият ҳам, саноат ишчиларининг нисбатан оз сонли синфи ҳам социализмга тайёр эмасдилар. Демак, тарихни садоқатли инқилобчиларнинг ҳарбийлашган «авангарди» ёрдами билан тезлатиш керак эди. Лениннинг партия ишчилар синфининг авангарди эканлиги ҳақидаги таълимоти унинг Россия ва рус пролетариатининг марксча инқилобга тайёр эмаслигини эътироф этиши ҳам эди.
Лениннинг мана шу таълимоти, шунингдек, асл инқилобчиларнинг интизомли ташкилотини тузишдаги қатъият ва изчиллиги давлатнинг сиёсий руҳини вужудга келтиришда ҳал қилувчи омил бўлди. Бундай давлатни бошқариш эса тарихда биринчи бор социализм лринципларига мойил ҳаракат ихтиёрига ўтиб қолди. Гарчи демократиядан олис бўлган, гарчи аввал-бошданоқ ҳар қандай мухолифотга қарши шафқатсиз қатағонлар уюштирган (унинг ўлимидан кейин ҳам бир неча йил давом этган) Ленин даврида жуда кенг миқёсли ижтимоий ва маданий тажрибалар ўтказилганига тарих гувоҳ. Санъатда, меъморчиликда, адабиётда — умуман интеллектуал ҳаёт соҳасида ҳукм сурган кайфият санъат ва фан учун янги уфқлар очган Янги давр бошланганидан дарак берарди. Интеллектуал жўшқинлик Ленин истакларига мос эди — зеро, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан шуни такозо этарди, Россиянинг иқтисодий қолоқлиги ҳам шунга мажбур этарди. Иқтисодиётни даволашни кўзда тутган, асосан бозор интизоми ва хусусий ташаббусни кучайтиришга қаратилган машҳур НЭП (янги иқтисодий режа) тактик қадам бўлиб, пролетариат диктатураси ёрдамида дарҳол социализм қуриш режасидан воз кечишни, бу вазифани келажакка қолдиришни билдирар эди.
Мазкур чекинишни идеаллаштирмай туриб, худди шу даврнинг ўзини XX аср рус тарихининг энг ошкора ва интеллектуал новаторлик фазаси сифатида таърифлаш мумкин. Чиндан ҳам, НЭП тажриба ўтказиш, уддабуронлик ва мўътадиллик даврини белгилаш учун лўнда ибора бўлиб қолди. Кўпчилик руслар учун, ҳатто орадан 60 йил ўтганидан кейин ҳам НЭП йиллари 1917 йил инқилоби бошлаб берган ўша даврнинг энг яхши йиллари эди.
Аммо, амалда 20-йиллар ҳақида гап кетганда, ўтмишни идеаллаштириш ҳиссаси кўпроқ сезилади, хусусан бу нарса Сталин даври билан қиёсланганда яққол кўзга ташланади. Москва, Ленинград ва бошқа бир қатор йирик шаҳарлар ҳаётидан кўра, якка партияли ҳокимият янги тизимининг умумдавлат миқёсида жипслашуви, кенг миқёсли социал зулмни маҳкамалаштириш, ортадоксал таълимотни зўрлаб тиқиштириш ва ҳар қандай мустабид сиёсий усулларни оқлаш муҳимроқ эди.
Лениннинг фожиавий меросининг энг каталитик белгилари сиёсий ҳокимиятнинг бир неча киши қўлида тўпланиши ва террорга таяниши эди. Бу — бутун сиёсий ҳокимият партиянинг бюрократлаша бошлаган авангарди қўлида тўпланишига олиб келди. Партия авангарди эса жамиятнинг бутун тизимини номенклатуранинг сертармоқ шохобчалари воситасида назорат қилиб турарди, яъни юқоридан пастгача барча тайинланганлар устидан қаттиқ назорат ўрнатилганди, Аниқ ёки тасаввур қилинган мухолифларга қарши террордан фойдаланишга шай бўлиб туриш, шунингдек, Ленин томонидан жамоа айби деган тушунчани онгли равишда қўллаш аҳолининг бутун-бутун социал қатламларини кенг миқёсда таъқиб қилишни оқлаш сифатида зарур эди. Бу эса уюштирилган истибдодни аввало сиёсий, кейин эса иқтисодий ва ниҳоят, ижтимоий ва маданий муаммоларни ҳал қилишнинг асосий усулига айлантирган эди.
Ҳокимиятни эгаллагунга қадар ҳам, ундан кейин ҳам Ленин очиқдан-очиқ зўрлик ва оммавий террордан ўз мақсадларига эришиш учун фойдаланишга чақирарди, У 1901 йилдаёқ шундай деган эди: «Принцип жиҳатдан, биз террордан ҳеч қачон воз кечган эмасмиз ва ундан воз кечолмаймиз». Большевиклар инқилоби арафасида у «Давлат ва революция» китобида демократияга даъват этар экан, бу ибора бир синф томонидан иккинчисига қарши, аҳолининг бир қатлами томонидан иккинчисига қарши зўрлик ишлатишдан мунтазам равишда фойдаланишни назарда тутишини ёзган эди. У бошқа бир қатор асарларида ҳам шу фикрида собит турганини такрорлади, бу ғояни кейинги нутқларида ҳам давом эттирди. Ленин демократия ўзи учун пролетариат диктатурасини англатишини ошкора эълон қилган эди: «Бизга ягона партия диктатурасини таъна қилишар экан... биз ҳам ягона партия диктатураси! —деймиз. Биз ана шу йўлда турибмиз ва ундан четга чиқмаймиз. Диктатуранинг илмий тушунчаси ҳеч нарса билан чекланмаган, ҳеч қандай қонун ҳеч қанақа қоидалар билан чегараланмаган, бевосита зўрликка таянгувчи ҳокимиятдир» деган сўзлар Ленинга тегишлидир.
Ленин, ҳокимиятни қўлга олар-олмас, вақтни бой бермай, дарҳол ўз қарорларини амалда қўллашга киришди. Тез орада у жамиятни қўрқитмоқ учун фақат зўрлик ишлатиш эмас, ҳатто майда бюрократии тўсиқларни ҳам бартараф эта бошлади. 1918 йил январида чиқарилган ва большевиклар ҳокимиятига қарши бўлганларга нисбатан сиёсатни белгилашга уринилган декретда Ленин тузуми давлат муассасаларини «рус ерини барча турдаги зарарли ҳашаротлардан тозалаш»га чақирган эди. Лениннинг ўзи партия раҳбарларини «қулоқлар, поплар ва оқгвардиячиларга қарши шафқатсиз оммавий террор ўтказишга, шубҳалиларни шаҳар ташқарисидаги ўлим лагерларига қамаш»га чорлаганди. Сиёсий мухолифларга келганда, Ленин улар билан мухолифлик тезисларидан кўра, қурол билан баҳслашиш анча яхшироқдир» деганди.
Шу тариқа, тез орада ялпи террор барча муаммоларни хал қилишнинг маъмурий воситасига айланди. Ишчилар орасидаги ялқовлар учун Ленин «ишга беларволигида қўлга туширилган ҳар ўнтадан биттасини ўша жойнинг ўзида отиб ташлаш»ни талаб қилди. У бўйсунмаган ишчиларни ҳам, «интизомни бузувчилар»ни ҳам отиб ташлашни амр этди. Телефон алоқасининг ёмон ишлаётганидан ғазаби қайнаб, у Сталинга шундай кўрсатма берганди: «Алоқа мудири бўлатуриб, мен билан телефон алоқасини таъминлай олмаётган бу исқиртга отиб ташлайман, деб пўписа қилинг». Бўйсунмаган деҳқонлар ҳаракатининг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш учун Ленин тузуми деҳқонлар орасидан айрим одамларни гаровга олиб, агар қор куролмай қоладиган бўлса, уларни отиб ташлашни талаб зтувчи карор қабул қилганди.
Янги ҳукмдорлар жамиятни зурлик билан қайта қуриш тарихий зарурат эканлигини рўкач қилиб, ўзларини оқлардилар. Шу йўл билангина улар совет сиёсий тузумига монанд жамиятни қуришлари мумкин эди. Ленинча типдаги сиёсий тузум жўшқин негизда яшаб турган жамият билан узоқ вақт чиқиша олмасди. Бу тариқа бирга яшашлик ё сиёсий тузумни порахўрликка етаклар, ёхуд тузум билан жамият ўртасида манфаатлар тўқнашувига олиб келарди.
Ленин буни ҳал қилишнинг ноёб усулини топди. Бу усул ҳокимият соҳиби бўлган партия бошчилигида давлатни мустаҳкамлаб, жамиятни парчалаб ташлашни тақозо этарди. Ленин таълимотига кўра, ҳокимият мантиқи шундай хулосани тақозо этардики, ана шу хулосага биноан барча анъанавий жамоатчилик алоқаларини охиригача узиб ташлаш учун давлатнинг етакчилик роли кучайтирилиши лозим эди.
Ленин шундай тузумни яратди ҳам. Бу тузум Сталинни вужудга келтирди. Ленинизм шундай тузумни яратиб бердики, унда Сталин жиноятларини амалга ошириши мумкин бўлди. Бироқ Ленин Сталин қатағонига фатво берибгина қолгани йўқ, у янада даҳшатлироқ иш қилди —    ленинча мафкуравий ақидапарастлик ва сиёсий муросасизлик бошқа ҳар қандай муқобил ғоянинг пайдо бўлиш имкониятини йўққа чиқарди. Моҳият эътибори билан сталинизм ленинизмнинг вориси холос. Шу сабабли ворисга ёпиштирилган тавқи лаънат аслида Россияда социализм қурган ленинизмга тегишлидир.
Сталиннинг даҳолиги шундаки, у Ленин меросининг асл маънисини жуда яхши тушуниб етган эди. «Бир мамлакатда социализм» — Сталиннинг энг ёрқин шиорларидан эди. Шу шиор остида давлат девони томонидан жамият бутунлай эгаллаб олинди. Фитначилик кайфиятидаги бир гуруҳ доҳийлар Кремль хоналарида кечаю кундуз жамиятни қайта қуриш, деҳқонлар ва ўрта синфнинг кўпчилик қисмини йўқ қилиш, миллионларча аҳолини зўрлик билан бошқа жойларга кўчириш, айни чоғда давлат ҳокимиятини тарихда мисли кўрилмаган даражада кенгайтириш билан шуғулланишарди. Шу тариқа «Бир мамлакатдаги социализм» бу ўлкани давлат ҳокимиятига бутунлай қарам қилиб қўйди.
Сталин даврида давлат роли беҳад ошди ва давлат зўравонлигидан жамиятни қайта қуриш қуроли сисратида фойдаланиш энг юксак чўққига кўтарилди. Барча нарса якка ҳоким шахсига ва у бошқараётган давлатга бўйсундирилди. Шоирлар томонидан кўкларга кўтариб мақталган, бастакорлар мадҳ этган, минглаб ҳайкаллар билан илоҳийлаштирилган Сталин мамлакатнинг мутлақ ҳокими эди. Инсоният тарихида тенги йўқ бу мустабид ҳоким ўз бошқарувини ўта бюрократлаштирилган ва маҳкамалаштирилган мураккаб давлат ҳокимияти тизими воситасида амалга оширарди. Сталиннинг бир мамлакатда социализм қуриш ниятларини амалга ошириш йўлида жамиятни бошдан-оёқ ағдар-тўнтар қилишаркан давлат девонининг мақоми мустаҳкамлана борди, унинг қудрати ва имтиёзлари беҳад ўсди.
Ҳокимият эҳромини террор суяб турарди. Террордан эса ҳеч ким, ҳатто Сталиннинг энг яқин сафдошлари ҳам муҳофаза қилинмаган эди. Гарчи Сталин қатағони қурбонларининг умумий сони ҳеч қачон маълум бўлмаса-да, дадил айтиш мумкинки, улар 20 миллиондан кам эмас, ҳатто 40 миллионга бориши мумкин. Англиялик тарихчи Роберт Конквест «Катта террор» китобида анчагина ишончли далиллар тўплаган. Унинг ҳисоб-китобларига кўра қурбонлар сони сўнгги рақамга яқинлашади. Умуман, Сталин инсоният тарихида энг йирик жаллод бўлганлиги шубҳасиз. Қурбонларининг сони жиҳатидан у Гитлерни ҳам ортда қолдиради.
Совет тузуми ана шу оммавий қирғинлар эвазига вужудга келди. Мазкур тузум маҳкама сифатида пайдо бўлди ва шаклланди, росмана мустаҳкамланди ҳамда ялпи қатағонлар жараёнида ўз мақомига эришди. Бу жараённинг алоҳида белгиси шундаки, барна ваҳшийликларга қарамай, Сталин совет маданияти намояндаларида ва шаҳар аҳолисининг анчагина қисмида мамлакат каттагина ютуқларга эришди, деган ҳиссиётни уйғотишга муваффақ бўлди. У террорчи маҳкамалар қиёфасидаги сиёсати ва шахси туфайли шундай муваффақиятга эришди деб ишонч қозонишга муяссар бўлди. Бундай қайта қуриш эса мамлакатни жадал индустрлаштириш ва урбанлаштиришдан иборат бўлиб, унга социализм қуриш ёрлиғи осилган эди. Шунинг учун ҳам Сталин даври совет фуқароларининг кўпчилиги учун ижтимоий тараққиёт, олға қараб буюк тарихий сакраш, ўз мамлакати учун самимий ватанпарварлик туйғуларини уйғотувчи улкан ишлар даври эди.
Ўз қилмишларини оқлаш ва уларни маъқуллай билиш борасида Сталин мамлакат ташқарисида ҳам катта муваффақият қозонди. Узоқ вақт давомида ғарб шарҳловчилари уни террор учун қоралашдан кўра, Россияни индустрлаш- тиргани учун мақташни афзал кўриб келдилар. Шу тариқа Сталин даври кўп жиҳатдан жўшқин ҳаракат, қишлоқ хўжалик иқтисодидан индустрлаштириш иқтисодига ўтиш, буюк социалистик ўзгаришлар даври сифатида талқин қилинарди. Бир жиҳатдан бу тўғри. Чунки Сталин пайтида Совет Иттифоқи чиндан ҳам буюк индустрия давлатига айланди. Аҳоли қишлоқлардан шаҳарларга кўчиб ўтди. Тўла ҳажмда марказлашган социалистик тузум қуриб бўлинди.
Совет индустрлаштиришининг дастлабки жўшқин суръатларига қарамай, Сталин даврида жамият берган қурбонликларни шу йўқотишлар эвазигагина мамлакат хўжалигини ривожлантириш- нинг юксак суръатлари таъминланди, деган сафсата билан оқлаб бўлмайди. Бундай сохтакорликнинг маънавий асоссизлигини бир чеккага қўйиб турганда ҳам, уни исботлаш учун бирор-бир ишончли далилнингўзи йўқ.
Шуни таъкидлаш жоизки, авваллари ҳеч қачон ижтимоий соҳада сал-пал ютуқларга эришиш учун шунчалик кўп инсон қурбон қилинмаганди. Принстон университети тарихшуноси Стрил Блэк «Совет жамияти. Қиёсий баҳо» деган рисоласида СССРдаги ўзгаришлар жараёнини ҳар томонлама таҳлил қилиб, шундай хулосага келди: эллик йиллик тарихий юксалиш даврида «СССРнинг жон бошига нисбатан иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида ўзгаришлар бўлмади, дейишга барча асослар бор. Маълум далилларга таяниб айтиш мумкинки, СССР аҳоли жон бошига нисбатан маҳсулот ишлаб чиқаришда 1917 йилдан сўнг бирор-бир мамлакатни қувиб ўтди эмас, балки етолмади ҳам... Ва бугун мазкур жадвапда Россиядан юқорида турган ўн тўққиз ёки йигирма мамлакат ундан 1900 йилда ҳам, 1919 йилда ҳам олдинда эдилар».
Бироқ Сталиннинг ҳалокатпи таълимоти барибир Ленинга асосланади. Зеро Ленин унга догматик партия билан террорчи махфий полицияни мерос қилиб қолдирганди. Сталиннинг бюрократик бошқаруви партия авангарди асосига қурилган бўлиб, ҳамма унга бўйсуниши керак эди. Партия ҳар сафар жамиятни қайта қуришга киришди дегунча давлат ҳокимияти ўсар ва кенгаярди. Ўз шоирларининг ҳамду саносига сазовор бўлган сталинча давлатчилик бошқаруви жамиятга қарши зўрликнинг кучайишидан, жамоатчилик ижодини бўғиб, ҳар қандай янгиликка интилишга ғов соладиган полициячилар давлатининг яратилишидан, имтиёзларнинг якка ҳоким тизимини барпо этишдан, барчани марказлашган сиёсий назоратга бўйсундиришдан иборат эди.
Кўпчилик ўрта ҳол совет фуқароларининг сталинчиликдан воз кечишга уринишларга нисбатан икки хил муносабати Брежнев даврининг нега бунчалик узоқ чўзилгани ва нега турғун тус олганини ойдинлаштиради. Гарчи у тузумни янгилашга интилиб, Хрушчев томонидан бошланган ислоҳатлар мағзини мамлакатга сингдиришга уринган бўлса-да, Брежнев режими тез орада сталинчиликни таъмирлашга мойиллашди. Сталин тузумининг асосий хусусиятлари абадийлаштирилди. Биринчи навбатда унинг марказий назорати имтиёзли номенклатураси жонлантирилди. Буларнинг барчаси кучайиб бораётган ижтимоий, иқтисодий ва ҳатто сиёсий инқироз шароитида юз берди.
Бутун жамият бошдан-оёғигача сиёсатлаштирилди, лекин ҳақиқий сиёсат билан фақат номенклатурагина шуғулланарди. Шу тариқа тузум тасодифий ўзгаришлар хавфидан ҳимояланганди. Бироқ тарих ўзини-ўзи абадийлаштирганлардан ҳамиша шафқатсиз ўч олган.
1982 йили Брежнев вафотидан сўнг ўзгаришлар, ислоҳотлар ва жиддий янгиланишлар заруратини тушуниш ниҳоят кенг қамров касб этди. Лекин йигирма йилдан ошиқ вақт бекорга ўтказилган эди.
Ислоҳотлар ўтказиш зарурати ҳақидаги фикрдаги якдиллик бугунги кунда ўтмишга нисбатан мавжуд зиддиятларни ниқобловчи муросадан бошқа нарса эмас. Бундай муросасозлик икки тарафлама самара берди. Бир томондан, у Сталин даврини ошкора ва кенг танқид қилишга имкон берди. Худди шу туфайли совет тажрибаси ва совет модели бутун дунёда янада баттаррок бадном бўлди. Иккинчи томондан, тоталитар тузумни ленинчи партиянинг умрини чўзиш ҳисобига абадийлаштириш, шунингдек, Сталин типидаги давлат маҳкамаларини сақлаб қолиш ислоҳотлар миқёсига тўсиқ бўлиб қолди.
Горбачёвнинг қайта қуриш — ленинизмга асосланади ва қайта қуриш — ленинизмнинг қайта туғилишидир, дейишдан бошқа иложи қолмаганди. Хоҳлайдими ёки йўқми, лекин барибир Горбачев ҳукмрон доираларнинг марксизмга интилишларига янги куч бахш этди. Чунки марксизм коммунистларнинг якка ҳокимликка интилишларига имкон берарди. Сталинизмни мукаррар қилиб қўйган ленинизмнинг моҳияти худди ана шунда эди.
Буларнинг ҳаммаси чинакам қайта қуриш йўлидаги жуда катта ва эҳтимолки, ўтиб бўлмас сиёсий тўсиқлардир. Ленин меросидан узилиш ҳукмрон партиянинг табиатини, тарихий ролини ва унинг гегемонлигини тубдан қайта кўриб чиқишини талаб қилади. Бошқача айтганда, ҳақиқий узилиш коммунистик таълимотнинг асосий таянчидан воз кечишни тақозо этади. Бу эса ўз мавбатида, жамиятни давлатга бўйсундирадиган, сиёсий мажбурият воситасида такомиллашган ижтимоий тузум барпо этиш мумкин деган даъводан воз кечишга олиб келади.
Хусусан, совет раҳбарияти олдида ечиб бўлмайдиган тарихий парадокс турибди; коммунизмнинг халқаро нуфузини қайта тиклаш учун СССР ўз коммунистик ўтмишининг каттагина қисмидан ҳам назарий, ҳам амалий маънода воз кечиши шарт. Асосий масала шундаки, совет тузуми улкан ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар ҳамда эркинликларга йўл очиб, жаҳон майдонида ҳақиқий рақобатбардош плюралист бошқарувга муваффақиятли ўсиб ўта оладими? Буюк давлат сифатида Совет Иттифоқининг тақдиригина эмас, балки кенг маънода  коммунизм истиқболи ҳам мазкур саволга бериладиган жавобга боғлиқдир. Ҳозирги тўс-тўполонни эҳтимол ана шундай ўзгаришнинг белгиси ҳисоблаш мумкиндир, лекин у совет инқирозининг дастлабки босқичи бўлиши ҳам мумкин.
Узоқ йиллар давомида бу тузум фақат жамият унга зўрлаб бўйсиндирилгани учунгина эмас, балки жамият зўрлик йўли билан мафкуравий қолипга мослаштирилгани учун ҳам тоталитар деб аталиб келинди. Шу тариқа мустаҳкам эътиқодга сиёсий туе бериш учун шароит вужудга келтирилди, ҳақиқий сиёсий ҳаёт тўхтаб қолди, лом-мим демай рози бўлиш эса жамоатчиликнинг ялпи якдиллигини ифодалагандай бўларди. Сиёсат фақат олий раҳбарликнинг муқаддас ҳуқуқи ва имтиёзига айланди.
Тузумнинг тоталитар хусусиятидан эволюцион воз кечиш сиёсий ҳаётнинг анча плюралистик шаклларини аста-секин қонунлаштиришни тақозо этади. Бундай сиёсий ҳаёт жамиятда мумкин қадар фаолроқ роль ўйнаш имконини беради. Натижада ҳақиқий сиёсий ҳаётнинг қандайдир бир ҳаракати вужудга келиб, ижтимоий тус олади. Шундай эволюциянинг эҳтимоллиги ҳақидаги саволга узил-кесил жавоб совет воқелигига хос ўзаро келиша олмайдиган икки қутб қарама-қаршилигининг муросасига боғлиқдир. Биринчиси: жамиятни бошқаришда партиянинг ролини тубдан қайта кўриб чиқмасдан туриб иқтисодни жонлаштиришга эришиш мумкинми? Иккинчиси: Иқтисодиётни марказлаштириш шаклидан воз кечиш мумкинми? Чунки агар шундай қилинадиган бўлса, асосий ҳукмрон куч сифатида партиянинг роли сусайиб боради. Зеро, бу нарса СССР халқлари ички интилишларини жиддий тарзда оширишга, марказлаштиришдан воз кечиш эса охир-оқибатда Совет Иттифоқининг парчаланишига олиб келади.
Коммунизм феномени тарихий фожиадир. Мавжуд тартиботнинг адолатсизлигини рад этган муросасиз идеализм туфайли вужудга келган коммунизм яхшиликка ва янада инсонпарвар жамият қуришга интилди, лекин оммавий истибдодга олиб келди. У мукаммал жамият қуришга қодир ақл-идрок қудратига ишончни некбин тарзда акс эттирди. Маънавиятга асосланган ижтимоий тузум учун энг қудратли ҳис-туйғу — инсонга муҳаббат ва зулмга нафратни сафарбар этди. Шу тариқа у энг закий даҳоларни ва идеалистик қалб соҳибларини ўзига жалб этди, бироқ у энг даҳшатли жиноятларга олиб келди.
Бундан ташқари коммунизм сохта йўналиш бўлиб, унинг бутун куч-ғайрати жамият ходисаларига ялпи маъқулликни зўрма-зўраки тиқиштиришга қаратилган эди. У саводхон, сиёсий онгли жамият ижтимоий эволюция устидан назорат ўрнатиб, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни олдиндан белгилаб қўйилган мақсадларга йўналтира олади, деган тасаввурга асосланарди. Демак, эндиликда тарих эволюцион жараён бўлмай, инсоният онгининг қуроли сифатида ахлоқий ниятларга хизмат қилиши керак. Шундай қилиб, коммунизм ташкиллаштирилган ҳаракатлар воситасида сиёсий якка ҳокимликни ижтимоий ахлоқ билан чатиштиришга уринди.
Лекин амалда инсон заковатини илоҳийлаштириш, ҳокимият учун кескин курашга мойиллик, шунчаки тарихий мулоҳазаларни догматик даъволар сирасига киритишга уриниш, сиёсий нафратни ахлоқ даражасига кўтариш ва айниқса, марксизмни Россиянинг қолоқ автократик анъаналари билан ленинчасига чатиштириш коммунизмни сиёсий истибдод қуролига айлантириб юборди.
Коммунизм бугунги кунда мафкура сифатида ҳам, тузум сифатида ҳам ялпи буҳрон ҳолатидадир. Бу буҳроннинг чуқур илдизлари эса унинг тарихий ютуқлари камлиги билан изоҳланади. Коммунизмга оммавий мафтункорлик XX аср бошларида вужудга келган саноат тараққиётига асосланувчи илк капиталистик фазанинг азоб-уқубатлари ва адолатсизлигига кўника олмаслик оқибати эди. Лекин шу нарса аниқки, ҳеч қайси коммунистик тузум ҳокимият тепасига халқ иродаси билан келмаганди. Мавжуд коммунистик намояндалардан ҳеч қайси бири — ҳокимият тепасида ўн йиллар турган бўлса-да, ўз халқига коммунистик тузумнинг яшаб қолишига нисбатан эркин танловга йўл қўймади, унинг сиёсий ҳуқуққа зга бўлишини истамади. Коммунизмни демократик синовлар гирдобига ташлашни истамаслик марксча-ленинча доктринага хос бўлган тарихий вазифани кўр-кўрона амалга ошириш, коммунизм ҳокимият тепасида туриб, жамиятни моддий фаровонликка, кишиларни шах- сий саодатга бошлаб бора олмаслигини ичдан тан олиш эди.
Бунинг устига коммунистик тузум хонавайрон қилинган кўплаб кишилар билан ижтимоий-иқтисодий фаровонликка эришган бир ҳовуч номенклатура ўртасидаги номутаносибликка асосланарди. Социал-иқтисодии тараққиёти бир-бирига ўхшаш коммунистик ва нокоммунистик мамлакатлар — ГДР ва ЧССРни ГФР; Польша, Испания, Венгрия ва Югославияни Австрия ва Италия; Хитойни эса Хиндистон билан қиёслаш шундан далолат берадики, ҳеч қайси коммунистик тузум, нокоммунистик мамлакатларга нисбатан ўз аҳволини яхшилашга эриша олгани йўқ. Бу ялпи даромад, жаҳон бозорида рақобатбардошлик ёки турмуш даражасида яққол кўзга ташланади. Фақат Хитой, гарчи ўзи ўта бюрократлаштирилган социалистик иқтисодий тузумда яшаётган бўлса-да, Хиндистонни қувиб ўтди. Бу ҳам Пекин марксча-ленинча мафкурадан чекина бошлаганидан кейин юз берди. СССР фақат АҚШдан эмас, балки Япония дан ҳам анча орқада қолиб кетди. Нуфуси совет аҳолисининг ярмига ҳам етмайдиган Япониянинг ялпи миллий даромади 1960—1988 йилларда анча ўсди. Ҳолбуки аввалбошда советларникидан уч баробар кам эди.
Коммунизмнинг тарихий ютуқлари жуда камлиги коммунистик мамлакатлар аҳолисининг турмуш даражасида равшан акс этиб турибди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг қирқ йил ўтганидан кейин ҳам Совет ҳукумати гўштни ҳамон талон билан тарқатмоқда, яқинда эса шакарга ҳам талон жорий қилинди.
Бироқ, бу гаплардан коммунистик давлат эришган муваффақиятларни ҳам инкор этиш керак, деган фикр келиб чиқмайди. Муваффақият, айниқса, оғир саноат равнақида (хусусан дастлабки пайтларда), социал таълимот ва маориф соҳаларида яққол кўзга ташланади. Аммо бундай тараққиёт жуда катта қурбонлар эвазига қўлга киритилди. Бутун инсоният тарихи мобайнида жамиятни қайта қуриш бўйича ўтказилган тажрибаларнинг ҳеч қайси бири одамзотга бунчалик қимматга тушмаган эди. Инсоният XX асрда коммунизм билан тўқнашгачгина энг кўп одам қирғин қилинди.
Камида 50 миллионга яқин қурбонлик келтирган барча социалистик мамлакатларда бу тараққиёт инсоният тарихидаги ижтимоий муҳандисликка уринишлар ичида энг даҳшатлиси бўлди.
Шу тариқа коммунизмнинг улкан инқирози истеъдодларнинг аксариятини қирғин қилиш ва жамиятнинг ижодкор сиёсий ҳаётини қатағон қилиш билан бошланди. Зеро тараққиёт аввало инсон ҳаётида акс этади. Аммо бу тараққиёт ҳам давлатни ўта марказлаштириш натижасида иқтисоддаги маҳсулдорликнинг пасайиши, ижтимоий таъминотнинг ўта
бюракратлашуви, давлат тизимининг полициялашуви ва жамиятнинг фан ва маданият соҳасидаги фаолияти устидан догматик назорати туфайли тўхтаб қолди.
Ҳозир ислоҳотларни ёқлаб чиқаётган коммунистик раҳбарлар ҳам ошкора тан олаётган бу тарихий инқироз эндиликда афсус ва надоматлар билдирилаётган «хатолар ва эксцесслар»дан кўра анча теран томирларга эгадир. Зеро, бу инқироз коммунистик тажрибанинг маҳкамачилик ва фалсафий иллатларидан бошланган эди. Бу иллат моҳият эътибори билан марксча-ленинча амалиётнинг ўзида илдиз отган эди.
Бу инқирознинг асосий сабаблари энг аввало фалсафий сабаблардир. Узил-кесил хулоса шундан иборатки, марксча- ленинча сиёсат ўз моҳияти билан тарихни ва инсон табиатини нотўғри тушунишдир. Шундай қилиб, коммунизм инқирози маънавий инқироздир. У инсон турмушининг асосини ташкил қилувчи эркинликка интилишни ва руҳий эҳтиёжларини ялпи саводхонлик ва оммавий ахборот воситалари асрида ва сиёсий танловнинг кенг имкониятларига интилишини ҳисобга ола билмади. Айни чоғда у иқтисодий маҳсулдорлик билан ижод ўртасида узвий боғлиқлик борлигини эътиборга олмади. Ҳолбуки, ҳар қандай инсон шахсий фаро-вонликка интилади. Шундай экан, коммунизм ўзини новатор тузум сифатида намоён қилиб, амалда жамиятнинг ижодий ибтидосини бўғди.
Бу интеллектуал инқироз коммунизмга халқаро миқёсда ҳам катта зарба берди. Марксизм-ленинизм XX асрда халқаро вазиятни шакллантирувчи асосий кучларни олдиндан кўра билмади ва ҳисобга олмади. У этнос ва миллатчиликни назар-писанд қилмади. Бунинг натижасида коммунистик миллий низолар уни довдиратиб қўйди. Бундай низолар ўз навбатида бошқа томонни бидъатга берилган деб ҳисоблашга мойилликни кучайтирди. Совет — Югославия ва Хитой — Совет тўқнашувларида худди шундай бўлган эди. Коммунизм диннинг жозибардорлигини тушуниб етмади ва Польшада католик динининг, Совет Иттифоқида эса исломнинг уйғонишига тайёр эмаслигини намоён қилди. Ва ниҳоят, энг муҳими, ривожланган капиталистик мамлакатларда ҳокимият тақсимоти ва социал тизимни жуда яхши ўзлаштирган технотрон инқилоб марксизм-ленинизмни ғафлатда қолдирди. Чунки марксизм-ленинизм ҳамон индустриал инқилобнинг дастлабки босқичида вужудга келган эски тамойилларга ёпишиб олмоқда.
Горбачевнинг қайта қуриши қандайдир сезиларли ўзгаришларга олиб келди. Бундай ўзгаришлар марксизм-ленинизм догмаларидан назарияда ҳам, амалиётда ҳам чекинишни англатади. Ислоҳотлар анча сезиларли, шунингдек, дадил ва прагматикроқ бўлган Шарқий Европа ва Хитойда бу тенденция яққолроқ кўринмоқда.
Ҳозирги коммунистик тузумларнинг, шу жумладан совет тузумининг ҳам асосий йўналиши коммунизм моҳиятидан воз кечишга қаратилгандир. Иқтисодиёт соҳасида: қишлоқ хўжалигида, маиший хизмат ва ҳатто саноатда давлат ва жамоат мулки принципидан воз кечилмоқда ёки турли келишув йўллари қидирилмоқда. Айни пайтда марказдан режалаштириш ва нарх қўйишга қарши чиқилмоқда, бозор муносабатлари сари ҳаракатлар бўляпти.
Алқисса, коммунизм тарихий маънода чекинмоқда. Бу чекиниш иқтисодий жиҳатдан анча маҳсулдор ва сиёсий жиҳатдан янада плюралистроқ тузумга олиб келадими? Бу масалада турли мамлакатга нисбатан турлича ёндашилади. СССРга келганда, бунга шубҳа билан қараш жоиздир. Антидемократик ленинча мерос, давлатнинг кўпмиллатлилик хусусияти ва чуқур палак ёзган марказлаштириш анъаналари жамиятга сиёсий ва маъмурий ҳокимиятнинг берилишига путур етказади ҳамда унинг ижобий ривожланишига тўсқинлик қилади.
СССРда плюрализмнинг муваффақиятини таъминлаши мумкин бўлган тўртта альтернатив йўл бор. Биринчи йўл —    узоққа чўзиладиган, лекин қатъий шаклга эга бўлмайдиган тузум танглигидир. Ўнлаб йилларга чўзиладиган бу йўлда иқтисодий аҳволидан норози бўлган шаҳар оммаси ва айниқса, СССРнинг сиёсий нотинч халқлари томонидан вақти-вақти билан ижтимоий норозилик портлашлари содир бўлиши мумкин. Иккинчи имконият — тўс-тўполонлар анча босилиб, рус ўтмишида илдиз отган марказлаштириш анъаналари ўзини тиклагач, касоднинг янгиланишидир. Бу нарса маълум бир вақтда учинчи имкониятга йўл очиши — ҳарбийлар ва КГБ томонидан уюштирилган тўнтариш юз бериши мумкин. Бунда жамоатчилик кўз ўнгида буюк рус миллатчилигига оташин даъватлар қўл келиши табиий. Тўртинчи потенциал йўл — ҳозирги босқичда мумкинлиги жуда кам имкониятга эга бўлиб, чўзилиб кетган танглик шаклининг ўзгаришига ва тузумнинг ҳалокатига олиб келади. Сўнгги йўл ҳатто СССРнинг қисмларга бўлиниб кетишига олиб келиши мумкин. Бу зса кенг миқёсли миллий ва этник низолар чиқишига йўл очиб беради.
Чўзилиб кетган тангликни бартараф этишга ва марказлашган ҳукмронликни тиклашга қаратилган ҳарбий-полиция тўнтариши ҳам коммунизмнинг халқаро миқёсда барҳам топишига кўмаклашади ва ҳатто тезлаштиради. Мафкура кўпроқ таомилга айланиб бораётган, миллатчилик эса шиддатли тус олаётган ҳозирги шароитда самаралироқ марказлашган назорат маҳкамасини тиклаш учун тўнтариш ўтказилганда ҳам у русларнинг миллатчилик ҳиссиётларини фаоллаштириб юборади. Ву эса бошқа халқларнинг миллий ҳаракатларини бостириш учун Москвага зарур бўлган халқ мададини бериши мумкин, Аммо, Сталин усулларига қайтмасдан туриб, бунақанги миллий ҳаракатларни тўла бартараф этиш қийин. Миллий эҳтирослар кучайиб, шиддатли тус олаётир. Миллатчилик асрида бундай эҳтиросларни жиловлаш амри маҳол.
Келажак СССРнинг коммунизмдан чекинишидан дарак бермоқда. Қайта қуришнинг муваффақияти коммунистик амалиётга жиддий зарба бериши шубҳасиз. Чўзилиб кетган тўс-тўполонда сиёсий тузум ҳокимиятни анча жўшқин ва ўз-ўзини бошқарадиган жамиятга топшириш учун барқарор вазиятни вужудга келтиришга қодир эмаслигидан далолат беради. Касодга қайтиш эса коммунизмнинг ижодий ўсиши мумкин эмаслигини кўрсатади. Миллатчилик ва мафкурага асосланган репрессив тўнтариш бўлса, СССРни халқаро майдонда шармандаю шармисор қилади, бу салтанатнинг емирилиши — тарихий мағлубиятни акс эттиради.
Марксизмнинг айрим унсурлари, табиийки, зўравонлик инқилоби ва жамиятни мажбуран ҳамда тездан қайта қуриш ҳақидаги таълимотлар қолдиқларининг сарқити бўлади. Тарихни марксча тушуниш — дунё интеллектуал меросининг бир қисмидир ва ҳар қандай раҳбар ўз инқилобий манифестига марксча тушунчани киритиши шубҳасиз. Ленин энди бу унсурлар бутун бир таълимотни тўлалигича акс эттирмайди. Эндиликда марксизм-ленинизм ҳамма нарсани қамраб олувчи таълимот сифатида тарихий имтиёзларини йўқотади.
Устига-устак, коммунистик сафларда ҳам фалсафий экуменизмга интилиш тенденцияси кучаймоқда, Яқин кечмиш йилларда черков ҳаётида ҳам шундай бўлган эди. Буни «релятивизм»нинг ёрқин намунаси сифатида совет шарҳловчилари ичида СССРда коммунизм қуриш таълимотнинг бузиб талқин қилиниши эканини тан олишга мойиллик ўсиб бораётганидан билса бўлади. Интеллектуал прагматизм ва синкретизм ўсиб бораётган сабр-тоқатнинг неъматлари белгиси бўлиши мумкин, лекин улар лоқайдликнинг гувоҳи ҳамдир. Бундай лоқайдлик — эътиқод ўзаги чиришининг биринчи босқичидир. У абсолютизмдан релятивизмга, догмадан оддий фикрга ўтишни билдиради. Бу ўтиш — коммунизм талвасасидир.
Энди янги феномен — «посткоммунизм» кўзга ташланмоқда. Гарчи XX аср коммунизм тантанаси асри бўлмаса-да, бу аср устида коммунистик даьват хавф солиб турди. Коммунизмнинг ўзи нураши билан бу даъват ҳам тезда ўз кучини йўқота бошлади. Кизиқ томони шундаки, коммунизмнинг келгусидаги муваффақияти унинг тадбиркорлик сари эркин ҳаракат қилишига қодирлиги ҳамда жамиятнинг сиёсий ҳаёти устидан тўғридан- тўғри партия назорати маҳкамаларини бекор қилиш лаёқати билан ўлчанади.
Посткоммунистик тузумда коммунизмнинг емирилиши кучаяди ва марксча назария ҳам, собиқ коммунистик амалиёт ҳам ижтимоий сиёсатни белгилай олмайдиган нуқтага бориб қолади. Оддий бир тузумга айланган посткоммунизмда ўзларини «коммунистлар» деб атаган кишилар коммунистик таълимотни ижтимоий сиёсат учун дастур сифатида тавсифламайдилар. СССР, Хитой ва Шарқий Европа ҳақида шуни айтиш мумкинки, уларнинг барчаси турлича даражада бўлса-да, ана шундай посткоммунистик фазага яқинлашмоқдалар.
Коммунизмнинг улкан ўпирилишидан кейин коммунистик тузумлар учун, умумий қилиб айтганда, икки хил узоқ муддатли имконият бор. Биринчиси — плюралистик жамият сари эволюция. Бу дастлаб иқтисодиётнинг давлат ва хусусий сектори аралашмаларининг турли даражасини жорий этишга олиб келади. Натижада эркин тадбиркорликка йўл очиб бериш имконияти яратилади. Иккинчиси — стагнация — касод ҳолати. Бунда у ҳарбий-лолиция коалицияси ёрдамида диктаторлик ҳокимиятини сақлаб қолган ҳолда сиёсий имтиёзларнинг асосий манбаи таомил таълимотига эмас, кўпроқ миллатчиликка таяниб иш кўради. Ҳар иккала шароитда ҳам шундай савол туғилади: Бу ҳаракат у ёки бу йўналишда эволюцион бўлиши мумкинми, ёки у тўнтаришларга олиб келадими?
Ҳозирча тарихий далиллар биринчи имконият учун жуда оз гувоҳлик бериб турибди. Ҳатто нототалитар бўлган Югославияда ҳам ленинизмга асосланган якка ҳоким коммунистик анъана сиёсий раҳбарликнинг альтернатив манбалари пайдо бўлишига қаршилик кўрсатади ва мамлакатнинг ривожланиб бораётган ўзгаришини социал-демократияга ўхшаш боши берк кўчага тиқиб қўяди.
Коммунизмнинг қовжираш жараёнининг тезлашувида инсон ҳуқуқлари ҳақидаги масаланинг кучли таъсири, айниқса, муҳим роль ўйнади. Инсон ҳуқуқлари — ҳозирги дунёда ягона ва энг жозибадор сиёсий ғоядир. Мазкур ғояни Ғарб ҳаётга татбик этган пайтлар у барча коммунистик тузумларни мудофаага ўтишга мажбур қилган эди. Бу ғоянинг жозибадорлиги шундаки, у саводли кишилар ва сиёсий онгли омманинг манфаатларига мос келади. Чунки уларни аввалгидай осонгина бошқалардан ажратиб, мафкуравий пишиқтириш мумкин эмас. Посткоммунистик авторитар тузумлар инсон ҳуқуқлари ғояси таъсирига берилувчан бўлиши эҳтимол. Чунки уларда ишонч ва мустаҳкам мафкура етишмайди. Шунинг учун ҳам улар ғоявий бўш, сиёсий нозик буладилар.
Инсон ҳуқуқлари ғоясининг пайдо бўлиши мавжуд коммунистик тузумларни мудофаага ўтишга мажбур этиш билан бирга коммунизмнинг демократиядан ажралишига ҳам хизмат қилди. Коммунизм даврида танлов эркинлигининг рад этилиши, индивидиум ҳуқуқининг таҳқирланиши, оммавий ахборот воситалари ва иқтисодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи йўқлиги дунё эътиборини тортгани туфайли кўп партияли тузум, бозор иқтисоди в а ҳақиқий демократия ўртасидаги алоқа қарор топди. Эндиликда плюрализмга кўпчилик тоталитаризма карши зидди-заҳар сифатида қарашмоқда.
Ҳозир мавжуд бўлган Шарқий Европа коммунистик тузумлари баъзи бир чекинишлар билан посткоммунистик фаза орқали ўтиб, пировард-натижада жаҳон ҳамжамиятига бутунлай бирлашишлари эҳтимолдан ҳоли эмас. Коммунистик давлатлар билан ўсиб бораётган илмий айирбошлашлар, шахсий алоқалар ва ҳатто иқтисодий муносабатлар ҳам демократик ўзгаришлар жараёнига кўмаклашуви мумкин. Бу нарса, айниқса, шундай алоқалар мавжуд коммунистик тузумлар доирасида чинакам мухтор фуқаролик жамоалари вужудга келишини тезлаштириш ҳаракатларига мос келса самарали бўлади. Аччиқ, аммо умид-бахш тарих ҳазили охир-оқибатда шунга олиб келиши мумкин, коммунизмга индустриал жамиятигача ижтимоий ривожланган плюралистик демократиягача бўлган жуда қимматга тушган ўтиш босқичи сифатида қаралиши ҳам мумкин.
Социал-демократия Ғарбда ижтимоий фаровонликни яхшилашга қаратилган социал дастурларни жорий этишга жиддий туртки берди. Натижада сўнгги ўн йилликда эркин тадбиркорликни эъзозлашга мойил бўлган демократик тузумларда ижтимоий таьлимот соҳасидаги турли ташаббусларга қўшилиш юз берди: шахсий камолот учун тенг имкониятлар бериш, ижтимоий тенгсизликни камайтириш учун солиқ солишнинг илғор усулини қўллаш, кам имтиёзлиларни илм олишга йўналтириш, оммани тиббий хизмат билан таъминлаш ва бошқалар амалга оширилди. Демак, эркин тадбиркорлик демократияси анча ривожланган ижтимоий онгни ҳам ўзлаштириб олди,
Ижтимоий онгнинг сиёсий демократия жараёнларига сингиши коммунизмнинг тарихда ўрни йўқ деган адолатли таъкидни тасдиқлаш имконини берди. Ижтимоий масъулиятнинг юксак ҳисси, демократия ҳақиқий сиёсий танлов эркинлиги билан биргаликда инсон эҳтиёжларини қондиришнинг олий сифатли механизмини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қуролини яратди. Бутун дунёда шахсий ташаббусга ва сиесий мустақил ижтимоий бирдамликка эътиборнинг кучайиши шундан далолат бермоқдаки, агар догматик ва қудрзтли давлат тарихнинг асосий қуроли сифатида эъзозланадиган бўлса, инсониятнинг энг олий ниятлари даҳшатли тушга айланиши мумкин
Шундай қипиб, инсониятнинг XX асрда коммунизм билан ҳалокатга айланган учрашуви жуда оғир, лекин ўта муҳим сабоқ берди; хаёлий ижтимоий муҳандислик инсон турмуши мураккаблиги билан тубдан зиддиятлидир, ижтимоий ижод сиёсий ҳокимият чеклангандагина гуркирайди. Ушбу асосий сабоқ XX! аср коммунизм эмас, балки демократия асри бўлиши мумкинлиги эҳтимолини янада оширади.

Файзи ШОҲИСМОИЛ таржимаси

Мақола жойлаштирилган бўлим: Тахлил
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase